البحث

عبارات مقترحة:

الوارث

كلمة (الوراث) في اللغة اسم فاعل من الفعل (وَرِثَ يَرِثُ)، وهو من...

الله

أسماء الله الحسنى وصفاته أصل الإيمان، وهي نوع من أنواع التوحيد...

الحسيب

 (الحَسِيب) اسمٌ من أسماء الله الحسنى، يدل على أن اللهَ يكفي...

Мўғил татар қиссаси 22-қисм

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف Абу Абдуллоҳ Шоший ، Шамсуддин Дарғомий
القسم كتب وأبحاث
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات التاريخ وتقويم البلدان - البلدان والممالك
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: – Шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳнинг фатвоси; – Қутуз ва амирларнинг мўғулларни қаршилаб олиш борасидаги фикрлари; – Акко муаммоси; – Мусулмон қўшиннинг покланиши;

التفاصيل

Мўғул татар қиссаси 22- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Мўғул-татар қиссаси Ўтган суҳбатимизда: Шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳнинг фатвоси Қутуз ва амирларнинг мўғулларни қаршилаб олиш борасидаги фикрлари Қутузнинг режаси Акко муаммоси Қутузнинг Акко ҳақидаги қарашлари: Мусулмон қўшиннинг покланиши Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.  Мўғул татар қиссаси 22- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Мўғул-татар қиссасиБарча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман. Ўтган суҳбатимизда:–        Ҳулагунинг малик Музаффар Қутузга йўллаган мактуби;–        Мўғул элчиларининг ўлдирилиши;–        Исломда эчилар ўлдирилишининг ҳукми;–        Ислом лашкарининг жангга ҳозирлиги;–        Мисрдаги иқтисодий, моддий қийинчиликлар кабилар мавзуимиз бўлган эди. Шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳнинг фатвосиИқтисодий танглик сабаб Қутуз раҳимаҳуллоҳ қўшинни ҳозирлаш учун халққа солиқ солишни таклиф қилди. Бу мажлисда шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ ҳам ҳозир эди[1]. Бу нозик масаланинг шу тариқа ҳал этилишини шайх Изз ибн Абдуссалом маъқул кўрмади. У халққа солиқ солишнинг жоиз бўлиши учун иккита шарт мавжуд бўлгандагина амалга ошириш мумкинлигини баён қилиб шундай деди: "Агар мамлакатга душман бостириб келса, ҳаммага яъни бутун ислом оламига душманга қарши жанг қилиш вожиб бўлади. Ислом ўлкаларидан бири таҳлика остида қолса, унда уруш эълон қилинади. Ҳамда ҳимояланиш фарзи кифояликдан, фарзи айнликка кўчади!   Ва яна тайёргарлик учун халққа солиқ солиш иккита шарт юзага келгандагина жоиз бўлиши мумкин:Биринчи шарт: Байтулмолда бирор нарса қолмаслиги. Агар давлатнинг бюджети сарфланиб тамом бўлса ва армия таъминотига ҳеч бир нарса қолмаса, бу таъминотни тўлдириш учун халққа солиқ солса бўлади. Бинобарин, фақат армия таъминотига яраша солиқ олинади, ундан ортиқ бирор нарса олинмайди.  Иккинчи шарт: Эй вазир ва амирлар! Эҳтиёжга яраша от-улов ва қуролларни олиб қолиб, қолган мол-мулк ва қурол-аслаҳаларни сотиб, ислом лашкарининг эҳтиёжига сарф қиласиз! Ва ҳар бир аскар ҳам омма халқ билан мулкда баробар бўлиши шарт. Лашкарбоши ва сардорларнинг қўлида мол-давлат ва ортиқча қурол-аслаҳа бўлатуриб, халқнинг молидан олиш мутлақо мумкин эмас"[2]. Кескин журъатла айтилган бу фатво мажлисда иштирок этган Миср султони, амирлари, вазирлари ва катта лашкарбошиларни ҳайратда қолдирди.Бу фатво ҳайратомуз бўлсада, Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг бу фатвога дарҳол ижобат қилиши унданда ҳайратланарли бўлди. Қутуз шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ фатвосини қабул қилибгина қолмасдан амалий суратда кўрсатди ҳам. Дастлаб мол-мулкининг борини берди ҳамда вазирлар ва амирларни ҳам шунга амр қилди. Улар гап-сўзсиз, эътирозсиз бўйсундилар. Шу тариқа мусулмон лашкари шаръий йўл билан вазир ва амирларнинг мол-мулки эвазига жиҳозланди, халққа солиқ солишга эҳтиёж ҳам қолмади. Шу тарзда ташқаридан хокисоргина кўринган Миср аҳли ичида унинг армияси сармоясини қоплай оладиган даражадаги мол-давлатни ҳамёнида олиб юрган кишилари борлиги ўртага чиқди. Улардан баъзиларининг бойлиги баъзи кичик давлатларнинг бюджетига тенг келадиган, давлатнинг бутун қарзларини қоплайдиган, фақир ва мискинларнинг ҳожатларига етарли ва иқтисодий тангликдан қутқариб олишга кифоя қиладиган даражада кўп эди. Минг афсуски, амирларнинг ҳамёнларига тушган беҳисоб мол-давлатнинг аксарияти ноҳақ ва ношаръий йўллар билан топилган эди. Улардан бу бойликларни ноҳақ ўзлаштириб олгани, порахўрлик ва зулм йўли билан топгани, ноўрин жойга сарф қилганлари ҳам бор эди. Шу тариқа буюк Миср давлатининг мол-мулки харжланиб, фақир ва ночор давлатга айланган эди. Ибн Иёс шундай хабар беради, Қутуз шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ фатвосини қуйидагича татбиқ қилди: "Миср ва Қоҳира халқига ҳар бир жон учун ёшу-қарига бир динордан, кўчмас мулк кираларидан бир ойлик пешин тўлов, бой ва тижоратчилар молларининг закотини муддатдан олдин, мерос қолдирганларнинг меросларини учдан бирини, боғ ва сув омборларидан бир ойлик ижарасини олди. Тўпланган мол 600 минг динордан ортиб кетди"[3]. Албатта, бу иш Қутуз ва унинг ёнидаги амирлари шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳнинг олдига тилла буюмлари, тақинчоқлари ва барча пулларини қўйгандан кейин амалга оширилди[4].  Қутуз раҳимаҳуллоҳ келиб, мамлакат низомини, инсонларнинг амаллари ва қалбларини поклай бошлади. Узоқ йиллардан буён юртбоши билан халқ ўртасида узилиб қолган алоқа яхшиланди, ислом лашкари ҳалол пул ҳисобига жиҳозланди. Бу иш ҳам Оллоҳнинг изни илоҳийси билан аъло даражада амалга оширилди. Халқ Ислом лашкари ва бошлиқ ҳаққига дуода бўлди. Қўшин жиҳозланган, тайёргарлик меъёрида, одамлар дуода... Бу каби қўшин нусратга лойиқдир!"Эй мўминлар, агар сизлар Оллоҳга ёрдам берсангизлар, У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва жанг майдонида кадамларингизни собит-барқарор қилур"[5] Оллоҳнинг нусрати фақат ва фақат унинг шариъатини татбиқ ва қоим қилинган жамоагагина берилади. Шаръиатга мухолиф мусулмон лашкарига нусратнинг келиши амри маҳолдир. Шу тариқа Миср армияси ҳалол пул эвазига жиҳозланди ва буюк тайёргарлик кўра бошлади.    Қутуз ва амирларнинг мўғулларни қаршилаб олиш борасидаги фикрлариЖанг режасини тузиш замони келди, Қутуз – одатига кўра – ҳарбий мажлис қурди. Ўртага лашкарнинг ҳаракатланиш харитаси қўйилди. Мўғуллар билан курашишнинг афзал йўли ва уларнинг устидан ғалаба қозониш мумкин бўлган лоиҳалар муҳокамага қўйилди. Қутуз ўзи ишлаб чиққан ҳарбий режани ўртага ташлади. Фикрини баён қилганидаёқ мажлис аҳли ўринларидан туриб кетди ва ҳаяжондан қайтиб ўтиролмай қолдилар. Унинг таклифи мажлисдагиларни ларзага солган эди!! Қутузнинг режасиҚутуз мўғуллар бостириб келишини кутмай, Фаластин сари лашкар тортишни режа қилди[6]. Аксарият амирлар унинг фикрига қўшилмади, Мисрда қолиб, душманни кутиш фикрини ўртага ташладилар. Мўғуллар Мисрга бостириб келмаса, буюк қирғин-барот ва қатлиомдан қутуламиз. Борди-ю, ҳужум қилсак, урушдан ўзга чора қолмайди, яъни ўз оёғимиз билан жанг майдонига борган бўламиз, дедилар. Амирлар уммат ғами қолиб, ўз дардларида фақат Миср ҳимоясини ўйлаб хато қилган эдилар, десак муболаға бўлмайди. Қутузнинг фикри амирларникидан теран эди. У амирлар билан ўз режасининг афзалликлари, фикрининг асрорларини муҳокама қилишга киришди. Урушдан кўзланган мақсад ва ислом лашкари зиммасидаги бурчларни эслатди. Узун йиллар давомида йироқлашиб кетган ҳақиқатларни уларга хотирлатди. Бу ҳақиқатлар жумласидан: Биринчи: Миср мамлакатининг хавфсизлиги давлатнинг ичидан эмас, чегара-ҳудудларидан таъминланиши. Биқини Фаластинда тажовузкор, қонхўр мўғуллар каби қўшниси бўлган давлат қандай хотиржам бўлсин?! Душман ҳар лаҳзада Мисрга ҳужум қилишга пайт пойлаб, фурсат бўлди, дегунча унинг шарқий чегарасидан бостириб кириб, Синони саноқли кунларда маҳв қилиши, сўнгра Мисрнинг қолган қисмларига таҳдид солиши кундай равшан эди. Шундай экан, қўшни Фаластинга бориб босқинчи, мустабид, тажовузкор қувватни – у билан курашиб ёки ҳеч бўлмаганда ўша ерда унга қарши урушаётганларга ёрдам бериш билан бўлса ҳам – синдириш керак. Бу фикр шаръий бурч бўлишлиги билан бирга, инсонийлик ва мантиқ тарозусида ўлчанса ҳам жуда ўринли эди.Иккинчи: Ҳарбий қарашда ҳам тўғри фикр, ғаним устига юриш қилиш эди. Бу ҳаракат бир тарафдан душман қалбига қўрқув солса, бошқа томондан мусулмон қўшини мағлуб бўлгудай бўлса, ортга қайтиш имкони қолган бўлади. Мисрда жанг қилиб, ўша ерда мағлуб бўлсачи, Қоҳира сари йўл очиб беришдан, сўнгра бутун давлатнинг маҳв бўлишидан бошқа чора қолмайди. Учинчи: Яна ҳарбий нуқтаи назардан, тўсатдан ҳужум уюштириб душманни ғафлатда қолдириш ҳамда ундан олдин жанг майдони ва замонини танлаш муҳим эди. Одатда қўққисдан қилинган ҳужум нафақат аскарий, ҳатто маънавий устунликни касб эттириб, душманни шоширибгина қўймай, тайёргарлик, ўзини ўнглаш каби жангда катта аҳамият касб қилган ҳаракатлардан чалғитади.Тўртинчи: Миср мусулмонлари қўлига мўғул балосига мубтало бўлган Фаластин, Сурия, Ливан, Ироқ, Афғонистон, Азарбайжон, Чеченистон ва бошқа ислом диёрларидаги мусулмонларнинг қасосини олиб, уларни зулмдан озод қилиб ўзларини оқлаш ва бурчларини адо қилиш йўлида қочирилмас фурсат келган эди. Чунки бу диёрларда мусулмонлар қатл қилиниб, номуслар поймол этилганда, шаҳарлар вайронага айлантирилганда Миср аҳлидан ёрдам қўли чўзилмаганди. Энди айни фурсат, ўч олиш фурсати, биродарларини озод қилиш вақти, золимларни ер юзидан супуриб ташлаш замони келган эди. Миср аҳлига биродарларини зулмдан қутқариш ҳам қарз, ҳам фарз бўлган эди.      Шу тариқа Қутуз Фаластин, Сурия ва бошқа халқларга ёрдам бериш учун жангга чиқишни қарор қилди. У гарчи мўғуллар Мисрга мутлақо юриш қилмаган тақдирда ҳам бундай тадбир Миср аҳли зиммасига тушганини билдирди. Қутузнинг бу фикри тўғри ва шаръий эди. Миср уламолари унинг фикрини қўллаб-қувватладилар.Бешинчи: Мусулмонларга ўз юртлари-ю номуслари, динлари-ю молу-мулкларини ҳимоя қилишлари фарз бўлган эди. Тоинки душман мусулмон юртларини тарк этсин. Бузуқ эътиқод ва ваҳшиёна урушларни касб этган мўғулларнинг мавжудлиги нафақат мусулмон ўлкалар, балки ер юзига улкан фитна уруғини сочиши мумкин эди. Мусулмонлар бу фитна уруғини янчиб ташлашлари лозимдир[7]. Амрумаъруф ва наҳиймункар Қутуз ёки Миср аҳли зиммасигагина юкланган вазифа эмас, умматдан қодир бўлган ҳар бир мусулмон қилиши керак бўлган вазифадир."Одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Оллоҳга иймон келтирасиз"[8]Мисрда қолиб мўғуллар ҳужумини қарши олишнинг ҳам ижобий жиҳатлари бор эди. Жумладан, мўғуллар Мисрга Сино саҳроларидан келишдан ўзга чораси йўқ, нотаниш жойлар, айниқса саҳродан катта қўшинни олиб ўтиш учун озиқ-овқат, ем-хашак ва сабр-бардош керак бўлиб, саҳро лашкарга талайгина бошқа муаммолар чиқариши турган гап эди. Бироқ Қутуз мўғулларнинг турли табий ғовлар: тоғу тош, совуқ ва иссиқ, саҳроларга чидамли эканини ҳамда ярим аср давомида зўр малака ҳосил қилганини биларди. Хуллас, бу икки фикр тарозига қўйилиб таққосланганда, Фаластинга бориб, жанг қилиш фикри палласи оғир келди.Шундай қилиб, ҳарбий кенгаш аҳли Қутузнинг далилларига ҳамда Фаластин ерларида жанг олиб боришнинг муҳимлигига қаноат ҳосил қилдилар. Лашкарлар Сино саҳросини кесиб ўтиш ва Фаластин сари сафарбарлик учун тайёргарликни бошлаб юбордилар. Вазият жуда қалтис эди. Бу ҳамла биргина лашкарбоши ва армияга эмас, бутун Миср халқига ўта аҳамиятли эди. Ҳал қилувчи бу жангга халқ жиҳозланиши ва ўйин-кулгуни чеккага суриб, жидду-жаҳд билан киришмоғи лозим эди. Бундай катта жанг аҳамиятини халққа етказиш уламолар ва фақиҳларнинг масъулиятларидан эди. Шайх Изз ибн Абдуссалом ва бошқа уммат олимлари масжид минбарлари узра барча инсонларни муқаддас жангга ундашга киришдилар. Одамларни жаннатга тарғиб қилиб, дунёни дўст тутмасликни, шаҳидларнинг мартабалари ва уларнинг ажрлари қанчалар улуғ эканини англатдилар. Уларга Холид ибн Валид, Қоъқоъ, Зубайр, Нўъмон, Ториқ ибн Зиёд, Мусо ибн Нусайр, Юсуф ибн Ташфин, Имодуддин Зинкий, Нуруддин Маҳмуд, Салоҳуддин Айюбий каби буюк қаҳрамонлар ҳақида сўзладилар. Бадр, Аҳзоб, Фатҳи Макка, Ярмук, Қодисия каби Оллоҳнинг нусрат берган кунларини ҳамда 75 йил олдин юз берган Ҳиттийн жангини, 10 йил олдин содир бўлган Мансура ва Фарискур жангларини хотирлатди. Қалблар уйғонди, кўзлар равшанлашди.  Зеро икки гуруҳ савашадиган кун учун халқни хозирлаш, ёшлар ва йигитларни Оллоҳ йўлида ўлимни ардоқловчи, жаннат сари ошиқувчи қилиб тарбиялаш лозим эди. Бу ташвиқотни бажариш учун хос тарбиячилар ва уламолар лозим эди. Азҳар уламолари бу олийҳиммат ишга бел боғладилар. Салоҳуддин Айюбий замонларидан буён "Азҳару шариф" уламолари салибчилар, французлар, инглизлар ва яҳудлар ҳамлаларига қарши мусулмонларни тайёрлашда катта ҳиссаларини қўшиб келдилар. Мана ҳозир мўғулларга қарши курашга халқни тарбия қилмоқдалар.Миср халқи жангга шу тарзда тайёрланди. Армияни ҳозирлаш, уни жиҳозлаш, аскарларни ҳарбий машғулотлари беш ой, яъни 658 ҳ.с. рабиъул аввал ойидан – яъни Ҳулагудан мактуб келган ондан – ражаб ойининг охиригача / 1260 м.с. февралдан июлгача давом этди[9].    Акко муаммосиШу аснода Қутузнинг қаршисидан янги муаммо чиқди. Бу муаммо аслида янги бўлмасада, айни дамда ҳал қилиниши лозим эди. Фаластин, Ливан ва Суриянинг кўп қисмлари – хоссатан Ўрта ер денгизи соҳиллари – салибчилар томонидан босиб олинган бўлиб, Акко, Ҳайфа, Сайда, Сур, Байрут, Лазиқия, Антокия ва бошқа шаҳарлар салиб амирликлари қўл остида эди. Бу салиб амирликларининг орасида энг қувватлиси Фаластин ерларидаги Акко амирлиги эди. Бу амирлик Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг йўлида жойлашган эди.  Қутузнинг Акко ҳақидаги қарашлари:Биринчи: Ақидавий ғояга кўра мусулмонларга душман бўлган Салибчилар фақат мулку-тахт, дунё пайида бўлган мўғуллардан душманлиги ошса ошардики кам эмасди. Қутуз бу икки душман, мўғуллар ва салибчиларнинг душман эканини эътибордан қочирмади.Иккинчи: Мўғул ва салибийлар орасидаги ҳамкорлик узун тарихга эга. Мўғуллар Чингизхон давридан бошлаб мусулмонлар ерига салибчилар йўл-йўриғи ила юриш қилди. Боғдод ва Шомнинг ишғолида салибчилар Ҳулагуга катта ёрдам берган эди. Арманистон ва Гуржистон подшолари ҳамда Антокия амирининг мўғуллар билан аҳдлашиб, иттифоқ қурганига кўп бўлмаганди. Мўғуллар Фаластин ва Шомдаги салиб амирликлари билан иттифоқ қуриш эҳтимоли катта эди. Булар Қутуз тасаввуридан узоқ эмасди.Учинчи: Қутуз мўғуллар билан салибийлар ўртасида ҳамкорлик бўлсада, Аккодаги салибчилар мусулмонларни кўрарга кўзи бўлмасада, мўғуллардан нафратланишини биларди. Улар нафақат мўғулларни ёмон кўрар, балки улардан қўрқарди. Чунки улар мўғулларнинг бевафо, аҳдсиз эканини билар, Европа ва Россиядаги насронийлар қирғинини унутмаган, мўғуллар қиличи уларнинг беҳисоб инсонларини санаганини унутмаган эдилар. Бундан ташқари Ҳулагу Антокия католик канисасига ортодоксал патриархни бошлиқ қилиши тарихда кузатилмаган ҳодиса бўлиб, салибийларнинг Ҳулагуга нисбатан адоватларини янада орттирган эди. Католик ва ортодоксал оқимлар орасидаги адоват бу соҳада оз бўлсада маълумотга эга бўлганларга сир эмас. Акко насронийлари мутаассиб католиклар эди. Шу сабаб Антокияда содир бўлган бу ҳодиса уларнинг тасаввурларига ҳам сиғмас эди. Акко насронийлари мўғулларни қаттиқ ёмон кўрар ва улардан ашаддий қўрқар эдилар. Қутуз мўғуллардан олдин улар билан ҳамкорлик қилишни режа қилди.Тўртинчи: Салибийлар 658 ҳ.с. / 1260 м.с. ларда оғир ҳолатни бошдан кечираётган бўлиб, Акко амирлиги улар орасида энг қувватлиси бўлишига қарамай анча заиф эди. Улар  648 ҳ.с. / 1250 м.с. рўй берган "Мансура жанги"дан сўнг ҳали ўзига келолмаган эди. Жангда катта сондаги йўқотиш бўлган, Людовик тўққизинчи Францияга қайтган, улар урушдан тирик қолганлар ҳисобига сафларини сақлаб қолган эди. Қутуз бу душманнинг мусулмонларга нисбатан ашаддий адовати бўлсада айни дамда ўта заиф эканини тушуниб етди.   Бешинчи: Акко амирлиги жуда мустаҳкам қўрғонли бўлиб, умуман олганда Шом ва Фаластин ерларидаги энг зўр қўрилган шаҳар эди. Бу шаҳар 492 ҳ.с. / 1099 м.с. насронийлар қўлига кирган бўлиб, салибчилар бу шаҳарга ўрнашганига 160 йилдан ошган эди. Ўшандан бери ҳатто Салоҳуддин Айюбийдек баҳодирлар ҳам бу шаҳарни фатҳ қила олмаган эдилар[10].Қутуз Акко амирлигини ишғол қилиш жуда қийин эканини яхши биларди. Акко муаммосини ечмай мўғуллар билан жанг қилолмаслигини ҳам тушунарди. Борди-ю, мўғуллар билан салибчилар бирлашиб қолса, мусулмон лашкари тегирмоннинг икки тоши орасида қолиши мумкин.Қутуз Аккога делегация йўллади[11]. Делегация мусулмон ва салибийлар ўртасида маълум муддатга тинчлик битимини тузиш таклифини ўртага ташлади. Қутузнинг таклифи яқин тарихда бошидан қонли жанглар кечириб, ҳали оёққа тўлиқ тура олмаган салибийларга болдай ёқиб тушди. Яна салибийларнинг бундай қарорига сабаб, мусулмонларнинг ғолиб бўлган ҳолларида улар устига юриш қилиш эҳтимолидан қўрққанликлари эди. Шунинг учун тинчлик битимини иккиланмай қабул қилдилар. Ҳатто уларнинг баъзилари мўғулларга қарши мусулмонлар билан иттифоқ бўлиш таклифини ҳам билдирдилар. Салибчиларнинг жанг майдонида хиёнат қилиши мумкинлигидан андиша қилган Қутуз бу таклифни қабул қилмади[12]. "Ҳар қачон бирон аҳдга аҳдлашсалар улардан бир гуруҳи бузаверадими? Ҳақиқатан уларнинг кўпи иймонсизлардир"[13]"Улар бирон мўмин хусусида на аҳдга ва на бурчга боқадилар. Улар тажовузкор кимсалардир"[14]Қутуз Акко амирлиги билан вақтинча аҳд тузди, уларга мўғуллар билан уруш асносида мусулмон лашкар таъминоти ва озиқ-овқатини етказиб туриш вазифаси юкланди. Улар буни қабул қилишди.       Шу тариқа Фаластин сари йўл бехавотир бўлиб, Қутуз раҳимаҳуллоҳ навбатдаги қадамни босишга ҳозирлик кўра бошлади. Мусулмон қўшиннинг покланишиҚутузнинг ҳар турли, моддий, дипломатик, маънавий ва иқтисодий тайёргарликларига қарамай, баъзи иймони заиф мусулмонлар ҳақиқатда жанг бўлишига кўзлари етмади. Улар жисмонан кучга эга бўлсада маънавияти заиф кимсалар эди. Улар бу шунчаки ҳиссиётга берилиш, Қутуз халқнинг қўйнига пуч ёнғоқ тўлдирадиганларнинг бири, деб баҳо бердилар. Жанг вақти-соати яқинлашган сари бу тоифа номард мунофиқларнинг жонлари бўғизларига кела бошлади. Бир тоифа яширин, бошқа бир тоифаси ошкора халқ сафидан суғурилиб чиқа бошладилар. Бошқа шаҳарларга кўчдилар. Улар орасида Ҳижозга, Яманга, ҳатто Мағрибга етиб олганлари бўлди[15].    Баъзи таҳлилчилар бу ҳодисани катта йўқотиш деб ҳисобласада, биз буни ютуқ деб биламиз. Сафимизда бизни ғоямиздан чалғитган кўпчилигимиздан, бирликда жон беришга тайёр бўлган озимиз яхши."Агар улар сизларнинг орангизда чиққанларида ҳам, сизларга фақат ортиқча зиён бўлган ва ўрталарингизда сизларни фитнага солиш учун югуриб-елиб юрган бўлур эдилар ҳамда ораларингизда уларга қулоқ солувчилар ҳам (топилган) бўлур эди. Оллоҳ золим кимсаларни билгувчидир"[16]Бу оятда Оллоҳ таоло бизга бундай тоифа инсонларни гўзал бир суратда баён қилиб берди. Шу тариқа Миср армияси яна бир сира сараланди. Мусулмон армия Қоҳира атрофидан, машғулот жойларини тарк қилиб, бир жойга йиғила бошлади. Миср ҳарбий лагерларидан 40 минг аскар жамланди[17]. Мусулмон лашкар тўплангандан сўнг, Қутуз раҳимаҳуллоҳ қўзғалишга, яъни шарққа, Фаластин тарафга қараб юришга ишора қилди. Бу сўзларни айтарканман, ўзимга ва сизларга Оллоҳ таолодан мағфират тилаб қоламан.  Валлоҳу таъала аълам....  Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.[1] Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (109 - бет)[2] Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (110 - бет), Ибн Иёс "Бадаиъуз-зуҳур" (1 - жилд, 1 - қисм, 302 - бет). [3] Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (110 - бет), Ибн Иёс "Бадаиъуз-зуҳур" (1 - жилд, 1 - қисм, 305, 306 - бет). [4] Сабкий "Тобақот аш-шафиъйя" (5 - жилд, 83 - бет).[5] Муҳаммад: 7[6] Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (115, 116 - бет). [7] Сиржоний "Қиссатут-татар" (285, 287 - бет).[8] Оли-Имрон: 110[9] Сиржоний "Қиссатут-татар" (292 - бет).[10] Сиржоний "Қиссатут-татар" (292, 294 - бет).[11] Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (108 - бет).[12] Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (108 - бет)[13] Бақара: 100[14] Тавба: 10 [15] Сиржоний "Қиссатут-татар" (297, 298 - бет). [16] Тавба: 47[17] Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (107 - бет), Ибн Иёс "Бадаиъуз-зуҳур" (1 - жилд, 1 - қисм, 305 - бет).