Бу мақолада аксар аҳли илмлар унутиб қўйган бир иборат ҳақида сўз юритилади. Биз ишора қилмоқчи бўлган сўз олим киши бирор нарса ҳақида сўралган пайтида тез-тез ишлатиб туриши керак бўлган "БИЛМАЙМАН" калимасидир.
التفاصيل
Ислом Нури Маколалар Билмайман Бисмиллаҳ вассолату вассаламу ала росулиллаҳ аммо баъд: Азиз биродарлар биз бугунги суҳбатимизда аксар аҳли илмлар унутиб қўйган бир иборат ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу сўз ҳақида салафларимиз нима деганлар ва салаф уламолари уни қай даражада истеъмол қилганлар. Биз ишора қилмоқчи бўлган сўз бирон олим киши сўралган пайтида тез-тез ишлатиб туриши керак бўлган "БИЛМАЙМАН" калимасидир. Қани энди салафларимизнинг бу ҳақдаги сўзларига қулоқ тутайликчи. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: агар олим "БИЛМАЙМАН" ни тарк қилса ҳалокатига йўлиқибди. Алий ибн Ҳусайн ҳам шундай деган. Шаъбий айтадилар: "БИЛМАЙМАН" илмнинг ярми. Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳунинг сўзлари будир: "билмаган нарсаси ҳақида "Аллоҳу аъламу" демоқлик кишининг илмига далолат қилади. Чунки Аллоҳ азза ва жалла пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб деди: "(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга) айтинг: Мен (Қуръонни етказганим учун) сизлардан бирон ҳақ-ажр сўрамайман ва мен сохтакорлардан ҳам эмасман". (Сод: 86) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан: Илм учдир: сўзловчи китоб, амалдаги суннат ва "билмайман". Марвазийнинг ривоятларида имом Аҳмаднинг ушбу сўзлари нақл қилинган: Ҳар бир нарсада гапиравериш дуруст эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир нарса ҳақида сўралсалар: "Билмайман, Жибрийлдан сўрайчи" дер эдилар. Марвазий имом Аҳмаддан сўрадилар: Одамлар олимни ҳамма нарсани билади деб ўйлайдилар. Бунга жавобан Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг сўзларини келтирдилар: Одамларга ҳар бир сўраган нарсаларида фатво бераверган кимса мажнундир. Абу Абдуллоҳ дедилар: банда Аллоҳдан тақво қилиши ва сўзини ўйлаб сўзлаши лозим, у албатта бу ҳақда сўралади. Одамларга фатво бераётган киши уларни ўз мазҳабига тортиши ва қаттиқлик қилиши мумкин эмас. Имом Молик айтадилар: ҳар бир сўраган кишига жавоб бераверишинг илмни хорлаш ва камситишдир. Имом Саврий раҳимаҳуллоҳ дедилар: модомики бизга ўргатадиганларни топар эканмиз ўрганаверамиз. Имом Аҳмад дейди: биз қиёматгача илм ўрганамиз. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан бир аъробий сўради: амма мерос оладими? Билмайман – дедилар. — Сиз билмайсизми? — Ҳа. Уламоларга бориб улардан сўра. Ҳалиги киши қайрилиб кетгач Ибн Умар ўз қўлларидан ўпиб: Абу Абдурроҳман қандай гўзал сўзни айтди-я. Билмаган нарсасидан сўралганди, билмайман, - деб жавоб берди. Улуғ тобеинлардан бири Усмон ибн Осим айтади: улардан бири бирон масъалада фатво бериб юборади, агар бу масъала Умар розияллоҳу анҳудан сўралганда унга Бадр аҳлини жамлаган бўларди. Ибн Сирийн: киши учун билмаган нарсасини айтганидан кўра жоҳил ҳолда ўлиши яхшироқдир. Молик ибн Анас айтадилар: Менинг фатвога лойиқ эканимга етмишта олим гувоҳлик бермагунича фатво бермадим. Муҳаммад ибн Мункадир: Олим Аллоҳ билан бандалари ўртасидадир, улар ўртасига қандай киришини ўйлаб олсин. Ибн Уяйна ва Саҳнун айтадилар: одамларнинг фатвога жасоратлироғи уларнинг энг илми озларидир. Саҳнун: Тўғри жавоб фитнаси мол-дунё фитнасидан қаттиқроқ. Рабийъа йиғлаётганди, ундан сизни нима нарса йиғлатди, деб сўрадилар? Илми бўлмаган кишидан фатво сўралди ва исломда жуда оғир иш зоҳир бўлди. У ерда баъзи фатво бераётганлар бор, улар қамалишга ўғридан кўра лойиқроқдирлар. Муттафақун алайҳи бўлган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Аллоҳ таоло илмни одамлардан суғуриб олиш билан кўтармайди. Лекин илмни уламоларни олиш билан кўтаради, биронта олимни қолдирмагандан кейин одамлар жоҳил кишиларни ўзларига бош қилиб оладилар. Улар сўралсалар илмсиз жавоб берадилар, бас, ўзлари ҳам адашадилар бошқаларни ҳам адаштирадилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таматтуъ қилдилар (яъни, ҳажда). Урва ибн Зубайр деди: Абу Бакр ва Умар таматтуъдан қайтарганлар. Ибн Аббос: Уларни ҳалокатга учрайдилар деб ўйлайман. Мен расулуллоҳ айтди десам, у Абу Бакр ва Умар қайтарган дейди-я. Имом Аҳмад ривояти. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Усмон розияллоҳу анҳу таматтуъдан ҳамда ҳаж ва умрани жамлашдан қайтарадилар. Алий розияллоҳу анҳу эса бу иккисига ният қиладилар ва расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини биронтанинг гапи учун тарк қилмайман, дейдилар. Солим ибн Абдуллоҳ Шом аҳлидан бўлган бир кишининг Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ҳажгача умра билан таматтуъ қилиш ҳақида сўраётганини эшитиб қолди. Абдуллоҳ ибн Умар: — у ҳалол, деди. Шомлик киши: — отангиз бундан қайтарганлар-ку, деди. — қани менга айтчи агар отам ундан қайтарган бўлса, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қилган бўлса отамни буйруғига эргашиладими ёки расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламникига? — албатта расулуллоҳникига. — расулуллоҳ шундай қилганлар. Термизий ривояти. Зикр қилиб ўтилган сўзлар аҳли илмлар учун айтилган бўлсада эндигина илм талабини бошлаган ёки илмнинг аввалги босқичларида бўлганлар ё умуман илм доирасида бўлмагану бирок бошқаларга сўз бермасдан билган билмаган нарсалари ҳақида гапираверадиганлар ҳам бу гаплардан ўзларига яраша хулоса чиқариб олишлари лозим. Аллоҳ барча мусулмонларни ҳақ йўлдан адаштирмасин. Абу Закария ал Маданий тайёрлади.