البحث

عبارات مقترحة:

الرفيق

كلمة (الرفيق) في اللغة صيغة مبالغة على وزن (فعيل) من الرفق، وهو...

المقدم

كلمة (المقدِّم) في اللغة اسم فاعل من التقديم، وهو جعل الشيء...

الأحد

كلمة (الأحد) في اللغة لها معنيانِ؛ أحدهما: أولُ العَدَد،...

Мўғил татар қиссаси 21-қисм

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف Абу Абдуллоҳ Шоший ، Шамсуддин Дарғомий
القسم كتب وأبحاث
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات التاريخ وتقويم البلدان - البلدان والممالك
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: – Ҳулагунинг малик Музаффар Қутузга йўллаган мактуби; – Мўғул элчиларининг ўлдирилиши; – Исломда эчилар ўлдирилишининг ҳукми; – Ислом лашкарининг жангга ҳозирлиги; – Мисрдаги иқтисодий, моддий қийинчиликлар;

التفاصيل

Мўғул татар қиссаси 21- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Мўғул-татар қиссаси Ўтган суҳбатимизда: Мўғул элчиларининг ўлдирилиши Исломда эчилар ўлдирилишининг ҳукми Ислом лашкарининг жангга ҳозирлиги Иқтисодий, моддий қийинчиликлар Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.  Мўғул татар қиссаси 21- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Мўғул-татар қиссасиБарча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман. Ўтган суҳбатимизда:–        Мўғулларга қарши жангга тайёргарлик;–        Миср ва Шомни бирлаштириш ҳаракати;–        Шом амирларининг тутган ўрни;–        Ҳижрий 658 йилнинг бошларигача бўлган босқич;–        Миср халқининг аҳволи;–        Мисрликлар ва Мамлуклар ҳаётида шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳнинг тутган ўрни;–        Оллоҳ йўлидаги мужодала кабилар мавзуимиздан ўрин олган эди.Ҳулагунинг малик Музаффар Қутузга йўллаган мактубиЎтган дарсимизда Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг Мисрга волий бўлиши, умматни оёққа тургизиш ҳаракати, Мисрнинг ички вазиятини барқарорлаштириши, Баҳрий мамлукларни афв қилиши, Муъиззий ва Баҳрий мамлукларни бирлаштириш йўлида амалга оширган ишлари, Шом амирларига элчилар юборгани, Носир Айюбийнинг ва Ҳамаҳ амирининг армияси Миср лашкарига қўшилгани ҳақида айтиб ўтгандик.   Қутуз тайёргарлик кўраётган бир пайтда Ҳулагунинг тўрт элчиси унинг таҳдид маъносини ўз ичига олган мактубини унга келтирди. Ҳулагу қуйдагиларни битган эди: "Машриқу-мағрибнинг шоҳаншоҳи буюк Хондан.... Еру-заминни тўшак, осмону-фалакни бино қилган Оллоҳ номи билан бошлайман. Бизнинг қиличларимиздан қочиб Миср ерларига борган, ундан сўнг "Тузини еб, тузлиғига тупуриб" султонларини ўлдирган мамлукларнинг бири султон Музаффар Қутузга! Султон Музаффар Қутуз, унинг амирлари, халқи ва Мисрнинг атрофидаги халқлар билиб қўйсинларки, биз Оллоҳнинг ердаги аскарларимиз, У бизни қаҳр-ғазаби жумласидан қилиб яратди. Кимга ғазаби муҳаққақ бўлса, уларнинг устига бизни келтирди. Барча мўътабар шаҳарлар сизларники бўлсин. Биз азму-қароримиздан қайтмаймиз. Бошқаларга ҳам насиҳат қилинг ва пушаймон бўлмасдан олдин таслим бўлинг! Зеро, биз кўзёш қилганга раҳм қилмаймиз, зорланганга ачинмаймиз. Бизнинг мамлакатларни фатҳ қилиб, ер юзини ислоҳ қилганимизни, ютрларнинг аксар халқини ўлдирганимизни эшитганларинг аниқ. Бас, сизлардан қочиш бўлса, бизлардан қувиш. Қайси ер сизларга қароргоҳ, қайси йўл сизларга нажот бўлур ва қайси давлат сизларни ҳимоя қилур? Сизларга қиличларимиздан халос бўлиш, чангалимиздан қутулиш йўқ. Зотан, суворийларимиз тенгсиз, қиличларимиз кескир, найзаларимиз ўткир, қалбларимиз бамисоли тоғ ва ададимиз қумларнинг ададичадир! Бизга қўрғонлар ғов бўлмас, жангга кирган қўшинлар наф кўрмас, дуои баъдларинг бизга кор қилмас! Чунки сиз ҳаром ейсиз, аҳду қасамларни бузасиз, орангизда оқ бўлиш ва осийликни кенг ёйгансиз. Бас, сизларга хорлик ва шармандалик қуллуқ бўлсин! "Энди бугун ерда ноҳақ кибру ҳаво қилганларингиз ва итоатсиз бўлганларингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланурсизлар"[1], "Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар"[2]. Ким бизга уруш очса надомат қилгай, ким омонлигимизни талаб қилса саломат қолгай. Шартимиз ва амримизга итоат қилсангиз, сиз ўз йўлингиздан, биз ўз йўлимиздан кетамиз. Борди-ю хилоф қилсангиз, ҳалок бўлурсиз. Шундай экан, ўз қўлларинг билан ўзингизни ўлдирманг! Сиз бизни кофир деб билсангиз, биз сизни фожир деб биламиз. Сиз кўп деб билганлар бизнинг наздимизда оздир ва азизларингиз ҳузуримизда хордир. Подшоларингга хорликдан бошқа йўл йўқ. Уруш алангаси учқуни сиз томонга етмасдан жавобда пайсалламанг!.... Элчи жўнатиб инсоф қилдик. Огоҳлантириб, уйғотдик. Зеро, сиздан бошқа мақсадимиз ҳам қолмади. Бизга, сизга ҳамда ҳидоятга эргашганларга, қирғин оқибатидан қўрққан ҳамда буюк подшога итоат этганларга салом бўлсин!"[3]. Бу мактубни Ҳулагуга дини ва ватанини арзимас дунё матосига сотган мусулмон адиблар ёзиб берганди. Бу ҳайратомуз рисолада бирор бир дипломатик алоқа борасида сўз топиш маҳолдир. Мактубда учинчи йўл йўқ, урушиш ёки таслим бўлиш, очиқ-ойдин эълон қилинган эди.   Қутуз раҳимаҳуллоҳ олий кенгаш қурди[4]. Бу кенгашга катта қўрбошилар, амирлар, вазирлар ва уламолар йиғилди. Уларнинг олдига хатарли масала қўйилган бўлиб, у ҳам бўлса икки йўлдан бирини танлаш эди. Қутуз олдида эса фақат битта йўл, у ҳам бўлса мўғулларга қарши жанг қилиш ғояси бор эди. Таслим бўлиш, омонлик сўраш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Зеро, у ҳақ-ҳуқуқ бекордан-бекорга берилмаслиги, балки уни олиш лозимлигини яхши биларди. Бироқ Қутузнинг ёнидаги амирлар фиқҳу-фаҳмда унингдек етук эмасдилар. Тўғри, улар исломни севувчи, динига ҳамиятли, юксак жанговор тажрибага эга эди-да, аммо синов ундан-да қийин ва оғир эди! Дарвоқе, шарқдан Кореядан бошланиб, ғарбдан Польшагача чўзилган мўғул давлатининг имкониятлари, қурол-аслаҳа ва тайёргарлиги Миср давлатиникига қараганда анча устун эди. Қолаверса, мўғул лашкари шу кунгача Хоразм, Арман, Гурж, Аббосийлар, Европа ва Шом қўшинларини тор-мор қилиб, уларни даҳшатли суратда қирғин қилганди. Бу воқеалар эл оғзида достон бўлиб, мўғулларнинг даҳшати бутун дунёга таралган эди. Халқ орасида оғиздан-оғизга кўчиб юрувчи "Мўғулларнинг енгилгани ҳақида кимдан эшитсанг ҳам тасдиқлама, чунки улар енгилмайди!" қабилидаги сўзлар таъсирида бу амирлар ҳам Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг фикрига бирдан қўшилишга иккиландилар.Бу ўринда доно йўлбошчи нима қилди?Қалблардаги қўрқув ва тушкунликни қандай бартараф қилди?Одамлари онгида "бўлиши мумкин бўлмаган" ишни амалга оширишга қандай ишонтирди?Келинг! Буни қаҳрамонимиз Қутуздан таълим оламиз. Қутуз олий тарбия қуролларидан иккитасини қўллади:Биринчи: Ўрнак бўлиш йўли эди. Дарҳақиқат, "бир кишининг минг киши олдида қилган иши, минг кишининг бир киши олдида айтган сўзидан яхшироқдир". Қутуз раҳимаҳуллоҳ шижоат ва қатъийликла: "керак бўлса якка ўзим мўғулларга қарши жанг қиламан"[5], деди. Қутуз урушга чиқса, подшолиги ва мансабидан бирор манфаат кўролмаслиги мумкин, бунинг устига у йигитлик даврида эди.  У Қоҳирада қасрида ўтириб жангга лашкар йўлласа маломатга қолмасди. Бироқ Оллоҳ йўлидаги ўлимга, мўғулларни қарши олишга ўзи чиқажагини сўзлади. У давлатнинг бошида бўлиб, агар у ўладиган бўлса, уммат иши зое бўлиши мумкин эди. Лекин у қўрқувдаги ва изтиробдаги қалбларни жонлантириш, илҳомлантириш, уларнинг руҳларини кўтариш учун бундан кўра афзалроқ йўл топмади. У урушга, шаҳодатга ва жаннатга муштоқ бўлсада ҳаргиз Оллоҳ азза ва жалла белгилаб қўйган муҳлатдан олдин ўлмаслигини назарий билганларга амалий намуна бўлди. Ким назарий жиҳатдан билган бу ҳақиқатга воқеий ҳаётида амал қилиб яшамоқда?! Одамлар ризқ ва умрларини зиёда қилиш учун ҳар доим елиб югуради. Лекин кўпчилик инсонлар шижоат ҳеч қачон ризқни камайтирмаслиги ҳамда умрни қисқартирмаслигини, қўрқоқлик мол-дунёни кўпайтирмаслиги ҳамда бу ҳаётда абадий қолдирмаслигини билмайдилар!! Қутуз раҳимаҳуллоҳ одамларга бунинг ҳақиқатини ўргатди. Инсон бир лаҳза бўлсада азиз бўлиб яшаши, бир аср хору-зор бўлиб яшаганидан афзал эканини таълим берди. Тахтда ўтириб, керак бўлса якка ўзим мўғулларга қарши жанг қиламан, деб турган Қутузни кўрган амирларнинг қалбларида ҳамиятлари қўзғалиб, қаттиқ тўлқинланди. Ўрнак бўлиш дегани мана шу эди. Амирлар руҳланиб, барчалари Қутузнинг мўғулларга қарши жанг қилиш фикрини ёқлашди.  Яқин ўтмишда халқ, қийинчилик ва танглик вақтида фақат ўз нафси ва яқинларининг омонлигини кўзлаб, халқни ташлаб жуфтакни рослаган амиру-подшоларни кўриб келарди. Алоуддин Муҳаммад ибн Хоразмшоҳ, унинг ўғли Жалолуддин Мангуберди ва бошқа бошлиқларнинг ҳолатларига қиссамизнинг аввалида гувоҳ бўлгандик. Аммо бошлиқнинг қўрбошилари, аскарлари ва халқи билан бир майдонда бўлиши, уларни шижоатлантириб ва руҳларини тетик қиларди. Бу Қутузнинг одамларни Оллоҳ йўлида урушга тарғиб қилишда тутган йўли эди.Бизга энг яхши ўрнак Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдир. Имом Бухорий Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: "Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг энг яхшиси, энг саховатлиси ва энг шижоатлиси эди. Мадина аҳли бир кеча ногаҳоний бир товушдан ҳузурсиз бўлди. Шунда одамлар овоз томонга қараб юрдилар. Улар йўлда ортга қайтаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлиқдилар. У зот Абу Талҳанинг отини яйдоқ миниб, бўйинларида қиличлари билан ҳодиса хабарини билиб, қайтаётган эканлар. Одамларга: "Қўрқманглар, қўрқманглар, ҳеч гап йўқ!", дедилар"[6]. Бундан кўринадики, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам уммат орасида, унинг ғамида ҳатто ўз жонларини таҳликага қўя оладиган, шижоат ва жасорат майдонида умматга намуна эдилар.     Иккинчи: Қутуз, одамзотининг яратилиши ва ер юзида яшашига изн берилишига сабаб бўлган улуғ мақсад ва олий ғояни хотирлатди. У одамлар руҳиятини моддиятдан олий уфқларга кўтарди. Уларни Оллоҳ азза ва жалланинг ризолиги ва диннинг нусратига чақирди. Киши қалбида дин ишини қадрлар экан, у учун бу диннинг нусрати йўлида ҳар қандай йўқотиш, ҳар қандай қурбон кичик ва арзимас нарсага айланади. Қутуз раҳимаҳуллоҳ одамларни дунёга, муайян бир шахсга эргашишга, миллатчиликка –Миср шаънига ёки арабларга ёки бошқасига–, ҳатто бу ҳаётда тирик қолиш-у, ўзига келаётган ўлимдан мудофаа қилишга тарғиб қилмади. Балки у халқни Оллоҳ йўлидаги ўлимнинг муҳаббати сари чақирди!! Ўлимдан қўрқмаган аскар билан ўлимдан қўрққан аскар орасида, тирик аскар билан ўлик аскар орасидаги фарқ бор десак муболаға бўлмайди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ мусулмон амирларга қарата шундай деди: "Эй мусулмонлар амирлари! Байтул молдан еган пайтларингиз бўлди. Кўриб турибманки сизлар жангни ёқтирмаяпсиз. Мен сизларга мурожаат қиламан, ким урушни танласа менга ҳамроҳ бўлсин. Истамаганлар уйига қайтсин. Зеро, Оллоҳ ундан хабардордир. Мусулмонларнинг ҳурмати жангдан қолганларнинг зиммасига!"[7]. Яъни, мен сизларни ҳисоб-китоб қилмайман ёки сизларни кузатмайман, сизларни ҳисоб-китоб қилувчи ва кузатувчи Оллоҳ таолодир. Бу гап ниҳоятда мўътабар эди. Чунки масала иймон масаласи эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам мунофиқларни ҳеч қачон жиҳодга чиқишларига мажбурламасдилар, уларни чиқиш ёки чиқмаслик орасида холи қўярдилар. Улардан жиҳодга чиқишни истаганлари чиқарди, истамаганлари чиқмасди. Маълумингизки, Табук ғазоти ўзига хос шарт-шароит ва қийинчилик дамлари юз бергани учун мусулмонларга жуда катта имтиҳон бўлган эди. Чин мўминлар ушбу ғазотдан ўзларини четга олмасдан, ҳаммалари чиқдилар, ҳатто ундан қолиш мунофиқлик белгиси бўлиб саналиб қолди. Бирор киши ундан қолиб кетган бўлса, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар берилганида у зот: "Қўяверинглар, агар у одамда яхшилик бўлса, Оллоҳ ўзи уни сизларга етказиб қўяди. Агар бошқача бўлса, Оллоҳ ундан сизларни қутқарган бўлади", дердилар.Қутуз раҳимаҳуллоҳ ҳам шундай қилди. Ким Оллоҳ йўлида жангга чиқишни хоҳласа чиқсин, чиқишни истамаса ортда қолсин ва дунёсини дўст тутсин. Оллоҳ ундан хабардор, мусулмонларнинг ҳуқуқлари уларнинг зиммасига эканлигини билиб қўйсин, деди. Қутузнинг ишораси, яъни амирлар ва вазирларнинг йиллар давомида мусулмонлар байтул молидан еб яшашгани, ҳатто ундан ўмариб бойлик ҳам тўплаганлиги кундай равшан эди. Қутуз гўё уларнинг ичидагини ўқиётган эди. Улардан баъзиларининг мақсадлари фақат, мансабларидан имкон қадар фойдаланиб, ҳалолми ё ҳаромми мол-дунёларини кўпайтириб олиш эди. Вазир халқ олдида вазифаси борлиги, уларнинг хўжайини эмаслиги, балки улар хусусида Оллоҳ ҳузурида сўралажаги ва ҳисоб беражагини унутган эди. Қутузнинг бу сўзи ҳар бир вазир ва амирларга тегишли бўлиб, уларга зиммаларидаги ҳақларни хотирлатди, омонатни эгаларига топширишларига ишора қилди ва уларга қандай ўринда эканликларига ишора қилди.  Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг қалби юмшаб, тўлқинланди ва амирларга йиғлаган ҳолда хитоб қилиб: "Эй мусулмонлар амирлари! Агар биз Ислом учун ҳаракат қилмасак, унда ким ҳаракат қилади?!" – деди. Ҳақ устида айтилган ҳақ сўз нақадар гўзал. Агар ҳар бир мусулмон бу сўзни айтиб, ҳаётга татбиқ қилса, ислом уммати ҳамиша устивор, олий бўлади ва ҳеч қачон хор бўлмайди. Баъзан қўшни хонадон ёки бошқа ўлкадан Салоҳуддин Айюбий ёки Холид ибн Валид ёки Қутуз ё бўлмаса Қоъқоънинг чиқишига интизор бўламиз. Ўзимиз эса, ҳаракат қилишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.Нима учун Салоҳуддин Айюбий ёки Юсуф ибн Ташфин ёки шаҳид Нуруддин Маҳмуд ўзимиз бўлишимизни фараз қилмаймиз? Улар фақат Оллоҳ азза ва жаллага иймон келтириб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан юрган эдилар-ку. Олдимизда Оллоҳнинг азиз китоби ва Расули саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг манҳажлари бор, нима учун ўзимиз турганда бошқалардан нусрат амалга оширилишини кутишимиз керак? Агар биз Ислом учун ҳаракат қилмасак, унда ким ҳаракат қилади?! Бу калима амирларнинг қалбларини ларзага солди, бу ларза қотган дийдаларни очди, қалбларда иймон кучи қалқиб, кўзларига ёш пуркади, йиғладилар. Ҳа, кимнинг қалбида Оллоҳдан қўрқув бор экан ундан ҳамма яхшиликлни умид қилса бўлади. Баъзи амирлар ўрнидан туриб, яхши сўзларини илова қилди, қолганлари жанг тарафдори эканларини эълон қилди. Қутуз жуда қийин ва буюк масалага гўзал ечим топди. Бу ечим жанг қарори эди. Шундай қилиб Миср давлати мўғулларга уруш эълон қилди, бу Миср тарихида мутлақо буюк қарорлардан бири бўлган эди.  Мўғул элчиларининг ўлдирилишиҚутуз амирларнинг қалбларига ўрнак бўлиш, Оллоҳни ва бурчларни эслатиш ийжобий таъсир қилишини биларди. Қалблар иккиланиши, тараддудланиши мумкинлигини ҳам унутмади. Шунда у иккиланиш, орқага қайтиш ёки таслим бўлиш йўлини тамоман кесиш, ҳамда урушдан бошқа йўлни қолдирмаслик режасини қилди. Йиғилишдан сўнгра Ҳулагу жўнатган таҳдидий мактубни келтирган тўрт элчини қатл қилиб, бошларини Қоҳиранинг "Зувейла дарвозаси"га осиб қўйиш ва уларнинг орасида келган балоғатга етмаганини мамлуклар сафига қўшиш қарорини берди. Бу дарвозага илк бор мўғулларнинг боши осилиши эди[8]. Мўғул элчиларини ўлдириш фикрини Бейбарс ўртага ташлаган эди[9]. То Миср халқи уни кўриб, подшомиз мўғуллардан қўрқмас экан, деб руҳиятлари кўтарилиши ҳамда мўғулларни қарши олаётган бу қавм мўғуллар илгари дуч келган қавмлардан буткул бошқача эканини эълони эди. Бу ҳодиса мўғулларнинг маънавиятига салбий таъсир қилгани, оз бўлсада уларнинг қалбларига қўрқув ва тараддудни солгани табиий. Элчиларнинг қатл қилиниши бир томондан омонлик сўраб, таслим бўлиш ишига кескин нуқта қўйган бўлса, иккинчи жиҳатдан жангга жиддий ва мукаммал тайёргарлик кўришга ундарди. Зеро, бундан сўнг Миср аҳли таслим бўлишни истаса ҳам мўғуллар буни қабул қилмаслиги турган гап эди. Битта йўл бор у ҳам бўлса жанг, бу Қутуз ва унинг амирлари ижтиҳоди эди.  Исломда эчилар ўлдирилишининг ҳукмиБу ўринда тўхталиб ўтиш лозим бўлган нуқта бор. Бу элчиларнинг ўлдирилиш ҳодисасидир. Қутуз раҳимаҳуллоҳ ва унинг ёнидаги амирлар элчиларни ўлдириб хато қилишди. Чунки исломда элчи – хоҳ мусулмон, хоҳ кофир, ҳатто муртад бўлсин – ўлдирилмайди. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: "Ибн Наввоҳа ва Ибн Усол Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга Мусайлима томонидан элчи бўлиб келишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Менинг Оллоҳнинг расули эканимга гувоҳлик берасизларми?" – деб сўрадилар. Улар: "Биз Мусайлима Оллоҳнинг расули деб гувоҳлик берамиз", – дея жавоб қилишди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Оллоҳга ва расулига иймон келтираманки, агар элчини ўлдиришни дуруст санаганимда, қасамки, сизларни ўлдирган бўлардим", – дедилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар: "Шундан эътиборан элчини ўлдирмаслик суннат бўлиб қолди"[10]. Ибн Наввоҳа ва Ибн Усоллар илгари мусулмон бўлишган, сўнгра Мусайлима каззобга имон келтириб, муртад бўлган эдилар.  Аҳмад ва Абу Довуд раҳимаҳумаллоҳнинг Нуайм ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Оллоҳга қасамки, (элчилар ўлдирилмайдида) агар элчилар ўлдирилса эди, сизларни бўйинларингни узардим", – дедилар[11]. Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ "Найлул Автор" китобида айтадики, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Нуайм ибн Масъуд разияллоҳу анҳумодан келган бу икки ҳадис кофирлар томонидан келган элчини агарчи амир ва мусулмонлар ҳузурида куфр калималарни айтса ҳам ўлдириш ҳаром эканига далолат қилади[12].Хуллас шариат ҳукмида элчига ўлим йўқдир. Қутуз раҳимаҳуллоҳ элчиларни ўлдиришга қаердан далил топган бўлса!? Нима учун ўша замондаги уламолар сукут сақлашди?! Балки уламолар етказгандир-у, аммо бизгача китобларда етиб келмагандир. Балки Қутуз мўғуллар бирор бир қонун қоидага эътибор бермай ёшу қарини, эркагу аёлни, жангчию оддий фуқарони бир чеккадан ўлдирганлари учун ижтиҳодан шундай қилгандир. Балки элчилар унинг ҳузурида беодоблик қилиб, ҳадларидан ошгандир. Агар мана шулар сабаб у бу ижтиҳодни қилган бўлса, биз кофирларнинг ахлоқларидан узоқ бўлишимиз лозим-ку. Кофирлар болаларни ўлдирса, улардан қасос оляпмиз деб болаларни ўлдириш, улар муслима аёлларни номусини бузса ва ўлдирса, кофира аёлларни ўлдириш ва номусини бузиш мусулмон кишига жоиз эмас. Агар кофирлар аҳдларига хиёнат қилса, мусулмон киши уларга берган аҳдларига хиёнат қилиши жоиз эмас. Демак, нима бўлганда ҳам бу ҳодиса Қутуз раҳимаҳуллоҳ ва амирларнинг ижтиҳоддаги хатоси эди. Пайғамбарлардан бошқа ҳамма – гарчи ҳар қанча қадри баланд бўлса ҳам – хатокордир.  Ислом лашкарининг жангга ҳозирлигиБу йиғилишдан, хатарли ва оғир қарор - элчилар қатлидан кейин, Қутуз раҳимаҳуллоҳ зудлик билан қўшин ҳозирлашга киришди. Дарҳақиқат, душманни қаршилаш лаҳзаларига жуда оз вақт қолганди. Мўғулларга Мисрдаги мусулмонлар жангдан қочмаслиги ва уруш йўлинигина танлагани ҳақида мактуб етиб борди. Қутуз қаршисига бундан олдин дуч келган муаммолардан ҳеч қолишмайдиган мушкул масала чиқди. Бир ёдга олайлик, Қутуз 657 ҳ.с. 24 зулқаъда куни / 1259 м.с. 19 ноябр куни Миср тахтига ўтирган эди[13]. Қутузнинг мактуби Ҳалаб ишғол қилинганидан бироз вақт ўтган, Дамашқ ҳануз ишғол бўлмаган, мўғулларнинг буюк хоқони Мангухон ўлими сабаб Ҳулагу Мўғулистонга отланиш арафасида турганда етиб борган эди.            Ҳалаб 658 ҳ.с. сафар ойида / 1260 м.с. февралда[14], Дамашқ эса Китбуга нойон қўли билан 658 ҳ.с. рабиъул аввал ойида / 1260 м.с. мартда ишғол қилинган эди[15]. Шундан кўринадики, Ҳулагунинг мактуби Қутузга сафар ойининг охири ёки рабиъул аввал ойининг бошларида, яъни февралнинг охири ёки мартнинг бошларида, Қутуз раҳимаҳуллоҳ тахтга ўтирганидан 3 ойдан кейин келган эди[16]. Қутуз амалга оширган ишларга бор-йўғи 3 ой вақт кетганди. Одатда бу ишларнинг ислоҳи учун йиллар керак бўлади. Баъзан эса ўнларча йилларда ҳам бундай ютуқларнинг ўндан бирига ҳам етиша олмайди, баъзан эса йиллар ўтиб ютуқ эмас, анча орқага кетиб, ютқазишга дуч келинади. Лекин Қутуз Оллоҳ азза ва жалладан мадад сўраб, муаммо кетидан муаммони бор кучи билан, ҳаракат ва ҳамият билан бартараф қилишга киришган эди. Унинг ғояси равшан: ёввойи, йиртқич мўғул қувватини синдириш ва мусулмон ўлкаларни уларнинг исканжасидан озод қилиш эди. Ички вазиятни барқарорлаштириш, сафларни бирлаштириш, Баҳрий мамлукларни кечириш, уларни Шом, Туркия ва бошқа ерлардан Мисрга чорлаш, Баҳрий ва Муъиззий мамлуклар орасини бирлаштириш, Айюбий амирларига мактублар йўллаш, қўшин тўплаш, халқни жангга ҳозирлаш ва амирларни жанг сари руҳлантириш ишлари атиги уч ой ичида амалга оширилган эди.     Иқтисодий, моддий қийинчиликларҚутузнинг қаршисидан шунча қийинчиликлар устига янги ва улкан муаммо чиқди. Бу муаммо иқтисодий, молиявий қийинчилик эди. Ислом лашкарини жиҳозлаш, озиқ-овқат таъминоти, кўприклар, қалъалар ва қўрғонларни тузатиш ва бошқа ишлар моддий таъминотга бориб тақалиши кундай равшан. Уруш учун керакли тайёргарлик кўриш, қамал юзага келгудек бўлса, халққа қамал кунларида кифоя қиладиган озиқ-овқат жамғариб қўйиш шарт эди. Ўша дамлар Мисрда оғир иқтисодий танглик ҳукм сураётган бўлиб, беш-ўн йиллик режалар учун фурсат йўқ, мўғуллар эса эшик қоқиб турарди. Улар Ғазода Мисрдан 35 км масофа узоқда эдилар.        Қутуз бундай қийин вазиятдан қандай чиқди? Катта қўшинни жиҳозлаш, қўрғонлар, қалъалар ва қурол-яроқларни ҳозирлаш, халқ учун озиқ-овқат захираларини тайёрлаш учун нима қилди? У 15 шаъбон, яъни 2 август душанба куни маслаҳат кенгаши қурди[17] – у ҳаётида барча муҳим ишларни маслаҳат асосида амалга оширар эди –. Қутуз бу кенгашга катта аскарбошилар, амирлар, уламолар ва фақиҳларни чорлади. Уламоларнинг каттаси Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ эди. Улар мамлакатдаги иқтисодий тангликдан қандай чиқиш, армияни қандай таъминлаш мумкинлиги ҳақида фикрлай бошладилар. Мажлисни Қутуз раҳимаҳуллоҳ очиб берди, у мўғулларга қарши жангга отланувчи лашкар ҳозирлиги учун халққа солиқ солиш фикрини ўртага ташлади. Лекин бу қарор шаръий фатвога муҳтож эди. Ислом давлатида эса мусулмонлар закотдан бошқа бирор солиқ тўламайдилар. Закотдан ташқари бирон солиқ (ўлпон, бож) хос вазиятда ва маълум муддатгина шаръий далил ва асосга кўра тўланиши мумкин. Йўқса бу шаръан таъқиқланган солиқ жумласига кириб қолади. Уни халққа шарт қилиш эса, Оллоҳ таоло ҳузурида аламли азобга мустаҳиқ қилиб қўяди.   Имом Аҳмад ва Абу Довуд раҳимаҳумаллоҳ Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилади, у киши деди: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Солиқ солувчи киши жаннатга кирмайди", деганларини эшитдим[18].Зино қилиб қўйган, сўнгра тошбўрон қилинган Ғомидийлик аёл қиссасида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эдилар: "Жоним қўлида бўлган зотга қасамки бу аёл шундай тавба қилдики, агар солиқ йиғадиган одам шундай тавба қилса гуноҳи кечирилган бўларди"[19]. Бу ҳадис Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Бундан ҳақсиз солиқ солиш неқадар қабиҳ иш эканлиги маълум бўлади. Бу ўринда имом Нававий айтадики, солиқ солиш энг қабиҳ маъсият ва ҳалок қилувчи гуноҳлардандир. Қутуз раҳимаҳуллоҳ буюк иш, Оллоҳ йўлидаги жангга қўшинни тайёрлаш учун, мўғуллар ишини ҳал қилиш ва мусулмонларни уларнинг зулмидан озод қилиш учун солиқ солишни таклиф қилган эди. Лекин шунда ҳам у уламоларнинг фикри нима эканини кутиб турди.Уламолар унга қандай фатво беришди? Бу фатво нима эди? Бу ҳақда келаси дарсимизда суҳбатлашамиз, иншааллоҳ.  Валлоҳу таъала аълам....  Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.[1] Аҳқоф: 20 [2] Шуъаро: 227[3] Мақризий "ас-Сулук" (1 - жилд, 514, 515 -бет).[4] Мақризий "ас-Сулук" (1/515 - бет), Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (120 - бет).[5] Мақризий "ас-Сулук" (1/515 - бет).[6] Бухорий ривояти.[7] Мақризий "ас-Сулук" (1/515 - бет), Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (120 - бет).[8] Мақризий "ас-Сулук" (1/515 - бет), Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (120 - бет).[9] Саллабий "Диросат тарихийя" (85 - бет) китобидан нақл қилган, "ал-Мўғул" (355 - бет).[10] Аҳмад, Ҳоким, Абу Довуд ва Насоий ривояти.[11] Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.[12] Шавконий "Найлул автор".[13] Саллабий "ал-Мўғул" (325 - бет).[14] Мақризий "ас-Сулук" (1/511 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (90 - бет).[15] Сиржоний "Қиссатут-татар" (280 - бет).[16] Сиржоний "Қиссатут-татар" (280, 281 - бет).[17] Мақризий "ас-Сулук" (1/515 - бет), Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (120 - бет).[18] Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.[19] Муслим ривояти.