البحث

عبارات مقترحة:

الملك

كلمة (المَلِك) في اللغة صيغة مبالغة على وزن (فَعِل) وهي مشتقة من...

المنان

المنّان في اللغة صيغة مبالغة على وزن (فعّال) من المَنّ وهو على...

الشهيد

كلمة (شهيد) في اللغة صفة على وزن فعيل، وهى بمعنى (فاعل) أي: شاهد،...

Мўғил татар қиссаси 16-қисм

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف Абу Абдуллоҳ Шоший ، Шамсуддин Дарғомий
القسم كتب وأبحاث
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات التاريخ وتقويم البلدان - البلدان والممالك
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: – Ҳулагунинг амирларга муомаласи; – Ҳама шаҳрининг таслими; – Дамашқнинг таслими; – Мўғул хоқони Мангухоннинг ўлими; – Мўғуллар Дамашқда; – Дамашқда насронийлар ҳукмронлиги; – Фаластин ишғоли; – Миср мўғуллар қаршисида; – Айюбийлар давлатига чизгилар;

التفاصيل

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Мўғул-татар қиссаси Ўтган суҳбатимизда: Ҳулагунинг амирларга муомаласи Ҳамаҳ шаҳрининг таслими Мўғулларнинг Дамашқ сари отланиши Мўғул хоқони Мангухоннинг ўлими Мўғуллар Дамашқда          Фаластин ишғоли Миср мўғуллар қаршисида Мисрдаги ҳолат Айюбийлар давлатига чизгилар Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Мўғул татар қиссаси 16- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Мўғул-татар қиссасиБарча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.  Ўтган суҳбатимизда:–        Носир Юсуфнинг жиҳодга даъвати;–        Мўғуллар ва насронийлар ўртасидаги алоқа;–        Ҳулагунинг Ҳалабга йўналиши;–        Ҳалаб шаҳрининг қамал қилиниши;–        Майяфариқин шаҳри ишғоли ва амир Комил Муҳаммаднинг қатл қилиниши;–        Ҳалаб қалъасининг ишғоли каби мавзуларни зикр қилган эдик. Ҳулагунинг амирларга муомаласиҲулагу Ҳалаб ва Ҳарим шаҳарларини ишғол қилгандан сўнг, ғарбга Туркиянинг жанубида жойлашган Антокия[1] амирлигига қараб йўл олди. Бу амирлик Ҳулагунинг иттифоқдоши насроний амир Буҳмандга қарашли эди. Ҳулагу Антокия шаҳридан ташқарида ҳарбий лагер ўрнатди, сўнгра барча ҳамкорларини янги Ўрта Шарқ вазиятини музокара қилиш мақсадида қурилган конференцияга чақирди. Барча минтақалардан мўғул иттифоқдошлари Ҳулагунинг ҳузурига равона бўлишди. Жумладан, Арманистон подшоси Ҳайсум, Антокия амири Буҳманд, салжуқий амирлари Кай Ковус II ва унинг укаси Рукнуддин Қилич Арслон IV лар келишди.   Мажлисда Ҳулагу қарор ва буйруқлар мажмуасини бирма-бир зикр қила бошлади:Биринчи буйруқ: Боғдод, Майяфариқин ва Ҳалабнинг ишғолида ёрдамини дариғ тутмагани учун Арманистон подшоси Ҳайсумни Ҳалабдан тушган ғаниматлардан катта мукофот билан тақдирлади[2].Иккинчи буйруқ: У икки султон, яъни салжуқий амирлари Кай Ковус II ва Рукнуддин Қилич Арслон IV лар зарарига ҳукм ўқиди, яъни илгари мусулмонлар арманлар билан жанг қилиб, фатҳ қилган шаҳар ва қалъаларни Арманистон подшосига қайтариб берди[3]. Бу қарорга иккала султон ҳам эътироз билдиришга фурсат топмади ҳам.  Учинчи буйруқ: Ҳулагу ўзини қўллаб-қувватлагани учун Антокия амири Буҳмандга мусулмон Лазиқия[4] шаҳрини тақдим қилди[5]. Чунончи, бу шаҳар салибчилар қўлидан Салоҳуддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ замонларида озод қилинган ва ўша лаҳзадаёқ мусулмон бўлган эди. Энди эса, бир оғиз калима билан насронийларга топширилди. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ. Тўртинчи буйруқ: Ҳулагу томонидан берилган бу қарор жуда ғаройиб эди. Унда Антокия ва Арманистон подшоларининг зарарига ҳукм қилинди. Бу қарор бундан буён тизгин уларнинг янги саййидлари Ҳулагунинг қўлида эканлиги ва иттифоқдош амир ва подшоларнинг ҳеч ким эмаслига урғу бериш, ҳамда Ҳайсум ва Буҳмандлар биз Ҳулагуга тенг ҳуқуқлимиз деган ўйлари хомхаёл эканлигини исботлаш йўлида қилинган тадбир эди. Бу қарор, Антокия канисасига (черковига) янги патриарх тайинлаш қарори эди. Аслини олганда бу иш насронийларнинг вазифаси эди. Ҳулагунинг эса насронийликдан хабари ҳам йўқ эди. Лекин у эски патриархни вазифасидан олиб, янгисини қўйиш қарорини берди. Устига-устак янги патриархни Юнонистондан олиб келишини билдирди, яъни бошқача қилиб айтганда католиклар канисасига ортодоксал йўналишдаги патриархни бошлиқ қилишини айтди. Бу насронийлар тарихида учрамаган ўта хатарли ҳодиса эди. Католик ва ортодоксал (православ) тоифалари орасида муносабат эса жуда кескин эди. Ҳулагу италиялик роҳиб ўрнига юнонистонлик роҳиб Юмнимиусни тайин қилди[6]. Шомдаги барча канисалар католик мазҳабида эди. Ҳулагунинг бундай йўл тутиши остида бир неча сабаблар ётарди:Биринчи: Атрофида ўзларини бош деб санамасликлари учун Арманистон ва Антокия амирларини попугини пасайтириб қўйиш.Иккинчи: Минтақада ғалаён бўлиши, яъни бу жойлардаги амир ва подшоларнинг доимий муросасиз бўлиши.Учинчи: Ҳулагу маълум бир муҳлатга буюк Византия давлати императори билан муроса қилишни ихтиёр қилган эди. Мусулмон ўлкаларни забт этиб бўлгандан сўнг, уни ҳам эгаллашни дилига тугди[7]. Католикларнинг устига ортодоксал йўналишдаги патриархни келтирилишига Антокия амири эътироз билдира олмади. Салиб амирликларининг бунга қаршилиги эса бирор қийматга эга эмасди.    Ҳамаҳ шаҳрининг таслимиҲулагу Суриянинг шимоли ҳамда Туркиянинг жанубини эгаллади ва даставвал жанубга юриб Ҳамаҳ шаҳрини қўлга киритишни, сўнгра унинг ортидан Ҳимс шаҳрига юришни ўйлади. Ҳимс шаҳри хоин амир Ашроф Айюбийнинг ўлкаси эди. Ҳулагу Ҳимсдан кейин Дамашқнинг шимолига –Носир Юсуфнинг ишини битириш учун– юришни қасд қилди. Мўғул лашкари жануб сари юришга киришди. Шу вақт Ҳамаҳ шаҳрининг аъёнлари ва катталаридан иборат делегация Ҳулагунинг ҳузурига келиб, шаҳар калитларини топширишди. Ҳулагу уни қабул қилиб, шаҳарга омонлик берди[8]. Бу билан у шаҳар ва қалъаларни ҳамаҳликлар каби қаршиликсиз таслим бўлишларига чақирган эди.       Мўғулларнинг Дамашқ сари отланишиҲулагу Ҳамаҳ шаҳрини тарк қилиб, дўсти Ашроф Айюбийнинг мамлакати Ҳимсга қараб юрди, бироқ унга ҳам кирмасдан тўғри Дамашқ сари отланди. Чунончи, Ҳимс билан Дамашқ орасидаги масофа бор-йўғи 120 км эди. Носир Юсуфга шумхабар келди. Бу хунук хабар қўрғонли Майяфариқин амирлигининг ишғоли ва унинг амири Комил Муҳаммаднинг қатли, Ҳалаб ва Ҳаримнинг забт этилиши ҳамда Ҳамаҳ ва Ҳимснинг таслим бўлиши эди. Шунингдек, у Ҳулагунинг навбатдаги қадами Дамашқ эканлигини жуда яхши биларди.Ҳулагу Дамашқ аҳлига элчилар юборди. Элчилар шаҳарга 658 ҳ.с. 17 сафар / 1260 м.с. 9 феврал душанба куни кириб келишди. Пешин намозидан сўнг, шаҳар халқига таслим бўлиши муқобилида омонлик ваъда қилинган фармон ўқилди[9]. Шунда Дамашқ аҳлидан баъзи катта аъёнлар ва амир Зайнуддин Ҳофизий бошлиқ халқ Ҳалабнинг куни бошимизга тушмасдан таслим бўлайлик ва омонлик талаб қилайлик, дейишди. Аммо Рукнуддин Бейбарс Бундуқдорий бошлиқ Баҳрий мамлуклар ва шаҳар аҳлининг баъзилари бу фикрни раъд қилишди. Бейбарс амир Зайнуддинга: "мусулмонларнинг ҳалокатига сизлар сабабчисизлар", деди. Носир Юсуф амир Зайнуддиннинг фикрини маъқул кўрди. Шунда Бейбарс Баҳрий мамлукларга Носир Юсуфни ўлдириб, қалбида иймон, уммат ғами ва ҳамият бор одамни амир қилиш қарорини берди. Бундан хабар топган Носир Юсуф Дамашқ қалъасига беркинди. У Бейбарс ва Баҳрий мамлукларни Ғазога кетганидан хабар топгандан сўнг қалъадан чиқди[10].     Қўрқоқлигида машҳур Носир Юсуф нима қиларини билмай довдираб қолди. Ваҳолангки ўзи мўғулларга қарши жиҳод эълон қилиб қўйган эди. Энди нима қилиш керак деган ўй унинг ич-ичини кемира бошлади. У ўйлар оламида кўп ҳаялламасдан, армия сардорлари ва катталарини тўплаб мажлис қурди. Машварат тортишув ва баҳслар билан узоқ чўзилди, охири шаҳарни ҳимоя қилолмаймиз, қочишдан бошқа чора йўқ деган қарорни ёқлаб чиқишди. Аслини олганда шаҳарнинг ҳимояси ҳақида гап-сўз бўлмади десак муболаға бўлмас. Амир Носир Юсуф, унинг амирлари ва армияси Дамашқ шаҳри ва унинг халқини ҳимоясиз, ёрдамсиз ҳолатда ташлаб, ўзлари қочиб қолиш қарорига келишди. Носир Юсуф  658 ҳ.с. сафар ойи / 1260 м.с. феврал ойининг ўрталарида жума куни ўзига эргашганларни олиб, Барзадан Ғазога отланди. Мустаҳкам қўрғонли буюк шаҳар амирларсиз ва тамоман ҳимоясиз қолди[11]. Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун.Носир Юсуф Ҳалабга 23 йилу 7 ой, жумладан Дамашққа 50 кун кам 10 йил волийлик қилган эди[12].    Дамашқнинг таслимиДамашқ халқи эсанкираб қолди, чунки амирлари ва мунтазам армия шаҳарни ташлаб қочиб қолган, мўғул лашкари бир неча кундан кейин етиб келади ва мўғуллар ҳеч кимни аямайди, ҳўлу-қуруқ бирор нарсани саломат қўймайди. У ҳам етмагандай, халқ жиҳодга тайёргарлик кўрмаган ва жанг сирларидан бехабар эди. Шу сабаб, Дамашқ аҳли саросимага тушиб, нима қиларини билмай қолди. Шунда Дамашқнинг аъёнлари ва катталари жамланишди ва Ҳамаҳ халқи қилганидай улар ҳам шаҳар дарвозалари калитини Ҳулагуга топшириш муқобилида омонлик сўраш қарорига келишди. Озгина мужоҳидларни демасак, бошқа барча ушбу қарор тарафдори бўлган эди. Ўша оз сондаги мужоҳидлар Дамашқ қалъасини ўзларига қўрғон тутиб, охириги лаҳзагача туриб беришди. Ҳулагунинг Ҳамаҳ шаҳрига берган омонлиги ўз самарасини бера бошлаган эди. Дамашқ ҳам жангу жадалсиз таслим йўлини танлади. Дамашқ аъёнларидан иборат делегация Ҳулагунинг ҳузурига келиб, совға-саломлар билан шаҳар калитларини таслим қилишди ва итоатларини изҳор қилиб, омонлик талабида бўлишди[13]. Бироқ Ҳулагу бу делегацияга бироз ишонқирамади ва Китбугани Дамашқда ҳақиқатда аҳвол қандайлигини билиш учун жўнатди. У шаҳарга келганида халқ ундан омонлик сўради, сўнгра такрор шаҳар аёнларини Ҳулагунинг ҳузурига йўллади. Шаҳарда мусулмонларнинг ҳолати шу қадар тубанликка етгани ва ақалли бир киши ҳам бош кўтармаганидан тарихчи Рошидуддин шундай тасвирлайди: "Мўғуллар шаҳарга бирор муҳосара ва жангу жадалсиз кириб бордилар"[14], яъни мушугини пишт дейдиган одамнинг ўзи бўлмади. Сўнгра Ҳулагу шаҳарга бир гуруҳ мўғулларни ҳамда шаҳар аҳлидан уч кишини бошқарувга тайин қилди[15].           Мўғул хоқони Мангухоннинг ўлимиҲулагу Дамашққа киришидан олдин кутилмаган ҳодиса юз берди, бу ҳодиса мўғуллар учун катта мусибат эди. Бу хабар Ҳулагу Дамашққа нажас оёғини энди қўйишга шай бўлиб турганда келди. Мўғуллар учун нохуш, бутун олам учун хушхабар бўлган бу ҳодиса мўғул хоқони Мангухоннинг ўлими эди. Мангухоннинг укаси ҳамда мўғул хонлигига номзод Ҳулагу Дамашққа кириш ё кирмаслигини билмай қолди. Ҳулагу кенг миқёсда ғалаба қозонган, мусулмонлар тарихида ўчмас қора из қолдирган, Аббосийлар хилофатини ағдарган шахс эди. Ҳулагу Шом ва унинг атрофидаги минтақалар ҳокимлиги эмас, бутун бошли мўғул империясига ҳукмрон бўлиш пайига тушди ва лашкарини ташлаб ўзи Қорақурумга шошилди. У Эроннинг Табриз шаҳрига етганида унга қаттиқ зарба бўлган воқеадан хабардор бўлди, мўғул давлати хоқонлигига Қубулой сайланган эди. Шунда у Қорақурумга бўлган сафаридан воз кечди, Шомга ҳам қайтмади. Табризда туриб, эгаллаган кенг мамлакатидаги вазиятни кузатиб туришга қарор берди.   Мўғуллар Дамашқда          Ҳулагу Шомдаги мўғул лашкарига Китбуга нойон[16]ни ўринбосар қилиб қолдирган эди. У Дамашқ аъёнларидан олган шаҳар калитлари эвазига Дамашқ аҳлига омонлик берди ва лашкари билан буюк шаҳар Дамашқ сари йўл олди. Бир пайтлар Умавийлар хилофатининг пойтахти бўлган Дамашқ, Аббосийлар пойтахти Боғдод сингари ишғол қилинди. Дамашқ ислом оламидаги катта шаҳарлардан бири бўлибгина қолмай, энг муҳим жиҳод майдони ва юксак илм даргоҳи ҳам эди. Дамашқ мўғул лашкарига тўлди, улар сафар ойининг охирларида бирор қаршилик ва жангу жадалсиз шаҳар дарвозаларидан хотиржам кириб келишган эди[17]. Оҳ, Шомнинг дури гавҳари! Оҳ, ислом оламининг қалби! Қани Убайда ибн Жарроҳ? Холиб ибн Валид, Язид ибн Абу Суфён, Амр ибн Ос, Шураҳбил ибн Ҳасана разияллоҳу анҳумлар қани? Бундан олти аср олдин бу қўрғонли шаҳарни фатҳ қилган фотиҳлар қани? Бу ўриндан туриб бутун дунёга ҳукм қилган Муовия разияллоҳу анҳу қани? Бани Умайя халифалари қани? Ғалаба ва фахрли жиҳодлари билан тилларда достон бўлган Имодуддин Зинкий ва Нуруддин Маҳмуд раҳимаҳумаллоҳлар қани? Айни дамда Дамашқ тупроқларида ётган Салоҳуддин Айюбий раҳимаҳуллоҳчи?   Кунлар ўтиб, мусулмонлар тушларида ҳам кўрмаган ишларга гувоҳ бўлишади. Насроний амирларидан учтасининг лашкар бошида мағрурона Дамашқ дарвозаларидан кириб, буюк ислом шаҳри кўчаларида виқор билан айланиб юришларига гувоҳ бўладилар. Мўғул лашкари олдида уларнинг сардори насроний Китбуга нойон ва унинг ҳамроҳлари Арманистон подшоси Ҳайсум билан Антокия амири Буҳманд кириб келишади. Ҳижрий 14 - йил исломий фатҳ бўлган кезлар Рум қайсари Ҳирақл замонида Румон лашкарининг амирлари Дамашқни тарк қилгандан буён, бу шаҳарга илк бор насроний амирларнинг қадам қўйиши эди[18]. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ.    Мўғуллар қалъани ўзларига қўрғон қилган мужоҳидлардан бошқа ҳеч кимни ўлдирмадилар. Дамашқ  658 ҳ.с. сафар ойининг охирларида / 1260 м.с. феврал ойида, яъни Боғдод ағдарилганидан икки йилдан сўнг ишғол қилинди[19]. Бу икки йил мобайнида мўғуллар Ироқ, Туркия ва Суриянинг бир қатор шаҳарларини забт этишди. (15 - х)Китбуга  658 ҳ.с. 6 рабиъул аввал / 1260 м.с. 27 феврал кечқурун Ҳулагудан фармон олиб, мужоҳидлар қўрғон қилган қалъани қамал қилишга киришди. Қалъа атрофига 20 дан ортиқ манжаниқлар ўрнатиб, қалъани ўққа тутди. Ва ниҳоят шу йилнинг 22 жумодул увло, яъни 12 май куни қалъани ишғол қилишди[20]. Ундаги ҳамма нарсаларни бузиб, вайрон қилишди. Мужоҳидларнинг бошлиғи Бадруддин ибн Муҳаммад Қормажоҳ ва унинг ёрдамчиси Жамолуддин ибн Сайрафий ал-Ҳалабийни қўлга олиб, қатл қилишди[21].Дамашқда насронийлар ҳукмронлигиМўғуллар Дамашқ шаҳрини насронийлар воситасида идора қила бошлади. Насронийларни улуғлаб, уларга жуда муҳаббатли бўлган Эбел Сиян исмли мўғул шаҳар бошқарувига қўйилган эди. Дамашқ ўз тарихида жуда ажиб даврни бошидан кечира бошлади. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя"да бу ҳолат тафсилотини шундай тасвирлайди: "Эбел Сиян лаъанаҳуллоҳ, насроний епископ ва руҳонийларни тўплаб, уларни жуда улуғлаб, канисаларини зиёрат қилди. Унинг юзидан улар ҳам давлат, ҳам савлат топдилар. Улардан бир гуруҳи совға-саломлар билан Табризга Ҳулагунинг ҳузурига боришди. Ҳулагу уларни чиройли қаршилади, сўнгра улар ҳадияларни тақдим қилиб, эвазига ундан омонлик олишди"[22].   Улар Дамашқнинг Тумо эшиги[23]дан қўлларида ёғочга ўрнатилган хоч билан киришди. Улар хочларини баланд кўтариб олишган ва "Саҳиҳ дин бўлмиш Масиҳнинг дини ғолиб бўлди", – деган ўзларининг манфур шиорларини айтган ҳолатда кириб келишарди[24]. Ислом дини ва мусулмонларни хўрлаган ҳолатда хамр солинган идиш ва шишаларни кўтариб олиб, бирор масжид ёки мусулмонларнинг олдидан ўтсалар, идишдаги бу нажас – хамрни унинг эшиклари ёки мусулмонларнинг юзларига сепмасдан ўтмас эдилар. Бу ҳодиса муборак ой рамазон кунларига тўғри келган эди[25]. Кўча-кўй ва бозорларда юрган мусулмонларни хочларининг қаршисида тик туришига буюрар эдилар. Уларнинг хатиби бозорнинг бир бурчагидаги дўконнинг қаршисига келиб, насронийлик динини мадҳ этиб, ислом дини ва мусулмонларни мазаммат қилди. Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун. Сўнгра улар масжидга киришди, киришларидан олдин унинг эшикларига майни сепишди[26]. Шунда мусулмон қозилар, гувоҳлар ва фақиҳлар Эбел Сианга шикоят қилиб, унинг ҳузурига боришди. У мусулмонларни хўрлаб, насронийларнинг катталарини сўзини уларга тақдим қилиб, ҳузуридан қувиб солди[27].    Фаластин ишғолиСўнгра Суриядаги мўғул сардори Китбуга нойон лашкаридан бир қисмини Фаластинга жўнатди. Бу мўғул лашкари Фаластинни ишғол қилди, сўнгра Наблус[28]ни қўлга киритди. Кейин мўғул қўшини Фаластиндан ўтиб, Ғазо шаҳрини ишғол қилди. Бироқ улар Сурия ва Ливанда насроний амирликларига тегмаганларидек, Фаластиндаги салиб амирликларига ҳам яқинлашмади. Шундай қилиб, Фаластин мўғуллар ва насронийлар орасида тақсимланди. Мўғуллар Фаластинни ишғол қилган ондан эътиборан бутун Ироқ, Туркиянинг катта ҳудудлари, Сурия, Ливан ва Фаластинни эгаллаган эдилар. Буларнинг барчаси атиги икки йил, яъни  656 - 658 ҳ.с.лар / 1258 - 1260 м.с.лар орасида юз берди[29].     Миср мўғуллар қаршисидаМўғулларнинг навбатдаги қадами Миср эди. Мўғулларнинг олдида Миср ҳудудигача бор йўғи 35 км масофа қолган эди халос. Ўша пайтлар Миср Мамлуклар ҳукмида эди. Мўғулларнинг Мисрга юриш қилишларининг бир неча сабаблари бор эди:Биринчи: Мўғулларнинг босқинчилик сиёсати. Ундан маълум бўладики, улар бир давлатни босиб олсалар, сўнгра албатта бошқасига ўтардилар. Энди уларнинг навбатдаги қадами Фаластиннинг ён қўшниси Миср диёри эди.Иккинчи: Ислом олами ичида мўғулларга таҳдид солиш қувватига эга бўлган биргина Мисрнинг қолганлиги. Хоразм давлати, Боғдод, Ҳалаб, Дамашқ ва бошқалар маҳв этилди. Ислом оламидаги охирги бекат Миср минтақаси бўлиб, борди-ю у ҳам забт этилса, ер куррасида мусулмонларнинг қадри қолмаслиги турган гап эди.  Учинчи: Мисрнинг ўта муҳим стратегик мавқега эгалиги. Миср қадимда дунёнинг марказларидан бўлиб, у орқали тижорат йўллари ўтганлиги кундай равшан эди.   Тўртинчи: Мисрнинг Африка эшиги эканлиги. Агар Миср қўлга киритилса, мўғуллар шимолий Африкани бутунлай қўлга киритар эдилар, чунки ўша дамлар шимолий Африка айтарлик қувватга эга эмасди.  Бешинчи: Миср нуфусининг кўплиги. Ўша вақтларда Мисрнинг аҳолиси бошқа ислом минтақаларига қараганда анча кўп эди. Бу эса ўз навбатида ҳар қандай душманга ҳақиқий хатарни туғдириши табиийдир. Олтинчи: Миср аҳлининг диний ҳамияти ва исломий уйғониши жуда юксаклиги. Мўғуллар қўрққан нарса ҳамиятли, ғурурли ва исломий уйғоқ катта халқ орасидаги ғаюр, исломни ардоқлаган солиҳ мужоҳидлардан бири уларга бош бўлиб, вазиятни ўзгартириши ва мўғулларни бу минтақаларга киришини манъ қилиши эди[30]. Мисрдаги ҳолатМўғулларнинг Мисрга ҳужум қилишига доир воқеалар ҳақида сўзлашдан олдин, Миср минтақасидаги ҳолат ва Мамлуклар тарихига оид маълумотларни зикр қилишни лозим топдик. Бунинг тафсилоти янги мавзуга киришимизни тақозо қилади. Оллоҳ таолодан тавфиқ сўраган ҳолда унинг изоҳига киришамиз, иншааллоҳ. Дарҳақиқат, ислом тарихида чуқур из қолдирган Мамлуклар давлати тарихидан нафақат омма мусулмонлар, ҳатто зиёли мусулмонларнинг аксарияти ҳам бехабардир. Бунинг бир неча сабаблари бор, жумладан: Мамлуклар давлати пайдо бўлган кезларда ислом уммати катта бўлиниш, тарқоқликка юз тутган ҳамда унинг ичида кўплаб амирликлар ва давлатчалар юзага келган эди. Тарихнинг бу даврини ўрганиш ўқувчидан зўр бериб тиришишни талаб қилади. Чунки Мамлуклар фақат маъруф бўлган бешта ёки олтита шаҳаргагина ҳукм юргизган. Уларнинг пайдо бўлиши ислом оламининг бир қатор жойларида пайдо бўлган амирликлар билан ҳамоҳанг бўлган ва Мамлуклар тарихини билиш учун улар билан замондош бўлган ҳамда у билан бирга тарихий воқеаларни бошдан кечирган бу минтақаларнинг барчасини ўрганиш зарур бўлади. Бу эса, шубҳасиз мураккаб ва ўзига яраша машаққат ҳам.       Мусулмонларнинг Мамлуклар тарихини билишдан узоқ бўлишларига олиб келган сабаб ва омиллардан яна бири: Мамлуклар давлатида волий ва султонларнинг кўп бўлганидир. Агар бир волий ёки султон узоқроқ муддат бошқарув курсисида ўтирса, бу даврни яхшироқ фаҳмлаш мумкин. Аммо султонларнинг тинимсиз алмашиниб туриши ўша даврни билишни қийинлаштиради. Мамлуклар давлатининг аввали айнан шундай бўлган. Бу давлатни бир неча босқичларга бўлиш мумкин, унинг илк босқичи "ал-Мамалик ал-Баҳрия" давлати деб аталган ва 144 сана давом этган. Бу даврда 29 та султон ўтган, яъни ўрта ҳисобда ҳар 5 йилда давлат бошлиғи алмашиб турган[31]. Бу билан ҳар бир султон қатъан 5 йилдан ҳоким бўлди, демоқчи эмасмиз, уларнинг ичида бир неча йиллар ёки бир-икки йил султон бўлганлари бўлган, албатта. Лекин шу муддатда ўшанча ҳоким ўзгарганини англатмоқчимиз, бу эса ўша даврнинг тарихини ўрганишни қийинлаштириши аниқ.Ҳаммасидан ҳам Мамлуклар тарихини мавҳумлашишига олиб келган сабаб, бу Ислом тарихини сохталаштиришдир. Шарқшунослар ва уларга мафтун ҳолатда эргашган баъзи мусулмонлар бу сохталикни катталаштириб юбордилар. Чунончи, Мамлуклар ер курраси тарихида, айниқса ислом тарихида ўта муҳим ва порлоқ мувофақият соҳиблари бўлишига қарамай, бу шарқшунослар улар ҳақидаги маълумотларни нотўғри талқин қилиб, бузиб кўрсатдилар. Бу муфовақиятларнинг энг муҳими: Мамлуклар давлати ислом умматини парчалаб ташлашга бел боғлаган ер юзидаги икки қувват: Мўғул ва Салибчилар қувватларига катта тўсиқ бўлиб келганидир. Мамлуклар тарихнинг турли босқичларида бу икки тажовузкор гуруҳларга қарши мунтазам жиҳод қилиб келди.      Мамлуклар давлати ер юзида роппа-роса 270 йил ислом байроғини кўтариб келди. Усмонийлар хилофати мусулмонлар байроғини қўлга олгунча уни баланд кўтардилар. Мамлуклар қиссасига киришдан олдин бир оз орқага қайтамиз, яъни Мамлуклар давлатидан илгариги Айюбийлар давлати ҳақида озроқ тўхталамиз.   Айюбийлар давлатига чизгиларАйюбийлар давлатига  569 ҳ.с. / 1174 м.с. ислом оламининг буюк қаҳрамони Салоҳуддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ асос солган эди. Бу саналар ниҳоятда аҳамиятлидир, буларни ҳар бир мусулмон кишининг билиши фойдадан холи бўлмайди. Салоҳуддин Айюбий бу давлатни оламдан кўз юмгунича, яъни  589 ҳ.с. / 1193 м.с.гача 20 йил мобайнида бошқариб келди. Ўша дамлар Миср ва Шом ўлкалари бир бутун давлат эди. У киши буюк иқтидор билан салиб подшоликларига қарши жиҳод қилди ва улкан ғалабаларга эришди. Жумладан, бу ғалабаларнинг энг машҳури  583 ҳ.с. рабиъул охир ойи / 1187 м.с. ёз ойларига тўғри келган "Ҳиттин" ғалабаси эди. Бу сана ҳар бир мусулмон ёдида сақлаши шарт бўлган тарихий саналардандир.У зот "Ҳиттин" ғалабасидан 3 ойдан сўнг, ражаб ойида Байтул Мақдисни фатҳ қилди. Салоҳуддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ ўзидан кейин Миср, Шом, Ҳижоз, Яман, Ироқнинг юқори қисмлари, Туркиянинг маълум жойлари, Ливия ва Нубанинг муайян бўлимларини ўз ичига олган катта давлатни қолдирди. Бу давлат ниҳоятда қувватли эди. Ўша вақтлар салибийлар Ўрта ер денгизи соҳилидаги кичкина жойга сиқиб қўйилган эди. Салоҳуддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ Шомда мавжуд бўлган салиб амирликларини тўлиқ яксон қилган бўлмаса-да, Шом ва Фаластин ерларининг аксариятини салибчилардан озод қилган эди.  Салоҳуддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ вафотидан сўнг, салибчиларга қарши жиҳод анча сусайди, мол-дунё ва кенг давлат қаршисида Салоҳуддин Айюбийнинг фарзандлари қаттиқ фитналанди. Натижада, Айюбийлар давлати бўлакларга бўлиниб кетди. Бунинг тафсилотларини салиб юришлари ҳақидаги дарсларда баён қиламиз, иншааллоҳ. Улар ўртасидаги курашлар 59 йил муттасил давом этди. Яъни  589 ҳ.с.дан –яъни Салоҳуддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ вафотидан– то 648 ҳ.с.гача давом этди. Бу кураш нафақат айтишув ва тортишув билан, ҳатто қилич кўтариб жанг қилиш ва мусулмонларнинг қони тўкилиши билан борди. Бу эса ислом оламида кучли тарқоқликка олиб келди. Салоҳуддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ кучли давлат барпо қилиб, уни ўзидан кейин умматга қолдириб кетгани ва у кишидан сўнг бу жангу жадалнинг содир бўлгани ажабланарли эмас, дунё шундай нарсаки, унинг дастидан кўпчилик ҳалокатга гирифтор бўлади. Тарихлар оша ҳалокат ва фитна манбайи бўлган бу дунё ислом умматини ҳам ўз домига тортмай қўймади.    Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтадиларки: "Кимники ғами дунё йиғиш бўлса, унинг йиққанини Оллоҳ тарқатиб юборади ва камбағаллигини унинг икки кўзи орасига ўрнаштириб қўяди. Бундай кимсага фақат унинг тақдирига ёзиб қўйилган ризқигина келади. Кимники нияти охират бўлса, Оллоҳ унинг ишини жамлайди ва унинг бойлигини қалбига жойлаштириб қўяди. Дунё унга бўйсуниб келади"[32]  Салоҳуддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ жиҳодни ва Оллоҳнинг сўзини олий қилишни ўз олдига ягона мақсад қилиб олганида Оллоҳ таоло у кишининг ишини жамлади ва бойлигини қалбида қилди ҳамда унга дунёни хоҳламаса ҳам берди. Аммо ундан кейинги султонларнинг бутун ташвишлари дунё жамғариш бўлганида, Оллоҳ уларнинг ишларини тарқоқ қилдики, ҳатто тўғрини хатодан, ҳақни ботилдан ажрата олмайдиган бўлиб қолдилар. Гоҳида мусулмонлар, гоҳида салибчилар, баъзан эса мўғуллар билан бирга бўлишди. Оллоҳ таоло уларнинг фақирликларини кўз ўнгида қилиб қўйди. Уларнинг орасида хор бўлиб ёки фақир, қочоқ ва маҳбус ҳолатда ўлганлари бўлди. Бу ҳодисалар Салоҳуддин Айюбий раҳимаҳуллоҳнинг вафотларидан сўнг, у кишининг замонларида рўй берди.  Валлоҳу таъала аълам....  Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.[1] Турк. Antakya.[2] Абдуссалом Фаҳмий "Тарих ад-давлат ал-мўғул фи эрон" (141 - бет), Саййод "Ал-мўғул фит-тарих" (1-жилд, 294, 295 - бет).[3] Абдуссалом Фаҳмий "Тарих ад-давлат ал-мўғул фи эрон" (141 - бет) , Саййод "Ал-мўғул фит-тарих" (1-жилд, 294, 295 - бет).[4] Турк. Lazkiye.[5] Абдуссалом Фаҳмий "Тарих ад-давлат ал-мўғул фи эрон" (141 - бет) , Саййод "Ал-мўғул фит-тарих" (1-жилд, 294, 295 - бет).[6] Сиржоний "Қиссатут-татар" (193, 194  - бет).[7] Сиржоний "Қиссатут-татар" (194  - бет).[8] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/396), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (97 - бет).[9] Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (93 - бет).[10] Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (94 - бет).[11] Мақризий "ас-Сулук" (1/511-бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (95 - бет).[12] Мақризий "ас-Сулук" (1/511-бет).[13] Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2 - жилд, 1 - қисм, 307, 308 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (96 - бет). [14] Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2 - жилд, 1 - қисм, 307, 308 - бет).[15] Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2 - жилд, 1 - қисм, 307, 308 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (96 - бет).[16] Нойн ёки нойон сўзининг маъноси 10.000 аскарнинг амири деганидир. Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/414).[17] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/396).[18] Саййид ал-Урайний "Ал-мўғул" (248 - бет). [19] Сиржоний "Қиссатут-татар" (201 - бет). [20] Мақризий "ас-Сулук" (1/513 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (97 - бет).[21] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/397).[22] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/397, 398).[23] Бу эшик қадимги Дамашқ дарвозаларидан бири бўлиб, шаҳарнинг шимоли-шарқий томонида жойлашган ва унинг номи 12 насроний элчилардан бири бўлган Сент Томаснинг шарафига қўйилгандир.[24] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/398).[25] Мақризий "ас-Сулук" (1/512 - бет).[26] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/398).[27] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/398, 399).[28] Ёки Набулус.[29] Сиржоний "Қиссатут-татар" (204 - бет).[30] Сиржоний "Қиссатут-татар" (205, 206 - бет).[31] Сиржоний "Қиссатут-татар" (207 - бет).[32] Ибн Можа, Табароний, Ибн Ҳиббон ривоятлари.