البحث

عبارات مقترحة:

العزيز

كلمة (عزيز) في اللغة صيغة مبالغة على وزن (فعيل) وهو من العزّة،...

الظاهر

هو اسمُ فاعل من (الظهور)، وهو اسمٌ ذاتي من أسماء الربِّ تبارك...

الخبير

كلمةُ (الخبير) في اللغةِ صفة مشبَّهة، مشتقة من الفعل (خبَرَ)،...

Мўғил татар қиссаси 27-қисм

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف Абу Абдуллоҳ Шоший ، Шамсуддин Дарғомий
القسم كتب وأبحاث
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات التاريخ وتقويم البلدان - البلدان والممالك
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: – Мағлубиятимиз сабаблари; – Носир Юсуф Айюбийнинг ниҳояси; – Қутузнинг ўлими қиссаси;

التفاصيل

Мўғул татар қиссаси 26- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Мўғул-татар қиссаси Ўтган суҳбатимизда: Нусрат сабаблари Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.  Мўғул татар қиссаси 26- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Мўғул-татар қиссасиБарча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман. Ўтган суҳбатимизда:–        Айн-Жалут жангидан олдин мўғулларнинг мусулмонлар устидан ғолиб бўлиш сабаблари;–        Дамашқнинг мўғуллардан озод қилиниши;–        Дамашққа Нажмуддин Абу Бакр ибн Суннийнинг қози этилиши;–        Шомнинг мўғуллардан озод қилиниб, Миср билан бирлашиши;–        Қутузнинг Шомга амирлар тайин қилиши;–        Айн-Жалут маъракасининг самаралари кабилар мавзулар ҳақида суҳбат қурган эдик.Айн-Жалут ғалабасининг учинчи самараси: Ислом уммати қайтадан ҳайбат либосини кийди. Бу ҳайбат қўлдан бой берилганига олтмиш сана бўлган эди. Ҳижрий VI - асрнинг охирларида Ислом уммати шарқда – Фаластиндаги "Ҳиттин" ғалабаси ва ғарбда – Андалусдаги "Ал-арок" ғалабасидан кейин обрў-эътиборда юксак даражага етган эди. Ундан сўнг уммат Оллоҳдан узоқлашиши сабаб бир сира чўкди. Халқаро ҳайбати қолмади. Айн-Жалут жангидан кейин Ислом уммати ўз ўрнига қайтди. Ҳатто Форс диёрини ўзига қароргоҳ тутган Ҳулагу улкан мўғул лашкари бўлишига қарамай Шомни қайтариб олишга ҳадди ҳам сиғмади.Тўртинчи самара: Шом, Туркия ва Фаластинда мўғул қувватига барҳам берилиши. Айн-Жалут жангидан сўнг бир неча ўн йиллар давомида бу ўлкаларда мўғулларнинг номи ҳам қулоқларга чалинмади. Бу диёрларга зулму - истибдод бир юз қирқ йилдан узоқроқ муддатгача қайтмади. Мусулмонлар  жонлари, моллари, ерлари ва номусларидан хотиржам омонликда яшадилар.   Бешинчи самара: Мамлуклар давлатининг тан олиниши. Мамлуклар султонликни 648 ҳ.с. / 1250 м.с.да, яъни Айн-Жалут жангидан ўн йил олдин Шажаратуд-Дурнинг ва ундан сўнг унинг умр йўлдоши Иззуддин Ойбекнинг султон бўлиши билан бошланган эди. Лекин Айн-Жалут жанги Мамолийк давлатини барча мусулмонлар томонидан тан олинишига сабаб бўлди. Мамлуклар охириги ўн йиллар ичида икки буюк ғалабаларни амалга оширдилар. Биринчи: Мансура ва Фарискурда Людовик тўққизинчи бошчилигидаги салиб лашкарини ер тишлатган бўлса; иккинчи ғалаба: Айн-Жалутда баҳайбат мўғул қўшинини тор-мор қилган эди. Шу тариқа Мамлуклар давлати пайдо бўлди. Бу давлат ўша замонда уммат душманлари бўлган мўғуллар ва салибийлар ҳамласига кўксини тутиб берди.  Мамлуклар давлати Айн-Жалут жангидан бир йилдан кейин, Зоҳир Бейбарс даврида Қоҳирадаги бани Аббос оиласига нисбатланди, лекин шунга қарамай бу давлат бутун мусулмонлар учун ҳақиқий халифалик манзилатига етолмади. Сабаби Мамлуклар давлати Ислом оламининг муайян ҳудудигагина ҳукм юргизар, қолган минтақалар эса турли тоифаларга ажралиб, бўлиниб кетган эди. Мамлуклар Миср, Шом, Ҳижоз, Яман, Ироқнинг баъзи қисмлари ва Ливиянинг маълум бўлагига ҳукмрон эди. Мусулмонлар то буюк Усмонийлар хилофати оёққа туриб, умматни бирлаштирмагунича халифаликнинг ҳақиқий юзини кўрмади.  Айн-Жалут жангидан кейин мамлуклар давлати гўё қайта дунёга келган эди. Улар Ислом байроғини 270 йил давомида, яъни уни Усмонийлар хилофатига топширгунича кўтариб келдилар[1].    Олтинчи самара: Миср ва Шом ўртасидаги бир бутунликнинг тикланиши. Миср ва – Фаластинни ўз ичига олган – Шом Ислом оламининг стратегик, диний, сиёсий, жўғрофий, маданий ва тарихий қалби ҳисобланади. У иккисининг бирлашиши, барча минтақалар учун буюк омонлик омили бўлиши билан бирга ислом оламига тамаъ қилувчиларнинг иштиёқларини сўндиради.Шом диёрларини бундан илгари Нуруддин Маҳмуд ва Салоҳуддин Айюбий бирлаштирган эди, улардан кейин буюк Усмонийлар хилофати ҳам шундай қилди. "Ва барчангиз Оллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!"[2]Еттинчи самара: Айюбий амирларининг майдондан четга чиқиши. Ўша даврда Айюбийлар боболари Салоҳуддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ қолдириб кетган катта омонатни кўтаришдан ожизлик қилиб, уни зое қилдилар. Уларнинг бутун дардлари тахт учун кураш, мол-дунё жамғариш, тахтталаш бўлди. Ёлғон ва макрга берилдилар. Улар бу курашлар натижасида фазилатлар, чиройли ахлоқларини йўқотдилар ва ўз манфаатлари йўлида душмандан баъзан насронийлар, баъзан мўғулларни ўзларига дўст тутдилар, ҳатто бу ислом душманларидан мусулмон биродарларига қарши ёрдам сўрадилар. Гоҳида туғишган ака-укалар ўртасида урушлар рўй берди. Бу амирлар халқларига жабр-ситам, зулм ва хиёнатда бўлдилар. Улар узоқ йиллар давомида Мамлуклар давлатига қарши курашди ва уни ағдариш учун салибчилар билан иттифоқчилик қилди. Бу ҳолат Айн-Жалут жанги содир бўлгунича давом этди, сўнгра халқ олдида бу сохта амирларнинг ҳақиқий башаралари очилиб қолди. Улардан ҳар бир бошлиқ ўзининг ҳақиқий қудрати қанчалик эканини билди ва ўзига берилган мансабида Қутузнинг ҳукмида бўлишга рози бўлди. Айн-Жалут жанги нафақат ташқи душман - мўғулларга, ҳатто мусулмонларнинг разил ва қабиҳ йўлбошчилари - ички душманларига ҳам якун ясаган эди. Саккизинчи самара: Шомнинг Салибий амирликлардан тозаланиши. Бу масала ғоят муҳим аҳамият касб қилсада ушбу сатрларга унинг баёнини сиғдира олмаймиз, мавзуни иншааллоҳ салиб юришлари борасидаги дарсларда батафсил баён қиламиз.  Айн-Жалут жангидан сўнг, Мамлуклар Шом ва Фаластин ерларида 166 йилдан, яъни 491 ҳ.с.дан бери ажириқ мисоли илдиз отган салибий амирликлари илдизини қўпариб ташлашга бел боғладилар. Салибийлар Шом, Фаластин, Ливан, Сурия ва Туркия минтақаларида мустаҳкам ўрнашган, Имодуддин Зинкий, Нуруддин Маҳмуд ва Салоҳуддин Айюбийлар бу минтақаларни салибчилардан озод қилишга бор имкониятларини сарф қилган бўлсаларда, мақсадларини тўлиқ амалга ошира олмаган эдилар. Устига-устак уларнинг фарзандлари озод қилинган жойларнинг кўпини қўлдан бой берган ва салибийлар у ерларга қайтадан ўрнашган эди.    Мамлуклар бу минтақаларни бирин-кетин озод қилишга киришдилар. Қутуздан сўнг Миср волийлигини қўлга олган Зоҳир Бейбарс 659 ҳ.с. / 1261 м.с.дан бошлаб, яъни Айн-Жалут жангидан бир неча ойдан кейин бирма-бир салибий амирликларини ағдара бошлади. 664 ҳ.с. / 1266 м.с.га келиб, бир қатор ислом ўлкалари, жумладан, Фаластиннинг кўпгина шаҳарлари: Қайсария[3], Ҳайфа, Ҳусн, Арсуф озод қилинди. 664 ҳ.с. 18 шаввол / 1266 м.с. 30 июлда Фаластиннинг шимоли-шарқидаги Сафад[4] озод қилинди[5]. Зоҳир Бейбарс раҳимаҳуллоҳ Фаластин ерларини салибий амирликларидан тозалаётган бир пайтда буюк саркардаларидан бири Сайфуддин Қолавун Туркиядаги Киликияни озод қилди. Мазкур ерда у кичик Арманистон подшоси Ҳайсум устидан ғалаба қозонди. Сайфуддин Қолавун насронийлар устидан катта ғалабага эришиб, беҳисоб ғаниматларни қўлга киритди ҳамда салибчилар ва армани насронийлардан 40 минггини асир олди.Зоҳир Бейбарс 665 - 666 ҳ.с. / 1267 - 1268 м.с.да Йафа[6]ни озод қилди. 666 ҳ.с. 4 рамазонда / 1268 м.с. 25 майда Антокия озод қилинди, насроний амир Буҳманд мағлубиятга учради[7]. Маълумингизки, мусулмон ўлкаларидан энг биринчи Антокия 491 ҳ.с. / 1098 м.санада салибчилар қўлига кирган эди. Зоҳир Бейбарс вафот этганда ислом мамлакатларидан саноқлиларигина мустамлака ҳолатда эди. Жумладан, Акко, Сур, Сайда, Байрут, Тартус, Лазиқия кабилар ҳануз салибчилар ҳукмида эди.   684 ҳ.с. / 1285 м.с. Тарабулус Мамлуклар султони Мансур Қолавун қўли билан озод қилинди[8]. Бу киши мусулмонларнинг улуғ султонларидан бўлиб, салибий подшоҳликлар ҳукмида бўлган, қолган мусулмон ўлкаларни ҳаммасини озод қилди. 690 ҳ.с. / 1291 м.с. қўрғонли Акко озод қилинди[9]. У икки аср атрофида салибийлар ҳукмида бўлган эди.   Акко амирлиги ишғол қилингандан сўнг, Шомдаги салибий амирликларнинг мажоли қолмади. Акко ишғолидан кўп ўтмасдан Сайда, Сур, Байрут, Жубайл[10], Тарабулус ва Лазиқия озод қилинди[11]. Шундай қилиб, Айн-Жалут жангидан 32 йилдан сўнг, Шомда бирорта салибий амирликлар қолмади. Бу ютуқлар Айн-Жалут ғалабасининг самараларидан эди. Йилларча қуйибош бўлган мусулмонлар қисқа вақт ичида бошларини кўтариб яна азиз бўлдилар!  Тўққизинчи самара: Айн-Жалут ғалабаси ва Мамлуклар давлати шакллангандан кейин, Мисрнинг пойтахти Қоҳиранинг қадри кўтарилди. Ўша замонда Мамлуклар давлати минтақадаги энг буюк давлат мавқеида бўлса, Қоҳира ўша давлатнинг пойтахти эди. 636 ҳ.с. / 1238 м.с.да Қуртуба шаҳри, 656 ҳ.с. / 1258 м.с. Боғдод вайрон қилингандан сўнг, мусулмон ўлкалари орасида Қоҳира шаҳридан бошқа илм-маърифат, куч-қувват марказлари қолмаган эди. Қоҳира бу шаҳарларнинг энг улуғига айланди. Унга олимлар ва адиблар ташриф қила бошлади. Илмий изланишлар авж олди, Азҳарнинг мавқеи кенгайди. Оллоҳнинг фазлу марҳамати ила Ислом оламидаги университетларнинг энг улуғига айланди. Оллоҳга ва унинг динига даъват, илм маърифат кучайди, султонларга ҳақни очиқ ва жаҳрий сўзлай оладиган олимлар етишди ва бу илмлар ҳозирги кунимизгача авлодларга мерос бўлиб келмоқда.   Ўнинчи самара: Бу самара алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, ҳар қандай муфаккир этиборини жалб қилмай қолмайди. Одатда мустамлакачилар босиб олган ерларига ўз маданиятларини ҳар хил услуб билан олиб кирадилар, сингдирадилар. Бунинг баёнида она тилларини-да унутаёзган ўзбек, қозоқ, қирғиз, қипчоғу озар ва бошқа туркий миллатларнинг русийзабонга айланганини мисол қилишга ҳожат йўқ. Уларни айблаш ўрни ҳам эмас. Чунки бу бир ҳаёт қоидасидирки, унда заифлар кучлиларга эргашади. Аслида инсонларни нималаргадир сиғиниб кетишига ҳам асосий сабаб ана ўша кучдир. Ҳа, барча инсон кучлига истаса истамаса интилади. Шунинг учун биз ягона ва мутлақ куч эгаси бўлган Оллоҳга сиғинамиз. Мўғул мустамлакачиларининг маданияти ислом маданиятига бардош бера олмади. Мўғуллар ўзлари босиб олган ерларининг маданиятида эриб кетган илк қавм бўлди, десак адашмасмиз. Мўғуллардан ислом динини яқиндан кўрган, унинг асослари ва қонун-қоидаларини ўқиган ва ундаги одоб ва фазилатларга озроқ назар ташлаган ақл эгалари бу порлоқ ҳақиқат ва кучли маданият қаршисида ўз маданиятларида собит тура олмадилар. "Заҳабия қабиласига" (Олтин Ўрда) мансуб мўғул бошлиқларидан бири иймонга келди. Бу қабила мўғул қабилаларининг катта тармоқларидан бири бўлиб, у Ҳулагунинг бевосита амакисининг ўғли ва саркарда Ботухоннинг укаси, яъни Жўжихоннинг ўғли - Чингизхоннинг невараси эди. Бу мўғул бошлиғи 650 ҳ.с. / 1252 ҳ.с. Исломга киргандан сўнг, Берке исми билан лақабланди. У 655 ҳ.с. / 1257 м.с. Заҳабия қабиласига бош бўлди[12] ва "Беркехон" деб атала бошлади. Айн-Жалут жангидан бир неча йил олдин бошлиқ бўлган Беркехон мўғуллар давлатидан ташқарида Каспий денгизининг шимолий минтақаларида мустақил равишда ҳукм юргизар эди. У Исломга киргандан кейин, унинг қабиласидан кўпчилик Исломни қабул қилишган эди. Бу ҳодиса Айн-Жалут жангидан олти йил олдин, муғул маданияти устун бўлган бир замонда юз берди[13]. Бир қарашда қувват эгаси бўлганлар заифларнинг динига кирган эди. Айн-Жалут жангидан кейин эса, Заҳабия қабиласининг барчаси мусулмон бўлди. Уларга ғалаба ва Исломнинг қуввати таъсир қилган эди. Улар вақти келиб, Зоҳир Бейбарс билан Ҳулагунинг зиддига иттифоқ қуришди[14]. Заҳабия қабиласи ҳозирги кунимизгача давом этиб келгандир. Улар жумласига, Қозон, Қирим, Астрахан, Ногай, Хоразм амирликлари дохилдир. Совет иттифоқи парчалангандан кейин ҳам бу минтақалар Россиянинг мустамлакаси сифатида қолмоқда[15].Айн-Жалут жангининг бундан бошқа кўплаб самараларини санашингиз мумкин, уларни таҳлилчи ва илмий изланувчиларга ҳавола қиламиз. Дарҳақиқат, бу жанг бутун ер курраси тарихидаги энг улуғ жанглар жумласидан бўлган, десак муболаға бўлмайди. Нусрат сабаблариИслом лашкарининг тайёргарлик босқичлари ҳақида етарлича гапирдик. Бу ўринда қисқача нусрат сабаблари зикрига чекланамиз.  Биринчи сабаб: Иймон, у нусрат сабабларининг энг биринчи ва энг улуғидир. Нусрат фақат Оллоҳ таоло ҳузуридандир. Шунинг учун ҳам Қутуз ислом лашкари ва умматнинг иймоний жиҳатига катта эътибор қаратди. У мўғулларга қарши курашда халқнинг исломий бурчини уларга англатди. Ёдингизда бўлса, Қутуз жанг майдонида "Во Мисреей!" ёки "Подшолигимеей!" ёки "Во Арабоо!" демади, балки "Во Исломаҳ!" - деган эди. Нусратнинг буюк сабаби мутлақо иймон экани, Қутузнинг жанг майдонида, аҳвол жуда қийинлашганда Оллоҳга ёлворганида янада равшан бўлди. Ўша ўринда у: "Эй Оллоҳ! Банданг Қутузни мўғуллар устидан ғолиб қилгин", дея муножот қилган эди. Дуо ибодатдир. Инсон бандалигини Яратувчисига эътироф қилиши, Унга муҳтожлигини билдириши дуонинг ижобат бўлиш сабабларидандир. Оллоҳ азза ва жалладан мунтазам, илҳоҳ қилиб, хушуъ ва тазарруъ билан Ислом ва мусулмонларга нусрат сўраш ҳар бир мусулмон бурчидир. Иккинчи сабаб: Мусулмонлар ўртасидаги бирдамлик. Тарқоқ уммат ғолиб бўлолмайди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ Мисрга волий бўлган дастлабки кунлардан бошлаб қўлидан келганича мусулмонларни бирлаштиришга ҳаракат қилди. У Баҳрий мамлукларни афв қилиб, уларни Муъиззий мамлуклар билан бирлаштирди. Шомдаги Айюбий амирликларини бирлашишга чорлаб элчилар юборди. Ҳолбуки, улар узоқ йиллар давомида Мисрга уруш қилиб келарди. Шунга қарамай уларни бирлашишга чақирди ва келганларига бағрини очиб кутиб олди. У ўз сафига Шом ва Хоразм армияларини ва ўз ихтиёри билан келган кўнгилли аскарларни қўшиб олди. Учинчи сабаб: Умматдаги жиҳод руҳини жонлантириш. Қутуз мусулмонларнинг ҳуқуқларини қайтариб олишнинг муҳим йўли мужодала эканига, Ислом дини тинчлик ва омонлик дини бўлиши билан бирга у мужодала, қувват, каромат ва иззат дини эканига ишончи комил эди. Қутуз баъзида уруш йўлини танлаш, ягона ечим бўлишини равшан идрок қилди.Тўртинчи сабаб: Жанг учун муносиб тайёргарлик кўриш. Қутуз раҳимаҳуллоҳ лашкарни қувватлаш мумкин бўлган барча сабабларни амалга оширди. Жумладан, у қурол-аслаҳа ҳозирлаш, аскарий машғулотлар, сафларни тартиблаш, муносиб режалар тузиш, жанг майдонини тўғри танлаш, дипломатик алоқалар ўрнатиш ишларини амалга оширган эди. Бешинчи сабаб: Ўрнак – намуна бўлиш. Қутуз раҳимаҳуллоҳ ислом лашкари ва уммати учун барча амалларда ўрнак бўлди. Ўрнак бўлиш, қуруқ кўтаринки сўз ва хитоблардан минг марта афзал тарбиядир. Қутуз хулқда, ҳалол касб қилишда, жанг майдонида, иймонда, афв қилишда ҳамма-ҳамма нарсада умматга намуна бўлган эди.     Олтинчи сабаб: Уммат душманларини дўст тутмаслик. Қутуз мўғуллардан қувватда ва тайёргарликда кучсиз бўлса ҳам, уларни дўст тутмади, яъни улардан омонлик сўрамади. Шунингдек, Шомдаги насронийлар иттифоқчилик қўлини чўзиб турса ҳам, уларнинг ёрдамига муҳтожлиги бўлса ҳам, уларни дўст тутмади, яъни улар билан ҳамкорлик қилмади. Ундан олдин баъзи мусулмон амирлар ва подшоҳлар, сўнгра уларнинг ортидан халқ ҳам кофирларни дўст тутди, улардан омонлик сўради ёки ҳамкорлик қилди, оқибатда эса кофирлар уларнинг бошларига қора кунларни солди. Улар шаръий хатога йўл қўйган эдилар. Чунки ҳимояланиш лозим бўлиб турганда уни тарк қилиш бир хато бўлса, халқни Ислом душманларига бўйсундириш иккинчи хато ва душманни дўстлик қилади, деб билиш учинчи хатодир. Лекин Қутуз Оллоҳнинг шариъатини маҳкам ушлагани учун буларни теран фаҳмлар ва мусулмонлар зарарига ҳеч қачон кофирларни дўст тутмаган эди.     Еттинчи сабаб: Уммат ва лашкарда умид руҳини жонлантириш. Уммат қаттиқ тушкунликка тушган ва нусратдан умиди узилган эди. Руҳан тушкун умматнинг нусратга эришиши амри маҳолдир. Лекин ноумидлик, тушкунлик мўминларнинг сифати эмас. Оллоҳ таоло марҳамат қиладики,"Оллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур"[16]Қутуз раҳимаҳуллоҳ лашкарнинг ва умматнинг руҳиятини кўтаришга ҳаракат қилди. Ва уларга Оллоҳ йўлида юрганларга Унинг ўзи нусрат беражаги таъкидланган экани ва бу иш ақийдавий масала эканини англатди. Оллоҳ азза ва жалла айтадики, "Оллоҳ (Лавҳу-Маҳфузга): «Шак-шубҳасиз Мен Ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман», деб ёзиб қўйгандир. Албатта Оллоҳ кучли, қудратлидир"[17]Саккизинчи сабаб: Кенгаш-маслаҳатга асосланиш. Қутузнинг тақрибан барча режалари маслаҳат асосида бўлган эди. Маслаҳатлашиш Ислом ҳукмларининг асосларидандир. Уммат бу асосга эътиборли бўлмоғи лозим.Тўққизинчи сабаб: Ишларнинг ўз эгаларига топширилиши. Қутуз раҳимаҳуллоҳ малака ва омонат сифатларига эга бўлганларни волий этиб тайинлади. Оллоҳ таоло марҳамат қиладики, "Зеро, сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишончли кишидир"[18]Яъни ишга яроқли, қобилиятли ва илгари шу каби ишларни қилган, Оллоҳнинг ҳақлари ҳамда уммат ва ўз нафси олдидаги омонатларни риоя қилувчиларни волий қилди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ Баҳрий мамлуклар билан алоқа кескин бўлган бир пайтда улардан бўлган Фарисуддин Ўқтой ас-Соғирни армия қўмондони мансабига қўйди. Айн-Жалутда лашкар муқаддимасига Рукунддин Бейбарсни сардор қилди. Шунингдек, Шомга ўзининг яқинларини амир қилмади, балки Шом амирларини ўзларини амир қилиб тайинлади. Ким омонатни муҳофаза қилса, оламлар Раббиси ҳам уни ҳимоя қилади. Ўнинчи сабаб: Дунёдан парҳез қилиш. Ҳар қайси замонда ва маконда дунёга кўзини тиккан бошлиқлар, эзгуликни унутганлар енгилишлари турган гапдир. Муҳаммад ибн Хоразмшоҳ, Жалолуддин Мангуберди, Мустаъсим Биллаҳ, Бадруддин Луълуъ, Носир Юсуф Айюбий ва бошқаларнинг қиссалари зикр қилинди. Улар дунёни дўст тутиб хатога йўл қўйдилар. Қутуз аксарият бошлиқлар гирифтор бўлган дунёдан зоҳид бўлди ва унга фитналанмади. Қўлига беҳисоб ғаниматлар, бойликлар кирди, лекин унга қиё ҳам боқмади. У дунёни сотиб, эвазига жаннатни сотиб олган эди. Бор мулкини мўғулларга қарши ҳозирлик кўраётган мусулмон лашкарга сарфлади, тахт учун ҳарис бўлмади, ҳатто Миср ва Шомни бирлаштириш илинжида Носир Юсуфга тахтни топшириши ва ўзи унга ноиб бўлишини айтган эди. Айн-Жалут жангида душман ҳаммадан ҳам унинг ўлимига ҳарис бўлишига қарамай, у жанг майдонида жонбозлик кўрсатган ва Оллоҳ йўлида ўлишни орзу қилган эди.Қутуз раҳимаҳуллоҳ азиз, улуғвор, қадди рост, диндор, халқига муҳаббатли ва душманига ҳайбатли ҳолатда яшади. Оллоҳ таоло у кишини жаннатда шаҳидлар саййидлари билан бирга қилсин! Мўғул-татар қиссасини Айн-Жалутгача бўлган қисми, яъни мўғулларнинг тарих саҳнасида пайдо бўлишидан то қуввати синдирилгунича бўлган ҳодисаларни зикр қилиб ўтдик. Лекин қиссадаги баъзи воқеаларни батафсил баён қилиш билан бирга бошқа кўпларини енгил айтиб ўтишга кифояландик. Чунки ҳамма ҳодисаларни батафсил зикр қилишимиз кўп вақт талаб қилар эди. Аслида бу қисса янада эътибор бериб, диққат билан ўрганишга лойиқ. Қиссанинг ниҳоясида баъзи масалаларга тўхталиб ўтмоқчимиз. Бу қиссадан фақатгина ер юзида ва тарих саҳифаларида юз берган ҳодисаларни шунчаки билиб қўйиш ёки унга назар солиш ёки беамал таҳлил қилишни мақсад қилмадик. Балки тадаббур ва тафаккур қилиш, ибрат ва фойда олиш, келажакка тарих кўзи билан назар солиш ва бугуннинг кечаги кунга ўхшашлигидан дарс олиш мақсадида зикр қилдик. Ҳозирги кунимиздаги мусулмонларнинг аҳволи мўғуллар замонидаги мусулмонларга бунчалар ўхшаш бўлмаса! Бугунги кун мусулмон ҳокимлари мўғуллар кунидагиларга ўхшашлигини айтмайсизми! Ислом диёрларининг кофирлар томонидан эгаллангани мўғуллар томонидан босиб олинганига бунчалар ўхшамаса! Ҳа, тарих такрорланаверади, лекин ундан ибрат олувчилар қани?!Оллоҳ субҳанаҳу ва таолодан унинг ер юзида жорий қилган қонунларини билдиришини, манфаатли бўлган илмни таълим бериб, таълим бергани билан фойдалантиришини ва тарихни бизларга ибрат қилишини сўраймиз, албатта у Оллоҳнинг қўлида ва у бунга қодир зотдир.  Валлоҳу таъала аълам....  Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.[1] Саллабий "ал-Мўғул" (372 - бет).[2] Оли-имрон: 103[3] Рус. Кесария.[4] Рус. Цфат.[5] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/465).[6] Рус. Яффа.[7] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/476).[8] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/597).[9] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/631).[10] Рус. Джебейль, Библ.[11] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/635).[12] Муҳаммад Суҳайл Тоқуш "Тариху мўғул ал-қобилатуз-заҳабия вал-ҳинд".[13] Сиржоний "Қиссатут-татар" (351  - бет).[14] Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (157 - бет).[15] Сиржоний "Қиссатут-татар" (352  - бет).[16] Юсуф: 87[17] Мужодала: 21[18] Қасос: 26

المرفقات

2

Мўғил татар қиссаси 27-қисм
Мўғил татар қиссаси 27-қисм