البحث

عبارات مقترحة:

اللطيف

كلمة (اللطيف) في اللغة صفة مشبهة مشتقة من اللُّطف، وهو الرفق،...

الطيب

كلمة الطيب في اللغة صيغة مبالغة من الطيب الذي هو عكس الخبث، واسم...

الظاهر

هو اسمُ فاعل من (الظهور)، وهو اسمٌ ذاتي من أسماء الربِّ تبارك...

Мўғил татар қиссаси 04-қисм

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف Абу Абдуллоҳ Шоший ، Шамсуддин Дарғомий
القسم كتب وأبحاث
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات التاريخ وتقويم البلدان - البلدان والممالك
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: Муҳаммад ибн Хоразмшоҳнинг таржимаи ҳоли ва енгилиш сабаблари; Мозандарон, Рой, Қозвин, Арманистон ва Грузияга мўғуллар босқини; Мўғулларнинг Фарғона водийси, Термиз шаҳри ва Кулоба қалъасини яксон қилиши; Хуросон ерларига мўғуллар ҳужуми; Мўғулларнинг Насо шаҳрига лашкар тортиши; Мўғуллар Марва шаҳрига юриши ва унинг аҳлини яксон қилиши;

التفاصيل

Мўғул татар қиссаси 4- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Ўтган дарсимизда: Муҳаммад ибн Хоразмшоҳнинг сийрати ва енгилиш сабаблари Мозандарон, Рой, Қозвин, Арманистон ва Грузияга мўғуллар босқини Фарғона водийси, Термиз шаҳри ва Кулоба қалъасини яксон қилиниши Хуросон ерларига ҳужум Мўғулларнинг Насо шаҳрига лашкар тортиши Марва шаҳри қирғини Валлоҳу таъала аъламу....  Мўғул татар қиссаси 4- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳимБарча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман. Ўтган дарсимизда:–        Қозоғистон ва Бухорога мўғуллар ҳужуми;–        Бухорони қирғин қилиниши;–        Мўғул ҳодисасига Ибнул Асир –раҳимаҳуллоҳ–нинг муқаддимаси;–        Самарқандни босиб олиниши; –        Муҳаммад ибн Хоразмшоҳни мўғул изқувар-ларидан қочиши ҳақида зикр қилган эдик. Муҳаммад ибн Хоразмшоҳнинг сийрати ва енгилиш сабаблариИбнул Асир –раҳимаҳуллоҳ–нинг Муҳаммад ибн Хоразмшоҳ таржимаи ҳоли таърифида ажойиб сатрларни топамиз, буюк мусулмон имомларининг бири кўз ўнгингизда гавдаланади, агар бу киши ҳаётининг бошқа томони – хотимаси, жангдан қочганлиги ва енгилганлигига назар солсангиз, ҳафсалангиз пир бўлади. Ибнул Асир –раҳимаҳуллоҳ– унинг сийратида қуйидагиларни келтиради: "Подшолик даври 21 йилу бир неча ой давом этди, ҳокимияти кенгайди, шон-шухрати ортди, мамлакати Ироқнинг чегарасидан Туркистонгача етди. Афғонистондаги Ғазна, Ҳиндистоннинг баъзи қисми, Покистондаги Сажистон ва Карман, Эрондаги Тобаристон, Журжон, Тоғ мамлакати, Хуросон ва Форснинг баъзи қисмларига ҳукмронлик қилди. Бу ўлкаларнинг барчаси, мўғуллардан қочган мусулмонлар бошлиғининг қўл остида эди"[1]. Бу сатрлардан мамлакати жуда катта бўлганлиги ва шу билан бирга узоқ вақтлар буюк давлатни бошқариб келганлигидан, унинг жуда яхши бошқарувчи бўлгани маълум бўлади. Ибнул Асир бошқа ўринда шундай дейди: "Қийинчилик ва йўл машаққатларига ўта сабрли, роҳат-фароғат, айшу-ишратга ҳирс қўймаган, бутун эътибори мамлакат бошқаруви, юрт ва халқ ҳимояси эди"[2]. Шахсий ҳаётидан қуйдагиларни айтади: "Фозил инсон бўлиб, фиқҳ, ҳадис ва бошқаларнинг олими, уламолар ва дин аҳлини эъзозловчи, уларни яхши кўриб, эҳсон қилувчи эди"[3]. Бу сифатлар Муҳаммад ибн Хоразмшоҳни юқори мақомларга кўтаради, шундай юксак сифатлар соҳиби, бундай аянчли ва хунук мағлубиятга учраши мумкинми? Наҳот, кенг мамлакат ҳокими мўғулларга қарши жангда сабр билан тура оладиган жангчиларни топмасдан, шарманда ва фожиали ниҳояга юз тутди? Доктор Сиржоний айтадики, бу ўриннинг таҳлили диққатимни тортди, сўнгра Ибнул Асирнинг китобида бу инсоннинг ҳаётидаги сир-асрорларнинг кўпини очиб ташлайдиган ўринни топдим. Ибнул Асир –раҳимаҳуллоҳ– айтади: "Муҳаммад ибн Хоразмшоҳ бир давлатни босиб олар ва унинг подшоларини ўлдирар, ёлғиз ўзи барча ўлкаларга султон бўлар эди. Мўғуллардан енгилганида, юртда мўғулларга қаршилик қиладиган ва мамлакатни ҳимоя қиладиган киши қолмаган эди"[4]. Муҳаммад ибн Хоразмшоҳ мусулмон ва бошқарувчи сифатида ажойиб инсон эди, бироқ ўзи билан атрофидаги ислом шаҳарлари орасидаги барча алоқаларни узиб қўйган ва улар билан ҳамкорлик қилмас эди. Ҳамкорликни тиклаш ўрнига, бу шаҳарлардаги ҳокимларни ўлдириб, уларни ўз мамлакатига қўшиб олган эди. Шак-шубҳа йўқки, бу нарса ўша юртларнинг халқлари қалбида чексиз нафрат, адоватни пайдо қилган ва бу ҳикматсизлик эди. Расулуллоҳ –саллоллоҳу алайҳи ва саллам– ўлкаларни фатҳ қилганларида, у ерларнинг бошлиқларини волий ҳолида қолдирар, бу билан ҳокимлар ва халқнинг муҳаббатига эришар эдилар. Масалан, Баҳрайннинг подшоси Мунзир ибн Савий –разияллоҳу анҳу– иймон келтирди, уни ўз ўрнида, давлатининг ҳокимлигида қолдирдилар, Уммоннинг подшолари Жайфар ва Аббод исломни қабул қилганларидан сўнг, уларни ҳам волийликларида қолдирдилар, Яманнинг волийси Базон ибн Сасон ал-Форсий имон келтирди, уни юртига волий этиб тайинладилар. Бу сиёсат, ҳикмат ва ўта юксак бошқарув услубидир. Муҳаммад ибн Хоразмшоҳ инсонлар муҳаббати билан эмас, куч-қуввати билан ҳоким бўлди. Инсонларга иши тушиб, уларга муҳтож бўлганда, улардан ҳамкорликни топмади. Хоразм давлатида ички қўзғалонлар тўхтамасди. Шу сабабдан, юртдагилар фикри тарқоқ ва бир ёқадан бош чиқара олмасдилар. Умматнинг ҳоли бу экан, нусрат келиши амри маҳолдир,                     "Албатта Оллоҳ Ўзининг йўлида гўё туташ бинолардек бир сафга тизилган ҳолларида жиҳод қиладиган зотларни севар"[5]Бу қўмандон, олим, фақиҳнинг ҳаётидаги сирдир, давлати кенгайиб, армияси кўпайди, сўнгра денгизнинг ўртасида ёлғиз, бадарға қилинган, қочоқ ва фақир ҳолатда оламдан ўтди. Насоий ва Абу Довуд Абу Дардо –разияллоҳу анҳу–дан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ –саллоллоҳу алайҳи ва саллам– шундай дедилар: "Жамоатни лозим тутинглар! Чунки, бўри ҳам (подадан) четда қолган қўйни ейди"[6].  20 минг мўғул изқуварлари Хоразмшоҳни ортидан қувиб, тута олмаган ва Хоразмшоҳ кемада қочиб, Каспий денгизидаги оролга етиб олган, мўғул изқуварларидан қутилган эди. Бундан сўнг, бу мўғул армиясининг кичик бўлаги нима қилди? Атиги 20 минг бўлган бу мўғул суворийлари нима қилишга қарор қилди? Ислом давлатлари ич-ичига Хоразмшоҳни ахтариб кирган мўғул изқуварлари турган жой, яъни Каспий денгизи соҳили билан мўғул хони Чингизхон жойлашган жой, яъни Самарқанд шаҳри орасидаги масофа –текис ва тўғри йўл бўлган тақдирда– 650 км.дан ортиқроқ эди. Агар Самарқанд билан Каспий денгизи орасидаги минтақаларда мавжуд бўлган ўта машаққатли табий ғовлар, тўсиқлар ҳисобланган тоғлар ва анҳорларни эътиборга олсак, мўғул изқуварлари турган жой, мўғул хони Чингизхон ўрнашган ер орасидаги бу масофанинг нечоғлик катталигини тасаввур қила оламиз. Шунингдек, мўғуллар бу минтақа аҳолиси бўлмагани, ундаги ҳаёт тарзи ва йўлларни билмасликлари ҳамда бу ерларда жафо чеккан халқларнинг қалбларидаги мўғулларга нисбатан ашаддий адоватларини эътиборга олсак, бу мўғул изқуварларининг Самарқанддан не қадар узоқда эканини фаҳмлаймиз.         Бу минтақалар аҳолиси муболағасиз, бир неча милион бўлиб, 20 минг мўғул суворийлари уларга бас кела олмаслиги турган гап эди. Чингизхон ҳам 650 км.дан ортиқроқ узоқда эди. Лекин воқеъликда эса, аянчли ва шармандали ишнинг гувоҳи бўлдик, мусулмонларнинг қалбига руҳий тушкунлик, қўрқув сингиб кетган, ҳақир дунёга ўралашиб қолган ҳамда ўз масканлари ва шаҳарларида ўша озгина мўғул армияси қўлида ўлишни ўзларига эп кўрган эдилар. Субҳаналлоҳ!      Имом Абу Довуд ва Аҳмад ўзларининг ҳадис тўпламларида, Савбон –разияллоҳу анҳу–дан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда, Расулуллоҳ –саллоллоҳу алайҳи ва саллам– шундай дейдилар: "Миллатлар хўранлар овқатига йиғилганидек, сизнинг устингизга йиғилиш арафасида". Шунда саҳобалар: Ё Расулуллоҳ! Ўша кунда озлигимиздан (шундай бўламиз)ми? – деб сўрадилар. Расулуллоҳ  –саллоллоҳу алайҳи ва саллам– дедиларки: "Йўқ, у кунда сизлар кўпчилик, лекин худди селнинг қуйқаси каби бўласизлар. Душманларингиз қалбидан қўрқув олиб қўйилади ва сизларнинг қалбингизга эса, ваҳн солиб қўйилади". Шунда саҳобалар: ваҳн нима?  – деб сўрадилар. Расулуллоҳ  –саллоллоҳу алайҳи ва саллам–: "Ваҳн – бу дунё ҳаётини яхши кўриб, ўлимни ёмон кўришдир", – деб жавоб бердилар[7]. Дарҳақиқат, мусулмонларнинг қалбларини дунёга бўлган муҳаббат ва ўлимни ёмон кўриш эгаллаб олган, сел оқимига қўшилиб оқувчи қуйқумлар каби бўлиб қолишган эди. Уларнинг на ўз истаги, на ғояси ва на мақсади бор эди. Оллоҳ азза ва жалла мўғулларнинг қалбидан мусулмонлар ҳайбатини кўтарган, мусулмон- ларнинг қалбига эса, ваҳнни – дунё ҳаётини яхши кўриб, ўлимни ёмон кўришни, заифликни ва руҳий тушкунликни солган эди. Уларнинг кўплиги фойда бермади. Ҳатто юзлаб мусулмонларнинг қаршисидан битта мўғул чиққанда, оёқларини ердан узишга ва унга қарши чиқишга қуввати етмади. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ.....      Мозандарон, Рой, Қозвин, Арманистон ва Грузияга мўғуллар босқиниМўғул изқуварлари нима қилди? 20 минг хос армия Каспий денгизи соҳилидан Мозандаронга қайтди ва мустаҳкам қўрғони, шаҳарга кириш машаққатлиги, мусулмон мамлакатлар ичида энг қувватлиларидан бири бўлишига қарамай, уни қисқа фурсатда забт этди. Умар –разияллоҳу анҳу–  халифа бўлган даврларда мусулмон- лар Кисронинг давлатларини бошдан охригача фатҳ қилганларида ҳам, Мозандаронга кира олмаган эдилар, умавийлар халифаси Сулаймон ибн Абдул Малик замонидагина бу шаҳар фатҳ қилинган эди. Лекин мўғуллар жуда қисқа фурсатда унга кирдилар, бинобарин, қувватлари билан эмас, балки ўша вақтдаги Мозандарон аҳлининг руҳан заифлиги сабаб, осонлик билан қўлга олдилар. Шаҳарга киришлари биланоқ, ўзгаларга қилганлари – ўлдириш, азоблаш, асир олиш, вайрон этиш, бандалар ва шаҳарни ёқиш амалиётларини қилишди, сўнгра Ройга қараб йўл олдилар.   Рой ҳам Эроннинг катта шаҳарларидан бири эди. Мўғуллар Мозандарондан Ройга қараб кетиш асносида, йўлда Муҳаммад ибн Хоразмшоҳнинг онаси, хотини ва улар билан бирга мисли кўрилмаган мол-мулк ва захираларга дуч келдилар, уларни барчасини қул ва ғанимат ўлароқ ўзлаштирдилар ва зудлик билан, ўша вақтда Самарқанд шаҳрида ўтирган Чингизхонга жўнатдилар. Гўё Оллоҳ азза ва жалла Муҳаммад ибн Хоразмшоҳга ўлимидан кейин ҳам хорликни тўла-тўкис қилишни ирода қилгандек. Бу воқеани доктор Муҳаммад Саллабий қуйидагича баён қилади: Хоразмшоҳнинг онаси Туркон Хотун ҳижрий 616 йил/мелодий 1219 сананинг охирларида ўзининг оқсочлари, ўғли Алоуддиннинг хотини, болалари ва шунингдек хазинадан ололганларича олтин-кумушларни олиб, Хоразм минтақасини тарк қилди. Кетишидан олдин ваҳшиёна, жирканч бир ишга қўл урди, Хоразмшоҳ босиб олган мамлакатларнинг амирлари Хоразм қамоқхоналарида маҳбус эдилар, уларнинг барчасини қатл қилдирди. Ўлимга ҳукм қилинганлар жумласидан, Ироқдаги Салжуқийлар султонининг фарзандлари, Балх, Термиз, Бамённинг амирлари, Ғурийлар давлати подшосининг авлодлари ва бошқа амирлар бор эди. Сўнгра Ироққа қараб йўлга чиқди, Мозандарон қалъаларидан бирида мўғул саркардаси Субутой томонидан асирга олинади ва Чингизхонга жўнатилади. Чингизхон Хоразмшоҳнинг болаларини ёш бўлишига қарамай ўлдиради, шунингдек, иккита қизини ўғли Чиғатойга беради, у эса, биттасига уйланади, иккинчисини яқинларидан бирига беради. Учинчи қизини ходими Донишмандга беради. Шу тариқа Хоразм иқлими Хоразм ҳукмдорларидан айрилади[8]. Мўғуллар Рой шаҳрига етиб келди ва уни босиб олдилар ҳамда шаҳарни  хонавайрон, аёллар ва болаларни қул қилди, тарихда мисли кўрилмаган ишларни амалга оширди. Сўнгра шаҳар атрофидаги шаҳар ва қишлоқларни ҳам шу аҳволга солиб, Қозвин шаҳригача етиб келишди ва у ерда 40 минг муслмонни ўлдиришди[9]. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ.....      Сўнгра мўғуллар Каспий денгизининг ғарб томонида жойлашган мусулмон Азарбайжон юртига лашкар тортди. Йўл давомида ўша вақтлар Азарбайжонга қараган, унинг шарқий томонида жойлашган, ҳозирги кунда Эроннинг шаҳари бўлган Табриз шаҳрининг ёнидан ўтишди. Шаҳар амири Ўзбек ибн Паҳлавон мол-давлат, кийим-кечак ва от-улов эвазига мўғуллар билан сулҳ тузишга қарор қилди, уларга қарши урушишни мутлақо хаёлига келтирмади. Эртаю-кеч шароб ичишдан бўшамас эди. Ўша вақтда кўпчилик мусулмон бошлиқлар ҳаром ичимлик ичишдан таб тортмас эди. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ. Мўғуллар ҳадиялар эвазига, шаҳарни омон қолдирди. Зеро, бу минтақада аччиқ, қаҳратон қиш бошланган эди[10]. Сўнгра мўғуллар Каспий денгизнинг ғарбий соҳили томон юришди, Табризни маълум вақтга ўз ҳолига ташлаб қўйишди. Азарбайжоннинг шарқидан шимолий томонига қараб эгаллаб бордилар.   Йўл асносида Арманистон ва Грузияга ҳужум ушюштирди. Арманистон, зикр қилганимиздек, аксар насронийлар истиқомат қиладиган жой эди. Грузияда эса, васаний ва насроний грузин қабилалари бор эди. Мўғуллар бу икки давлат билан жанг қилди, уруш Арманистон ва Грузиянинг мағлубияти, мўғуллар қўлини баланд келиши билан якун топди. Бу юртларда ҳисобсиз даражада қирғин-барот, қатағонлар қилишди ва бу давлатларни ўз мамлакатлари доирасига қўшиб олишди[11]. Мўғуллар мусулмонлар қирғинидан, насронийларга ўтган эди. Бу зикр қилганларимиз қирғинлар, вайронагарчиликлар, қул қилишларнинг барчаси мўғул армиясининг кичик бўлаги, Хоразмшоҳ кетидан тушган 20 минг изқуварларнинг иши эди. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ....  Фарғона водийси, Термиз шаҳри ва Кулоба қалъасини яксон қилинишиЧингизхон Муҳаммад ибн Хоразмшоҳни қочиб кетганлигига ишончи комил бўлгандан сўнг, Самарқанд атрофидаги минтақаларга кўз олайтира бошлади, уларнинг ичида энг ҳашаматли ва кучлилари Хоразм ва Хуросон минтақалари эканлигини билди. Хуросон минтақаси ислом оламининг улкан жойларидан бири бўлиб, унда катта шаҳарлар мавжуд эди, уларнинг машҳурларидан: Балх, Марва, Нишопур, Ҳирот, Ғазна ва бошқалар бор эди. Хуросон минтақаси ҳозирги кунда Эроннинг шарқи ва Афғонистоннинг шимолига тўғри келади. Хоразм минтақаси эса, Хоразм давлатининг негизи, асоси бўлиб, мустаҳкам қалъа ва қўрғонлари, турли-туман бойликлари ва жанг маҳоратлари билан тилларда достон эди. Хоразм Самарқанднинг шимоли-шарқий томонида жойлашган бўлиб, ундан ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлари орасидан оқиб ўтувчи Жайҳун, яъни Амударё дарёси оқиб ўтар эди. Чингизхон Хоразм ва Хуросон минтақаларига ҳужум қилишдан олдин, маънавий жангни бошлади, бу билан мусулмонларнинг руҳиятига таъсир ўтказишни хоҳлади, бу улкан минтақалардаги мусулмонлар қалбларига қўрқув солиш мақсадида, йўқ қилиш, яксон этиш амалиётини бошлади. У мўғул армиясини уч гуруҳга ажратди: биринчи гуруҳни Фарғона водийсига, иккинчисини Термиз шаҳрига ва учинчи гуруҳни Кулоба қалъасига, уларни вайрон этиш, йўқ қилишга юборди[12]. Фарғона водийси Ўзбекистон да Самарқанднинг шарқий томонида тақрибан 500 км.дан кейин келадиган, Термиз эса, Самарқанднинг жанубида тақрибан 100 км.дан кейин бошланадиган шаҳар эди. Термиз "Сунани Термизий" ҳадис тўплами соҳиби имом Термизийнинг шаҳридир.  Кулоба қалъаси, Жайҳун, яъни Амударё дарёсининг ёнидаги энг мустаҳкам қалъалардан эди. Бу учала гуруҳ, улардан Чингизхон хоҳлаганидек яксон қилишга киришди, бу минтақаларни ҳаммасини ишғол қилди ва у ерларда мўғулларнинг одатига кўра қатл, қирғин, вайрон қилиш, таҳқирлаш, қул қилиш, асир олиш ишларини олиб бордилар[13]. Сўнгра ён-атрофдаги халқларга мактуб йўлладилар. Мактуб қуйидагиларни сўзлар эди: "Мўғуллар чанқоғини фақат қон билан қондиради, фақат хонавайрон ва яксон қилиш билан бахтиёр, кўнгли чоғ бўлади, мўғуллар енгилмайди....". Бундан сўнг, бутун халоиқ қўрқувга тушди. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ....    Хуросон ерларига ҳужумБу мўғул гуруҳлар ўзларига топширилган қабиҳ вазифаларни аъло даражада бажариб қайтганларидан кейин, Чингизхон бундан-да қабиҳроқ ишга таёргарлик кўра бошлади. Хоразм ва Хуросон ерларига ҳамла қилиш учун ҳозирлик бошлади, дастлаб Хуросон диёрига ҳужум уюштирди. Чингизхоннинг ўғли Тўлийхон ҳижрий 617/мелодий 1220 сананинг куз фаслида Хуросон ерларига отасининг буйруғини олиб жўнади. Чингизхон ўғли Тўлийхоннинг зиммасига 70 минг қўшинни бериб, ўзи эса, Балх шаҳрига отланди[14], Балх шаҳри Афғонистоннинг шимолида ва мўғуллар хонавайрон қилган Термиз шаҳрининг жанубида жойлашган шаҳар эди. Бу шаҳар Хоразм давлатининг асосий шаҳарларидан бўлиб, Ўрта Осиёдаги катта тижоратлар бўладиган жойлардан бири эди, айтишларича, у ерда кичик масжидлардан ташқари, 1200 та катта масжидлар, тижоратчилар учун кўп қулайликлари бор бўлган шаҳар эди. Балх шаҳрининг халқи Термиз шаҳрида бўлган воқеалардан хабар топгани аниқ эди ва бунинг натижаси ўлароқ, уларнинг қалбларида мўғуллардан жуда қаттиқ қурқув юзага келган эди. Мўғул қўшини бу шаҳарга келганида, шаҳар аҳли мўғулларнинг тарихидаги қора кунлар ва ваҳшийликларни билган ҳолларида, улардан омонлик сўради. Мўғуллар одатига ёт, ҳайратда қолдирувчи ҳодиса содир бўлди, шаҳар аҳлини ўлдирмай, талон-тарож ва қул қилмай, уларга ҳақиқий суратда омонлик берди. Балх шаҳри ҳижрий 618 йил (617 йил)[15]/мелодий 1221 йилда таслим бўлган эди[16]. Чингизхоннинг бу иши жуда "қизиқ" эди, лекин бу ажабланиш бир неча кундан кейин, унинг Балхга қайтганида тамоман йўққа чиқади.    Мўғулларнинг Насо шаҳрига лашкар тортишиТўлийхоннинг қўшини ҳижрий 617/мелодий 1220 санада Хуросон ерларига юришни бошлади, унинг бир неча ўн минг лашкари Чингизхоннинг куёви Тучагарнинг қўмондонлигида Насо шаҳрига юриш қилди. Тучагар лашкарининг бир батолъони шаҳарга яқинлашганда, мусулмонлар уларни ўққа тутишди, оқибатта бу батолъоннинг командири Балкуш ва катта сондаги аскарлар ўлди. Тучагар бу ўринга етиб келади ва шаҳар атрофига 20 та манжаниқ, яъни тош отар мосламаларини ўрнатиб, шаҳарни ўққа тутишга буйруқ беради. 15 кундан кейингина шаҳар деворлари дарз кетиб, мўғуллар кечаси шаҳарга кириш имконига эга бўлади. Тонг отганда, батолъон командири Балкушнинг қасосини олишга киришади. Бутун шаҳар аҳолисини ташқарига чиқариб, бир қаторга ёнма-ён саф бўлиб ва қўлларини орқага қилиб турмоқларига буюрди, сўнгра эркаклар, аёллар ва гўдакларни барчасини қатл қилдилар, ҳатто бу шаҳардан ўлдирилганлар сони 70 мингдан ошиб кетди[17]. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ.....  Марва шаҳри қирғиниБир неча кун ўтгангандан кейин, Чингизхон Балхга қайтди ва унинг халқига ўзи билан бирга мусулмон Марва шаҳрини ишғол қилишда кўмакчи бўлишига амр этди. Улар мўғуллар билан бирга Марва шаҳрига уруш қилгани боришди. Балхликларнинг барчаси мусулмон эди, лекин Термиз шаҳрида Чингизхоннинг буйруғи билан содир этилган даҳшатли, ўта ярамас, жирканч амалларнинг натижаси ўлароқ, қалбларидаги руҳий тушкунлик оқибатида, ҳатто биродарларига қарши жанг қилишдан ҳам таб тортмадилар. Инсон ўлдирувчи ҳам, тирилтирувчи ҳам, жон бериб, жон олувчи ҳам оламлар Раббиси Оллоҳ субҳанаҳу ва таоло эканлигини унутса, ўлимдан қўрққанидан мана шундай тубанликка, ўз ака-укалари мусулмон биродарларини ўлдиришга ҳам тайёр бўлиб қолар экан. Субҳаналлоҳ! Чингизхон шу тариқа бошқа жанглар учун куч йиғар, ҳозирлик кўрар, мусулмонлар эса, бир-бирини қирар эди. Бу ҳодисаларни бугунги кунимизда ҳам кўп такрорини кўрамиз! Ҳодисаларнинг ўта ўхшашлиги ҳайратлидир. Бу оламлар Раббиси субҳанаҳу ва таолонинг ер юзида жорий қилган қонунларидандир, тарих батамом, бутун кўринишлари билан такрорланади, мана шу сабаб, ибрат олиш учун қиссаларни ҳикоя қиламиз. Балхлик мусулмонлар мўғул қўшини билан бирга Марва шаҳрини ишғол қилиш учун келди. Ўша вақтлар Марва катта шаҳарлардан бири эди. Ҳозирги кунда Афғонистоннинг Балх шаҳридан 250 км.дан кейин келадиган, Туркманистон давлатида жойлашган шаҳар эди. Чингизхон ўғилларидан баъзиси қўшиннинг бошида бўлиб, қўшиннинг саноғи ривоятларда аниқ зикр қилинмаган. Лекин Балхдан ўзлари билан олган мусулмонлар ва Афғонистоннинг шимолидаги мўғул қўшинларидан ташқари, бир неча 100 мингдан иборат, ниҳоятда катта қўшин эди. Мўғул лашкари Марва шаҳрининг киравериши, шаҳар ташқарисида 200 минг мусулмон рижолларга дуч келди[18]. Ўша замон учун, бу жуда катта армия ҳисобланар эди. Икки тараф ўртасида даҳшатли, қўрқинчли жанг содир бўлиб, буюк мусибат юз берди, жанг мусулмонларнинг зарарига ҳал бўлди. Катта сондаги мусулмонлар қатл қилинган, қолганлари асир олинган, жуда оз қисмигина омон қолган, қўшиннинг мол-мулки, қурол-аслаҳаси ва от-улови ғанимат қилинган эди. Ибнул Асир –раҳимаҳуллоҳ– бу жангни шундай тасвирлайди: "Мўғуллар етиб келганида, мусулмонлар билан тўқнашди ва жанг содир бўлди, мусулмонлар сабр қилди, лекин мўғуллар мағлубият нималигини билмас эди"[19]. Субҳаналлоҳ! Душман билан жанг қилаётган мусулмонлар, душманини енгиб бўлмайди, деган эътиқодда эди.       Уларнинг руҳияти ва манавияти қашшоқ, тубан даражада эди. Субҳаналлоҳ! Мусулмон армия аччиқ мағлубиятга дучор бўлди. Марва шаҳрига йўл очилди, ўртадаги тўсиқ синдирилган эди. Доктор Роғиб Сиржоний фикрига кўра, шаҳар аҳолиси 700 мингдан зиёдроқ бўлиб, мусулмон эркак, аёл ва болалардан иборат эди[20]. Доктор Муҳаммад Саллабийнинг ёзишича, ҳижрий 618 йил муҳаррам ойининг боши/мелодий 1221 йил 25 февралда Тўлийхон 500 мўғул суворийлари билан Марва шаҳри қамалига киришди, бир ҳафта ўтар-ўтмас мўғул лашкари етиб келди[21]. Мўғуллар катта шаҳарни қўршаб олди, кўз ўнгларида катта армиянинг қирғинига гувоҳ бўлган халқнинг дилларини қўрқув эгаллаган эди, лекин шунда ҳам осонликча таслим бўлмади, шаҳар дарвозасини тўрт кун мобайнида очмади. Сўнгра бешинчи кун мўғуллар Марва шаҳрининг ҳокимига мактуб йўллади, мактуб қуйдагиларни сўзлар эди: "Ўзингни ва халқингни ҳалокатга қўйма, олдимизга кел, сени юртингга амир қиламиз ва сизларни тинч қўямиз!"[22] Шаҳар ҳокими мўғул бошлиғининг сўзига ишонди ёки ўзини-ўзи ишонтирди ва мўғул қўмондони олдига келди. У тантанали равишда кутиб олинди, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди, Тўлийхон уни ўзига яқин олди, сўнгра лаънати мўғул қўмондони шундай деди: бизнинг олдимизга асҳобларинг, яқинларинг ва қавмингнинг катталарини бошлаб кел! Уларни ҳам кўрайлик, хизматимизга ярайдими билайлик, яраса уларга ҳадиялар, мукофат тарзида ерлар бўлиб берайлик, шунда улар ҳам биз билан бирга бўлсин! Бундан сўнг, алданган амир ёрдамчилари, катта вазирлари ва армиясининг олдига қайтди. Уларни Тўлийхоннинг олдига бошлаб келгандан сўнг, ҳаммаси тутилиб, арқонга боғланди ва улардан иккита узун рўйхат ёзишлари талаб қилинди:Биринчи рўйхат: Шаҳардаги катта тижоратчилар ва мулкдорлар исмлари ёзилган рўйхат; Иккинчиси: Моҳир ишбилармонлар ва хунарманд-косиблар номлари ёзилган рўйхат[23]; Сўнгра Чингизхоннинг ўғли шаҳар аҳолисини ҳаммасини шаҳардан ташқарига чиқишига буюрди, халқдан биттаси ҳам қолмай шаҳарнинг ташқарисига чиқишди. Сўнгра Чингизхоннинг ўғли олтиндан бўлган курсига ўтирган ҳолатда буйруқ бера бошлади[24]: Биринчи буйруғи: Шаҳарнинг катталари, амирлари ва катта саркардаларни келтириб, омма халқнинг кўз ўнгида ўлдириш.Иккинчиси: Моҳир ишбилармон ва хунарманд-косибларни чиқариб, уларнинг малакалари ва иш кучларидан Мўғулистондаги ишлаб чиқариш ва саноатчиликда фойдаланиш масқадида, у ерга жўнатиш.Учинчиси: Мулк эгалари ва тижоратчиларни чиқариб, бор мол-мулкига далолат қилгунича қийноқ, азоб бериш. Мулкдорлар хазиналарини кўрсатиб беришди, уларнинг ичида ўз жонини қутқариб олишга етарли нарса тополмай калтакнинг зарбидан ҳаётдан кўз юмганлари ҳам бўлди.  Тўртинчиси: Шаҳарга кириб, уйларни тафтиш қилиш. Мулк, мато, олтин ва кумуш қидириш. Тафтиш уч кун давом этди. Ҳатто Хоразмнинг қадимги султонларидан бўлган султон Санжарнинг қабрини очиб, тилла ва кумуш қидиришди.Бешинчиси: Шаҳар аҳолисини битта қолдирмай ўлдириш. Эркак, аёл, гўдакларни ўлдира бошладилар ва бизга осийлик қилдинглар, бизга қарши бош кўтардинглар, ким бизга қарши бош кўтарса, оқибати нама шундай бўлади, дер эдилар. Ибнул Асир –раҳимаҳуллоҳ– айтади: Чингизхоннинг ўғли, шаҳар аҳолиси ўлдирилиб бўлгандан сўнг, ўликларни санашга буюрди, 700 минг ўлик бор эди[25]. Жувайнийнинг нақлига кўра, Марва шаҳрида ўлганлар сони 1300000 га етган эди, бу тасаввурга ҳам сиғмайди[26]. Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.    Ҳақиқатан, инсоният тарихида Одам алайҳис-салом яратилгандан буён, узоқ ўтмишда ва яқин келажакда ҳам мутлақо бунинг сингари қатағон, қирғин юз бермаган! Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ..... Марва шаҳри йўқ бўлди, унинг номи тарих саҳифаларидагина қолди. Бугун дунё харитасига назар солсангиз, ўша кунги Марванинг номидан асар ҳам қолмаган. Субҳаналлоҳ! Ҳозирги кунимизда мусулмонлар устида содир бўлаётган ҳодисаларга бир назар солсак, бугун биз ўша мўғуллар қиссасига нисбатан Оллоҳнинг буюк раҳматида эканлигимизни биламиз. Уч ёки тўрт йил ичида Фаластин аҳлидан уч ёки тўрт минг мусулмон ўлдирилаётган ёки Фаллуджада ўнлаб ёки юзлаб киши ўлдирилаётган ёинки бошқа ислом юртларида юзлаб мусулмонлар ўлдирилаётган бўлса, мўғуллар тарихида бир кунда битта шаҳарнинг ўзидан 700 мингдан ортиқ мусулмон ўлдирилди[27], булар бутун шаҳар аҳолиси эди. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ.....  Валлоҳу таъала аъламу....Оллоҳ субҳанаҳу ва таолодан унинг ер юзида жорий қилган қонунларини билдиришини, манфаатли бўлган илмни таълим беришини, таълим бергани билан фойдалантиришини ва тарихни бизларга ибрат қилишини сўраймиз, албатта у Оллоҳнинг қўлида ва у бунга қодир зотдир.Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.[1] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/372)[2] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/372)[3] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/372)[4] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/362)[5] Соф - 4[6] Насоий (847) ва Абу Довуд (1/150/547) ривоятлари[7] Абу Довуд (4/111) ва Аҳмад (5/278) ривоятлари[8] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (125-126-бет)[9] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/92), Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/374)[10] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/92), Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/374)[11] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/92), Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/375-376)[12] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/95), Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/389)[13] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/389)[14] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (130-131)[15] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/390)[16] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (131)[17] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (131-132)[18] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/391)[19] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/391)[20] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/393)[21] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (132)[22] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/392)[23] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/392- 393)[24] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/392-393)[25] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (393)[26] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (133), Жувайний "Тарихи Жаҳонгушойи"[27] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/96)