البحث

عبارات مقترحة:

الصمد

كلمة (الصمد) في اللغة صفة من الفعل (صَمَدَ يصمُدُ) والمصدر منها:...

القادر

كلمة (القادر) في اللغة اسم فاعل من القدرة، أو من التقدير، واسم...

الكريم

كلمة (الكريم) في اللغة صفة مشبهة على وزن (فعيل)، وتعني: كثير...

Мўғил татар қиссаси 18-қисм

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف Абу Абдуллоҳ Шоший ، Шамсуддин Дарғомий
القسم كتب وأبحاث
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات التاريخ وتقويم البلدان - البلدان والممالك
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: – Мамлуклар ҳукмронлиги; – Шажаратуд-Дурнинг ҳукмронлиги; – Мамалик муъиззиянинг шаклланиши; – Фарисуддин Ўқтойнинг ўлдирилиши; – Баҳрий мамлуклар сардорларининг Шомга қочиши; – Подшо Муъиз ўлдирилиши қиссаси ва қотилининг оқибати; – Нуруддин Алининг ҳукмронлиги;

التفاصيل

Мўғул татар қиссаси 18- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Мўғул-татар қиссаси Ўтган суҳбатимизда: Мамлуклар ҳукмронлиги Шажаратуд-Дур Шажаратуд-Дурнинг ҳукмронлиги Шажаратуд-Дурнинг турмушга чиқиши Мамалик муъиззиянинг шаклланиши Фарисуддин Ўқтойнинг ўлдирилиши Мамлуклар сардорларининг Шомга қочиши Нуруддин Алининг ҳукмронлиги Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.  Мўғул татар қиссаси 18- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Мўғул-татар қиссасиБарча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман. Ўтган суҳбатимизда:–        Солиҳ Нажмуддин Айюб волийлиги;–        Шом ва Миср ўртасидаги уруш;–        Хоразм армиясининг Нажмуддин Айюб лашкаридан ажралиши;–        Мамлуклар қиссаси;–        Мамлуклар мавқеининг ортиши;–        Мамлукларнинг саййидларига нисбатланиши;–        Нажмуддин Айюбнинг мамлуклар билан алоқаси;–        Еттинчи салиб юриши;–        Думётнинг ишғоли;–        Ал-Мансура жанги;–        Фарискур жангги;–        Туроншоҳнинг ҳокимлиги ва ўлими қиссаси каби мавзуларни зикр қилган эдик. Мамлуклар ҳукмронлигиСолиҳ Нажмуддин Айюб Шомдаги Айюбийлар ва насронийлар устидан ғолиб бўлгандан сўнг, Миср ва Шомни бирлаштирган эди. Туроншоҳнинг Мамлуклар томонидан ўлдирилиши, Мисрда жуда катта сиёсий бўшлиқни пайдо қилган, бошқа тарафдан эса, Шомдаги Айюбийлар Мисрга тамаъ қилишда давом этаётган эди. Шунингдек, Аюбийлар сулоласидан бўлган Туроншоҳнинг ўлдирилиши, Мамлукларга нисбатан Айюбийлар қалбида чексиз адоват ва қасос ўтини аланга олдирган эди. Мамлуклар Айюбийлар қасос олишга ҳаракат қилишларини жуда яхши биларди. Бироқ, мамлуклар ўзларининг Мисрда ва унинг армиясида мустаҳкам ўринлари борлиги ҳамда "Мансура" ва "Фарискур" жангларида ғалабанинг асосий сабабчилари ўзлари бўлатуриб, қадрларининг пастлатилиши ва вазифаларидан четлатилиши билан зулм қилинганларини равшан идрок қилардилар. Бу нарсалар мамлукларни Миср тарихида илк бор бевосита ҳукумат бошқарувини қўлга олишлари мумкинлигини фикр қилишларига олиб келди. Биз ғолиб бўлоламиз, нима учун ҳукмронлик бизники бўлиши мумкин эмас? Бу савол биринчи маротаба мамлукларнинг зеҳнларига отилган ўқ мисоли қадалди. Дарҳақиқат, Мамлуклар 254 - 292 ҳ.с.лар / 868 - 905 м.с.лар мобайнида Мисрда ҳукм юритган Бани Толунлар[1]га хизмат қилди, сўнгра Толунлар давлатидан кейин 292 - 323 ҳ.с. / 905 - 935 м.с.гача Аббосийлар давлатига, сўнгра 323 - 358 ҳ.с.лар / 935 - 969 м.с.лар Ихшидлар давлатига, сўнгра 358 - 566 ҳ.с.лар / 969 - 1171 м.с.лар Фотимийлар давлатига, ундан кейин 567 ҳ.с. / 1171 м.с.дан бошлаб Айюбийлар давлатига хизмат қилиб келди[2]. Бу даврларнинг барчасида Мамлуклар асосий армия вазифасини ўтаб келди. Шунга қарамай улар ҳеч қачон ҳукмронликни ўз қўлларига олишни хаёлларига келтирмаган эдилар. Ҳамиша подшоларга ёрдам бериб келган эдилар халос. Мамлуклар асли сотиб олиниб, сўнгра сотиб юбориладиган, таниқли бирор оилага нисбатлана олмайдиган ва янги-янги ўлкаларда яшашга тўғри келгани учун доим ғариблик ҳисси билан ҳаёт кечирувчилар жамоаси эди. Шунингдек, улар эркин фикрдан маҳрум, ҳамиша кимгадир тобе, у хўжайиндан бу хўжайинга кўчиб турувчи мато эдилар ва ҳоказо.... Ҳозир эса, аҳвол бутунлай ўзгача, уларнинг замони келган, қуёш улар томондан чиққан эди. Алҳол, подшолар заиф, куч-қувват уларнинг қўлида. Шундай экан, бошқарувни ҳам бир тажриба қилиб кўришларидан тўсиб турадиган нарсанинг ўзи йўқ. Аммо уларнинг бевосита бошқарув курсисига ўтиришлари жуда таажжубли эди, сабаби, одамлар Мамлукларнинг асли кимлар эканини, сотиб олиниб, сотиладиган қуллар эканини унутмаган эди. Борди-ю, қулликдан озод қилинсалар ҳам, инсонлар уларнинг ҳоким бўлишини, гарчи бой ва бадавлат бўлиб, ихтиёрлари ва ваколатлари кўпайса ҳам қабул қилишлари ўта мураккаб иш эди. Гарчи бирор бир минтақа ва ер майдонларига ҳоким бўлсалар-да, охир оқибат улар Мамлук, яъни қуллар эди. Уларнинг ҳукумат тепасига кўтарилиши, буни қабул қилолмайдиган инсонларни қаноатлантиражак ҳужжатга муҳтож эди.                  Буларнинг ҳаммаси Туроншоҳ ўлдирилгандан кейин, Мамлуклар қаршисига чиқди. Улар Туроншоҳдан сўнг бевосита ҳукуматни қўлга олишни хоҳладилар, лекин бунинг учун кўчиш даврига эҳтиёжлари бор эди, яъни бу давр одамлар уларнинг бошқарув курсисига ўтиришларини ҳазм қилишлари учун керак эди. Улар султонликни истасада, мамлук эканликлари учун ҳукмронликдан маҳрум қилинишлари мумкин бўлиб, бу эса уларнинг қаршисида ечимсиз масала эди.....   Шажаратуд-ДурШажаратуд-Дур тарихда жуда оз суратда учрайдиган ажойиб табиатли аёл эди. У жуда кучли, шижоатли, довюрак, ўта ақлли, ҳикматли ҳамда қиёдий ва идорий қобилиятли эди. Шажаратуд-Дур ўзидаги бу сифатларни билар ҳамда имкониятлари ва ўзидаги қобилиятга қаттиқ ишонар эди. Булар эса, Ислом оламида, хоссатан уммат тарихининг ўша даври учун тамоман янгича фикрни келтириб чиқарди. У Миср тахтига кўтарилишни фикр қилди!       Бу жуда катта иш бўлиб, жўшқин тўлқинга қарши сузиш билан баробар эди. Лекин Шажаратуд-Дур бу журъатли фикрни татбиқ қилишга ўзида малака топди. Эримнинг ўлимидан сўнг, Мансура жанги юз берган кунларда сиррий тарзда давлатни бошқардим-ку, буни ҳозир ошкора қилолмайманми? – дея ўзини руҳан кўтарди. Шажаратуд-Дур Туроншоҳ ўлдирилгандан кейин давлат бошқаруви масаласини Мамлуклар билан маслаҳат қилганида, мамлуклар истаб турган ўтиш босқичи пайдо бўлди, у устозлари подшо Солиҳ Нажмуддин Айюб раҳимаҳуллоҳнинг завжаси эди. Нажмуддин Айюб раҳимаҳуллоҳни нафақат мамлуклар, балки Миср халқи ҳам жуда яхши кўрар, қаттиқ ҳурмат қилар ва унга ўта вафодор эдилар.       Шажаратуд-Дур аслида бир жория бўлган, сўнгра озод қилинган эди, яъни у айнан мамлуклардан бўлмасада, унинг келиб чиқиши мамлуклар билан бир ҳил манзилатда эди. Агар у Мисрга ҳокима бўлса, халқ мамлуклар босилди, деб ўйлаши аниқ эди. Нима бўлганда ҳам у бироз олдин дунёдан кўз юмган, халқнинг суюкли подшоси Солиҳнинг хотини эди. Айни вақтда мамлуклар бу аёлнинг ортидан давлатни бошқариши ва бу билан улар ўзларини озод қилишлари мумкин бўлиб қолди. Кейинчалик эса, уларнинг ошкора ҳукумат тепасига кўтарилишлари учун йўл очиларди. Модомики, мамлука аёл ҳокима бўла оларкан, мамлук эркак ҳоким бўлиши авло эмасми – деган фикр садоси уларни чалғитарди.   Шажаратуд-Дурнинг ҳукмронлигиМамлукларнинг хоҳиши билан Шажаратуд-Дурнинг рағбати мувофиқ келди. Туроншоҳнинг қатлидан бир неча кундан кейин 648 м.с. сафар ойининг бошларида / 1250 м.с. май ойида Шажаратуд-Дурни Миср ҳокимаси, деб эълон қилишга қарор қилдилар[3]. Ҳамма нарса босди-босди бўлмади, Мисрнинг турли минтақаларида норозилик ва эътирозлар жўш ура бошлади. Ислом оламининг бошқа ерларидан ҳам бу фикрга қарши чиқувчилар кўпайди. Миср кўчаларида намойишлар содир бўла бошлади. Шажаратуд-Дур қўлидан келгунича вазиятни сокинлаштиришга ҳаракат қилди. Халқ қаршисида у ўзини Солиҳ Нажмуддин Айюбга нисбатлади, мен подшо Солиҳнинг ишини давом эттираяпман, мен Солиҳий мусулмонларнинг маликасиман, деб кўрди. Лекин бу гап халққа етарли бўлмади ва уларнинг намойишларини тўхтата олмади. Сўнгра у ўзини Солиҳ Айюбдан бўлган кичик ўғли Халилга нисбатлади, мен амирул муъминин султон Халилнинг волидаси ҳамда Солиҳий мусулмонларнинг маликасиман, деди. Унинг ўғли Халил отаси Нажмуддин Солиҳ ҳаётлигида гўдаклик чоғида оламда ўтган эди[4]. Бироқ бу ҳам халққа кифоя қилмади. Ундан кейин у ўзини ўша пайтлар халифа бўлган Мустаъсим биллаҳга нисбатлаб, мен Мустаъсимий мусулмонларнинг маликасиман, деди. Шажаратуд-Дур амирул муъминин Халилнинг волидаси, Солиҳий ва Мустаъсимий мусулмонларнинг маликаси эканлигини таъкидлади.Омма халқ ва уламолар олдида фикрини қабул қилишлари учун қилинган бу хушомадларга қарамай, халқнинг ғазаби босилиш ўрнига, намойишлар халқнинг барча табақаларини ўз ичига олди. Мамлакатда вазиятнинг кескинлашгани барчага аён эди. Ваҳшиёна салиб юришлари тўхтамаган, Шомдаги Айюбийлар подшо Солиҳ замонида Мисрга тамаъ қилганида, ҳозирги ҳолатда гапиришга ҳожат ҳам йўқ эди. Бошқа тарафдан мўғуллар ислом ўлкаларини шарқидан бошлаб, ғарбига қараб эгаллаб келаётган ва айни дамда улар Аббосийлар эшигини зарб билан қоқиб турган эди. 648 ҳ.с. / 1250 м.с. мўғуллар Азарбайжон ва Форс ерларида туриб, Боғдодни тўнтаришга тайёргарлик қилаётган, Ҳулагу Ироққа ҳужум қилишга ҳозирликни бошлаган эди. Миср ўта қийин аҳволда, худди портлай деб турган вулқонга ўхшарди, лекин бу вулқоннинг қачон отилиб чиқишини –Оллоҳдан бошқа– ҳеч ким билмасди. Намойишлар шунчалар кучайдики, ҳатто намойишчилар шаҳар ташқарисига ҳам чиқа бошлади. Ҳукумат Қоҳира дарвозаларини беркитишга мажбур бўлди. Уламолар ва хутаболар минбарлар ва дарсларда, ом ва хос йиғинларда аёл кишининг волийлигини қоралашга бел боғладилар, уларнинг орасида буни энг қаттиқ инкор қилганлардан ўша замоннинг таниқли олимларидан Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ эди. Шунингдек, Шомдаги Айюбий амирлар Миср тахтига аёл кишининг ўтирганига қаттиқ эътироз билдирдилар. Халифа Мустаъсим Биллаҳдан нафақат кескин ва қаттиқ жавоб келди, ҳатто бутун Миср халқини қаттиқ койиди ҳам. У ўзининг мактубида "Агар сизларда эркак киши қуриб кетган бўлса, айтинглар! Биз сизларга эркак кишини йўллайлик! Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Ўз ишларига аёл кишини бошлиқ қилиб олган қавм асло нажот топмайди"[5], деганларини эшитмаганмисизлар!"[6] дея илтифот кўрсатган эди. Шажаратуд-Дурнинг турмушга чиқишиЯнги маликани танқид қилиниши тўхтамади, бир кун ҳам тинчлик йўқ эди. Малика ўз нафсидан қўрқа бошлади, чунки ўша вақтлар юртбоши сайлови фақат қилич билан бўлар, ниҳояси эса ўлим билан якунланар эди. Шунда Шажаратуд-Дур давлатни бир эркак кишига бериб, ўзи унинг соясида бошқарувни олиб боришга қарор қилди. Салтанат муҳаббати эса, гўё унинг қонида оқарди. Шу сабаб тахтни осонлик билан таслим қилишга кўзи қиймади. У ўзида ақлий, идорий ва қиёдий қобилиятларни ҳис қиларди, булар эса ҳақиқатан катта имкониятлар эди. У сих ҳам кабоб ҳам куймасин, қабилида иш тутди. Зоҳиран ҳукм майдонидан кетган-у, аслида ҳукмдор. У хатарли сиёсий ўйинни режа қилди. Бу сиёсий ўйин, бирорта эркакка турмушга чиқиб, тахтни унга топшириш, сўнгра унинг орқасида туриб ҳукм юргизиш фикри эди. Бунга ўхшаш ўйинлар сиёсат майдонида кўп учрайди. Қанча-қанча ҳокимлар бор, бироқ уларнинг оти ҳоким халос. Шажаратуд-Дур ҳақиқий суратдаги эркакка эмас, қиёфаси эркак бўлган бирига  никоҳланишни режа қилган эди. Чунки эркак киши қувватли бўлса, ҳукм қилишни ҳаргиз аёлига бериб қўймайди. Агар бўлажак эр насабли оиладан бўлсачи, унда эрнинг қариндошлари унга султонлигида ёрдамчи бўлади ва шуҳратпараст малика ҳокимиятдан четлатилади. Агар эр мамлуклардан ҳамда заифроқ бўлса, айни муддао! Шажаратуд-Дур бу фикрларни бирма-бир хотиридан ўтказди ва уларни торозига солиб кўрди. Сўнгра у мамлуклар орасидан Фарисуддин Ўқтой, Рукнуддин Бейбарс ва уларга ўхшаган кучли ва оқил бир кишини танламасдан, жангу-жадални хуш кўрмайдиган, ихтилофлардан узоқ ва тинчлик севарлиги билан машҳур Иззуддин Ойбек Туркмоний Солиҳийни ихтиёр қилди. Бу сифатлар Шажаратуд-Дур наздида айни у ахтарган энг яхши сифатлар эди.    Шажаратуд-Дур Иззуддин Ойбекка турмушга чиқди ва уни расман Миср волийси деб эълон қилди. Бу ҳодиса 648 ҳ.с. жумодул-охира ойининг охирлари / 1250 м.с.нинг октябр ойига тўғри келган эди, яъни Шажаратуд-Дур ҳукумат тепасига келганидан 80 кундан кейин юз берган эди[7].Миср бир йилнинг ўзида тўртта бошлиқни кўрган эди. Биринчи подшо Солиҳ Айюб раҳимаҳуллоҳ эди, у ўлди. Сўнгра унинг ўрнига ўғли Туроншоҳ ўтирди, у ўлдирилди. Сўнгра Шажаратуд-Дур тахтга ўтирди, у тахтдан тушди. Ундан кейин Иззуддин Ойбек Туркмоний волий бўлди. Иззуддин Ойбек малик Муъиз деган лақабни олди ва Миср халқи унга байъат қилишди[8]. Бу ҳодисалар Миср тахтига мамлукларнинг кўтарила олишини қабул қилинишига дебоча эди. Чунки Иззуддин Ойбек Туркмоний аслида мамлук аскар бўлган, кейин озод қилинган, бироқ барибир "Мамлук" деб эътибор қилинар эди. Миср халқи райларига тўғри келмасада янги ҳолатни қабул қилди, зеро, бу ҳолат аёл кишининг волийлигидан афзал эди-да. Подшо Муъизнинг ўрнини боса оладиган шахс Миср ҳамда Шомдаги Айюбийлар орасида йўқ эди. Шомдаги Айюбий амирларнинг ўзлари заиф ҳолатда эди. Шомдаги Айюбийлар Носир Юсуф Айюбий, Ашроф Айюбий, Саъид Ҳасан ибн Абдулазиз ва бошқалар мисолида гавдаланарди. Улар заифгина эмас, ҳатто бадхулқ, хоин кишилар эди. Подшо Муъиз Иззуддин Ойбек Туркмоний ҳукумат тепасига келгандан сўнг, Мисрда вазият аста-секин мувозанатга кела бошлади.    Мамалик муъиззиянинг шаклланишиШажаратуд-Дур ўзи режа қилганидек парда ортидан ҳукм юргиза бошлади, у мамлукларни, айниқса Фарисуддин Ўқтой ва Рукнуддин Бейбарсларни қўлларди. Бироқ, унинг донолиги подшо Муъиз Иззуддин Ойбекни турмуш ўртоқ сифатида танлашида панд берган эди. Зеро, бу киши Шажаратуд-Дур гумон қилганидек заиф эмас, билакс ўта заковатли инсон эди. Иззуддин Ойбек ўзининг биродарлари мамлукларнинг ва хотини Шажаратуд-Дурнинг хатарини яхши биларди, шу боис тадбирини олишга киришди. Унинг биринчи қилган иши Шажаратуд-Дур ва Баҳрий мамлукларни йўқотиш бўлмади, балки шошилмасдан қадам-бақадам тайёргарлик кўра бошлади. Сайланган мамлукларни сотиб олиб, аскарий қувватини ва шахсий ҳомийлиги кучайтиришга киришди. Бу мамлуклар, тарих саҳифаларида подшо Муъиз Иззуддин Ойбекка нисбатланиб, "Мамалик Муъиззия" номи билан танилди. У Муъззия мамлукларининг бошига рижолларнинг ёрқин намоёндаси, суворийларнинг энг кучлиси ва амирларининг мутлоқ улуғи – Сайфуддин Қутуз раҳимаҳуллоҳни тайин қилди.          Бу ҳодиса ислом оламининг машҳур қаҳрамони Сайфуддин Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг тарих саҳифаларида илк кўзга ташланиши эди. У подшо Муъиз Иззуддин Ойбекнинг хос армиясининг бош сардори бўлди. Иншааллоҳ келажак дарсларимизда, Сайфуддин Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг бу ўринларга қандай келиб қолганлиги, у кишининг насаби кимлардан эканлигини баён қиламиз.Шом Солиҳ подшоҳ раҳимаҳуллоҳ ўлимидан сўнг, Мисрдан ажралишга ҳаракат қилган бўлса, унинг ўғли Туроншоҳ ўлдирилганидан кейин бевосита алоҳида бўлиб олган эди. Миср билан Шом ўртасида икки марта катта уруш содир бўлди. Шомликлар бир неча бор Мисрга ғазот қилишга ҳаракат қилди. Биринчи жанг 648 ҳ.с. 10 зулқаъда куни / 1251 м.с. 10 феврал куни, яъни Иззуддин Ойбек Миср тахтига ўтирганидан 4 ойдан кейин "Аббосия" деб аталган минтақада подшо Муъиз билан Шом амирларидан Носир Юсуф ўртасида содир бўлди[9]. Подшо Муъиз Шом қўшини устидан икки марта катта ғалабага эришди, ҳатто охирги сафар, яъни 3 йилдан сўнг 651 ҳ.с. / 1253 м.с. Фаластинни Мисрга қўшиб олишга мушарраф бўлди. Бунда халифа икки тараф ўртасида чиққан низога аралашиб, Фаластинни Мисрга қўшиб бериш бадалида[10] улар ўртасида сулҳ ўрнатган эди[11]. Подшо Муъиз билан амир Носир Юсуф ўртасида ҳакамлик қилган халифанинг элчиси шайх Нажмуддин Базароий эди[12]. Подшо Солиҳ қолдириб кетган давлатнинг қайтадан тикланиши, Миср халқи олдида подшо Муъизнинг обрўси ва эътиборини ортишига олиб келди.    Фарисуддин Ўқтойнинг ўлдирилишиПодшо Муъиз Иззуддин Ойбек Баҳрий мамлуклардан бўлса ҳам, Баҳрий мамлуклар унга қаттиқ ҳасад қила бошладилар. Икки тараф орасида гина-кудурат, ҳасаднинг белгилари кўриниб қола бошлади. Подшоҳ Муъиз Баҳрий мамлуклар назарида бирор қийматга эга эмасди. Мамлуклар орасида қувват, обрў-эътиборга ва тарихга эга бўлганлари бўлатуриб, миср тахтига кўтарила олмаган, подшо деган лақабга лойиқ бўлсаларда, бу уларга насиб қилмаган эди. Иззуддин Ойбек эса, мамлуклар эришолмаган мисрга ҳоким бўлган ва подшо Муъиз деган лақабни олган эди. Подшо Муъиз номи қаерда-ю, Мамлук деган лақаб қаерда?! Шулар сабаб, улар ўртасида кўролмаслик, ҳасад кучайди. Айниқса, Фарисуддин Ўқтойнинг ҳасади чексиз эди. Мақризий хабар беришича, Фарисуддин Ўқтой Ойбекни, яъни подшо Муъизни менсимас ва жуда паст санарди, ҳатто бутун мамлуклар олдида унга бирор лақабларсиз фақат исмини айтиб, Эй Ойбек! – дея хитоб қиларди[13]. Фарисуддин Ўқтойнинг бундай муомаласи самараси ўлароқ, Иззуддин Ойбек Баҳрий мамлукларнинг ҳасадларини сезиб турарди. Шу билан бирга халқ ҳам уни фақатгина маликанинг эри, деб ҳисоблар эди. Подшо Муъиз Баҳрий мамлукларнинг бошлиқларини алмаштиришни фикр қилди, бироқ унга шошилмади. Ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтди.   652 ҳ.с. / 1254 м.с. Миср армиясининг қўмондони Ўқтой Айюбий амирларининг қизларидан бирига уйланишни қасд қилади[14]. У Ҳамаҳ шаҳри амири Музаффар Тақиййуддин Маҳмуднинг қизига уйланмоқчи эди[15]. Бу ҳолатни подшо Муъиз эътибордан қочирмасдан, кузатиб борарди. Шунда подшо Муъиз Ўқтойнинг халқ олдида ўзини кўрсатишга ҳаракат қилаётганлигини дарҳол пайқайди. Агар Ўқтой Айюбийлардан уйланса, у салкам 80 йил давомида Мисрни бошқариб келаётган Айюбийлар оиласига кириб бориши ва султон Айюбийнинг хотинига уйланган шахс Мисрда ҳоким бўлишга ҳақли-ю, Айюбий қизларга уйланган ундан кўра ҳақли эмас-ми! – дея инқилоб кўтариши мумкин, деган ўй подшо Муъзнинг миясини қурт каби кемира бошлади. Устига-устак, Ўқтой ундан қувват ва обрў жиҳатдан устун эди. Мансура жангида ҳам миср лашкарига Ўқтой қўмондон бўлган эди. Подшо Муъиз катта хатарни сезди. Ўзига қарши инқилоб қилиниши, инқилоб эса фақат қиличлар билан бўлишини у жуда яхши биларди. Ўқтойнинг ўзини баланд тутиши, Ойбекни менсимаслиги, энди эса Айюбий амирага уйланиш ҳаракати, Ойбекни тахтдан ағдариш учун қилинаётган режаси эди.        Шунда подшо Муъиз ўзига қарши инқилоб қилиш режасини тузишда айбланган Фарисуддин Ўқтойни ўлимга маҳкум қилди. 652 ҳ.с. 3 шаъбон куни / 1254 м.с. 25 сентябр чоршанба куни подшо Муъизнинг буйруғи билан Фарисуддин Ўқтой қатл қилинди[16]. Унинг қатлига фақатгина гумон сабаб бўлганди! Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Ўқтойнинг ўлими сабаби, у билан бирга бир гуруҳ Баҳрий мамлуклар подшо Муъизни менсимай, кибрланиб, унинг амрига бўйинсинмай, туғёнга кетиб, "ас-Соъид" минтақасида мусулмонларнинг молини талаб, хотин бола-чақасини қул қилиб, ер юзида фасод тарқатгани эканини хабар беради[17]. Подшо Муъиз Фарисуддинни Мисрдаги "Мансура қалъаси"га чақиртиради[18] ва ўша ерда уни Қутуз, Баҳодир ва Санжар ал-Ғотмийлар қўли билан қатл қилдиради[19]. Фарисуддин Ўқтойнинг ўлими Иззуддин Ойбек йўлини очди, унинг қуввати ортди, гапи ўтадиган бўлди. Хотини Шажаратуд-Дурнинг эса тили қисилиб, қуввати камая бошлади.       Мамлуклар сардорларининг Шомга қочишиПодшо Муъиз етарли малакани ҳосил қилди ва Муъиззия мамлукларининг қувватини оширди. Ўлкада вазият анча барқарор ҳолатга келди. Халқ ундан рози, Аббосийлар халифаси унинг Мисрга ҳоким эканлигини тан олди. Бу подшо Муъиз Иззуддин Ойбек учун ўта муҳим ҳамда Мисрда ҳокимлигини барқарорлаштиришига бўлган жиддий одим эди. Фарисуддин Ўқтойнинг ўлдирилиши натижасида Мисрда иккита катта гуруҳ вужудга келди. Улар: Шажаратуд-Дур ва Рукнуддин Бейбарслар ҳомийлик қилган Баҳрий мамлуклар гуруҳи ва подшо Муъиз Иззуддин Ойбек ҳомийлигидаги Муъиззия мамлуклар жамоаси эди. Шунда Баҳрий мамлуклар орамиздаги энг кучли ва улуғимиз Фарисуддин Ўқтой ўлдирилди, энди қолганларнинг аҳволи нима бўларкин?! – деган фикрга борди. Раҳнамолари Шажаратуд-Дур бирор нарса қилишга қудрати етмаётган эди. Баҳрий мамлуклар хавф-хатар ва даргумон ҳолатда тонг оттирдилар. Сўнгра Баҳрий мамлукларнинг катталари подшо Муъиз Иззуддин Ойбекдан хавфсираб, Шомга қочишга қарор қилишди. Улар кечқурун мисрнинг шарқий дарвозаси Қаротинга ўт қўйиб кетишди, шундан эътиборан бу дарвоза маҳруқ (ёндирилган) деб номланиб қолди[20]. Шомга қочганларнинг бошлиғи Рукнуддин Бейбарс эди. Рукнуддин Бейбарс Дамашқ волийси хоин Носир Юсуфнинг ҳимоясига кирди. Хуллас калом, Баҳрий мамлукларнинг энг катталари ёки ҳаммаси Шомга кетишди, қолган бир қисми Каракка подшо Муғиснинг олдига ва бошқа жойларга кетишди[21]. Баҳрий мамлукларнинг Фаластинда истиқомат қилишларига халифа Мустаъсим воситачилик қилди, шу билан Муъиззия мамлуклари ва Баҳрий мамлуклари орасида юзага келган аланга ўчирилган эди.  Шу тариқа Миср ҳавоси подшо Муъиз Иззуддин Ойбек учун тамоман мусаффолашди. У яна уч йил, яъни 652 - 655 ҳ.с.лар / 1254 - 1257 м.с.лар мобайнида бирор қаршиликларсиз ҳукмронлик даврини сурди. Ўша дамларда унинг армиясига Сайфуддин Қутуз раҳимаҳуллоҳ қўмондон эди. Подшонинг хотини, собиқ малика Шажаратуд-Дурнинг попуги анча пасайган, бутун дарди ва аламини ичига ютиб юрган эди.       Подшо Муъиз ўлдирилиши қиссаси ва қотилининг оқибати655 ҳ.с. / 1257 м.с. яъни подшо Муъиз Иззуддин Ойбек Мисрга ҳоким бўлганидан 7 йил ўтиб, у минтақада янада мустаҳкам ўрнашишни истади. Чунки замон хоинлик, фитна ва хийлага тўлиб кетган эди. Шу боис у иттифоқ тузиш ҳаракатини бошлади, бу иттифоқни никоҳ билан юзага келтирмоқчи бўлди. У ўша минтақалардаги бирорта подшонинг қизига уйланиб, сўнгра у подшо билан алоқаларни ривожлантиришни режа қилди. Подшо Муъиз Мосулнинг амири Бадруддин Луълуънинг қизини танлади[22]. Бу амир мўғулларга сотилганлиги ва хоинлиги ҳақида ўтган дарсларимизда зикр қилгандик. Кўп нарсадан маҳрумликдан ғазабини ичига ютиб юрган собиқ малика, подшо Муъизнинг хотини Шажаратуд-Дур бундан хабар топади ва рашк ўтида ёнади. Аёллар орасида кенг тарқалган "Эр бермоқ, жон бермоқ" қабилидаги сўзлар ўз натижасини кўрсата бошлади. Агар бу никоҳ амалга ошса, Шажаратуд-Дур тарихдан бутунлай ўчиб кетади, деган ўй унинг ичини темир тирноқлари билан тирнай бошлади. Ишларни гўзал идора қилиш ўрнини рашк алангаси эгаллаган, бошқа аёллардан ажратиб турувчи ҳикматни унутган, уни қўлловчи Баҳрий мамлукларнинг катталари Шомга қочиб кетган, ҳақиқий қувват эри подшо Муъиз ҳомийлигидаги Муъиззия мамлуклари томонда эканлигини хаёлига келтирмаган эди. Воқеъликни кўришдан тўсган рашк отлиқ аёллик ҳиссиётига берилиб, оқибатини ўйламай қарор қилди. Бу қарор нима бўлса, бўлсин! Барибир, эри бўлмиш подшо Муъиз Иззуддин Ойбекни ўлдириш қарори эди.     Қабиҳ ҳукм 655 ҳ.с. робиъул аввал ойи / 1257 м.с. апрел ойида амалга оширилди[23]. Шу билан подшо Муъиз Иззуддин Ойбекнинг даври битди, у миср тахтида 33 кун кам етти йил ўтирган эди. Ўшанда у 60 ёшлар атрофида эди[24]. Шундай қилиб, Шажаратуд-Дур икки Миср султонини: Туроншоҳ ва Иззуддин Ойбекларни ҳаётига зомин бўлган эди.  Бу жиноят ҳаммага кундек равшан бўлди. Подшо Муъизнинг ўнг қўли, армиясининг қўмондони Сайфуддин Қутуз раҳимаҳуллоҳ ва Иззуддин Ойбекнинг биринчи хотинидан бўлган 15 ёшли ўғли Нуруддин Али зудлик билан Шажаратуд-Дурни қўлга олдилар. Нуруддин Алининг онаси, яъни Иззуддин Ойбекнинг биринчи хотинидан унинг устидан ҳукм чиқариши талаб қилинди. Нуруддин Алининг онаси ниҳоят даражада қаттиқ ҳукм қилди, бу қасос жориялар Шажаратуд-Дурни ёғочдан бўлган калишлар билан уриб ўлдириш ҳукми эди. Ва у шу тариқа ўлдирилди[25]. Шаръан ҳукм қилинса ҳам, қотил қасосан қатл қилиниши керак, бироқ бу ўринда қасос аёлларга оид бўлиб, нафақат қасос, балки таҳқирлаш, хўрлаш мақсад қилинган эди. Аббосийлар халифаси Мустаъсим ҳам тепкилаб ўлдирилган эди. Бу каби жазо, ҳақиқатда Оллоҳни ҳам, халқини ҳам риоя қилмаган бошлиқларнинг баъзиларига хос ғайриодил услубдир.    Нуруддин Алининг ҳукмронлигиПодшо Муъиз Иззуддин Ойбек ва Шажаратуд-Дурнинг ўлдирилишидан сўнг, Нуруддин Али ибн Иззуддин Ойбекка байъат қилинди. У ўша дамлар 15 ёшда эди. Ёш боланинг султон бўлиши шубҳасиз катта ихтилофларга сабаб бўлар, аммо юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш бундан каттароқ аҳамият касб этар эди. Шу билан бирга Мисрдаги рижолларнинг энг забардасти ҳисобланган Сайфуддин Қутуз раҳимаҳуллоҳ ва подшо Муъизни қўлловчи Муъиззия мамлуклари бунга бош-қош бўлган эдилар. 655 ҳ.с. 26 рабиъул аввал куни / 1257 м.с. 20 апрелда[26] 15 ёшли Нуруддин Али Миср тахтига ўтирди ва подшо Мансур лақабини олди[27]. Парда ортидаги ҳақиқий ҳоким Сайфуддин Қутуз раҳимаҳуллоҳ эди. Сайфуддин Қутуз раҳимаҳуллоҳ ким эди ўзи? 655 ҳ.с. / 1257 м.с.дан сўнг, Ислом умматини қандай ҳодисалар кутиб турибди? Сайфуддин Қутуз раҳимаҳуллоҳ қандай тадбирлар кўради? Бу каби саволларга келажак дарсларимизда жавоб топамиз иншааллоҳ.Бу сўзларни айтарканман, ўзимга ва сизларга Оллоҳ таолодан мағфират тилаб қоламан.  Валлоҳу таъала аълам....  Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.[1] Рус. Тулуниды.[2] Сиржоний "Қиссатут-татар" (226, 227 - бет).[3] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/307), Сиржоний "Қиссатут-татар" (228 - бет).[4] Саллабий "Мавсуату тарихи миср" (2/671) китобидан нақл қилган, "ал-Мўғул" (303 - бет).[5] Бухорий ривояти (№ 4425).[6] Саллабий "Бадаиъуз-зуҳур" (1/287) китобидан нақл қилган, "ал-Мўғул" (304 - бет).[7] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/308), Сиржоний "Қиссатут-татар" (231 - бет).[8] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/308).[9] Саллабий "ал-Мўғул" (310 - бет).[10] Сиржоний "Қиссатут-татар" (233 - бет).[11] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/321), Мақризий "ас-Сулук" (1/479 - бет).[12] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/321), Мақризий "ас-Сулук" (1/479 - бет).[13] Саллабий "Қияму давлат ал-мамалийк ал-увла" (133 - бет) китобидан нақл қилган, "ал-Мўғул" (317 - бет).[14] Сиржоний "Қиссатут-татар" (233 - бет).[15] Саллабий "Қияму давлат ал-мамалийк ал-увла" (133 - бет) китобидан нақл қилган, "ал-Мўғул" (317 - бет).[16] Мақризий "ас-Сулук" (1/483 - бет). Муҳаммад Саллабийнинг хабар беришича, бу ҳодиса 652 ҳ.с. 21 шаъбон душанба куни рўй берган. "ал-мўғул" (318 - бет). [17] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/323).[18] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/323).[19] Мақризий "ас-Сулук" (1/483 - бет).[20] Мақризий "ас-Сулук" (1/483 - бет).[21] Мақризий "ас-Сулук" (1/483 - бет).[22] Саллабий "ал-Мўғул" (319 - бет).[23] Саллабий "Қияму давлат ал-мамалийк ал-увла" (139 - бет) китобидан нақл қилган, "ал-Мўғул" (320 - бет).[24] Мақризий "ас-Сулук" (1/494 - бет).[25] Мақризий "ас-Сулук" (1/494 - бет), Заҳабий "Сияр аълам ан-нубула" (23/199).[26] Мақризий "ас-Сулук" (1/495 - бет).[27] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/386).