البحث

عبارات مقترحة:

المعطي

كلمة (المعطي) في اللغة اسم فاعل من الإعطاء، الذي ينوّل غيره...

الباطن

هو اسمٌ من أسماء الله الحسنى، يدل على صفة (الباطنيَّةِ)؛ أي إنه...

العفو

كلمة (عفو) في اللغة صيغة مبالغة على وزن (فعول) وتعني الاتصاف بصفة...

Ислом ва Қилич

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف Шамсуддин Ҳакимзода ، Шамсуддин Дарғомий
القسم مقالات
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات الدعوة إلى الإسلام - شبهات حول الإسلام
Мақолада Исломга даъват фақат қилични ишга солиш билан бўлмаслиги баён қилинади.

التفاصيل

Инсоният хусусий мулкчилик қонуларини таниб, “фойда” деган тушунчани муқаддаслаштирган замонлардан бери сон-саноқсиз урушлар, қонли тўқнашувлар бўлиб ўтди. Инсоният тарихидаги энг аввалги қонли уруш - Одам Ато алайҳиссаломнинг икки ўғли: Қобил ва Ҳобил ўртасидаги тўқнашувнинг бош сабаби ҳам хусусий мулкчиликга интилиш ва ўз фойдаси учун ҳеч нарсадан қайтмаган анонийят тушунчасидан келиб чиққан эди. Қобилнинг қонхўрлигидан кейин, шайтони лаин инсон фарзандларига уруш оловини тутандириш сабабларини ва воситаларини бетиним ўргатиб келади. Ўшандан бери, ҳаттоки, ҳозирги кунларда ҳам бировнинг мулкини, ерини, бойликларини ва бошқа қадриятлирини тортиб олиш учун инсонлар билан инсонлар, қабилалар билан қабилалар ва мамлакатлар билан мамлакатлар бетиним уришлар қилиб келишмоқда.     Аммо, “фатҳ” деб аталган исломий жанглар эса, умумий ва одатий урушларга хос бўлган юқоридагича тавсиф доирасига мутлақо бегона шаклда кечгандир. Бу жанглар масалан, тарихларда кўп қайталанганидек, бировнинг севган ёри, тулпори, ери ва бошқа шу каби қадриятларини тортиб олиш мақсадида бўлган эмас. Бу урушлар келиб чиқишлигининг ягона сабаби – Аллоҳнинг динини оламга олиб чиқишдангина иборат эди. Яъни, агар Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло дастлабки мусулмонларга: ((كنتم خير أمةٍ أخرجت للناس ، تأمرون بالمعروف و تنهون عن المنكر)) “Сизлар инсоният (бахт – саодати) учун чиқарилган, яхшиликга буюриб, ёмонликдан қайтарадиган уммат бўлдингиз!” дея хитоб қилмаганда – Аллоҳга қасамки, – улар қўлларига қилич олмаган ва отланиб, Араб жазирасидан бир қарич ҳам чиқмаган бўлардилар. Табиийки, мана шу ерда “хўш, агар Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло мусулмонларни исломни оламга ёйишга яъни, даъват қилишга буюрган экан, нега улар, масалан, Исо алайҳиссаломнинг ҳаворийлари чиққани каби, янги динни одамларни оралаб, тинчгина, роҳибона тарқатиш ўрнига, қўлга қилич олиб, ҳарбий лашкарлар ўлароқ чиқдилар?” деган савол туғилади. Бу саволга жавоб бериш учун энг аввало диннинг моҳиятига ва ўша даврдаги ижтимоий – сиёсий ҳолатларга бир қур назар ташлаб ўтиш лозим бўлади. Ислом динининг моҳияти Исо алайҳиссаломга ва ундан аввалги барча пайғамбарларга туширилган динлар моҳиятидан тубдан фарқ қилиб, оламий эди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло Ўз пайғамбарига хитобан: ((و ما أرسلناك إلاّ رحمةّ للعالمين)) Яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Биз сизни оламларга раҳмат қилиб юборганмиз” деганда, бу дин адолати билан бутун олам халқлари баҳраманд бўлишини ирода қилган ва айнан шу нарсани Ўз пайғамбарининг зиммасига юклаган эди. Демак, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан олдинги барча пайғамбарлар биргина қабилага, қишлоққа ёки шаҳарга юборилгани ҳолда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган бўлиб, у зотнинг зиммаларига бутун дунёдаги одамхудолар тарафидан хўрланаётган, азобланаётган инсониятни ислом ҳурриятига чиқариш каби буюк вазифа юкланган бўлиб, саҳобалар худди мана шу вазифани рўёбга чиқариш учун дунёга чиқишган эди. Лекин, у вақтларидаги ижтимоий–сиёсий аҳвол барқарор эмас, ҳамма жойда ўрмон қонуни ҳукм сурар, деярли барча халқаро масалалар қурол “тили” билан ҳал қилинар, куч – қудрати бўлмаганлар билан ҳеч ким ҳисоблашмас, шунинг учун ҳоҳ ёлғиз, ҳоҳ жамоат сифатида дунё сафарига чиққан инсонлар албатта, ўзлари билан қурол олиб юрар эдилар. Исо алайҳиссалом ўз ҳаворийларига “сизлар яҳудий халқининг адашган “қўйларига” юборилаяпсизлар” деганлиги сабабли, ҳаворийлар фақат Яҳудия диёридаги яҳудий миллатига рисолат етказар, бу диёр эса, Рум (Византия) империясининг қўл остида бўлиб, император жорий қилган қонунлар остида яшар, бинобарин, даъватга қурол кўтариб чиқишга ҳеч қандай эҳтиёж бўлмагани ҳолда, мусулмонлар рисолатни бутун олам халқларига еткизишликга масъул бўлиб, бу халқлар тиш–тирноғигача қуролланган, мунтазам армияларга таянган мустабид подшоҳларнинг хусусий мулки ҳисобланарди. Демак, саҳобаларнинг ҳаворийлар каби роҳиб–даъватчи эмас, балки, жангчи–даъватчи бўлишлиги динларининг моҳияти ва ўша давр ижтимоий–сиёсий нуқтайи назаридан қараганда табиий бир ҳол эди. Яна шу нарсани билиш муҳимки, Ислом дини тарғиб қилган қадриятлар ўша давр зўравонлари тушунчаларининг мутлақ акси бўлганлиги сабабли, улар ёш ислом динини ҳали “бешикдалигидаёқ” бўғиб қўя қолишликга бир неча бор ҳаракат қилган ва мусулмонлар мана шу зўравонликлардан ўзларини ҳимоя қилиш учун ҳам қуролга муҳтож бўлган эдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида мусулмонлар Ислом мамлакати ичидаги маҳаллий зўравонларни енгиб, ундан кейин, халифалар даврида оламий зўравонларга юзма–юз келганларида ҳарбий кучга янада кўпроқ муҳтож бўлдилар. Инсониятнинг оқу–қора, шоҳу–гадо, бою–камбағал ва эркагу–аёлини Аллоҳнинг адолатли низоми олдида тенг ҳуқуқли қилиб қўядиган Ислом дини, ўз ҳоҳишларича ва фақат ўз фойдаларини ҳимоя қиладиган қонунлар тузиб, у қонунлар ёрдамида қора халқнинг терисини шилиб, қонини сўриб, номусларини топтаётган зўравон одамхудоларга ёқмади. Шунинг учун расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё зўравонларига “исломга киринглар” деб хат юборганларида, Рум қайсари (императори) Ираклий ҳақиқатни тушуниб етса ҳам, ўзининг одамхудолик, муқаддаслик мақомини йўқотиб қўйишдан қўрқиб қабул қилмади ва Фурс кисроси Хусрав Парвиз эса, хатни йиртиб, парчалаб ташлади. Мусулмон лашкар–даъватчилари аввало тинчликга даъват қилмасдан ва огоҳлантирмасдан туриб ҳеч қачон бошқа мамлакат ҳудудига бостириб кирмаганлар. Бостириб келганларида эса, бундан мақсад, дунёнинг ҳозирги зўравонларининг мақсади каби, яъни мамлакат ерини кенгайтириш ё бошқа халқларнинг моддий бойликларини ўзлаштириш бўлмаган. Исломий фатҳларнинг мақсадини яхши тушуниб олиш учун халифа Умар ибн Ҳаттоб даврида (мийлодий 635–йил) мусулмонлар элчиси Рибъий ибн Омир билан Фурс лашкарбошиси Рустамнинг ўртасидаги бўлиб ўтган суҳбатни тарих китобларидан ўқиб олиш кифоядир. Ўшанда Рустам: “дунёга чиқиш ҳуқуқини сизларга ким берди?” деган маънода савол қилганида, Рибъий: “Аллоҳ таъоло бизни, олам халқларини ўзлари каби одамхудоларга ибодат қилиш (хорлиги) дан қутқариб, ягона Аллоҳ ибодатига чақириш учун юборди” деб жавоб берган. Шунингдек, бошқа мамлакат ҳудудига келиб тўхтаган ислом лашкарбошилари юборган элчилар мамлакат бошлиқларига тубандаги уч шартдан бирини қабул қилишни тавсия этардилар: 1. Исломни қабул қилиш. У ҳолда мамлакат раҳбари ўз мақомида қолаверади ва мамлакатда Қуръон ҳукмлари йўлга қўйилади. Подшоҳ эса мана шу ўлкадаги Аллоҳ ҳокимиятининг вакили ва назоратчиси бўлиб қолади. 2. Зиммийликни қабул қилиш. Бу ҳолда исломни қабул қилмаган подшо ва раийятинг дин–эътиқоди ўзгармайди. Подшоҳ ўз мақомида қолаверади. Аммо, мамлакатда ислом қонунлари жорий қилинади. Ислом лашкарлари ҳеч қандай қаршиликсиз бу мамлакат ҳудудидан кейинги мамлакатга ўтиб кетадилар ва бу кофир аммо, зиммий (зиммаси ўз гарданларида) бўлган мамлакат ҳудудларини душмандан ҳимоя қиладилар. Бунинг эвазига зиммий мамлакат фуқаролари халифаликга«жизья» деб аталган солиқ тўлайдилар. Уларни исломни қабул қилишга ҳеч ким мажбурламайди. 3. Урушиш. Табиийки, юқоридаги икки шарт халқаро таомилда мисли кўрилмаган одиллик, оқиллик бўлиб, ҳар қандай оқил ва инсофли подшоҳ бу иккаласидан бирини танлар эди. Фақат ўзини худо, одамларни эса ўзига қул деб ҳисоблаган золим подшоҳларгина қайсарлик қилар, натижада қайси бир шоир: “бунда оқ бирлан қаро, жанг қилурлар доимо” дегани каби, оқ билан қоранинг, нур билан зулматнинг ва адолат билан қабоҳатнинг орасида муқаррар уруш келиб чиқарди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло Ислом адолати йўлида ғов бўлган кучларни Қуръону Каримда “фитна” деб атаб, оламга Ислом фикратининг эркин ёйилиши учун бу тўсиқни куч билан олиб ташлашни фарз қилди: (( وَقَاتِلُوهُمْ حَتَّى لاَ تَكُونَ فِتْنَةٌ وَيَكُونَ الدِّينُ للَّهِ)) “Улар билан токи фитна йўқолиб, дин тўла Аллоҳники бўлгунга қадар урушинглар!” Худди мана шу мақсаддаги урушлар “муқаддас жиҳод” деб аталар ва энг катта ибодатлардан бири саналарди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам “жаннат очқичлари тулпорлар ёлига боғлангандир” дея таърифлаган жиҳодни янада ойдинроқ тушуниб олишимиз учун тубандаги ҳадис маъносига эътибор қилайлик: Саҳобалари у кишидан “ё, расулуллоҳ! Бир одам ўлжа–ғанимат учун, иккинчиси шон–шуҳрат учун, яна бировлари орият–номус учун жиҳод қилган бўлса, қайси бирлариники Аллоҳ йўлидаги жиҳод бўлади?” деб сўраганларида, уларга жавобан айтдиларки: “кимда–ким Аллоҳнинг калимасини (динини) олий қилиш учун урушган бўлса – ана ўша Аллоҳ йўлидаги жиҳоддир!” Кофир коммунистларнинг етмиш йиллик мустабид замонида совет мактаблари араб–ислом фатҳлари ҳақида “араб босқинчилари халқларни қилич кучи билан динга киргизиб, бойликларини талаб, аёлларини чўри қилиб, Арабистонга юборарди” деган бўҳтонларни таълим бериб келди. Энг ачинарлиси, СССР тарқаб, атеизм ўлганидан кейин ҳам, енгил, беминнат мустақилликга эришган Ўрта Осиё давлатларининг мактабларида ҳозирга қадар тарих китобларидаги дарсликлар ўша–ўша: атеисттик йўналишдан чиқа олмаётганидир. Ҳолбуки, тарихни, айниқса, Ислом тарихини исломий манбаъларга ва аниқ далилларга суянган ҳолда бошқадан, холисона ёритишлик фурсати аллақачон келган, “нега тарихни материалисттик руҳда ёритмадинг?!” дейдиган “Москва жанобларининг” тафтиши аллақачон йўқолган эди. Аммо, Европанинг бир неча тарихчилари исломий фатҳларнинг табиатини ёритишда аниқ манбааларга таянган ҳолда инсоф билан қалам тебратишган. Масалан, Британиялик ёзувчи Сэр Томас Арнольд ўзининг “Исломга даъват” номли асарида мана бундай ёзади: “...Антокиялик Якобинчиларнинг патриархи Улуғ Мишель, он иккинчи асрнинг иккинчи ярмида, ўзининг диндош биродарига, Шарқий Черковлар ўз ихтиёрлари билан Ислом ҳукмига тобеъ бўлганлигининг беш юз йиллигини нишонлаш ҳақида ёзган хатида мана бундай дейди: “инсоният давру–давронини Ўзи ҳоҳлагандек тасарруф қилган Худойи таъоло уни (ҳокимиятни) Ўзи ҳоҳлаган бандалари қўлига берур! Қудратли Худо, манмансиниб, чираниб, бизнинг черковларимизни ва ерларимизни ваҳшийларча тортиб олган, бошимизга не–не азобларни солган Рим католикларига қарши жанубдан Исмойил авлодлари – арабларни юбориб, уларнинг қўли билан бизни зулмдан озод қилди! Шаҳарларимиз мусулмонлар қўлига ўтгач, улар насороларнинг ҳар бир тоифасига ўз ибодатхоналарини қайтариб бердилар. Ҳолбуки, ўша вақтда католиклар биздан Буюк Химс ҳамда Харрон черковларини тортиб олгандилар. Эндиликда биз, мусулмонларнинг зиммаси остида тинчгина ибодатларимизни адо қилаяпмиз” Ўша муаллиф худди ўша китобида яна мана бундай воқеани зикр қилган: “Ислом лашкарлари Иордан водийсидаги “Фуҳл” деган жойга келиб тушганларида лашкарбоши Абу Убайдага шаҳарнинг насроний (христиан) аҳолиси мана бундай мактуб юборишган эди: “эй, мусулмонлар! Сизлар бизга Румликлардан севиклироқдирсиз, модомики, улар бизнинг диндошларимиз бўлса ҳам. Чунки, сизлар бизга улар кўрсата олмаган вафодорликни, меҳрибонликни ва ҳамдардликни қила олдингиз! Худди мана шунинг учун биз сизларни севамиз! Улар эса, бизни хорлаб, ерларимизни тортиб олгандилар” Ҳа. халқларга Қуръон ҳукмлари билан муомала қилган мусулмон лашкарбошиларбошқа дин вакилларига мана шундай муомала қилган эдилар! Аллоҳ йўлида жиҳод қилган мусулмон даъватчи–лашкарлари ҳеч бир мамлакатни салибчи босқинчилар Урбан, Людовик, Карл, Напалеон ва ҳозирги замон напалеонлари каби шафқатсизлик, ёвузлик билан босиб олишган эмаслар! Улар диёрларни фатҳ қилганлар. “Фатҳ” сўзи эса, “очмоқ” деган маънода бўлиб, ислом жангчилари қулликдаги халқларга ҳуррият дарвозаларини, зулм қўйнида эзилаётганларга адолат дарвозаларини ва залолатдаги халқларга маърифат дарвозаларини очишган эди! Айнан мана шу туфайли исломий курашлар муқаддас жиҳод ва энг катта ибодатлардан ҳисобланган. Агар аҳолиси насроний бўлган халқларни кўпроқ ислом адолати мафтун қилган бўлса, ҳозирги Ўрта Осиё, ўша вақтдаги Хуросон ва Маворауннаҳр аҳолисини кўпроқ исломнинг тавҳид (якка Аллоҳга сиғиниш) хусусияти ва гўзал, пурмаъно урф–одатлари мафтун қилган бўлса ажаб эмас! Чунки, Ислом келганга қадар бизнинг шомон (арвоҳларга топинувчи) аждодларимизнинг баъзи бир жирканч одатлари олдида Ислом анъаналари жуда инсонпарвар ва инсон табиатига лойиқ эди. Биргина мисол, шомонлик динидаги баъзи туркий тоифалар маййит(ўлик)ларнинг жасадини қишдан ёзга қадар ёки ёздан кузга қадар “сақлаб”, ундан кейин “ҳурмат билан”... куйдириб юборганлар! Яна баъзи тоифалари эса, маййитни баланд супага ёки бир дарахтнинг тепасидаги махсус тахтиравонга ётқизиб, то қарға–қузғун еб кетгунча қўйиб берганлар ва суякларини “ҳурмат билан” дафн қилганлар. Дарвоқеъ супага ётқизгунга қадар ёки ундан кейинроқ, маййитнинг яқин қариндошлари ўткир тиғ билан унинг юзларини тилиб, қулоқларини кесиб қўйишар, ҳеч бўлмади деганда, тирноқлари билан ўйиб олишардики, бу одат ҳам улар наздида ўлганга ҳурмат кўрсатишнинг ва аза кутишнинг нишонаси ҳисобланарди. Шунинг учун бу ёввойи урф–одатларга нисбатан минг чандон маданиятли Ислом анъаналари келганда халқ орасидаги фикрли қабила бошлиқлари ва оқсоқоллар ўзаро кенгашган ҳолда янги динни ҳурсандчилик билан қабул қилганлар. Бу ерда уларни қилич билан қўрқитиб исломга олиб киришга ҳеч қандай омил ҳам сабаб ҳам йўқ эди. Албатта, бу билан биз Ислом фотеҳинларига қарши ҳеч ким бош кўтармаган демоқчи эмасмиз. Исломнинг барча одамларни Аллоҳ олдида ва ўзаро тенг ҳуқуқли қилиб қўядиган дин эканлиги ўзларини худо, халқни эса бандалари қатори ҳисоблаган ёки, кўр–кўрона номус ва такаббурлик туфайли мушрикийлик ақидаларидан воз кеча олмаган Маздак, Бобак, Муқанна сингари юртбошилар Ислом лашкарларига қарши курашишган ва муқаррар ҳалокатларини топишган. Бу юртбошиларнинг шахсиятларини эронийнинг ёки туркийнинг бобоси бўлганлиги сабаблигина кўкларга кўтариб мақташ, уларнинг қўзғолонларини исломга қарши халқ қўзғолони деб баҳолаш ҳамда уларнинг шахсиятларини ёш авлодларга қаҳрамон қилиб кўрсатиш, биринчидан, тарихни тамомила бузиб кўрсатган атеистик, ифлос тарихшуносликни давом эттиришлик бўлса, иккинчидан динга ва эътқодга хиёнат ҳисобланади. Дарвоқеъ, мана шу Муқанна мийлодий 470–529–йиллар оралиғида Эронда яшаб ўтган машҳур Маздакнинг шогирди эканлигини кўпчилик билавермаса керак. Хўш? Маздак ўзи ким эди? Араб тарихчиси Варроқнинг хабар беришича, Маздак ўзи ўйлаб чиқарган диний–фалсафий оқимнинг етакчиси бўлиб, “одамлардаги барча нарсалар, айниқса, аёллар билан мол–мулклар ўртада (ҳамманики) бўлиши керак” деган ғояни илгари сургандир. Орадан он беш аср ўтгандан кейин қайтадан тарих саҳнасига келиб, “ҳамма нарса ўртада бўлиши лозим” деган ғояни яъни коммунизмни оламга тарқата бошлаган коммунистлар ўзларининг дастлабки салафларидан бири Маздак бўлгани учун ҳам, уни ва унинг шогирди Муқаннани “араб–ислом зулмига қарши курашган халқ қаҳрамон” дея кўкларга кўтариб, айни пайтда ўзининг ашаддий душмани Ислом Динидан ҳам шу тариқа ўч олган бўлса не ажаб?! Сўзимизнинг охирида музаффар Ислом Дини фақат қилич кучи билан тарқаган деган фикрларни инкор этароқ, ўзининг беқиёс адолати ва мислсиз ибодат, анъаналари туфайли дунё халқларининг эътибор ва қабулиятларига сазовор бўлганлигини яна бир карра таъкидлагимиз келади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло Ислом Динига яна ҳам улкан зафарлар бергай! Омин!