البحث

عبارات مقترحة:

الحكم

كلمة (الحَكَم) في اللغة صفة مشبهة على وزن (فَعَل) كـ (بَطَل) وهي من...

الجواد

كلمة (الجواد) في اللغة صفة مشبهة على وزن (فَعال) وهو الكريم...

التواب

التوبةُ هي الرجوع عن الذَّنب، و(التَّوَّاب) اسمٌ من أسماء الله...

Тайсирул аллом шарҳу умдатил аҳком: Намоз китоби 01

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Оли Бассом ، Иброҳим Асарий
القسم كتب وأبحاث
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات دواوين السنة
Ушбу рисола шайх Абдуллоҳ Оли Бассом раҳимаҳуллоҳнинг “Тайсирул Аллом шарҳу умдатил аҳком” китобидан таржима қилинган. Унда намоз вақтлари, намоздаги макруҳ амаллар, намоз ўқиш қайтарилган вақтлар ва қазо намозлари ҳақидаги боб ҳақида сўз юритилади.

التفاصيل

Намоз китоби (01) Намоз вақтлари бобидан қазо намозлари ва уларнинг ўқилиш тартиблари ҳақидаги бобгача Намоз вақтлари ҳақидаги боб Қирқ тўртинчи ҳадис Шарҳ: Ҳадисдан олинадиган фойдалар: Фойда: Бомдод вақти Қирқ бешинчи ҳадис Шарҳ: Уламолар ихтилофи: Ҳадисдан олинадиган фойдалар: Қирқ олтинчи ҳадис Шарҳ: Фойда: Ҳадисдан олинадиган фойдалар: Қирқ еттинчи ҳадис Шарҳ: Ҳадисдан олинадиган фойдалар: Фойда: Қирқ саккизинчи ҳадис Шарҳ: Уламолар ихтилофи: Ҳадисдан олинадиган фойдалар: Хуфтон намозининг афзал вақти Қирқ тўққизинчи ҳадис Шарҳ: Уламолар ихтилофи: Ҳадисдан олинадиган фойдалар:   Намоздаги макруҳ амаллар боби Эллигинчи ҳадис Шарҳ: Ҳадисдан олинадиган фойдалар: Эллик биринчи ҳадис Шарҳ: Уламолар ихтилофи: Ҳадисдан олинадиган фойдалар: Фойда:   Намоз ўқишдан қайтарилган вақтлар боби Эллик иккинчи ҳадис Эллик учинчи ҳадис Шарҳ: Уламолар ихтилофи: Мазкур вақтларда ибодат қилиш ҳукми Мазкур вақтларда қандай намоз ўқишдан қайтарилган? Ҳадисдан олинадиган фойдалар: Биринчи фойда: Иккинчи фойда: Эллик тўртинчи ҳадис Шарҳ: Ҳадисдан олинадиган фойдалар:  Намоз китоби (01) Намоз вақтлари бобидан қазо намозлари ва уларнинг ўқилиш тартиблари ҳақидаги бобгача Намоз вақтлари ҳақидаги бобНамоз араб тилида “солат” деб аталади. “Солат” сўзининг луғавий маъноси дуодир. Қози Иёз айтади: “Бу аксар тилшунос ва фуқаҳоларнинг фикри”.Дуони “солат” деб номлаш араблар орасида кенг тарқалган. Дуо ва намоз сўзлари ўртасида жузъий боғлиқлик бор. Негаки, дуо намознинг бир қисми бўлиб, намозда дуо ҳам қилинади.Шариатда намоз деганда такбир билан бошланиб, салом билан тугайдиган, маълум сўз ва хатти-ҳаракатлар воситасида Аллоҳга ибодат қилиш тушунилади.Беш маҳал намоз ислом дини рукнларидан, ҳатто “шаҳодатайн”[1]дан кейинги энг улуғ рукн ҳисобланади. Намознинг фарз экани Қуръон, суннат ва уммат ижмоси ила собит бўлган. Ким намозни инкор қилса кофир бўлади. Намознинг фарз қилинишида диний, дунёвий, тиббий, ижтимоий, сиёсий жиҳатдан, шунингдек, тартиб-интизомга тегишли талай фойдалар бор. Агар инсон намознинг фойдаларини бирма-бир, батафсил санамоқчи бўлса, узундан узоқ гапиришга тўғри келади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло энг ҳикматли Зот бўлиб, Ўз ҳикмати ила уни фарз қилган. Намозни адо қилиш сабабли банданинг дунё ва охирати обод бўлади. Намознинг шарт ва рукнлари, фарз ва тўлдирувчи амаллари, шунингдек, уни бузувчи ва ноқис қилувчи амаллари мавжуд.Намоз шартларининг бири таҳорат бўлиб, у ҳақда юқорида сўзлаб ўтдик. Келгуси ҳадисларда намозга тааллуқли қолган ҳукмларни баён қиламиз, иншааллоҳ.Бу бобда фарз ва бошқа намозларни адо қилиш учун белгиланган вақтлар ҳақида сўз юритилади. Албатта, тайинланган вақтнинг кириши намознинг иккинчи шарти саналади. Қирқ тўртинчи ҳадисعَنْ أَبِي عَمْرٍو الشَّيْبَانِيِّ وَاسْمُهُ سَعْدُ بْنُ إيَاسٍ – قَالَ: حَدَّثَنِي صَاحِبُ هَذِهِ الدَّارِ – وَأَشَارَ بِيَدِهِ إلَى دَارِ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ – رضي الله عنه – قَالَ: ((سَأَلْتُ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم –: أَيُّ الْعَمَلِ أَحَبُّ إلَى اللَّهِ؟ قَالَ: الصَّلاةُ عَلَى وَقْتِهَا. قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ؟ قَالَ: بِرُّ الْوَالِدَيْنِ ، قُلْتُ: ثُمَّ أَيُّ؟ قَالَ: الْجِهَادُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ ، قَالَ: حَدَّثَنِي بِهِنَّ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – وَلَوْ اسْتَزَدْتُهُ لَزَادَنِي)) .Абу Амр Шайбоний (исми Саъд ибн Иёс) роҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳовлисига қўли билан ишора қилиб, шундай дейди: “Менга ушбу ҳовли эгаси қуйидагиларни айтганди: “Мен Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳга энг суюкли амал қайси?, деб сўрадим. У зот: “Вақтида ўқилган намоз”, дедилар. “Сўнг қайсиниси?”, дедим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. “Кейинчи?”, дедим. “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш”, дедилар. Менга буларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар. Агар яна (навбатдаги энг афзал амаллар тўғрисида) сўраганимда, албатта унга ҳам жавоб берган бўлардилар” [Бухорий: 527 ва Муслим: 139]. Шарҳ:“Вақтида ўқилган намоз”, яъни вақтида ўқилган фарз намоздир. Чунки намоз сўзи бирон қайдсиз айтилганда фарз намоз тушунилади. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан тоат-ибодатларнинг Аллоҳ таолога энг суюклиси қай бири экани тўғрисида сўради. Зеро, тоат-ибодат қанчалик Аллоҳга суюкли бўлса, шунчалик унинг савоби улкан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тоат-ибодатларнинг Аллоҳга энг суюклиси шариатда белгиланган вақтда ўқилган фарз намозидир”, деб баён қилдилар. Негаки, фарз намозни вақтида ўқиш Аллоҳ таолонинг чақириғига шошилиш, буйруғига бўйсуниш ва ушбу буюк фарз амалга эътибор қаратиш саналади.Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу яхшиликка бўлган интилиши кучлилигидан бу жавоб билангина чекланиб қолмай, балки Аллоҳ таолога энг суюкли бўлган навбатдаги амал ҳақида сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ота-онага яхшилик қилиш”, деб жавоб берадилар. Зеро, биринчи амал холис Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлса, иккинчи амал эса холис ота-онанинг ҳаққи ҳисобланади.Аллоҳ таолонинг ҳаққидан кейинги ўринда ота-онанинг ҳаққи туради. Ҳатто, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ота-онанини улуғлаб, Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида уларнинг ҳаққини ва уларга яхшилик қилишни тавҳид билан бир қаторда зикр қилган. Шубҳасиз, ота-онанинг ўталиши фарз бўлган ҳақ-ҳуқуқлари бор. Сизни дунёга келишингизга сабаб бўлган, тарбиялашга ва еб-ичиришга бор кучларини сарфлаган ҳамда меҳр-мурувват кўрсатган ота-онангизга яхшилик қилишингиз билан уларнинг баъзи ҳақларинигина адо қилган бўласиз.Сўнг Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу олийжаноб зот соллаллоҳу алайҳи ва салламдан афзал амалларнинг учинчиси ҳақида сўрайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш”, деб жавоб қайтарадилар. Дарҳақиқат, жиҳод ислом динининг энг буюк мартабали амалларидан ва суянадиган устуни саналади. У сабабли Аллоҳнинг калимаси (дини) олий бўлади ва ёйилади. Уни тарк қилиш эса — Аллоҳ сақласин — ислом динининг вайрон бўлиши, мусулмонларнинг қадр-қиммати йўқолиши, куч-қувватлари кетиши, мол-мулклари талон-тарож қилиниши, ҳукмронликлари йўқолиб, давлатлари завол топишига сабаб бўлади. Жиҳод ҳар бир мусулмон зиммасида лозим бўлган фарз амалдир. Ким жиҳод қилмаса ва жиҳод қилишни кўнглига ҳам тугмай кўз юмса, қалбида нифоқнинг бир бўлаги билан вафот этибди. Ҳадисдан олинадиган фойдалар:1 – Аллоҳ таолога энг суюкли амал ўз вақтида ўқилган намоз, кейин ота-онага яхшилик қилиш, кейин Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш. Албатта, булар негиз ва асос бўлмиш иймон ҳосил бўлгандан кейинги мартабалардир. Зеро, иймон асос ва тана бўлса, ибодатлар унинг шохларидир.2 – Ибн Масъуднинг саволида жисмоний ибодатлар назарда тутилган. Бунга жавобда намоз, ота-онага яхшилик қилиш ва жиҳод қилиш каби жисмоний ибодатларгина зикр қилингани далолат қилади. Қолаверса, саволда ҳам, жавобда ҳам қалб амалларига оид бирор амал зикр қилинмади. Зеро, қалб амалларининг энг олийси иймон саналади.3 – Амалларнинг мартабаси бирдек эмас, балки айрим-лари бошқаларидан афзал саналади. Улар ўртасидаги фарқ Аллоҳга суюкли бўлиши, фойдаси ва манфаатига қараб турлича бўлади. Шу сабабдан Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қай бирини дастлаб қилиш лозимлиги ҳақида сўради.4 – Аллоҳ таоло амални қай даражада яхши кўришига қараб, уларнинг афзаллиги ҳам бир-биридан фарқли бўлади.5 – Аллоҳ таолонинг Ўз улуғворлигига лойиқ бўлган яхши кўриш сифати борлигига иймон келтириш.6 – Илм ҳақида, хусусан, муҳим нарсалар ҳақида сўраш фазилатли амалдир. Қаранг, ушбу савол ортидан қанча катта фойдалар ҳосил бўлди.7 – Ранжитиш ва сўралувчининг ҳайбатидан қўрқиш каби баъзи сабабларга кўра, кўп савол сўрашдан тийилиш. Фойда:Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг афзал амал қайси экани ҳақида бир неча бор сўралганлар. У зот ўрнига ва сўровчининг ҳолатига муносиб шаклда жавоб берардилар. Шунинг учун гоҳида: “Энг афзал амал аввалги вақтида ўқилган намоз”, десалар, гоҳо: “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш”, бошқа бир ўринда эса: “Садақа бериш”, дея сўровчининг ҳолатига қараб, унга муносиб жавоб берар эдилар.Шубҳасиз, бу ҳикматли ва тўғри жавоб бўлиб, амал қилиниши ва умумий манфаатни кўзлаган одамнинг фатвосидир. Ислом ҳукм ва амалларида воқеликка мос дин. Шу боис амаллар ўртасидаги тафовут ушбу асосга биноан қурилиши лозим. Негаки, ҳар бир инсоннинг ўзига мос ва эплай оладиган амали бўлади. Уни шу амалга йўналтириш лозим. Шунингдек, замоннинг ҳам аҳамияти бор. Баъзан очарчилик ва эҳтиёж бўлган вақтларда садақа бериш қолган амаллардан афзал саналади. Гоҳида эса шаръий илм олиш энг фойдали амал бўлиши мумкин. Кундалик вазифалар ҳам худди шундай. Айрим вақтларда истиғфор айтиш ва дуо қилиш Қуръон ўқишдан афзал бўлса, бошқа бир вақтда намоз ўқиш афзал саналади ва ҳоказо. Бомдод вақти Қирқ бешинчи ҳадис عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: ((لَقَدْ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – يُصَلِّي الْفَجْرَ فَيَشْهَدُ مَعَهُ نِسَاءٌ مِنْ الْمُؤْمِنَاتِ مُتَلَفِّعَاتٍ بِمُرُوطِهِنَّ ثُمَّ يَرْجِعْنَ إلَى بُيُوتِهِنَّ مَا يَعْرِفُهُنَّ أَحَدٌ مِنْ الْغَلَسِ)) .Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқирдилар. Мўмина аёллар ҳам йўл-йўл ёпинчиқларига ўралиб, у зот билан бирга намозда ҳозир бўлардилар. Намоз тугаб, аёллар уйларига қайтар эканлар, тонг қоронғулигидан уларни биров таниёлмас эди” [Бухорий: 578 ва Муслим: 645]. Шарҳ:Ойша розияллоҳу анҳо зикр қилишича, саҳобия аёллар ёпинчиқларига ўралган ҳолларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бомдод намозини ўқиш учун чиқар эдилар. Намоздан сўнг ғира-шира пайтда уйларига қайтар, уларни кўрган одам тонг қоронғулигидан таниёлмас эди. Уламолар ихтилофи:Уламолар бомдод намозининг афзал вақти хусусида ихтилоф қилишган. Ҳанафий мазҳаби уламолари қуйидаги ҳадисга биноан бомдодни тонг ёришгач ўқиган афзал, дейишган. Ҳадисда шундай дейилади: “Бомдод намозини тонг ёришгач ўқинглар. Зеро, шундай қилсангиз ажр-савоби кўпроқ бўлади”[2]. Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ ҳадисни келтириб: “ҳасан саҳиҳ”, деган.Жумҳур уламолар, жумладан уч имом: Молик, Шофеий ва Аҳмад (Аллоҳ уларни раҳматига олсин) бомдодни ғира-шира, тонг қоронғуси пайтида ўқиш афзал, деган фикрни билдиришган. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун бир қанча ҳадислар келтиришган. Ойша розияллоҳу анҳонинг мазкур ҳадиси ҳам шулар жумласидан. Улар биринчи фикр эгалари далил қилган: “Бомдод намозини тонг ёришгач ўқинглар…” ҳадиси хусусида бир қанча жавоблар беришган. Улар орасидаги энг яхшилари қуйидаги икки жавобдир:1 – “Бомдод намозини тонг ёришгач ўқинглар”, деган буйруқдан унинг вақти қирганига аниқ ишонч ҳосил қилиб, кейин ўқинглар, деган маъно назарда тутилган. Негаки, баъзан шошилиб бомдод вақти кирмасдан, туннинг охирида ўқиб қўйиш ҳам мумкин.2 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бомдод намозини тонг ёришгач ўқинглар”, деган сўзлари билан бомдод намозида узоқ қироат қилишга буюрганлар. Негаки, унда узоқ қироат қилиш мустаҳаб саналади. Бомдод намозида узоқ қироат қилинса, намоз тонг ёришиб келаётган пайтда тугатилади. Ҳадисдан олинадиган фойдалар:1 – Бомод намозини аввалги вақтида ўқишга шошилиш мустаҳаб.2 – Хотин-қизлар намоз ўқиш учун масжидга келишлари жоиз. Бироқ бунда фитна хавфи бўлмаслиги ҳамда ясан-тусан қилмасдан келишлари шарт. Қирқ олтинчи ҳадис عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رضي الله عنهما قَالَ: ((كَانَ – صلى الله عليه وسلم – يُصَلِّي الظُّهْرَ بِالْهَاجِرَةِ وَالْعَصْرَ وَالشَّمْسُ نَقِيَّةٌ وَالْمَغْرِبَ إذَا وَجَبَتْ وَالْعِشَاءَ أَحْيَاناً وَأَحْيَاناً إذَا رَآهُمْ اجْتَمَعُوا عَجَّلَ. وَإِذَا رَآهُمْ أَبْطَئُوا أَخَّرَ وَالصُّبْحُ كَانَ النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم – يُصَلِّيهَا بِغَلَسٍ)) .Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешинни кун қаттиқ қизиган (қуёш заволга оққан) вақтда, асрни қуёш тиниқ бўлиб турган вақтда, шомни кун ботганда, хуфтонни гоҳо ундай, гоҳо бундай, агар одамлар (масждига) йиғилганларини кўрсалар эртароқ ўқир, агар кеч йиғилсалар кечроқ ўқир эдилар. Бомдод намозини эса ғира-шира тонг қоронғуси пайтда ўқирдилар” [Бухорий: 560 ва Муслим: 646]. Шарҳ:“Асрни қуёш тиниқ бўлиб турган вақтда”, яъни қизармасдан олдин ўқирдилар.Ушбу ҳадисда беш вақт намознинг афзал вақтлари баён қилинган.Пешин намози қуёш заволга оққан пайтда, аср намози қуёш қизармай туриб, тиниқ бўлиб турган — ҳар бир нарсанинг сояси завол пайтидаги соясидан ташқари ўзига баробар бўлган — пайтда ўқилади. Шом қуёш ботганда ўқилади. Хуфтонда эса намозхонларнинг ҳолатига риоя қилинади. Агар улар аввалги вақтида — қизил шафақнинг ғойиб бўлиш пайтида — йиғилсалар ўша вақтда ўқилади. Агар кеч жамлансалар, у ҳолда хуфтонни туннинг аввалги ярмигача кечиктириб ўқиш мумкин. Аслида намозхонларга машаққат бўлмаса, хуфтонни туннинг ярмида ўқиш афзал ҳисобланади. Бомдод намози тонг қоронғусида, яъни тун қоронғуси билан кун ёруғлиги тўқнашган ғира-шира вақтда ўқилади. Фойда:Ушбу ҳадисдан пешин намозини ҳар доим дастлабки вақтида ўқиш афзаллиги келиб чиқади. Аммо аслида ундай эмас. Негаки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жазирама иссиқ кунлари пешинни кечиктириб ўқишга буюриб, шундай деганлар: “Агар ҳарорат кучайса, пешинни совутиб ўқинглар. Зеро, жазирама иссиқ жаҳаннамнинг шиддатли алангасидандир” [Муттафақун алайҳ]. Имом Муслим Хаббоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ернинг иссиқлигидан шикоят қилдик. Бироқ у зот шикоятимизни инобатга олмадилар”, яъни саҳобалар пешин намозини ер бироз совуганидан кейин ўқишни сўрадилар, бироқ у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз вақти чиқиб кетишидан хавотирланиб, шикоятларини инобатга олмади-лар. Ҳадисдан олинадиган фойдалар:1 – Хуфтондан бошқа намозларни аввалги вақтида ўқиш-га шошилган афзал.2 – Хуфтон намозини туннинг ярмигача кечиктириб ўқиш афзал. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар келган. Аммо намозхонлар эртароқ йиғилиб қолишса, уларни куттириб машаққатга қўймаслик учун улар йиғилган вақтда ўқилади.3 – Имом намозхонларнинг риоясини қилган ҳолда намозни енгиллатиши, уларни малоллантирмайдиган даражада тўкис ва узун ўқиши афзал.4 – Ҳадис бомдод намози тонг қоронғулигида ўқилишига далолат қилади. Бу эса: “Бомдодни тонг ёришгач ўқиган афзал”, деган уламоларга қарши далил бўлади.5 – Ҳадисда хуфтон намозини кечиктириб бўлса-да, жамоат билан ўқиш аввалги вақтида якка ҳолда ўқишдан афзал эканига далил бор. Қирқ еттинчи ҳадис عَنْ أَبِي الْمِنْهَالِ سَيَّارِ بْنِ سَلامَةَ قَالَ: ((دَخَلْتُ أَنَا وَأَبِي عَلَى أَبِي بَرْزَةَ الأَسْلَمِيِّ , فَقَالَ لَهُ أَبِي: كَيْفَ كَانَ النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم – يُصَلِّي الْمَكْتُوبَةَ؟ فَقَالَ: كَانَ يُصَلِّي الْهاَجِرَة – الَّتِي تَدْعُونَهَا الأُولَى – حِينَ تَدْحَضُ الشَّمْسُ , وَيُصَلِّي الْعَصْرَ , ثُمَّ يَرْجِعُ أَحَدُنَا إلَى رَحْلِهِ فِي أَقْصَى الْمَدِينَةِ وَالشَّمْسُ حَيَّةٌ. وَنَسِيتُ مَا قَالَ فِي الْمَغْرِبِ. وَكَانَ يُسْتَحَبُّ أَنْ يُؤَخِّرَ مِنْ الْعِشَاءِ الَّتِي تَدْعُونَهَا الْعَتَمَةَ. وَكَانَ يَكْرَهُ النَّوْمَ قَبْلَهَا , وَالْحَدِيثُ بَعْدَهَا. وَكَانَ يَنْفَتِلُ مِنْ صَلاةِ الْغَدَاةِ حِينَ يَعْرِفُ الرَّجُلَ جَلِيسَهُ. وَكَانَ يَقْرَأُ بِالسِّتِّينَ إلَى الْمِائَةِ)) .Абу Минҳол Сайёр ибн Салама роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен ва отам Абу Барза Асламий розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кирдик. Отам ундан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз намозларини қандай ўқир эдилар?”, деб сўрадилар. Абу Барза: “Сизлар “биринчи” деб номай-диган “ҳожира” (пешин) намозини қуёш заволга оққан пайтда ўқирдилар. Асрни (шундай вақтда ўқирдиларки, уни) ўқиб бўлганларидан сўнг биримиз Мадинанинг чекка жойидаги қароргоҳига бориб келса-да, ҳануз қуёш тирик бўлиб (сўниб-сарғаймаган ҳолида) турар эди”. Ровий айтади: “Шом намози хусусида нима деганини унутдим”. “Сизлар “атама” деб номлайдиган хуфтон намозини кечиктириб ўқишни яхши кўрар, шунингдек, хуфтондан олдин ухлаш ва ундан кейин суҳбатлашишни ёқтирмас эдилар. Бомдод намозини эса киши ёнидаги шеригини тайиндиган пайтда тугатар, унда олтмишдан юз оятгача ўқир эдилар”, деб жавоб берди”. [Бухорий: 547 ва Муслим: 647]. Шарҳ:“Сизлар “биринчи” деб номайдиган…”, “биринчи”дан мурод пешин намозидир. Негаки, Жаброил алайҳисалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг биринчи пешин намозини ўқиб кўрсатиб берган.“Ҳануз қуёш тирик бўлиб турар эди”, “тирик”дан мурод қуёш соф ва тиниқ, ҳануз ўзининг иссиғи ва нури асоратини йўқотмаган ҳолда туришидир.“Атама”, деб араб тилида уфқдаги шафақ йўқолиб, туннинг учдан бири ўтгандан кейинги кечанинг қоронғусига айтилади. Бу ерда “атама”дан хуфтон намози кўзда тутилган. Аъробийлар хуфтон намози шу вақтда ўқилгани боис, уни “атама” деб номлашган.Ушбу ҳадисда Абу Барза розияллоҳу анҳу фарз намозларнинг вақтларини зикр қилмоқда. У сўзини: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозини қуёш ботиш томонга қараб оққан пайтда ўқир эдилар”, деб бошлади. Бу пешиннинг аввалги вақтидир.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам асрни шундай вақтда ўқирдиларки, намоздан сўнг намозхон-ларнинг бири Мадина шаҳрининг чеккасида жойлашган қароргоҳига бориб келар, шунда ҳам қуёш ўз иссиғи ва нури асоратини йўқотмаган ҳолда турарди. Бу асрнинг аввалги вақтидир.Абу Барзанинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шомни қайси вақтда ўқишлари ҳақида айтган сўзини ровий унутиб қўйганди. Олдин айтиб ўтилганидек, шомнинг вақти қуёш ботиши билан киради.Хуфтон намозини туннинг ярмида ўқиш афзал бўлгани боис, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кечиктириб ўқишни хуш кўрар эдилар. Хуфтондан олдин ухлашни ёқтирмас эдилар. Чунки у хуфтон намозини афзал вақтидан ўтиб кетишига ёки жамоат бўлиб ўқий олмасликка сабаб бўлиши хавфи бор. Қолаверса, хуфтондан олдин ухлаш қаттиқ уйқуга чўмиб, таҳажжуд намозини тарк қилишга олиб бориши мумкин.Хуфтондан кейин суҳбатлашиш бомдод намозини вақтида ўқишдан ёки жамоат намозидан қолдириши хавфи бўлгани учун ундан сўнг суҳбатлашишни ёқтирмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозида олтмишдан юз оятгача ўқишларига қарамай, намозни киши ёнида ўтирган шеригини таний оладиган пайтда тугатар эдилар. Бу бомдодни ғира-шира пайтда ўқишларига далолат қилади. Ҳадисдан олинадиган фойдалар:1 – Беш вақт намознинг аввалги вақтлари баён қилинди. Ҳар намоз вақтининг охирги қисми навбатдаги намознинг аввалги вақтининг бир қисми саналади. Икки намоз ўртасини ажратиб берувчи вақт йўқ.2 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтондан бошқа намозларни аввалги вақтида ўқир эдилар.3 – Хуфтон намозини кечиктириб, афзал вақтида — туннинг яримида ўқиш афзал. Лекин бу олдин айтилганидек, намозхонларга машаққат туғдирмаслиги шарти билан.4 – Хуфтондан олдин ухлаш макруҳ. Негаки, у жамоат намозидан маҳрум қилиши ёки хуфтонни афзал вақтидан кейин ўқишга олиб бориши мумкин.5 – Хуфтондан кейин суҳбатлашиш макруҳ. Чунки у таҳажжуд намозидан ухлаб қолишга ёки бомдод намозини жамоат билан ўқимасликка сабаб бўлиши мумкин. Бироқ бундан хуфтондан сўнг ҳатто фойдали илм билан шуғулланиш ёки мусулмонларнинг манфаатларига доир иш юзасидан суҳбатлашиш ҳам макруҳ, деган ҳукм келиб чиқмайди.6 – Саҳобийнинг: “Сизлар “атама” деб номлайдиган…”, деган сўзи хуфтон намозини атама деб номлаш макруҳ-лигига далолат қилади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Бадавий араблар хуфтон намозингиз номини ўзгартиб, сизларга ғолиб келмасин. Албатта у Аллоҳнинг китобида “ишо” (хуфтон) деб номланган” [Муслим: 644]. Ибн Умар розияллоҳу анҳу хуфтонни атама дейишларидан жаҳли чиқар эди. Лекин хуфтонни атама деб номлаш жоизлигига далиллар ҳам бор. (Ибн Умарнинг) бундан ғазабланиши унинг макруҳлиги учун, холос. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар атама (хуфтон) ва бомдод намозида қанчалик ажр-савоб борлигини билганларида эди, унга эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар”, деганлар [Бухорий: 2689 ва Муслим: 437].7 – Бомдод намози шу қадар тонг қороғусида ўқиладики, унда олтмишдан то юз оятгача қироат қилинишига қарамасдан, намоздан сўнг одам тонг ғира-ширалигидан фақат ёнидаги одамнигина таний оладиган бўлади.8 – Бомдод намозида узоқ қироат қилган афзал.9 – Киши билмаган нарсаси ҳақида сўралганида “билмай-ман”, деб айтишдан уялмаслиги керак. Чунки билмасдан фатво бериш Аллоҳ таоло номидан ёлғон гапириш демакдир. Олим одамнинг билмаган нарсаси ҳақида гапирмаслиги унинг қадрини туширмайди, балки илмсиз, ўйламасдан сўзлашдан тийилгани ва тавозелик билан ўз илми доирасидан чиқмагани учун қадрини кўтаради. Фойда:Кечаси хуфтондан кейин мубоҳ нарсалар ҳақида суҳбатлашиш макруҳ бўлса, кечаси билан беҳаё қўшиқлар эшитадиган, беадаб ва йўлдан оздирадиган журнал ва газеталарни ўқийдиган, уятсиз филм ва беҳаё расмларни кўрадиган, Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсадиган ўйинларни ўйнаб тунларини бедор ўтказадиган кишилар ҳақида нима деб ўйлайсиз?!Улар бомдод вақтига оз қолганда, Аллоҳнинг раҳмати тушадиган пайтда уйқуга кетишади ва уларни уйқуларидан фақат қуёш нури ва одамларнинг шовқун-сурони уйғотади. Натижада жамоат намозини ўтказиб юборишади, ҳатто баъзан бомдодни ўз вақтида ўқишмайди. Ҳаётларини шу тарзда ўтказаётган одамларга афсус-надоматлар бўлсин! Шайтон уларни йўлдан оздириб, фойдали нарсадан тўсиб, зарар берадиган нарсага буриб қўйган. Бундай одамлар Аллоҳни эсдан чиқарган ва шу сабабли Аллоҳ ҳам уларни ўзларининг ким эканини эсларидан чиқартириб қўйган кишилар жумласидан бўлиб қолишлари хавфи бор. Уларга ғафлат пардаси урилган, улар вақт ўтганидан сўнг ўзларига келишади, бироқ бу вақтда ибрат олишлари уларга фойда бермайди. Қирқ саккизинчи ҳадисعَنْ عَلِيٍّ – رضي الله عنه -: أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ يَوْمَ الْخَنْدَقِ: ((مَلأَ اللَّهُ قُبُورَهُمْ وَبُيُوتَهُمْ نَارًا كَمَا شَغَلُونَا عَنْ الصَّلاةِ الْوُسْطَى حَتَّى غَابَتْ الشَّمْسُ)) . وَفِي لَفْظٍ لِمُسْلِمٍ ((شَغَلُونَا عَنْ الصَّلاةِ الْوُسْطَى – صَلاةِ الْعَصْرِ – ثُمَّ صَلاهَا بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ)) . وَلَهُ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: ((حَبَسَ الْمُشْرِكُونَ رَسُولَ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – عَنِ الْعَصْرِ حَتَّى احْمَرَّتِ الشَّمْسُ أَوْ اصْفَرَّتْ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم -: شَغَلُونَا عَنْ الصَّلاةِ الْوُسْطَى – صَلاةِ الْعَصْرِ – مَلأَ اللَّهُ أَجْوَافَهُمْ وَقُبُورَهُمْ نَاراً أَوْ حَشَا اللَّهُ أَجْوَافَهُمْ وَقُبُورَهُمْ نَاراً))  Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хандақ жанги куни шундай дедилар: “Аллоҳ мушрикларнинг қабрлари ва уйларини ўтга тўлдирсин! Улар то қуёш ботгунча бизни ўрта намоздан машғул қилиб қўйишди” [Бухорий: 2931 ва Муслим: 627].Имом Муслимнинг бир ривоятида: “Бизни ўрта — аср намозидан машғул қилиб қўйишди”, деб сўнгра шом билан хуфтон ўртасида асрни ўқидилар” [Муслим: 627].Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келтирган бошқа бир ривоятда шундай дейилган: “Мушриклар то қуёш қизаргунча ёки сарғайгунча Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни аср намозини ўқишдан тўсиб қўйдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ уларнинг ичлари ва қабрларини ўтга тўлдирсин!”, ёки “Аллоҳ уларнинг ичлари ва қабрларини ўтга лиммо-лим қилсин”, дедилар [Муслим: 628]. Шарҳ:Хандақ — ҳижрий бешинчи йили мушриклар мусулмон-ларни қамалга олган пайтда Мадинаи Мунаввара шаҳрининг шимолида шарқий ҳарра (қирра тошли тошлоқ жой)дан то ғарбий ҳаррагача Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар қазиган ўра — чуқурликдир[3].“Ўрта намоздан машғул қилиб қўйишди…”, яъни энг афзал намоздан. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида ҳам “ўрта” сўзи шу маънода келган: “Шунингдек, сизларни ўрта уммат қилдик”, [Бақара: 134] яъни энг афзал ва энг яхши уммат қилдик.Мушриклар Мадинага қўшин тортиб келганлари боис Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар то қуёш ботгунига қадар Мадинани ва ўзларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш билан машғул бўлиб қолишди ва асрни кун ботганидан кейин ўқишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушриклар у зотга ва саҳобаларга етказган азияти ва энг афзал бўлмиш аср намозидан қолдирганлари учун Аллоҳ уларнинг ичлари ва қабрларини ўтга тўлдиришини сўраб дуо қилдилар. Уламолар ихтилофи:Маълумки, Аллоҳ таоло ўрта намозни сақлашга — ўз вақтида тўкис адо этишга тарғиб қилиб шундай деган: “Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!” [Бақара: 238]. Уламолар оятдаги “ўрта намоз”дан қайси намоз назарда тутилгани борасида бир қанча фикрларни билдиришган. Шавконий роҳимаҳуллоҳ улардан ўн еттитасини далиллари билан зикр қилган. Китоб чўзилиб кетишидан хавотирланиб ҳамда фойдаси оз бўлгани сабабли уларни бу ерда зикр қилишимизга ҳожат йўқ деб билдик. Аксар салаф ва халаф уламолар билдирган фикрга кўра, шунингдек, саҳиҳ очиқ-ойдин ҳадислар тақозо қилишича, оятдаги ўрта намоздан мурод аср намозидир. Бундан бошқа фикрлар заиф ва ҳужжат-далили кучсиз. Ҳадисдан олинадиган фойдалар:1 – Ўрта намоздан мурод аср намозидир. Бунга “Саҳи-ҳайн”да Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис далолат қилади: “Биз оятда зикр қилинган ўрта намозни бомдод намози деб билардик. Аҳзоб куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Мушриклар бизларни ўрта намоз — аср намозидан машғул қилиб қўйишди”. Ибн Асир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аср намози ўрта деб номлаганининг сабаби, чунки у энг афзал ва ажр-савоби энг кўп намоз саналади. Шу боис уни ўз вақтида тўкис адо этишга алоҳида эътибор қаратилган”.2 – Намозни ўз вақтида адо этишга имкон бўлмаса, уни белгиланган вақтидан кейин адо этиш жоиз.3 – Бу воқеа “хавф намози” жорий қилинишидан илгари содир бўлган бўлса керак. Негаки, кейинчалик мусулмонлар хавф-хатар пайтида оёқда тик турган ёки уловларига минган ҳолларида намоз ўқишга буюрилганлар. Қози Иёз роҳима-ҳуллоҳ айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асрни қасддан кечиктирдилар. Аммо хавф намози (жорий қилингач) бу (яъни, хавф-хатар пайтида намозни қасддан вақтидан кечиктириб ўқиш жоизлиги)ни насх — бекор қилган”. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу фикр ҳақиқатга яқинроқ. Қолаверса, Аҳмад ва Насоий Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, бу воқеа хавф намозига тегишли “Энди агар (душман ҳужуми-дан) хавфда қолсангиз, пиёда ёки отлиқ ҳолингизда ибодат қилаверингиз!” [Бақара: 239] ояти нозил бўлиши-дан олдин содир бўлган”.4 – Намозни вақтида ўқишни унутиб қўйган одам уни эслаган пайтида ўқийди.5 – Золимнинг зулми миқдорича уни дуоибад қилиш жоиз. Чунки бу қасос ҳисобланади.6 – Уламолар айтишади: “Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини маънодош сўзлар билан ривоят қилиш жоиз эмаслиги, балки уни сўзма-сўз нақл қилиш лозимлигини кўрсатади. Негаки, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қай бир лафзни айтганлари борасида иккиланиб: “Аллоҳ уларнинг ичлари ва қабрларини ўтга тўлдирсин!”, ёки “Аллоҳ уларнинг ичлари ва қабрларини ўтга лиммо-лим қилсин” деди ва уларнинг бирига чекланиб қолмади. Ҳолбуки, мазкур ҳар икки лафз бир маънони англатади. Хуфтон намозининг афзал вақти Қирқ тўққизинчи ҳадис عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما قَالَ: ((أَعْتَمَ النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم – بِالْعِشَاءِ. فَخَرَجَ عُمَرُ فَقَالَ: الصَّلاةُ، يَا رَسُولَ اللَّهِ، رَقَدَ النِّسَاءُ وَالصِّبْيَانُ. فَخَرَجَ وَرَأْسُهُ يَقْطُرُ يَقُولُ: لَوْلا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي – أَوْ عَلَى النَّاسِ – لأَمَرْتُهُمْ بِهَذِهِ الصَّلاةِ هَذِهِ السَّاعَةِ)) .Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозини анча кечиктириб юбордилар. Умар розияллоҳу анҳу чиқиб: “Ё Расулуллоҳ, намоз (ўқимаймизми)? Аёллар ва ёш болалар ухлаб қолишди”, деди. Расулуллоҳ соллал-лоҳу алайҳи ва саллам бошларидан сув томчилаб турган ҳолларида чиқиб келдилар ва: “Агар умматимга машаққат бўлишидан хавотир олмаганимда, уларни ушбу (хуфтон) намозини шу пайтда ўқишга буюрган бўлар эдим”, дедилар” [Бухорий: 7239 ва Муслим: 642]. Шарҳ:Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаяллаб, хуфтон намозини туннинг анчаси ўтган пайтгача кечиктирдилар, ҳатто бунча узоқ муддат кутишга тоқатлари етмаганидан аёллар ва ёш болалар ухлаб қолишди. Умар розияллоҳу анҳу у зотнинг ҳузурларига келиб шундай деди: “Намоз ўқимаймизми? Аёллар ва ёш болалар ётиб қолишди”. Пайғамбаримиз ғусл қилганлари сабабли бошларидан сув томган ҳолда уйларидан масжидга чиқиб келдилар ва агар намозни кутиб ўтирганларга машшақат бўлмаганда хуфтонни шу пайтда ўқиш афзал эканини баён қилиб, шундай дедилар: “Агар умматимга машаққат бўлишидан хавотир олмаганимда, уларни ушбу (хуфтон) намозини шундай кеч пайтда ўқишга буюрган бўлар эдим”. Уламолар ихтилофи:Хуфтон намозини аввалги вақтида ўқиш афзалми ёки кечиктирибми? Бу хусусда уламолар ихтилоф қилишган. Бир гуруҳ уламолар хуфтонни аввалги вақтида ўқиш афзал, деган фикрни билдиришган. Улар ўз фикрларини қуйида-гича қўллаб-қувватлашган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтонни одатда аввалги вақтида ўқир эдилар. Фақат хуфтон намозини кечиктириб ўқиш жоизлигини баён қилиш ёки бирон узр сабабли баъзи ҳолатлардагина уни кечиктириб ўқиганлар. Агар хуфтонни кечиктириб ўқиш афзал бўлганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳар доим кечиктириб ўқиган бўлардилар”.Жумҳур уламолар хуфтон намозини кечиктириб ўқиш афзал, деган фикрни билдиришган. Улар ўз фикрларига талай саҳиҳ ҳадисларни далил қилишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар доим хуфтон намозини кечиктириб ўқимаганларига келсак, бунинг сабаби у зот жамоат намозига келган одамларга машаққат бўлишидан хавотир олганларидир. Зеро, у зот бир куни тунда чиқиб шундай деганлар: “Агар умматимга машаққат бўлишидан хавотир олмаганимда, аслида мана шу хуфтоннинг (афзал) вақтидир” (Муслим: 638.). Ҳадисдан олинадиган фойдалар:1 – Хуфтон намозини кечиктириб ўқиш афзал. Бундан фақат намозхонларга машаққат бўлишигина тўсади.2 – Бағрикенг, енгил динимизда машаққат-қийинчилик енгиллик ва осонликка сабаб қилинган.3 – Гоҳида баъзи ҳолат ва шарт-шароитларни инобатга олган ҳолда афзал бўлган амални тарк қилиб, ундан қуйи бўлган амални бажариш афзал бўлади.4 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига ўта меҳрибон ва шафқатли бўлганлар.5 – Баъзи аёл ва болалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жамоат намозига чиқардилар.6 – Умар розияллоҳу анҳу бетакаллуф бўлгани, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одоб-ахлоқларини яхши билгани боис у зот билан эркин муомалада бўлган.7 – Ҳадисда катталар тарафидан эътиборсизлик эҳтимоли бўлса ёки бирон манфаат кутилса, у ҳолда уларга огоҳлантириш бериш жоизлигига далил бор.   Намоздаги макруҳ амаллар бобиУсулул фиқҳ уламолари наздида макруҳ — уни қилмаган одам савоб оладиган, қилган одам гуноҳкор бўлмайдиган амалдир.Намоздаги макруҳ амаллар намознинг мукаммаллигига путур етказади, бироқ уни бузмайди. Намоздаги макруҳ амаллар кўп. Муаллиф роҳимаҳуллоҳ улардан қуйидаги икки ҳадисда келганларинигина зикр қилган. Эллигинчи ҳадисعَنْ عائِشَةَ رضي الله عنها: أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ: ((إذَا أُقِيمَتْ الصَّلاةُ وَحَضَرَ الْعَشَاءُ فَابْدَءُوا بِالْعَشَاءِ)) .Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Агар намозга иқомат айтилган пайтда кечки таом дастурхонга қўйилса, дастлаб кечки таомдан бошланглар” [Бухорий: 5465 ва Муслим: 557]. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ҳам шу мазмунда ҳадис ривоят қилинган. Шарҳ:Дарҳақиқат, банда намозда хокисорлик билан ўзини паст олиб, фикри-зикри жамланган ҳолда туриши талаб қилин-ган. Чунки бу намознинг руҳи ҳисобланади. Намознинг тўкис ёки ноқислиги мазкур ишларнинг унда қай даражада бўлиш-бўлмаслигига қараб ўлчанади. Таом ёки ичимлик даструхонга қўйилган пайтда намоз вақти кириб қолса ёки жамоат намозига иқомат айтилса, еб-ичишдан бошлаш лозим. Токи намозхоннинг қорни тўйиб, фикру хаёли еб-ичишга бўлинмасин ва қалби намознинг мағзи бўлган хушуъ-хокисорликдан холи бўлмасин. Бу қачонки намоз вақти чиқиб кетиш хавфи бўлмаса, албатта. Борди-ю, намоз вақтининг чиқиб кетиш ёки макруҳ вақтга кириб қолиш хавфи бўлса, у ҳолда дастлаб намозни ўқиб олиш лозим бўлади. Негаки, мустаҳаб амал вожиб амални тарк қилишга сабаб бўлолмайди. Ҳадисдан олинадиган фойдалар:1 – Овқат ва ичимлик дастурхонга қўйилган пайтда намоз вақти кириб қолса, модомики, намоз вақти чиқиб кетиш хавфи бўлмаса, аввал еб-ичиб олинади. Акс ҳолда, нима бўлган тақдирда ҳам дастлаб намоз ўқиб олинади.2 – Ҳадиснинг зоҳиридан бу ҳукмда таомга эҳтиёжи бор ёки йўқ одам бирдек экани тушунилади. Лекин кўпчилик уламолар шариатнинг мақсад-ғояларидан тушунган иллат — сабабга биноан бу ҳукм еб-ичишга эҳтиёжи бўлган одамгагина хос, дейишган.3 – Дастурхонга овқат қўйилиши қорни оч одам учун жамоат намозига чиқмасликка узр бўлади. Бироқ доимий суратда овқатланиш пайтини намоз ўқиладиган вақтга тўғирлаб олмаслик шарти билан.4 – Банда Раббига фикри-зикри жамланган ҳолда муно-жот қилиши учун ундан намозда хокисорлик билан туриши ва хаёлини чалғитадиган нарсалардан холи бўлиши талаб қилинади. Эллик биринчи ҳадисعَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – يقُولُ: (( لا صَلاةَ بِحَضْرَةِ طَعَامٍ , وَلا وَهُوَ يُدَافِعُهُ الأَخْبَثَانِ )).Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: “Овқат тайёр турганда, шунинг-дек, катта ёки кичик ҳожат қистаб турганда намоз ўқилмайди” [Муслим: 560]. Шарҳ:Ўтган ҳадисда банда намоз ўқир экан, Раб таоло ҳузурида фикру зикри жамланган ҳолда туришга шариатимиз тарғиб қилгани айтиб ўтилди. Бу эса хотиржамлик ва хокисорликка путур етказадиган сабабларни кетказиш ила амалга ошади. Шунинг учун шариатимиз қачонки, банданинг қорни очиб, овқат егиси келган ва унинг қалби шу билан машғул бўладиган пайтда ҳузурига таом келтирилганда намоз ўқишдан қайтарган. Шунингдек, катта ёки кичик ҳожат қистаб турганда намоз ўқишдан қайтаради. Негаки, ҳожати қистаб турган одамнинг ўй-хаёли ҳожатни ушлаб туриш билан банд бўлгани учун унинг намози тўкис бўлмайди. Уламолар ихтилофи:Зоҳирий мазҳаби уламолари ва шайхулислом Ибн Таймия ушбу ҳадиснинг зоҳирига биноан дастурхонга овқат қўйилган ёки ҳожат қистаб турган пайтда ўқилган намоз ботил, дуруст бўлмайди, деган фикрни билдиришган. Бироқ шайхулислом роҳимаҳуллоҳ зоҳирий мазҳаби уламоларидан фарқли ўлароқ: “Агар намозхоннинг қорни оч бўлсагина намози дуруст бўлмайди. Акс ҳолда дуруст бўлаверади”, деган қайдни қўшган. Зоҳирий мазҳаби уламолари эса ҳар қандай ҳолатда ҳам намоз дуруст бўлмайди, деган шоз (кўпчилик уламолар фикрига хилоф) фикрни айтишган.Жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, бундай ҳолатдаги одам намоз ўқиши макруҳ саналса-да, бироқ унинг намози дуруст бўлаверади. Ҳадисдаги: “…намоз ўқилмайди”, деган сўздан мурод бундай ҳолатда адо қилинган намоз дуруст бўлмайди дегани эмас, балки намоз мукаммал бўлмайди деганидир. Ҳадисдан олинадиган фойдалар:1 – Одам қорни очиб турган, шунингдек, катта ёки кичик ҳожати қистаб турган пайтда намоз ўқиши макруҳ саналади. Албатта, бу модомики намоз вақти чиқиб кетиш хавфи бўлмаса. Акс ҳолда, аввал намоз ўқиб олади.2 – Намозда хокисорлик билан ва фикри-зикри жамланган ҳолда туриш лозим.3 – Намозга халақит берадиган ҳар қандай нарсалардан четланиш лозим.4 – Овқат ёки ичимликка қаттиқ эҳтиёж бўлиши, шунингдек, катта ёки кичик ҳожатнинг қистаб туриши жума ва жамоат намозини тарк қилишга узр бўлади. Бироқ буни доимий равишда одат қилиб олмаслик ва мазкур ишларни имкон қадар намоз ўқиладиган вақтга тўғирлаб олмаслик шарти билан.5 – Санъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Билингки, бу (яъни, бундай ҳолатда намоз ўқишдан қайтарилиши) банданинг ҳаққини Аллоҳ таолонинг ҳаққидан устун қўйиш дегани эмас. Аксинча, бу Борий (Яратувчи)нинг ҳаққини ҳимоя қилиш. Банда У зотга муножот қилишга тайёр бўлмаган қалб билан ибодатга киришмаслиги учун шунга буюрилган”.6 – Баъзи уламолар хушуъни қўрқиш ва хотиржамликни ўзида мужассам этадиган ҳис-туйғу деб изоҳлашган. У ички кечинма бўлиб, танада ибодатдан кўзланган мақсадга муносиб хотиржамликни келтириб чиқаради. Фойда:Уламолар айтишади: “Намоз Аллоҳ таолога муножот қилиш демакдир. Қандай қилиб уни ғофил-бепарво бўлган ҳолда адо қилиш мумкин!” Шунингдек, уламолар банданинг ўқиган намозидаги улуши (ажр-савоби) уни қай даражада уйғоқ қалб билан онгли равишда ўқишига боғлиқ эканига ижмоъ қилганлар. Бунга қуйидаги оят ва ҳадислар далил бўлади: “Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!” [Тоҳа: 14]. “Ғофил кимсалардан бўлма!” [Аъроф: 205].Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Гоҳида бандага ўқиган намози (ажр-савоби)дан ўндан бирини ҳам, олтидан бирини ҳам ёзилмайди” [Абу Довуд, Насоий ва Ибн Ҳиббон ривояти]. Намоз Аллоҳни эслаш учун ўқилади. Намозхоннинг қалбида Аллоҳни улуғлаш ва эҳтиром қилиш бўлмаса, бу намознинг қадрини камай-тиради. Қалб ҳозирлиги дегани, қалбни намоздан машғул қиладиган нарсалардан холи қилишдир. Шунда намозда илм билан амал бир бўлиб, фикр чалғимайди. Намозда муножотдан қалб ғафлатда бўлишининг сабаби ҳаёти дунё муҳаббатидан келиб чиққувчи ўй-фикрлардир.   Намоз ўқишдан қайтарилган вақтлар бобиШариатимиз муайян ҳикматларни кўзлаб, маълум вақтларда намоз ўқишдан қайтарди. Жумладан, кофирларга ўхшаб улар ибодат қиладиган вақтда ибодат қилмаслик. Намоз ўқишдан қайтарилган вақтлар учтадир:Биринчиси: Бомдод намозидан сўнг, то қуёш ердан бир найза миқдорида кўтарилгунча.Иккинчиси: Кун тиккага келган пайтдан то заволга оққунча.Учинчиси: Аср намозидан сўнг, то кун ботгунча. Эллик иккинчи ҳадисعَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما قَالَ: ((شَهِدَ عِنْدِي رِجَالٌ مَرْضِيُّونَ – وَأَرْضَاهُمْ عِنْدِي عُمَرُ – أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – نَهَى عَنْ الصَّلاةِ بَعْدَ الصُّبْحِ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ وَبَعْدَ الْعَصْرِ حَتَّى تَغْرُبَ)) .Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Ишончли кишилар — улар қаторида мен энг ишонган киши Умар — гувоҳлик беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод (намози)дан кейин то қуёш чиққунча ва аср (намози)дан кейин то қуёш ботгунча (нафл) намоз ўқишдан қайтардилар” [Бухорий: 581 ва Муслим: 826]. Эллик учинчи ҳадис عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ – رضي الله عنه – عَنْ رَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – أَنَّهُ قالَ: ((لا صَلاةَ بَعْدَ الصُّبْحِ حَتَّى تَرْتَفِعَ الشَّمْسُ وَلا صَلاةَ بَعْدَ الْعَصْرِ حَتَّى تَغِيبَ الشَّمْسُ)) .Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бомдод (намози)дан кейин то қуёш чиққунча ва аср (намози)дан кейин то қуёш ботгунча (нафл) намоз ўқилмайди” [Бухорий: 586 ва Муслим: 827].Муаллиф роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу бобга тааллуқли ҳадислар Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Абу Ҳурайра, Самура ибн Жундуб, Салама ибн Акваъ, Зайд ибн Собит, Муоз ибн Жабал, Каъб ибн Мурра, Абу Умома Боҳилий, Амр ибн Абса Суламий, Ойша, шунингдек, Сунобиҳий розияллоҳу анҳумдан ҳам ривоят қилинган. Бироқ Сунобиҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бевосита эшитмагани учун унинг ҳадиси мурсалдир”. Шарҳ:Ушбу ва бундан олдинги ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозидан кейин то қуёш чиқиб, ердан кўз ўлчовида бир найза (тақрибан уч метр) миқдорида кўтарилгунча, шунингдек, аср намозидан кейин то қуёш ботгунга қадар нафл намоз ўқишдан қайтармоқдалар. Чунки бу вақтларда ибодат қилиш мушрикларнинг қуёш чиққан ва ботган пайтда қиладиган ибодатларига ўхшаб қолади. Ҳолбуки, биз ибодатларимизда уларга ўхшашликдан қайтарилганмиз. Негаки, ким ўзини бир қавмга ўхшатса, у ҳам улардан бўлади. Уламолар ихтилофи: Мазкур вақтларда ибодат қилиш ҳукмиУламолармиз ўртасида бу борада ихтилоф бор. Жумҳур уламолар бу вақтларда намоз ўқиш макруҳ, деган фикрни билдиришган ва ўз фикрларига юқорида ўтган ва улардан бошқа саҳиҳ ҳадисларни далил қилишган. Зоҳирий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, бу вақтларда намоз ўқиш жоиз, намоздан қайтариб келган ҳадисларнинг барчаси мансух (бекор) қилинган.Жумҳур уламолар зоҳирий мазҳаб уламолари келтирган далилларга қуйидагича жавоб беришган: “Ушбу вақтларда намоз ўқиш жоизлигига далолат қилувчи ҳадислар мутлақ ёки умумий далиллар бўлиб, унда намоз ўқишдан қайтарувчи ҳадислар эса муқайяд ёки хос саналади. Фиқҳий қоидага кўра, бундай пайтда мутлақ ёки умумий далиллар муқайяд ёки хос билан изоҳланади. Натижада, мазкур вақтларда намоз ўқиш макруҳлиги келиб чиқади”.Маълумки, бирон ҳукмни мансух (бекор) қилинган деб айтиш учун дастлаб бир-бирига зиддек кўринган далиллар ўртасини мувофиқлаштиришга уриниш лозим. Борди-ю, улар ўртасини мувофиқлаштиришнинг имкони бўлмаса, ана ўшанда улардан бирига мансух (бекор) қилинган деб ҳукм қилиш мумкин. Мазкур масала борасида келган далиллар ўртасини эса ҳеч қийинчиликсиз мувофиқлаштириш мумкин. Мазкур вақтларда қандай намоз ўқишдан қайтарилган?Уламолар бу хусусда ихтилоф қилишган. Ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, бу вақтларда тавофдан сўнг ўқиладиган икки ракаатдан бошқа барча нафл намозлардан қайтарилган. Улар ўз фикрларига мазкур вақтларда намоз ўқишдан қайтарган ҳадислар умумий кўринишда айтилгани ва улар барча турдаги намозларни ўз ичига олишини далил қилишган.Шофеий мазҳаби уламолари билдирган, имом Аҳмаддан келган бир ривоятга кўра ва Ибн Таймия ва бир гуруҳ ҳанбалий мазҳаби уламолари ихтиёр қилган фикрга кўра, бу вақтларда бирон сабабга боғлиқ бўлмаган мутлақ намозларни ўқишдан қайтарилган. Аммо масжидга кирганда ёки таҳоратдан кейин ўқиладиган икки ракаат намоз каби муайян сабабларга боғлиқ бўлган нафл намозлар эса ҳар қачон сабаби топилса ўқиш жоиздир.Ушбу фикр эгаларининг далиллари қуйидагича: ушбу вақтларда намоз ўқишдан қайтариб келган ҳадислар умумий бўлиб, мазкур намозларни ўқишга буюрган ҳадислар эса хосдир. Юқорида айтилган фиқҳий қоидага кўра, ушбу вақтларда ўқишдан қайтарилган намозлар ичидан муайян сабабга боғлиқ бўлган намозлар истисно қилинади. Бинобарин, уларни бу вақтларда ўқиш жоиздир.Бу борада келган ҳадисларни шу тарзда изоҳласак, барча далиллар ўртасини мувофиқлаштирган ва уларнинг ҳар бирига амал қилган бўламиз.Намоздан қайтарилган вақт намоз вақти кириши билан бошланадими ёки намоз ўқилгандан кейинми? Уламоларимиз ушбу масала борасида ҳам турли фикрларни билдиришган. Ҳанафий мазҳаби уламолари билдирган, шунингдек, ҳанбалий мазҳабидаги машҳур фикрга кўра, намоздан қайтарилган вақт бомдодда бомдод вақти кириши билан, асрда аср вақти кириши билан бошланади. Бу фикр эгалари бир қанча ҳадисларни далил қилиб келтиришган. Жумладан: Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бомдод (вақти кирган)дан сўнг икки ракаатдан бошқа намоз ўқилмайди” [Термизий: 419 ва Абу Довуд: 1278]. Ушбу ҳадис бомдод вақти кирганидан кейин бомдоднинг икки ракаат суннатидан бошқа нафл намоз ўқиш ҳаром эканига далолат қилади. Негаки, ҳадисдаги “намоз ўқилмайди”, деган инкор кўринишидаги сўздан “намоз ўқиманглар” деган қайтариқ кўзда тутилган.Кўпчилик уламолар нафл намоз ўқиш тақиқланган вақт бомдод вақти киришидан эмас, балки бомдод намозидан кейин бошланади, деган фикрни билдиришган. Бу фикр эгалари ҳам бир қанча ҳадисларни далил қилиб келтиришган. Жумладан, Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча (нафл) намоз ўқилмайди” [Бухорий: 1197 ва Муслим: 827].Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Тонг намозидан кейин то қуёш чиққунча нафл намоз ўқилмайди”.Ушбу фикрни қўллаб-қувватлайдиган бундан бошқа саҳиҳ ҳадислар ҳам келган.Биринчи фикр эгалари далил қилиб келтиришган ҳадисларнинг саҳиҳ ёки заиф экани борасида муҳаддис уламолар ўртасида ихтилоф бор. Бинобарин, улар иккинчи фикр эгалари келтирган саҳиҳ ҳадисларга тенг бўлолмайди. Ҳадисдан олинадиган фойдалар:1 – Муайян сабабга боғлиқ бўлмаган мутлақ нафл намоз-ларни бомдод намозидан кейин то қуёш чиқиб, ердан уч метрга яқин кўтарилгунча ўқиш тақиқланади.2 – Аср намозидан кейин то қуёш ботгунча муайян сабабга боғлиқ бўлмаган мутлақ нафл намозларни ўқиш тақиқланади.3 – Айрим ҳадисларда мазкур вақтларда намоз ўқишдан қайтарилишининг сабаби кофирларга ўхшаб қолмаслик экани айтилган. Бу эса ибодатлар, урф-одатлар ва анъана-ларда кофирларга тақлид қилиш ҳаромлигини тақозо қилади. Биринчи фойда:Муаллиф роҳимаҳуллоҳ намоз ўқишдан қайтарилган учинчи вақтни зикр қилмадилар. Ваҳоланки, бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар собит бўлган. У ўта қисқа муддат бўлиб, қуёш тиккага келгандан то заволга оққунга қадар давом этади. Бу вақтда намоз ўқиш ҳаромлиги саҳиҳ ҳадисларда келган. Жумладан, Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни уч вақтда намоз ўқишдан ва ўликларимизни кўмишдан қайтардилар”. Шулардан бири “Қуёш тиккага келган пайт”дир [Муслим: 831].Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга шундай дедилар: “Кун чиқиб, ердан бир найза миқдорида кўтарилганидан сўнг то кун тиккага келиб, найзанинг сояси на машриқ, на мағриб томонга оғмаган ҳолга келгунча намоз ўқийвер. (Қуёш тиккага келган пайтдан) кейин намоз ўқима. Зеро, бу пайтда жаҳаннам қиздирилади” [Муслим: 832]. Иккинчи фойда:Шариатимиздаги кўп ҳукмлар мушрикларга тақлид қилишдан қайтариш устига қурилган. Негаки, уларга тақлид қилиш инсон қалбига таъсир ўтказади ва аста-секин уларнинг ишлари кўзига чиройли кўриниб, уларга эргашишга олиб боради. Оқибатда, мусулмонларнинг куч-қуввати, бирлиги ва мустақиллиги йўқолиб, кофирларга тобе бўлиб қолишади ва уларнинг эътиқоди ва турмуш тарзи мусулмонларга сингиб кетади. Дин душманлари шу тариқа мусулмонларга ҳужум қилмоқчи бўлишади. Ислом эса мусулмонлар куч-қудратли ва ибодатлари, урф-одатлари, тақлидлари ҳамда барча ҳолатларда бир хил бўлишини, шунингдек, мусулмонлар ўзларига хос сифатга ва ўзгалардан ажралиб турадиган хусусиятга эга мустақил бир уммат бўлишини истайди.Минг афсуслар бўлсинки, асримиздаги мусулмонларни кофирларнинг ортидан кўр-кўрона эргашиб юрганини кўрамиз. Ғарбдан келган барча нарса зўр, яхши. Улар қилаётган ҳар бир иш чиройли. Гарчи бу ишлари дин ва одоб-ахлоққа зид бўлса ҳам. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.Ё Аллоҳ, Ўзинг мусулмонларни ғафлат уйқусидан уйғот, уларни ҳақ ва ҳидоят узра бирлаштир, албатта, Сен эшитгувчи ва дуоларни ижобат қилгувчи Зотсан.Бу билан замонавий кашфиётлар ва саноат соҳасида кофирлардан ҳеч нарса ўрганиб бўлмайди демоқчи эмасмиз. Бундай илмларни ҳар бир одам ўрганиши мумкин. Аслида бу илмларни ўрганишга улардан кўра биз ҳақлироқмиз. Чунки биз бундай илмларни ўргансак, динимиз буюр-ганидек, тинчлик ва хотиржамликни ўрнатиш ва бандалар бахт-саодати йўлида ишлатамиз. Аммо бундай ихтиро ва кашфиётлар золим мустамлакачиларнинг қўлида бўлиши оламнинг йўқ бўлиши ва харобага айланишига сабаб бўлади. Эллик тўртинчи ҳадис عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ رضي الله عنهما ((أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رضي الله عنه جَاءَ يَوْمَ الْخَنْدَقِ بَعْدَ مَا غَرَبَتِ الشَّمْسُ فَجَعَلَ يَسُبُّ كُفَّارَ قُرَيْشٍ وَقَالَ: يَا رَسُولَ اللَّهِ مَا كِدْتُ أُصَلِّي الْعَصْرَ حَتَّى كَادَتِ الشَّمْسُ تَغْرُبُ. فَقَالَ النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم -: وَاَللَّهِ مَا صَلَّيْتُهَا. قَالَ: فَقُمْنَا إلَى بَطْحَانَ فَتَوَضَّأَ لِلصَّلاةِ وَتَوَضَّأْنَا لَهَا فَصَلَّى الْعَصْرَ بَعْدَ مَا غَرَبَتْ الشَّمْسُ ثُمَّ صَلَّى بَعْدَهَا الْمَغْرِبَ)) .Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб Хандақ жанги куни кун ботганидан сўнг келди-да, Қурайш кофирларини сўка кетди. “Ё Расулуллоҳ, асрни ўқиёлмадим, ҳатто кун ботаёзди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга қасамки, мен ҳам ўқиёлмадим”, дедилар. Сўнг Бутҳон водийсига келдик. У зот намозга таҳорат қилдилар, биз ҳам таҳорат қилдик. Сўнг кун ботгач асрни, ортидан шомни ўқидилар” [Бухорий: 596, 945, 4112 ва Муслим: 631]. Шарҳ:“Хандақ жанги” бу жанг Аҳзоб жанги ҳам деб номланади. Олдин айтиб ўтганимиздек, унда Қурайш кофирлари Нажд қабилалари билан биргаликда мусулмонларга қарши жанг қилиш учун Мадинага бостириб келишади ва мусулмон-ларни қамалга олишади.“Бутҳон” Мадина шаҳридаги водийлардан бири.Умар розияллоҳу анҳу Хандақ жанги куни қуёш ботгандан сўнг Қурайш кофирларини сўккан ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келади. Бунинг боиси Қурайш кофирлари Умарни аср намозини ўқишдан машғул қилиб қўйишгани ва то қуёш ботай дегунча уни ўқий олмагани эди. Умарга бу иш оғир ботганини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тинчлантриш учун қасам ичиб, у зот ҳам ҳали аср намозини ўқимаганини айтадилар. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб таҳорат оладилар, саҳобалар ҳам таҳорат олишади ва қуёш ботганидан кейин аср намозини, ундан кейин шом намозини ўқишади. Ҳадисдан олинадиган фойдалар:1 – Беш вақт намозларнинг қазосини ўқиш фарз.2 – Ҳадис зоҳиридан Хандақ жангида аср намозини то вақти чиққунча кечиктириш унутиб қўйиш сабабли эмас, балки қасддан бўлгани тушунилади. Уламолар рожиҳ санаган фикрга кўра, бу воқеа хафв намозига рухсат берилишидан олдин содир бўлган.3 – Ҳадисда модомики, жорий намознинг вақти чиқиб кетиш хавфи бўлмаса, дастлаб қазо намози ўқилишига далил бор. Борди-ю, жорий намознинг вақти чиқиб кетиш хавфи бўлса, у ҳолда қазо намозлар кўпайиб кетмаслиги учун аввал жорий намоз ўқилади. 4 – Золимларни дуоибад қилиш жоиз. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарнинг Қурайш кофир-ларини дуоибад қилишини инкор қилмадилар.5 – Бошига бало-мусибат тушган инсонга мусибатини енгиллатиш мақсадида тасалли бериш жоиз.6 – Ростгўй одам гарчи қасам ичиши талаб қилинмасада, қасам ичиши жоиз.Манба: Ихлос веб саҳифаси[1] “Шаҳодатайн”, (икки шаҳодат): Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг пайғамбари, деб гувоҳлик беришдир.[2] Ҳасан. Абу Довуд: 394, Термизий: 154, Насоий: 548 ва бошқалар ривоят қилишган.[3] Мадинанинг шимолидан бошқа барча тарафи ҳарра (қирралик тошлоқлар) ва тоғлар билан, хурмозор боғлар билан ўралган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай катта қўшин Мадинага фақат шимол томондангина ҳужум қила олиши мумкинлигини билганларидан шу тарафни хандақ билан ўраттирдилар.