Мусулмонлар қиблага нисбатан қаерда жойлашганидан, қатиъй назар, уларни ягона қибла - Каъбаи Муаззама бирлаштириб туради
التفاصيل
Каъбайи Муаззама _ бирдамлик рамзи Мусулмонлар яшаб турган ўрни қиблага нисбатан қаерда жойлашганидан, миллати, жинси, тили, терисининг ранги қандай бўлишидан қатъй иназар, уларни ягона қибла - Каъбаи Муаззама бирлаштириб туради. Ернинг шарқу ғарбидаги барча мусулмон шу қиблага юзланиб намоз ўқийди. Қолаверса, Ислом миллати ягона маъбуд - Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога сиғинади ва бир пайғамбар - Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашади. Фақат битта китоб - Қуръони Каримни ҳидоят китоби деб билади. Фақат Исломни дин деб тан олади. Ислом уларни мана шу руҳда бирлаштиради. Бу руҳ халқлар ўртасида умумлашиб, Исломни қабул қилган ер куррасидаги барча элатлардан ақидаси, дунёқараши фикри, бир бўлган Ислом миллати вужудга келади. Ислом руҳи ила бирлашган турли миллатлар оға-ини, опа-сингилга айланади. Киши қайси миллат вакили бўлмасин, Исломни қабул қилса, ирқий жиҳатдан камситилмайди, балки ранги, тили, ватани ва миллатидан қатъй иназар, тақво ва солиҳ амаллари сабабли Исломдаги олий мақом _ намозга имом бўлишдан тортиб то халифалик мақомига эриша олади. Бунга Ислом тарихидан кўплаб мисоллар топилади. Минг афсуски, бугун ўша руҳ мусулмонлар ўртасидан кўтарилди ва ўрнини миллатчилик ва ватанпарастлик руҳи эгаллади. Дин ғанимлари мусулмонларни парчалаб пароканда қилиш учун атайин миллатчилик, ватанпарварлик руҳини ўрнатди. Уларнинг бу ҳаракатлари эндиликда мусулмонлар ичида аччиқ самараларини бермоқда. Мусулмонларнинг парокандалиги туфайли ғанимлари уларнинг бошига қора кунларни солиб, эркини тортиб олиб, бойликларини талаб, сиёсий ва иқтисодий қарам қилиб келмоқда. Бундан халос бўлишнинг бирдан-бир чораси қалбларга Ислом руҳини қайтадан ўрнатмоқдир. Шундагина мусулмон халқлар Ислом байроғи остига қайта бирлашади. Бошқа йўллар орқали даво излаётган кимсалар тарихни беҳуда кечиктиришмоқда, холос. Айримлар “Мусулмонлар ўзаро ички низолардан қутула олмаяпти-ку, қандай қилиб бирлашсин?” деган таъналарни отиши мумкин. Минг таассуфки, бу бир томонлама аччиқ ҳақиқатдир. Иккинчи томондан, мусулмонлар орасида Исломни даъво қилганлар кўп. Бироқ ҳақиқий Ислом руҳида ҳаёт кечираётган инсонлар жуда оз. Қуръони Каримни, Ҳадиси Шарифни билган кишилар кам. Билганлар ичида амал қиладиганлари ундан ҳам кам! Аксарият дин уламолари мансабларни эгаллаш, сохта обрўларга эришиш мақсадида одамлардан ҳақиқий Исломни яширмоқда! Китобу Суннатдан бошқа барча номи жарангдор йўллар ботил эканини айтишга дунёга ҳирс қўйишлари йўл бермаяпти! Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзгани йўлбошчи тутганлар залолату ҳалокат сари чопиб бораётган кимсалар эканини айтишга иймонлари заифлик қиляпти! Бу ҳам етмаганидек, айримлари Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига даъват этаётган ҳақиқий мўминларга ҳасад қилиб, золиму мунофиқлар билан бирга тинимсиз Исломга кулфат келтиряпти! Шу сабаб мусулмонлар ўз ақидасини, шариат аҳкомларини билмасдан, исломий руҳиятдан маҳрум бўлиб, бир-бири билан бирлашолмаяпти! Зотан, маъбуди, пайғамбари, дини, қибласи, китоби, мақсади бир бўлган Ислом умматидан кўра аҳил миллат бўлмаслиги керак