البحث

عبارات مقترحة:

الملك

كلمة (المَلِك) في اللغة صيغة مبالغة على وزن (فَعِل) وهي مشتقة من...

المنان

المنّان في اللغة صيغة مبالغة على وزن (فعّال) من المَنّ وهو على...

الغني

كلمة (غَنِيّ) في اللغة صفة مشبهة على وزن (فعيل) من الفعل (غَنِيَ...

Мўғил татар қиссаси 17-қисм

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف Абу Абдуллоҳ Шоший ، Шамсуддин Дарғомий
القسم كتب وأبحاث
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات التاريخ وتقويم البلدان - البلدان والممالك
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: – Солиҳ Нажмуддин Айюб волийлиги; – Шом ва Миср ўртасидаги уруш; – Хоразм қўшинининг ажралиши; – Мамлуклар қиссаси; – Еттинчи салиб юриши; – Туроншоҳнинг ҳокимлиги ва ўлими қиссаси;

التفاصيل

Мўғул татар қиссаси  17- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Мўғул-татар қиссаси Ўтган суҳбатимизда: Солиҳ Нажмуддин Айюб волийлиги Шом ва Миср ўртасидаги уруш Хоразм қўшинининг ажралиши Мамлуклар мавқеининг ортиши Думёт ишғоли Ал-Мансура жанги Фарискур жангги Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.  Мўғул татар қиссаси  17- қисм  Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Мўғул-татар қиссасиБарча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.  Ўтган суҳбатимизда:–        Ҳулагунинг амирларга муомаласи;–        Ҳамаҳ шаҳрининг таслими;–        Мўғулларнинг Дамашқ сари отланиши;–        Дамашқнинг таслими;–        Мўғул хоқони Мангухоннинг ўлими;–        Мўғуллар Дамашқда;–        Дамашқда насронийлар ҳукмронлиги;–        Фаластин ишғоли;–        Миср мўғуллар қаршисида;–        Мисрдаги ҳолат;–        Айюбийлар давлатига чизгилар каби мавзуларни зикр қилган эдик. Солиҳ Нажмуддин Айюб волийлигиАйюбий султонлари ўртасида 60 сана давом этган ички низо ва жадалларга батафсил тўхташимиз узоқ вақт талаб қилади, шу боис дастлабки 50 санада бўлган воқеаларни енгил зикр қилиб, охириги 10 йилга эътибор қаратамиз.  637 ҳ.с. / 1240 м.с. Мисрда Айюбийлар тахтига Нажмуддин Айюб ўтирди[1]. Унинг лақаби Подшо Солиҳ бўлиб, Салоҳуддин Айюбий –раҳимаҳуллоҳ–дан кейин Айюбий султонларининг энг афзали эди. Лекин минг афсус, нафақат аксарият мусулмонлар, ҳатто Солиҳ Нажмуддин Айюб –раҳимаҳуллоҳ– билан замондош бўлган мисрликлар ҳам у кишининг ҳаёт тафсилотидан жуда оз маълумотга эга бўлганлар. Бу инсон ўзидан олдин ўтган, у билан замондош ва ундан кейинги Айюбий амирларидан бутунлай ажралиб турадиган солиҳ киши бўлиб, мартабаси Салоҳуддин Айюбий –раҳимаҳуллоҳ–дан кейинги ўринда эди. У  637 ҳ.с. / 1240 м.с. Мисрга ҳоким бўлди, яъни Ислом олами ва Европани қон қақшатган мўғул хоқони Ўқтой даврида Миср ҳокимияти тепасига келган эди.     Шом ва Миср ўртасидаги урушШомдаги Айюбий амирлар Мисрга уруш очишга ҳозирлик кўрди. Улар ўртасида уруш ва босқинлар юз берди, бу келишмовчиликлар Шомдаги Айюбийларнинг жамланиши ва насронийлар билан тил бириктиришигача етиб борди. Бу воқеалар  641 ҳ.с. / 1244 м.с., яъни подшо Солиҳ Миср тахтига ўтирганидан 4 йилдан кейин юз берган эди. Айюбийлар ва насронийлардан иборат катта қўшин Мисрга ҳужум уюштиришга ҳозирланганидан хабар топган Солиҳ Айюб, бирлашган қувватни қарши олиш учун қўшин тўплашга киришди. Қўшиннинг бошига етук саркарда Рукнуддин Бейбарс –раҳимаҳуллоҳ–ни тайин этди. Бироқ Миср лашкари бирлашган Шом ва салиб лашкарига нисбатан оз ва кучсиз эди. Подшо Солиҳ Хоразмшоҳлар армияси, яъни бир вақтлар Муҳаммад ибн Хоразмшоҳ ва Жалолуддин билан жанг қилган Хоразм қўшинларидан ёрдам сўрашга мажбур бўлди. Улар ўша вақтлар мўғуллар хонавайрон қилган Хоразм ерларига ўрнашган ёнланма жангарилар бўлиб, ким кўпроқ ҳақ тўласа, ўшанга хизмат қиларди. Яъни аскарий хизматларини пул эвазига бажарардилар. Подшо Солиҳ Айюб ҳақ бериш бадалига улардан ёрдам сўради[2].  642 ҳ.с. / 1245 м.с. ҳозирги Фаластиннинг Ғазо шаҳри яқинида подшо Солиҳ Айюбнинг Хоразм армиясидан ташкил топган қўшини билан Айюбийлар: Дамашқ амири Солиҳ Исмоил, Карак амири Носир Довуд ҳамда Ҳимс амири Мансур ва салибийлардан иборат бирлашган қувват ўртасида катта жанг содир бўлди. Бу жанг "Ғазо жанги" номи билан танилди. Бу маъракада подшо Солиҳ Айюб улуғ ғалабага эришди[3]. Салибчиларнинг катта қисми -3 мингдан зиёдроғи- қатл қилинди. Салибчи ва Айюбий амирларидан катта жамоат асир олинди[4]. Солиҳ Айюб фурсатдан фойдаланиб, салибийлар қўрғонлари ва Байтул Мақдисга бостириб кирди ҳамда муборак Қуддус шаҳри ва Байтул Мақдисни озод қилди. Бу ҳодиса  643 ҳ.с. / 1245 м.с. содир бўлган эди. Бундан сўнг насроний қўшинлари тўлиқ етти аср давомида Қуддус шаҳрига киролмади. Фақатгина Мустафо Камол Отатуркнинг хиёнатидан кейингина, 1917 м.с. 16 ноябр куни биринчи жаҳон урушида Британия қўшини бу муқаддас ерларга киришга мувоффақ бўлди[5]. Оллоҳ таолодан Байтул Мақдисни ўз эгаларига қайтаришини ўтинамиз.Бундан сўнг Солиҳ Айюб шимолга юришни давом эттириб, Дамашққа кирди ва Миср билан Шомни янгидан бирлаштирди[6]. Сўнгра салибчиларнинг қўлида бўлган баъзи ислом шаҳарларини озод қилишга киришди.  645 ҳ.с. 10 сафар / 1247 м.с. 23 июн куни Тобарияни[7], шу йилнинг жумодул охира ойининг охирлари, яъни ноябр ойида Асқалонни[8] ва бошқа шаҳарларни озод қилди[9].       Хоразм қўшинининг ажралишиПодшо Солиҳ Айюб қўшинида катта йўқотиш содир бўлди, бу ҳодиса ёнланган Хоразм армияси Солиҳ Айюбнинг қўшинидан ажралиб кетиши эди. Шом амирларидан бири уларга кўпроқ ҳақ тўлаши эвазига Солиҳ Айюб қўшинини тарк қилишган эди. Улар ажралишга чекланмасдан, ҳатто Солиҳ Айюбга қарши жанг ҳам қилди. Бу маъракада Солиҳ Айюб қўшинидан саркарда Рукнуддин Бейбарс –раҳимаҳуллоҳ– бошлиқ асосий қўшингина собитқадам турди[10].   Бу ҳодиса сабабли подшо Солиҳ Нажмуддин Айюб –раҳимаҳуллоҳ– эришган кўп нарсани йўқотди. Бу жангдан сўнг, у киши мол-дунё учун эмас, ҳақиқий фидокор мужоҳидларга муҳтожлигини ҳис қилди. У Хоразм армиясининг ўрнига янги гуруҳга суяна бошлади, бу тоифа лашкар ўзларининг Мамлуклар номи билан тарих саҳнасидан катта жой эгаллади.Мамлуклар қиссасиМамлуклар арабча "Мамолийк" калимасидан олинган бўлиб, унинг луғавий маъноси: қуллар ёки бандалар деганидир. Бироқ "Мамолийк" сўзи ислом тарихида истилоҳий маъно касб этиб, "Мамолийк" деганда шунчаки қуллар эмас, балки муайян аср (замон)даги қуллар жамоаси кўзда тутилади. Мамлуклар қиссасини ўрганишга киришсак, бироз орқага, яъни 198 - 218 ҳ.с.лар Аббосийларнинг машҳур халифаси Маъмун ва ундан сўнг 218 - 227 ҳ.с.лар халифа бўлган унинг укаси Муътасим замонларига қайтишимиз лозим бўлади.      Бу икки халифа замонида жуда кўп қуллар келтириб, қул бозорида сотилган ва улар сотиб олиниб, ҳарбий аскар сифатида ишлатилган. Мамлуклар вақт ўтиши билан бош армия вазифасини ўтайдиган гуруҳга айланди. Баъзан бир неча ислом ўлкалари ичида ягона мунтазам армия вазифасини ўтар эди. Айюбий давлати амирлари мамлакатда ҳукмронлигини мустаҳкамлашда уларга суянган эдилар. Илк бор турклардан иборат қулларни аскар қилиб, катта армия барпо қилган шахс бу халифа Муътасим (218 - 227 ҳ.с / 833 - 842 м.с) эди[11]. Ўшанда унинг армиясидаги мамлуклар сони бир неча ўн мингга етган эди[12]. Айюбий давлатининг турли босқичларида мамлуклардан фойдаланилган бўлсада, улар муайян доирага чекланган эдилар. Подшо Солиҳ Нажмуддин Айюб –раҳимаҳуллоҳ– Айюбийлар бошига келиб, унинг қўшинида Хоразм армиясининг ажралиб кетиши фитнаси рўй берганда у киши мамлуклардан кенгроқ суратда фойдаланишга мажбур бўлди. Шу тариқа Нажмуддин Айюб армиясини мамлуклар ҳисобига кучайтирди ва уларга суянди. Мамлуклар сони янада ортди. Мамлукларнинг асосини урушда асир олинганлар ва қул бозоридан сотиб олинганлар ташкил қиларди. Мусулмонлар мамлукларни Мавроуннаҳр ўлкалари, яъни Туркманистон ва Афғонистоннинг шимолидан оқиб ўтиб, уларни Ўзбекистон ва Тожикистондан ажратиб турувчи Жайҳун дарёси атрофидаги минтақаларда кенг тарқалган қул бозорларидан сотиб олишар эди. Бу минтақаларда урушлар мунтазам давом этгани сабаб, асирлар кўп бўлганидан ҳар доим қул бозорлари қулларга сероб бўларди. Бу ўлкаларда асосан туркий миллатлар истиқомат қилгани учун мамлукларнинг аксариятини туркий миллатлар ташкил қиларди[13]. Ўша вақтлар қуллар энг кўп бўлган жойлар: Қирим, Қўқоз, Қипчоқ ва Мавроуннаҳр: Самарқанд, Фарғона ва Хоразм шаҳарлари эди. Шу билан бирга бу ерларга 100 йиллар мобайнида асли армани, мўғул ва оврупалик бўлган қуллар ҳам олиб келинарди[14]. Мамлуклар мавқеининг ортишиМамлукларнинг аскарий ва диний иқтидори ортиб ўзлари каби оддий мамлукларга сардор бўлишдан ташқари, поғонама-поғона мансаблари ҳам юксалиб борди. Уларнинг иқтидорлари ошган сари янада эътиборга кириб борарди. Уларга давлат ичида катта ерлар берилибгина қолмай, ҳатто амир даражасига кўтарилди, яъни армияда катта зобит, генерал мақомигача чиқдилар. Бу эса мамлукларнинг амалдорликка рағбатини оширди.      Мамлукларнинг саййидларига нисбатланишиОдатда мамлуклар уларни сотиб олган саййидларга нисбатланишар эди. Подшо Солиҳ сотиб олган мамлуклар "Мамаликус-Солиҳия", подшо Комил сотиб олганлари "Мамаликул-Комилия" ва ҳоказо... деб аталарди[15].Солиҳ Айюб сотиб олган "Мамаликус-Солиҳия" ларнинг сони жуда ортиб кетди. У Айюбийлар орасида мамлукларни энг кўп сотиб олган ва унинг армиясининг асосий қисмини мамлуклар ташкил қилган эди ва бу мамлукларнинг аксарияти курд миллатига хос қуллар эди[16]. У киши –раҳимаҳуллоҳ– Нил дарёси соҳилига ўзига қаср қуриб, унинг ёнверидан 637 - 638 ҳ.с. / 1239 - 1240 м.с.да мамлуклар учун қалъа бунёд қилди ва ўзи улар билан бирга яшади. Унинг қасри ва бу қалъа ҳозирги кунда Қоҳирадаги Равзо минтақасида (оролида) жойлашган[17].  Ўтмишда Нил дарёси денгиз дейиларди, Солиҳий мамлуклар шу денгиз атрофида истиқомат қилганлари ҳамда уларнинг ичида Қора денгизнинг шимоли Қипчоқ ўлкаларидан, Қозвин денгизига яқин Қўқоз ўлкаларидан олиб келинган қуллар кўп бўлгани учун "Мамаликул-Баҳрия", яъни денгизлик мамлуклар номи билан танилди[18]. Шу тариқа подшо Солиҳ Айюб султонлигини мамлуклар ёрдамида мустаҳкамлади. Унинг давлатида мамлуклар энг юқори мансабларга кўтарилди. Армиянинг қўмондонлари мамлуклардан эди. Подшо Солиҳ Айюб даврида армияга кўзга кўринган мамлуклардан Фарисуддин Ўқтой қўмондон эди, у Рукнуддин Бейбарсдан бевосита кейинги мақомда турарди.  Нажмуддин Айюбнинг мамлуклар билан алоқасиСолиҳ Айюб –раҳимаҳуллоҳ– мамлукларни гўдаклик босқичидан етуклик давригача тарбия қилди. Мамлуклар давлати султонлари шу тарбия асосида улғайдилар. Мамлукларнинг аксарияти мусулмон бўлмаган давлатлардан ёки мусулмон бўлса ҳам араб тилини билмайдиган қуллардан иборат эди. Улар Мисрга келтирилиб, ўша ерда тарбия қилина бошлади. Бу подшо Солиҳ Айюб ва мамлуклардан бўлган унинг издошлари амирлар ҳаётидаги муҳим нуқтадир. Уларга ҳеч қачон қуллардек муомала қилинмади, балки улар Солиҳ Айюбнинг фарзандлари даражасига етган эди. Уларнинг ўзаро муносабатлари ҳожа билан қул ёки подшо билан хизматкор каби бўлмай, устоз-шогирд, ота-бола ёки оила боши билан оиланинг қолган аъзолари алоқасидек бўлган эди. Бу алоқа қаҳр ёки моддият эмас, муҳаббат асосига таянганидан, ҳатто мамлуклар хўжайинларини "устоз" лақаби билан чақирар эдилар.    Бу давр алоҳида эътибор беришимизга лоиқ, чунки бу босқич Мисрдаги ҳолат тубдан ўзгариши унга бориб тақалган нуқтадир. Мўғуллар қаршисида мардонавор тура олганлар ҳам айнан шу авлоддир. Мамлуклар  даврини озроқ мулоҳаза қилган инсон уларнинг тарбияси бир неча босқичларда намунали суратда олиб борилганига гувоҳ бўлади:Биринчи босқич: Болаликдан вояга етгунча бўлган давр. Арабизабон бўлмаган Мамлуклар ҳаётининг илк босқичи араб тили таълими бўлди, сўнгра қуръони карим ўргатилди. Ундан кейин бошланғич исломий фиқҳ ва шариат одоблари ҳамма мамлукларга барорбар берилди[19]. Бу таълим ёш мамлукларга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. Улар ислом динини бағоят улуғлаган ҳолатда вояга етдилар. Илм ва уламолар қадри мамлукларнинг ҳаёт босқичларида юксак ўринларни эгаллади. Бу эса, мамлуклар замонида юзага келган илмнинг юксаклигини изоҳлайди. Мамлуклар давлати даврида талайгина таниқли олимлар мавжуд эди. Жумладан: Изз ибн Абдуссалом, Нававий, Ибн Таймия, Ибн Қоййим Жавзийя, Ибн Ҳажар Асқалоний, Ибн Касир, Мақризий, Ибн Жамоа, Ибн Қудома Мақдисий раҳимаҳумуллоҳ ва бошқалар шулар жумласидандир. Иккинчи босқич: Ёш мамлуклар балоғат ёшига етганларида чавондозлик, мерганлик, қиличбозлик каби ҳарбий билимларни таълим олишди. Уларнинг жанг маҳорати ва жисмоний қувватлари жуда юқори даражага етди. Шу тариқа улар машаққат ва қийинчиликларга бардошли бўлиб шаклландилар[20]. Учинчи босқич: Олий ҳарбий босқич. Улар бошқарма ишларига жалб қилинди. Уларга ҳарбий режалар тузиш, аскарий муаммоларни ечиш ва қалтис ишларда тасарруф қилиш таълими берилди. Ва жанг майдонларига тушириб, уруштирилдилар. Ҳатто улар жанг машаққатлари ва ўлим билан юзма-юз бўлишни ўргандилар[21]. Шундай қилиб, Мамлуклар олий мақсадли, ҳамиятли ва исломий ғайратга қўшимча аскарий ва идорий масалаларда етук инсонларга айланди. Бу тарбия босқичларининг барчасида уларни сотиб олган саййидлари султон Солиҳ Нажмуддин Айюб –раҳимаҳуллоҳ– қаттиқ диққат билан назорат қиларди. Баъзан уларнинг озиқ-овқатлари ва роҳатларидан кўнгли хотиржам бўлиши учун улар билан бирга овқатланар ва улар билан бирга ўтирар эди. Бутун бошли Миср ҳокими ўз мамлуклари-қуллари муҳаббатини ушбу хислати билан қозонган эди. Еттинчи салиб юриши 647 ҳ.с. / 1249 м.с. подшо Солиҳ Айюб –раҳимаҳуллоҳ– сил касали билан касалланди ва тўшакка михланиб қолди[22]. Бу паллада Франция қироли Людовик IX мўғуллар ислом оламининг шарқига ҳужум қилаётганидан фойдаланиб, Миср ва Шом ерларига бостириб киришни режа қилади. Бу ҳақда ўтган дарсларимизда сўзлаб ўтгандик. Мўғул хоқони Гуюкхондан мадад сўраб делегация жўнатган, делегация икки қўли бўш ҳолда қайтсада Людовик IX ҳамла қилиш ниятидан қайтмади.   Думёт ишғолиЛюдовик IX  647 ҳ.с. 21 сафар / 1249 м.с. 12 июн шанба куни Думёт соҳилига келиб тушди. Мусулмон қўшин билан салибчилар ўртасида шиддатли жанг кетди. Бу жангда салибийларнинг қўли баланд келди ва мусулмонлардан кўп шаҳид берилди. Кечқурун бўлганда мусулмон амир Фахруддин Юсуф аскарлари билан Думётни тарк қилиб, Ашмум Таноҳ қишлоғига йўл олди. Буни кўрган думётликларнинг барчаси уларга эргашдилар, шаҳарда бирор жонзот қолмади. У султон Солиҳ Айюбни касалдан ўлган деб гумон қилган эди[23]. Людовик IX армияси билан 22 сафар, яъни 13 июн якшанба куни Думёт шаҳрига келди, не кўз билан кўрсинки шаҳарда тирик жонзот йўқ! Дастлаб, бу ҳийла, пистирма бўлса керак деб ўйлади. Бироқ вақт ўтиши билан ундай эмаслигини кўрди. У бу шаҳарни ҳеч бир қаршилик ва қуршовсиз эгаллади, ундаги қурол-аслаҳалар, озиқ-овқатларни ўзлаштирди[24]. Ўша ердан Миср ва Шомга ҳужум қилишга бел боғлади. Бу уруш тарих саҳифаларига "Еттинчи салиб юриши" номи билан битилди. Ал-Мансура жангиПодшо Солиҳ –раҳимаҳуллоҳ– салибчилар Думётни эгаллаганидан хабар топди, оқибатта унинг паришонлиги ортди ва касаллиги оғирлашди. Салибчилар Мисрни тўлиқ ишғол қилиш мақсадида Нил дарёсидан ўтиб, унинг пойтахти Қоҳирага юриш қилади, деб тахмин қилди ва Думёт билан Қоҳира ўртасида уларни қарши олишга қарор қилди. Думётдан Қоҳирага қараб келиш мумкин бўлган Нил дарёси йўналишига назар солди ва салибчилар аниқ Мансура шаҳри орқали келади, деб мўлжал қилди. Шу сабаб, қўшинини Мансура шаҳрида тўплашга қарор қилиб, ўзи ҳам оғир касал бўлишига қарамай йўлга отланди. У ерда мисрлик аскарлар ва мамлуклардан иборат ислом лашкари Фарисуддин Ўқтой ва Рукнуддин Бейбарс бошчилигида салибчиларга қарши тайёргарлик кўра бошлади. Нажмуддин Айюб гумон қилганидек, насронийлар  647 ҳ.с. 12 шаъбон / 1249 м.с. 27 ноябр куни Нил дарёсидан ўтиб, жанубга Қоҳирага йўл олишди.Салибчилар Мансурага етиб келишларидан олдин,  647 ҳ.с. 14 шаъбон / 1249 м.с. 29 ноябр душанба кечаси подшо Солиҳ Нажмуддин Айюб –раҳимаҳуллоҳ– Мансура шаҳрида 44 ёшида оламдан ўтди[25]. Унгача қўшин билан шаҳар қўрғонларини мустаҳкамлаб улгурган эди. Оллоҳ азза ва жалла у кишини ўз мағфирати ва раҳматига мушарраф айлаб, шаҳидлар мартабасига етказсин! Подшо Солиҳ 50 кун кам 10 йил Мисрга волийлик қилган эди[26]. Бу ҳодиса мусулмонларга улкан мусибат бўлган эди. Мусулмонларга бошлиқлари Солиҳ Айюбдан айрилиш бир мусибат бўлса, унинг ўринбосари йўқлиги иккинчи бир мусибат бўлган эди. Мамлакат қаттиқ изтироб ҳолатида қолди, бир томондан Думёт порти эгалланган, иккинчи томондан салибчилар йўлда давом этмоқда...Султон Нажмуддин Айюбнинг хотини Шажаратуд-Дур[27] ўта ҳикматли ва оқилона иш тутди. Бу аёл асли турк миллатига мансуб бўлган, баъзи манбаларда айтилишича арман бўлган[28]. Уни Султон Нажмуддин Айюб сотиб олган ва озод қилиб, сўнгра уни никоҳига олган эди. У доимо султон билан бирга бўларди, ҳатто сафарларда ҳам ундан ажралмасди[29].        Шажаратуд-Дур подшо Солиҳ вафот этганида, унинг ўлими хабарини яшириб, унинг қўл остидаги лашкарига қарата: "Табиблар уни зиёрат қилишни тақиқлади"[30], деди ва зудлик билан Солиҳ Айюбнинг ўғли Туроншоҳга вазиятни англатувчи мактуб йўллади. Туроншоҳ ўша кунларда Ҳасанкейф[31] шаҳрида ҳоким эди. Бу шаҳар ҳозирги кунда Туркияга қарашли жой ҳисобланади. Мактубда отасининг вафот этгани ҳамда тезда келиб, Миср ва Шом ҳукмронлигини қўлга олиши баён қилинган эди. Сўнгра Шажаратуд-Дур Солиҳ Айюбнинг катта вазирларини ҳузурига чорлаб, Туроншоҳ келгунига қадар мамлакатни Фахруддин Юсуф бошқариб туриши ҳамда Фарисуддин Ўқтой ва Рукнуддин Бейбарсларга Мансурадаги жангга ҳозирликни давом эттиришлари ваколатини топширди. Шу тариқа улар подшо Солиҳнинг вафоти сабаб тушган изтироб исканжасига асир бўлмадилар. Ишлар ўз ўрнида ва жой-жойида давом этди. Фарисуддин Ўқтой ва Рукнуддин Бейбарслар насроний Француз лашкарини қарши олиш учун ғоят мукаммал режа тузишди ва уни Шажаратуд-Дурга кўрсатишди. Унга бу режа маъқул бўлди, шундан сўнг улар бу режани амалга оширишга киришди. Ўша вақтлар Шажаратуд-Дур солиҳ Айюбнинг ўғли Туроншоҳ келгунига қадар гўё давлат бошлиғи манзилатида эди.  647 ҳ.с. 4 зул-қаъда / 1250 м.с. 15 феврал куни катта "Мансура жанги"[32] содир бўлди. Бу ўта муҳим тарихий сана бўлиб, унда мусулмонлар салибчилар устидан улкан ғалабага эришдилар. Сўнгра қирол Людовик IX Мансура шаҳридан ташқарида  647 ҳ.с. 7 Зул-қаъда / 1250 м.с. 18 феврал куни янги ҳужумга ўтди[33]. Унинг бу ҳужуми қаттиқ кураш билан бартараф қилинди.       Фарискур жанггиТуроншоҳ ибн Солиҳ Айюб салибчиларнинг охириги ҳужумидан 10 кундан сўнг, яъни  647 ҳ.с. 17 зулқаъда куни, яъни 1250 м.с. 21 феврал Мансурага етиб келди[34]. У келиб отаси Солиҳ Нажмуддин Айюбнинг вафотини ҳамда Миср ва Шом ҳокимиятини қўлга олганини расман эълон қилди. Сўнгра Туроншоҳ салибчиларга қарши янги ҳужум режасига киришди. Мансура жангидан сўнг салибчилар анчагина заифлашган ва Думётга қайтган эди. Зудликла мусулмон лашкари уларнинг ортидан йўлга чиқди ва янги жанг тадоригини кўра бошлади. Мисрнинг мусулмон лашкари салиб лашкари билан Думётнинг яқинида Фарискур шаҳрида юзма-юз келди. Бу тўқнашув  648 ҳ.с.  3 муҳаррам / 1250 м.с. 14 апрел пайшанба куни[35], яъни катта "Мансура жанги"дан икки ой ўтар-ўтмас содир бўлган ва бу жангга янги подшо Туроншоҳ ибн Нажмуддин Айюб раҳбарлик қилган эди. У Фарисуддин Ўқтой ва Рукнуддин Бейбарсларнинг ҳарбий амалиётларини назорат қилиб борди.  "Фарискур жанги" ислом оламидаги жангларнинг энг муҳимларидан ҳисобланади. Фарискур жангида[36] Франция қироли Людовик IX асирга тушди, унинг насроний лашкари ўлим билан асирлик орасида қолди. Бу жангда салибчилардан 30 мингги ўлдирилиб, 10 мингларча рицарлари асир олинди[37]. Людовик IX Мансура шаҳрига занжирбанд ҳолатда олиб келинди ва Фахруддин Иброҳим ибн Луқмоннинг ҳовлисида ҳибсда сақланди[38]. Унга асирликдан ўз жонини қутқариши муқобилида катта баҳо қўйилди. Унинг жон гарови 800 минг тилла динор деб белгиланди. У бу миқдорнинг ярмини озод қилинган заҳоти, қолган ярмини кейин бериши керак эди[39]. Туроншоҳ салибий асирларни фидянинг қолган қисмини ундириш, мусулмон асирларни озод қилиш, Думётни мусулмонларга таслим қилиш ва 10 йил муддатга тинчлик ўрнатилиши бадалига тирик қолдирди[40]. Ҳақиқатан, бу жанг барча миқёсда улкан ютуқ бўлган эди. Насронийлар Франция ва бошқа насроний ўлкалардан фидянинг ярмини базўр тўплаб, подшолари Людовик IX ни озод қилди ва уни Аккога олиб кетишди. Акко ўша вақтлар салиб амирлиги қўл остида эди. Ҳозирги кунда у яҳудларнинг ҳукмидадир....      Туроншоҳнинг ҳокимлиги ва ўлими қиссаси Мусулмонлар салибчилар устидан ғалаба қозонди. Бу ютуқларга бадхулқ ва ношуд Туроншоҳ муносиб эмасди. Бундан ташқари у сиёсатдан ҳам узоқ эди. Франция қироли Людовик IX ни енггандан кейин, атрофидаги ғаниматларни кўриб ғурурланиб кетди ва отасининг хотини Шажаратуд-Дурга таъна тошларини ёғдириб, уни отасининг мулкини яширишда айблай бошлади. Ундан ўша мулкни талаб қилибгина қолмай, қаттиқ таҳдид ҳам қилди. Эрининг ўлимидан сўнг, унинг мулкини ўғли Туроншоҳга қўшқўллаб топширган, қаттиқ изтиробли кунда Солиҳ Айюбнинг ўлимини халойиқдан яшириб, уни чақиртиргани унутилди. Туроншоҳ бирор машаққатсиз Миср волийсига айланиб, энди у буларнинг барчасини унутди ёки эслашни ҳоҳламади. Воқеалар ўз-ўзидан шундай бўлиши керак, мен бунга ўзимнинг уддабуронлигим сабаб эришдим, деб ўйлаган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бунинг устига у Фарисуддин Ўқтой ва Рукнуддин Бейбарслар бошлиқ мамлуклар амирларининг катталарига таъна қилди. Уларнинг Мансура ва Фарискурдаги катта ютуқларини инобатга олмади ҳам. Балки уларнинг қилган меҳнатларини арзимас деб баҳолади. Шу тарзда Туроншоҳ уларнинг масъулият ва вазифаларини қисқартирди. Бошқа жиҳатдан эса, у ўзи билан Ҳасанкейфдан келган кишиларнинг мартабаларини кўтаришга киришди. Унинг Миср мамлакати ва армиясига катта ўзгариш киритишга бел боғлагани ҳаммага аён бўлиб қолди. Булар "Фарискур жанги"дан кейинги уч ой давомида содир бўлган ҳодисалар эди. Шажаратуд-Дур ўзидан қўрқиб мамлукларга, хоссатан Фарисуддин Ўқтой ва Рукнуддин Бейбарсларга махфий тарзда Туроншоҳдан кутиш мумкин бўлган нобопликларни баён қилди. Мамлуклар Шажаратуд-Дурни ҳурмат-иҳтиром қилишарди, чунки у устозлари Солиҳ Айюб –раҳимаҳуллоҳ–нинг завжаси эди. Устоз-шогирт алоқаси баъзан, ота-бола алоқасидан кучлироқ ва мустаҳкамроқ бўлади. Солиҳ Айюб –раҳимаҳуллоҳ– билан уларнинг алоқаси айнан шу мақомга етган эди. Устоз ўлимидан кейин ҳам бу алоқа ўз таъсир доирасида қолган эди. Шажаратуд-Дур хаёлига келган Туроншоҳ ҳақидаги ўйларини уларга сўзлаганида, уларда ҳам Туроншоҳдан ёмонлик содир бўлмасидан Туроншоҳни Миср ҳокимлигидан четлатиш фикри уйғонган эди. Шу тарзда уни мулкидангина эмас, балки руҳини жасдидан четлатиш режасини тузишди.      Мамлуклар назарида қон тўкиш анча енгил масала бўлиб, шубҳа ҳам қатл қилишга кифоя қиларди. Бир кишининг хиёнат қилганида шубҳа қилсалар, биргина шунинг ўзи қатл қилишга сабаб бўла оларди. Қон масаласидаги бу енгил қараш, мамлуклар ҳаётининг тақрибан барча босқичларида шундай бўлган эди. Мамлуклар тарихида уларнинг кўплаб амирлари ва катталари хиёнат қилишда гумонланиб қатл қилингандир. Бу эса, улар ўта жиддий ва қаттиққўллик билан аскарий тарбия олганининг натижаси эди. Улар қаҳри қаттиқ, қаттиққўл ва ҳикматсизликка йўл қўйган, ҳамма ишларни гўдаклик ёшидан қўлларида кўтариб ўрганган қилич билан ҳал қилишни яхши кўрардилар. Қизиғи шундаки, булар мамлукларнинг диний ва фиқҳий тарбияда улғайганларининг аҳволи! Улар хиёнатда ёки жамоатдан ажралишда гумон қилган одамни ўлдирибгина қолмай, гоҳида қотил халқ орасида сотқинни ўлдиргани билан фахрланарди ҳам. Ҳатто инсонни ўлдириб, унинг тахтига ўтирар экан виждони сал бўлсада қийналмасди ҳам. Бу тўкилган қон Оллоҳ таоло наздида ва инсонлар олдида бирор қийматга эга эмасдай гўё! Бу Туроншоҳ ва унга ўхшаган бошқа биронтасини оқлови эмас, ўлдирилган ким бўлишидан гарчи ёмон хулқли, хоин, золим кимса бўлгани тақдирда ҳам, исломдаги уқубат-жазонинг биз эмас, бутун оламлар Раббиси белгилаб қўйган муайян чегараси ва ўзига хос ўлчови бор. Мамлукларнинг ёки улардан бошқаларнинг васваса ва гумонлари ҳаргиз қатл қилишга кифоя қилувчи шаръий далил бўлолмайди. У фақатгина уни ажратиб қўйиш ёки ундан юз ўгириш ёки ҳибс қилиш ва шу каби жазоларга асос бўлиши мумкин халос. Хуллас, Шажаратуд-Дур Фарисуддин Ўқтой, Рукнуддин Бейбарс ва бошқа Солиҳий Баҳрий мамлуклар билан Туроншоҳни ўлдиришга иттифоқ қилди.  648 ҳ.с. 27 муҳаррам куни[41] (28 муҳаррам душанба куни)[42] / 1250 м.с. 9 май куни ҳукм ижро қилинди. Бу ҳодиса Туроншоҳ Ҳасанкейфдан Мисрга келганидан 70 кундан сўнг юз берди. У шунча масофани ҳокимиятни қўлга киритиш учун эмас, жонини қўлдан чиқариш учун келган эди. Туроншоҳ ибн Нажмуддин Айюбнинг ўлими Мисрдаги Айюбийлар султонлигининг ниҳояси бўлди.  Валлоҳу таъала аълам....  Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.[1] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/247 - 248).[2] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/267).[3] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/273 - 274).[4] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/274).[5] Сиржоний "Қиссатут-татар" (212 - бет).[6] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/278).[7] рус. Тве́рия. [8] рус. Ашкело́н.[9] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/292), Мақризий "ас-Сулук" (1/431 - бет).[10] Сиржоний "Қиссатут-татар" (212 - бет).[11] Муҳаммад Аҳмад ан-Назр "Тарих байтул Мақдис фи асрил мамлукий" (47 - бет).[12] Саллабий "ал-Мўғул" (257 - бет).[13] Аҳмад ан-Назр "Тарих байтул Мақдис" (47 - бет).[14] Саллабий "ал-Мўғул" (257 - бет).[15] Саллабий "Тарихул мўғул ва турк" (69 - бет) китобидан нақл қилган, "ал-Мўғул" (260 - бет).[16] Саллабий "Малик ас-Солиҳ Айюб" (110 - бет) китобидан нақл қилган, "ал-Мўғул" (261 - бет).[17] Саллабий "Малик ас-Солиҳ Айюб" (114 - бет) китобидан нақл қилган, "ал-Мўғул" (262 - бет).[18] Саллабий "Фит тарихил Айюбий вал мамлукий" (86 - бет) китобидан нақл қилган, "ал-Мўғул" (263 - бет). [19] Саллабий "ал-ҳамалат ас-салибийя" (338 - бет).[20] Саллабий "ал-Мўғул" (267 - бет).[21] Саллабий "ал-Мўғул" (268 - бет).[22] Мақризий "ас-Сулук" (1/443 - бет).[23] Мақризий "ас-Сулук" (1/438 - бет).[24] Мақризий "ас-Сулук" (1/438, 439 - бет).[25] Мақризий "ас-Сулук" (1/441 - бет), Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/304).[26] Мақризий "ас-Сулук" (1/441 - бет).[27] Турк. Şacar al-Durr. Дурли дарахт маъносини билдиради.[28] Мақризий "ас-Сулук" (1/459 - бет). [29] Мақризий "ас-Сулук" (1/459 - бет). [30] Мақризий "ас-Сулук" (1/445 - бет).[31] Турк. Hasankeyf.[32] Мисрдаги Мансура шаҳрига нисбатланган.[33] Сиржоний "Қиссатут-татар" (220 - бет).[34] Саллабий "ал-Мўғул" (277 - бет).[35] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/307), Саллабий "ал-Мўғул" (277 - бет).[36] Мисрдаги Фарискур шаҳрига нисбатланган.[37] Мақризий "ас-Сулук" (1/455 - бет), Саллабий "ал-Мўғул" (278 - бет).[38] Мақризий "ас-Сулук" (1/455 - бет), Саллабий "ал-Мўғул" (278 - бет).[39] Сиржоний "Қиссатут-татар" (221 - бет).[40] Саллабий "Тарихул айюбиййин" (389 - бет) китобидан нақл қилади, "ал-Мўғул" (279 - бет).[41] Сиржоний "Қиссатут-татар" (225 - бет). [42] Саллабий "ал-Мўғул" (284 - бет).