البحث

عبارات مقترحة:

الفتاح

كلمة (الفتّاح) في اللغة صيغة مبالغة على وزن (فعّال) من الفعل...

الأعلى

كلمة (الأعلى) اسمُ تفضيل من العُلُوِّ، وهو الارتفاع، وهو اسمٌ من...

Раҳмоннинг бандалари ҳар ишда ўрта йўлни тутадилар

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف
القسم مقالات
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات التفسير - تفسير القرآن
Аллоҳ таоло бу оятларнинг биринчисида Ўзи яхши кўрган бандаларининг ҳаётлик чоғларида қиладиган эҳсон ва харжлари ўрта ҳолда бўлишини баён этади.

التفاصيل

وَالَّذِينَ إِذَآ أَنفَقُواْ لَمْ يُسْرِفُواْ وَلَمْ يَقْتُرُواْ وَكَانَ بَيْنَ ذَلِكَ قَوَاماً * وَالَّذِينَ لاَ يَدْعُونَ مَعَ اللَّهِ إِلَـهَا آخَرَ وَلاَ يَقْتُلُونَ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلاَّ بِالْحَقِّ وَلاَ يَزْنُونَ وَمَن يَفْعَلْ ذلِكَ يَلْقَ أَثَاماً * يُضَاعَفْ لَهُ الْعَذَابُ يَوْمَ الْقِيامَةِ وَيَخْلُدْ فِيهِ مُهَاناً *     "Раҳмоннинг бандалари эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмайдиган, бу иккисининг орасида ўрта йўл тутадиган инсонлардир. Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа худога сиғинмайдиган, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмайдиган, зино қилмайдиган зотлардир. Кимки, ўшандай ишларни қилса, жазога дучор бўлади. Унга Қиёмат куни азоб кўпайтириб берилади ва у хор бўлиб, азоб ичра абадий қолиб кетади". (Фурқон сураси, 67-69-оятлар).     Аллоҳ таоло бу оятларнинг биринчисида Ўзи яхши кўрган бандаларининг ҳаётлик чоғларида қиладиган эҳсон ва харжлари ўрта ҳолда бўлишини баён этади.     Аллома Абдурраҳмон Саъдий оятни мана бундай шарҳлайдилар: "Раҳмоннинг бандалари" вожиб ва мустаҳаб садақаларни адо этиб, “эҳсон қилганларида” чегарадан чиқиб, “исроф ҳам қилмайдиган”, зиммаларидаги вожиб ҳақларни бепарволик билан ташлаб қўймайдиган, бахиллик ва “хасислик ҳам қилмайдиган”, эҳсонлари исроф ва хасислик орасида бўладиган инсонлардир. ...Улар бу бобда бировга ҳам зарар етказмасдан, ўзлари ҳам зарар кўрмасдан иш тутадилар. Бу уларнинг адолат ва иқтисодларига далолат қилади”.     Маълумки, “нафақа”, “инфоқ” деганда Аллоҳ йўлида қилинадиган фарзу мустаҳаб эҳсон-садақалар ҳам, инсоннинг ўзига ва оиласига қиладиган кундалик сарф-харажатлари ҳам назарда тутилиши мумкин. Одамлар мана шу ишларда ё исроф қиладилар ёки хасислик қиладилар. Тўғри йўлда кетаётганлар эса шу иккисининг ўртасида бўладилар.     Имом Табарий оят тафсирида бир қанча фикрларни келтириб, сўнггидан айтадилар: “Бу борадаги тўғри сўз шуки, бу ўринда Аллоҳ айтаётган нафақа қилишдаги исроф Аллоҳ бандаларига рухсат бериб қўйган чегарадан чиқиб, ундан бошқа ёққа ўтиб кетишни англатади. Хасислик эса Аллоҳ буюрган нарсада нуқсонга йўл қўйишдир. Тўғриси шу иккисининг орасидадир... Бу (исроф, хасислик ва меъёр) ҳар бир ишда: емоқ, ичмоқ, киймоқ, садақа қилмоқда ва бошқа хайрли ишларни бажаришда кўринади... Овқат еётган одам тўйгани устига ҳам еявериб баданига зиён етказиши, аъзоларини издан чиқариши, ўзини Раббининг тоатидан, фарзларини адо этишдан чалғитиб юбориши, буларнинг бари исрофдан саналади. Имкони бўла туриб емоқни тарк этиши, бу билан ўзини ўзи заифлаштириши, қувватларини кесиб, Раббининг буйруқларини адо этишдан ожиз бўлиб қолиши хасисликдир. Ўрта йўл эса бу иккисинигш орасида бўлади”.     Қуртубий ёзадилар: “Нуҳос айтадилар: Бу маънода айтилган сўзларнинг энг яхшиларидан бири шуки, кимки Аллоҳнинг тоатидан бошқа ўринга сарф қилса, у исрофдир, кимки Аллоҳнинг тоатига сарф қилишдан тортилиб турса, у бахилликдир. Кимки Аллоҳнинг тоатида сарф қилса, ана ўша ўртаси ва тўғрисидир”.     Бироқ киши агар ақлини ишлатмаса, “мен молимни Аллоҳнинг тоатида ва яхши ишларда сарф қилаяпман” деб туриб ҳам исрофга ўтиб кетиши мумкин. Бундан ташқари исроф, бахиллик ва ўрта меъёр ҳамма учун бир хил қолипда бўлмаслигини ҳам эътиборга олиш лозим. Қуртубийнинг мана бу сўзлари шунга далил: “Ўртачаликнинг меъёри ҳар бир инсон учун унинг ҳолатига қараб белгиланади. Оиласининг катта-кичиклиги, моддий аҳволи, ўзининг сабр-бардоши, касб-кор қилишдаги чидам ва саботига қараб бу ўлчов ҳар хил бўлади. Ишларнинг яхшиси ўртача бўлганидир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрни бор мол-мулкларини садақа қилиб юборганларида ҳам бу ишдан қайтармадилар. Чунки у кишининг диндаги матонатлари ва сабрларига қараладиган бўлса, бундай қилишлари ўртача иш эди. Аммо Пайғамбар у кишидан бошқани бундай иш қилишдан қайтарганлар”. Демак, бундай ўринда киши иймонининг даражаси, унинг моддий ва маънавий ҳолати ҳам аҳамият касб этади. Кимнингдир мол-мулки кўп, даромади етарли. Унинг харажати ёки эҳсони ҳам шунга яраша бўлиши мумкин. Бундай ҳолатга етмаган одам эса ўз ҳолига қараб иш тутиши лозим. Бой одам учун оддий кўринган сарф-харажат камабағал одам учун исроф бўлиши мумкин. Камабғал одам учун саховат бўлиб туюладиган иш бойга нисбатан олинса хасислик бўлиши мумкин.     Шуни таъкидлаш лозимки, исроф кўпинча бой-бадавлат одамларда кузатилади. Бой кишининг: “ўзим топганман, нима қилсам ўзим биламан” қабилида иш тутиши ва сарф-харажат бобида меъёрни бузиши исрофдир. Ҳар бир ишда иқтисод ва ўртача йўлни топа билиш зарур. Расулуллоҳнинг мана бу ҳадислари шуни англатади:                          ثلاث مهلكات: شح مطاع، وهوى متبع، وإعجاب المرء بنفسه. وثلاث منجيات: خشية الله في السر والعلانية، والقصد في الفقر والغنى، والعدل في الغضب والرضا.     “Уч нарса инсонни ҳалокатга олиб боради: ўзига қул қилиб оладиган хасислик, ўзига эргаштириб кетадиган ҳаво, инсоннинг ўзига ўзи маҳлиё бўлиб қолиши. Уч нарса инсонни нажотга бошлайди: яширину ошкора Аллоҳдан қўрқиш, фақирлик ва бойликда ўртача бўлиш, ғазаб ва розилик пайтида адолат қилиш”. (Албоний, ҳасан).     Кейинги оятда Аллоҳ Ўзининг суйган бандалари тавҳидлари холис инсонлар бўлишларини, гуноҳи кабиралар – одам ўлдириш ва зино қилишдан сақланган кишилар эканликларини айтиб мадҳ этади:     “Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа худога сиғинмайдиган”, аксинча динни Унга холис қилган ҳолларида, доимо ҳаққа интилган, Аллоҳ томонга юзланган, Ундан бошқасидан юз ўгирган ҳолларида ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қиладиган кишилардир.     Улар “Аллоҳ ҳаром қилган жонни”, яъни мусулмон ёки сулҳ остида яшаётган кофир инсонни “ноҳақ ўлдирмайдиган” кишилардир. Аммо бировни ўлдирган кишини, оилали бўла туриб зино қилган мусулмонни ёки қатл қилиниши ҳалол бўлган кофирни ўлдириш бундан мустасно. Улар “зино қилмайдиган”, авратларини ҳаромдан сақлайдиган “зотлардир”. “Аёллари ва чўрилари бундан мустасно”. Кимки, бундай ишларни қилса”, яъни Аллоҳга ширк келтирса ёки Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирса ё зино қилса, тезда “жазога дучор бўлади”. Шундан кейин Аллоҳнинг Ўзи бу жумлани тафсир қилди: “Унга Қиёмат куни азоб кўпайтириб берилади ва у хор бўлиб, азоб ичра абадий қолиб кетади”.     Азоб ичида аадий қолиб кетишини айтиб таҳдид қилиниши мазкур гуноҳларнинг ҳаммасини қилган кимса учундир. Ушбу ҳукм қатъий бўлиб, унда ҳеч қандай шубҳа йўқлиги аниқ. Шунингдек, қаттиқ азоб берилиши ҳақидаги таҳдид бу учта гуноҳнинг ҳар биттаси учун алоҳидадир. Чунки у гуноҳлар ё ширк ёки гуноҳи кабиралардир.     Аммо азобда абадий қолиб кетиш таҳдиди одам ўлдирган ва зино қилган кимсага тегишли эмас. Чунки Қуръон ва Суннати набавийя ҳужжатлари шунга далолат қиладики, барча мўминлар дўзахдан чиқадилар. Нима гуноҳ қилган бўлса ҳам дўзахда биронта мўмин қолмайди. Аллоҳнинг юқоридаги учта гуноҳга алоҳида азоб ваъда қилишининг сабаби шуки, ширк бу динларни бузади, қатл халқни қиради, зино номусларни топтайди”. (Саъдий).     Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар: 1. Исрофгарчилик ҳам, бахиллик ҳам гуноҳ. Инсон ўзига, оиласига ва яқинларига қиладиган сарф-харажатларини, бошқаларга берадиган ёрдамларини ўртамиёна қилиб бориши матлуб. Фарзандларни молу мулкни тежаб ишлатишга ўргатиб бориш керак. 2. Ҳамма вақт якка Аллоҳнинг ўзига суяниш, эътиқодни мустаҳкам қилиш, гуноҳлардан сақланиш Аллоҳнинг муҳаббатига сабаб бўлади. 3. Ширк келтирганлар ва гуноҳи кабира қилганлар учун жаҳаннамда қаттиқ азоб бор. Ширкдан бошқа гуноҳи кабира қилган инсон дўзахда абадий қолмайди. muslimuzbekistan.com