Ушбу китоб шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ақидатул Воситийя” номли китобининг таржимасидир. Бу китоб ақида китобларининг қаймоғи ўрнида бўлиб, аҳли суннат вал жамоатнинг ақида асослари, хоссатан Оллоҳ таолонинг исм сифатларига тааллуқли асослар ажойиб баён қилинган. Аҳли суннат олимлари томонидан бу китобга кўплаб шарҳлар ёзилган ва дарслар қилинган.
التفاصيل
Воситийя ақидаси Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Аллоҳнинг арши устига ўрнашгани ҳақидаги оятлар Қуръоннинг етти ўрнида келган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги каби сўзлари ушбу ҳадислар жумласига киради: (Авлиёларнинг кароматларини тасдиқлаш ҳақидаги) фасл (Аҳли сунна вал-жамоанинг амалий йўли ҳақидаги) фасл Воситийя ақидаси[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ] Шайхулислом Ибн ТаймийяТаржимон: Муҳаммад ИсмоилНашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший Бисмиллаҳир роҳманир роҳимЎз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динларга ғолиб-устун қилиш учун юборган Аллоҳга мақтовлар бўлсин. Аллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига) етарли гувоҳдир.Мен тилим ва дилим билан иқрор бўлиб, тавҳид билан гувоҳлик бераманки, Ягона Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқдир, У ёлғиздир, шериги йўқдир.Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир, у зотга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳ кўпдан-кўп саловоту саломлар йўлласин. Аммо баъд, бу то қиёматгача нусратланувчи, нажот топувчи фирқанинг — аҳли сунна вал-жамоанинг эътиқодидир:У (эътиқод) Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, элчиларига, ўлимдан сўнг қайта тирилишга иймон келтириш, қадарнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтиришдир.Аллоҳга иймон келтириш ичига У Китобида Ўзини сифатлаган ва Унинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уни сифатлаган (сифатлар)га таҳриф ва таътилсиз, такйиф ва тамсилсиз иймон келтириш ҳам киради.(Аҳли сунна вал-жамоа) Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони «Бирон нарса У зотга ўхшаш эмас, У эшитувчи ва кўриб турувчи» (Шуро: 11) — деб иймон келтирадилар.У Ўзини сифатлаган (сифатлар)ни Ундан нафий (рад) этмайдилар, (Аллоҳнинг) сўзларини ўз ўринларидан ўзгартирмайдилар, Аллоҳнинг исмлари ва оятлари борасида ҳақдан оғмайдилар, Унинг сифатларини такйиф (яъни қандайлигини баён) қилмайдилар, махлуқотларининг сифатларига ўхшатмайдилар.Чунки, У субҳанаҳу ва таолонинг ўхшаши йўқдир, тенги йўқдир, назири йўқдир.У субҳанаҳу ва таоло махлуқотига қиёс қилинмайди.У Ўзини ҳам, Ўзидан бошқаларни ҳам яхши билувчидир, У махлуқотларидан ростгўйроқдир, чиройли сўзловчироқдир.Кейин Унинг элчилари (пайғамбарлари) ҳам Унинг шаънида билмаган нарсаларни айтадиган кишиларга хилоф ўлароқ, ростгўй ва тасдиқ қилинувчидирлар.Шунинг учун У деди: «Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз улар сифатлаётган сифатлардан (яъни ҳар қандай айбу нуқсондан) покдир. (Барча) пайғамбарларга (Аллоҳ томонидан) салом бўлгай! Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори — Аллоҳ учундир!» (Вас-соффат: 180-182).У пайғамбарларга мухолиф бўлган кишилар Уни сифатлаган сифатлардан Ўзини поклади, пайғамбарларнинг сўзлари айбу нуқсондан саломат бўлгани учун уларга салом йўллади.Дарҳақиқат, У субҳанаҳу Ўзини сифатлаган ва номлаган (исм ва сифатлар)да нафий ва исбот ўртасини жамлади.Бас, шундай экан, аҳли сунна вал-жамоа пайғамбарлар келтирган нарсадан бурилмайдилар. Зеро, у тўғри йўлдир, Аллоҳ уларга инъом этган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларнинг йўлидир.Аллоҳ Ўзини Қуръоннинг учдан бирига тенг келувчи «Ихлос» сурасида қуйидагича сифатлаган сифатлар ушбу жумла ичига дохил бўлган:«(Эй Муҳаммад), айтинг: «У — Аллоҳ Бирдир. Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзланувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У азалий ва абадий зотдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир».Шунингдек, Китобидаги энг улуғ оятда Ўзини сифатлаган сифатлар ҳам (шу жумлага дохилдир):«Аллоҳдан ўзга ҳеч кандай барҳақ маъбуд йўқ. Фақат Унинг ўзи ҳақдир. У тирик ва абадий турувчидир. Уни на мудроқ, на уйқу олмайди. Самовот ва ердаги бор нарсалар Унингдир. Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди. У уларнинг (барча одамларнинг) олдиларидаги ва орқаларидаги бор нарсани билади. Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг Курсиси осмонлар ва ердан кенгдир. Ва уни осмонлар ва ерни ҳифзу ҳимоятда сақлаб туриш қийнамайди. У энг юксак ва буюкдир» (Бақара: 255).Шунинг учун ҳам ким бу оятни кечасида ўқиса, устида Аллоҳ томонидан бир сақловчи туради ва то тонггача шайтон унга яқинлашмайди.(Шунингдек, қуйидаги оятларда У Ўзини сифатлаган сифатлар ҳам шу жумлага дохилдир:)«Аввал ҳам, Охир ҳам, Зоҳир ҳам, Ботин ҳам Унинг Ўзидир. У барча нарсани билувчидир» (Ҳадид: 3).«Ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг» (Фурқон: 58).«У билувчидир ва ҳикмат соҳибидир» (Таҳрим: 2).«У ҳикмат эгаси ва (барча нарсадан) хабардордир. У ерга кирадиган (ёмғир-қор суви, хазинаю-дафина ва жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ўт-ўлан, наботот ва булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам, самодан тушадиган (ризқу рўз, хайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган (яхши амал ва дуо-илтижо каби) нарсаларни ҳам билур» (Сабаъ: 1, 2).«Ғайб очқичлари-хазиналари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта, Очиқ Китобда (яъни яъни Лавҳул Маҳфузда) мавжуддир». (Анъом: 59).«Ҳар бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши ҳам, кўзи ёриши ҳам шак-шубҳасиз Унинг билиши — огоҳлиги билан бўлур» (Фотир: 11).«Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканлигини ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)» (Талоқ: 12).«Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз берувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир» (Ваз-зарият: 58).«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир, У эшитувчи ва кўрувчидир» (Шуро: 11).«Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳатлар қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи, кўрувчи бўлган зотдир» (Нисо: 58).«Сен боғингга кирган пайтингда: «Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир», десанг эди!» (Каҳф: 39).«Агар Аллоҳ хоҳлаганда уришишмаган бўлардилар, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишини қилади» (Бақара: 253).«Сизлар учун — иҳромда туриб ов овлашни ҳалол қилиб олмаган ҳолингизда — (қyйидаги оятларда ҳаромлиги) тиловат қилинадиган нарсалардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Албатта, Аллоҳ Ўзи истагандек ҳукм қилур» (Моида: 1).«Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса унинг кўнглини ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва танг қилиб қўяр» (Анъом: 125).«Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади» (Бақара: 195).«(Мудом) адолат қилинглар! Зеро Аллоҳ адолат қилувчиларни суяр» (Ҳужурот: 9).«Улар модомики аҳдларида барқарор турар эканлар, сизлар ҳам аҳдларингизда турингиз! Албатта, Аллоҳ тақво қилувчи зотларни севар» (Тавба: 7).«Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади» (Бақара: 222).«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади» (Оли Имрон: 31).«Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўради, улар Аллоҳни яхши кўрадилар» (Моида: 54).«Албатта Аллоҳ Ўзининг йўлида гўё туташ бинолардек бир сафга тизилган ҳолларида жиҳод қиладиган зотларни севар» (Саф: 4).«У (мўминларга) мағфиратли, муҳаббатли зотдир» (Буруж: 14).«Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман» (Намл: 30).«Парвардигоро, Сенинг раҳматинг ва илминг барча нарсани ўз ичига олгандир» (Ғофир: 7).«У мўминларга меҳрибон бўлган зотдир» (Аҳзоб: 43).«Раҳматим эса ҳамма нарсани ичига олгандир» (Аъроф: 156).«Парвардигорингиз Ўз зиммасига раҳмат қилишни ёзгандир» (Анъом: 54).«У мағфиратли, меҳрибондир» (Юнус: 107).«Зотан, Аллоҳ энг яхши сақловчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир» (Юсуф: 64).«Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар» (Моида: 119).«Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлгандир» (Нисо: 93).«Бунга (яъни ўлим соатидаги бундай азобга) сабаб уларнинг Аллоҳни ғазаблантирган нарсага (яъни мунофиқлик йўлига) эргашиб, У зотнинг ризолигини (яъни яхши амалларни қилиш, мўминлар билан бирга кофирларга қарши жанг қилиш ҳам шу жумладан) ёмон кўрганларидир» (Муҳаммад: 28).«Энди қачонки улар Бизни дарғазаб қилишгач, Биз улардан интиқом олдик» (Зухруф: 55).«Лекин Аллоҳ чиқишларини истамай, уларни сусайтириб қўйди» (Тавба: 46).«Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)» (Саф: 3).«Улар Аллоҳ сояли булутлар остида (улар ўртасида адолатли ҳукм қилиш учун) келиши ва фаришталар (келиши)ни кутмоқдалар. Ўша пайтда Аллоҳ (келади ва) улар ўртасида Ўз ҳукмини қилади» (Бақара: 210).«Улар фақат ўлим фаришталари келишини ё Парвардигорингизнинг (қиёмат кунида ҳукм қилиш учун) келишини, ёки Парвардигорингизнинг оятларидан — Қиёмат аломатларидан айримлари келишини кутмоқдалар, холос» (Анъом: 158).«Йўқ, (бундай кирдикорларингиздан қайтингиз)! Қачон Ер (зилзилага тушиб, барча нарса) чил-парчин қилинганда, Парвардигорингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда» (Фажр: 21, 22).«Осмон ёрилиб, (ёриқларидан) оппоқ булутлар (кўринганда) фаришталар (маҳшар ерига) туширилган (қиёмат) кунини (эсланг)!» (Фурқон: 25).«Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг Юзигина боқий мангу қолур» (Раҳмон: 27).«Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Юзигина (мангудир)» (Қасас: 88).«Мен Ўз қўлим билан яратган нарсага — Одамга сажда қилишдан нима сени ман қилди?!» (Сод: 75).«Яҳудийлар: «Аллоҳнинг қўли боғлиқ (яъни бахил)», дедилар. — Ўзларининг қўллари боғланиб қолгай ва айтган гаплари билан лаънатга учрагайлар. — Йўқ! У зотнинг икки қўли очиқдир ва Ўзи истагандек инфоқ-эҳсон қилур» (Моида: 64).«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига (яъни мушрикларни дарҳол азобга дучор қилмаганига ва сизни турли машаққатли синовлар билан имтиҳон қилишига) сабр қилинг. — Зотан сиз шак-шубҳасиз Бизнинг кўз ўнгимизда (ва ҳифзи-ҳимоямизда)дирсиз» (Ват-тур: 48).«Уни (Нуҳни) эса тахтаю михлар эгасида (яъни тахталар ва михлардан ясалган бир кемада) кўтардик. У (кема) Бизнинг кўз ўнгимизда (ва ҳифзу ҳимоямизда) сузар» (Қамар: 13, 14).«(Эй Мусо, барчага суюкли бўлишинг) ва Менинг ҳифзу ҳимоямда униб-ўсишинг учун Мен сенинг устингга Ўз томонимдан бир муҳаббат ташладим (яъни сени кўрган киши суюб қоладиган ёқимтой бола қилдим)» (Тоҳа: 39).«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ сиз билан ўз жуфти ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Аллоҳ сизларнинг басти-жавобларингизни эшитур. Албатта Аллоҳ эшитувчи, кўрувчидир» (Мужодала: 1).«Албатта Аллоҳ: «Аллоҳ камбағал, бизлар боймиз», деган кимсаларнинг сўзини эшитди» (Оли Имрон: 181).«Балки уларнинг гумонларича, Биз уларнинг сирларини (билмасмиз) ва пичирлашиб қилган маслаҳатларини эшитмасмиз?! Ундоқ эмас! Бизнинг элчиларимиз (фаришталар) уларнинг олдиларида (ҳар бир қилган ишларини) ёзиб турурлар!» (Зухруф: 80).«Шак-шубҳасиз Мен сизлар билан биргаман — эшитиб, кўриб турурман» (Тоҳа: 46).«Албатта Аллоҳ(нинг барча қилмишларини) кўриб туришини билмасми?!» (Алақ: 14).«У сизни (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турар. Шак-шубҳасиз У эшитувчи, билувчи зотдир» (Шуъаро: 218-220).«Айтинг: (Хоҳлаган) амални қилинглар. Албатта Аллоҳ, Унинг пайғамбари ва мўминлар қилган амалларингизни кўрарлар» (Тавба: 105).«У (ушлаган вақтида) қаттиқ ушловчи зотдир» (Раъд: 13).«(Яҳудийлар) макр (махфий чора кўрдилар) қилдилар. Аллоҳ ҳам «макр» (махфий чора кўрди) қилди. Аллоҳ макр қилувчи (махфий чора кўрувчи)ларнинг яхшироғидир» (Оли Имрон: 54).«Улар (Солиҳ ва унинг тобеъларига қарши ўз) макрларини қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолларида (уларни ҳалок қилиш билан) бир «макр» қилдик» (Намл: 50).«Албатта (кофирлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши турли) ҳийла-найранг қилурлар. 16. Мен ҳам бир ҳийла қилурман (яъни уларнинг ҳийла-найрангларига муносиб жазо берурман)» (Ториқ: 15, 16).«(Эй мўминлар), хоҳ ошкора, хоҳ яширинча бирон яхшилик қилсангиз ёки бирон ёмонликни афв қилиб юборсангиз (Аллоҳ суйган бандалардан бўлурсиз). Зеро, Аллоҳ қудрат эгаси бўлгани ҳолда афв қилишда барқарор бўлган зотдир» (Нисо: 149).«... балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Нур: 22).«Ҳолбуки азизлик Аллоҳга, Унинг пайғамбарига ва мўминларга хосдир» (Мунофиқун: 8).«(Иблис) айтди: «Энди, Сенинг қудратингга қасамки, албатта уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман» (Сод: 82).«Буюклик ва карам соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг номи баракотли — муборакдир» (Раҳмон: 78).«Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон исмдошни билурмисиз?! (Йўқ, билмассиз! Аллоҳнинг исмлари баркамол бўлгани учун Унинг зотида, исмлари ва сифатларида унга ўхшаш бирон нарса йўқ)» (Марям: 65).«Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 4).«Бас билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг» (Бақара: 22).«Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар» (Бақара: 165).«Ҳамду сано фарзанд тутмаган, мулкда шериги бўлмаган, хор-зорликдан қутқарувчи дўсти бўлмаган зот — Аллоҳ учундир», деб айтинг ва У зотни мудом улуғланг! (Исро: 111).«Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Аллоҳга тасбеҳ айтур. Мулк ёлғиз Уникидир ва ҳамду сано ёлғиз Унинг учундир. У барча нарсага қодирдир» (Тағобун: 1).«Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фурқон-Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли-Буюкдир. У — осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган, фарзанд тутмаган, подшоҳликда бирон шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб, (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир (Фурқон: 1, 2).«Аллоҳ ҳеч бир фарзанд тутмаган, У билан бирга ҳеч бир илоҳ бўлмаган. Шундоқ бўлганида, (у билан бошқа илоҳ ҳам бўлганида) ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарсаси билан кетиб, баъзилари баъзиларидан устун келар эди. Аллоҳ улар қилаётган васфдан покдир. (яъни ҳар бир «илоҳ» ўз ҳукмини ўтказмоқни истаб, натижада еру осмон бузилиб кетган бўлур эди)» (Муъминун: 91, 92).«Бас, Аллоҳнинг ўхшашини қидирманглар! (У зотнинг мисли — ўхшаши йўқдир.) Албатта Аллоҳ (барча нарсани) билур, сизлар (ҳеч нарсани) билмассиз» (Наҳл: 74).«Айтинг: Дарҳақиқат Парвардигорим ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни Унга шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилгандир» (Аъроф: 33). Аллоҳнинг арши устига ўрнашгани ҳақидаги оятлар Қуръоннинг етти ўрнида келган:Биринчи: «Аъроф» сурасида: «Албатта Парвардигорингиз — Аллоҳ шундай зотдирки, осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига ўрнашди» (Аъроф: 54).Иккинчи: «Юнус» сурасида: «Албатта, Парвардигорингиз осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига кўтарилган Аллоҳдир» (Юнус: 3).Учинчи: «Раъд» сурасида: «Аллоҳ осмонларни сизлар кўргудек устунларсиз кўтариб қўйган, сўнгра Ўз аршига кўтарилган, қуёш ва ойни Ўз амрига бўйсундирган зотдир» (Раъд: 2).Тўртинчи: «Тоҳа» сурасида: «(У зот) Ўз аршига кўтарилган Раҳмондир» (Тоҳа: 5).Бешинчи: «Фурқон» сурасида: «Сўнгра Ўз аршига ўрнашган зотдир. У Раҳмондир» (Фурқон: 59).Олтинчи: «Сажда» сурасида: «Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсани олти кунда яратиб, сўнгра аршига кўтарилган зотдир» (Сажда: 4).Еттинчи: «Ҳадид» сурасида: «У осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига ўрнашган зотдир» (Ҳадид: 4).«Ё Ийсо, албатта Мен сени вафот қилдирувчи ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман» (Оли Имрон: 55)«Балки уни Аллоҳ ўз ҳузурига кўтаргандир» (Нисо: 158).«(Ҳар бир) хуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур» (Фотир: 10).«Фиръавн айтди: Эй Ҳомон, мен учун бир (баланд) қаср қургин, шоядки, мен (у қасрнинг устига чиқиб) йўлларга — осмонларнинг йўлларига етиб, Мусонинг илоҳини кўрсам, дарҳақиқат мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман» (Ғофир: 36, 37).«(Эй Макка кофирлари), ё сизлар (кофирлигингизда оёқ тираб тураверсангизлар) осмондаги зот сизларни Ер юттириб юборишидан, баногоҳ (Ер) титроққа тушиб, сизларни босиб қолишидан хотиржаммисизлар (қўрқмайсизларми)?! Ёки сизлар осмондаги зот устингизга тош ёғдиришидан хотиржаммисизлар?! Ҳали (азобга гирифтор қилинганларингизда) Менинг огоҳлантиришим қандай эканлигини билиб олажаксизлар!» (Мулк: 16, 17).«У осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига ўрнашган зотдир. У Ерга кирадиган (ёмғир-қор суви, хазинаю дафина ва жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ўт-ўлан, наботот ва булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам, самодан тушадиган (ризқу насиба, хайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга (самога) кўтариладиган (яъни амал ва дуо-илтижо каби) нарсаларни ҳам билур. Сизлар қаерда бўлсангизлар У сизлар билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир» (Ҳадид: 4).«Уч кишининг ўзаро пинҳона суҳбатлари бўлса, албатта У зот уларнинг тўртинчисидир, беш кишининг (пинҳона суҳбатлари бўлса), албатта У зот уларнинг олтинчисидир. (Ўзаро сирлашаётган кишилар) бундан оз бўладими, ё кўп бўладими, албатта У зот қаерда бўлсалар ҳам улар билан биргадир. Сўнгра, Қиёмат Кунида уларга қилган амалларининг хабарини берур. Албатта Аллоҳ барча нарсани билувчидир» (Мужодала: 7).«Ғамгин бўлма, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир» (Тавба: 40).«Қўрқманглар. Шак-шубҳасиз Мен сизлар билан биргаман — эшитиб, кўриб турурман» (Тоҳа: 46).«Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир» (Наҳл: 128).«Сабр-тоқат қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Анфол: 46).«Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган. Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Бақара: 249).«Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!» (Нисо: 87).«Аллоҳдан кўра рост сўзловчироқ ким бор?!» (Нисо: 122).«Эсланг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ айтди: Эй Ийсо ибн Марям...» (Моида: 116).«Парвардигорингизнинг Сўзлари сидқу адолатда комил бўлди» (Анъом: 115).«Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» (Нисо: 164).«Уларнинг ораларида Аллоҳ (бевосита) сўзлашган зотлар бор» (Бақара: 253).«Қачонки Мусо (ваъдалашган) вақтимизда (Тур тоғига) келиб, Парвардигори унга (бевосита) сўзлагач...» (Аъроф: 143).«Биз унга Тур (тоғининг) томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик» (Марям: 52).«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Парвардигорингиз Мусога нидо қилиб: «У золим қавмга — Фиръавн қавмига боргин, улар (Мендан) қўрқмайдиларми?!» (деган эди)» (Шуъаро: 10).«Уларга Парвардигорлари нидо қилиб (деди): «Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим...» (Аъроф: 22).«(Аллоҳ) уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларимга нима жавоб қилган эдинглар?» дейдиган кунда...» (Қасас: 65).«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, уни ҳимоя қилинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин» (Тавба: 6).«Ҳолбуки улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитадилар, сўнгра, уни англаб етганларидан кейин билиб туриб ўзгартирадилар» (Бақара: 75).«Улар Аллоҳнинг каломини ўзгартирмоқчи бўладилар. Айтинг: Ҳаргиз бизларга эргашмайсизлар! Аллоҳ илгари мана шундай дегандир» (Фатҳ: 15).«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз фақат ўзингизга ваҳий қилинган Парвардигорингизнинг Китоби Қуръоннигина тиловат қилинг! Унинг (Аллоҳнинг) сўзларини ўзгартирувчи йўқдир» (Каҳф: 27).«Албатта, ушбу Қуръон Бани Исроилга улар ихтилоф қилаётган нарсаларнинг кўпини сўйлаб — баён қилиб берур» (Намл: 76).«Мана бу эса Биз нозил қилган муборак Қуръондир!» (Анъом: 155).«Агар Биз ушбу Қуръонни бирон тоғга нозил қилганимизда, албатта сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан ожиз бўлиб, ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз» (Ҳашр: 21).«Қачон Биз бир оят ўрнига бошқа бир оятни алмаштирсак — ҳолбуки, Аллоҳ Ўзи нозил қиладиган оятларни жуда яхши билувчидир —улар (пайғамбарга): «Шак-шубҳасиз, сен ўзинг тўқиб олурсан», дейдилар! Йўқ! Уларнинг кўплари билмайдилар! (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) уни (яъни, Қуръонни) Руҳул — Қудс (яъни, Жаброил) Парвардигорингиз тарафидан иймон келтирган зотларни собитқадам қилиш учун мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар бўлган ҳолида ҳаққи-рост нозил қилганини айтинг. Аниқки, Биз уларнинг «(Қуръонни Муҳаммадга) бирон одам ўргатмоқда», деяётганини билурмиз. (Лекин уларнинг бу даъволари пучдир, чунки) улар ишора қилаётган кимсанинг тили ажамий (яъни, арабий эмас), бу (Қуръон) эса очиқ-равшан арабийдир (Наҳл: 101-103).«У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23).«Улар (жаннатдаги) сўриларда (Аллоҳ берган неъматларга) боқиб (ўтирурлар, бу неъматларнинг энг улуғи Аллоҳни юзига боқишдир)» (Мутоффифун: 35).«Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат (жаннат) ва зиёда неъмат (Аллоҳнинг юзига боқиш) бордир» (Юнус: 26).«Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча (иззат-икром)лар ҳам бордир» (Қоф: 35).Бу боб (яъни исму сифатлар мавзуси) Аллоҳнинг Китобида жуда кўпдир. Ким Қуръонни ҳидоят талаб қилиб ўқиса, унга ҳақ йўли очилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳақидаги фаслСуннат Қуръонни тафсир қилади, уни баён қилиб беради, унга йўллайди, уни таъбир қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уларда Парвардигорлари азза ва жаллани сифатлаган ва маърифат аҳллари қабулият билан кутиб олган саҳиҳ ҳадисларига ҳам иймон келтириш фарздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги каби сўзлари ушбу ҳадислар жумласига киради:«Парвардигоримиз таборака ва таоло ҳар кеча кечанинг охирги учдан бири қолган пайтда дунё осмонига тушади ва: «Менга дуо қиладиган одам бормики, унинг дуосини ижобат қилсам?! Мендан сўрайдиган одам бормики, унинг сўровини берсам?! Мендан мағфират сўрайдиган одам бормики, унинг гуноҳларини кечирсам?!», дейди» (Муттафақун алайҳ).«Аллоҳ бандасининг тавбаси билан бир кишидан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўладики, у кимсасиз саҳрода туясига озиқ-овқати ортилган ҳолда бораётганида...» (Муттафақун алайҳ).«Аллоҳ таоло бири иккинчисини ўлдириб, ҳар иккиси жаннатга кирадиган икки кишига (қараб) кулади» (Муттафақун алайҳ).«Раббимиз бандаларининг умидсизликка тушишидан ва Ўзининг (аҳволларни) ўзгартиришининг яқинлигидан ажабланди. У сизларнинг ғоят заиф ва умидсиз ҳолатингизга боқади, сизлардан (машаққатнинг) ариши яқин эканини билган ҳолда кулиб туради» (ҳасан ҳадис).«Жаҳаннамга (дўзахилар) ташланаверади, у эса: «Яна борми?», деяверади. Ҳатто, Роббул-изза унга оёғини (бир ривоятда: қадамини) қўяди. Шунда у(нинг алангалари) бир-бирига киришиб: «Қот-қот» (яъни, бўлди-бўлди) дейди» (Муттафақун алайҳ).«Аллоҳ таоло: «Эй Одам!», дейди. (Одам:) «Лаббайка ва саъдайка», деб жавоб беради. Шунда У овоз билан нидо қилади: «Аллоҳ сенга зурриётингдан бир жамоани дўзахга чиқаришингни буюради» (Муттафақун алайҳ).«Сизлардан ҳар бирингиз билан Парвардигори Ўзи билан унинг ўртасида таржимон бўлмаган ҳолда гаплашади» (Муттафақун алайҳ).Беморга руқя қилишда айтганлар: «Эй самода бўлган Роббимиз Аллоҳ, Сенинг исминг муқаддасдир, Сенинг амринг осмон-у ердадир, раҳматинг самода бўлгани каби ерда ҳам раҳматингни қилгин, хато ва гуноҳларимизни мағфират қилгин, Сен тоййиб-покларнинг Раббисан, бу беморга Ўз раҳматингдан бир раҳмат ва Ўз шифонгдан бир шифо туширгинки, шу билан у тузалсин» (Ҳасан ҳадис, Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилганлар).«Мени омонатдор билмайсизларми, ахир мен осмондаги Зотнинг амини (омонатдори)ман» (Муттафақун алайҳ).«Арш сув устида, Аллоҳ арш устида, У сизларнинг ҳолингизни билади» (Ҳасан ҳадис, Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилганлар).Чўридан: «Аллоҳ қаерда?», деб сўрадилар. У: «Осмонда», деди. «Мен кимман?», дедилар. «Сиз Аллоҳнинг элчисисиз», деди. (Шунда унинг эгасига:) «Уни озод қил, у мўминадир», дедилар (Имом Муслим ривояти).«Энг афзал иймон – Аллоҳ қаерда бўлсанг ҳам сен билан бирга эканини билишингдир» (Ҳасан ҳадис, Табароний Убода ибн Сомитдан ривоят қилинган).«Сизлардан бировингиз намозга турса, олди томонига ҳам, ўнг томонига ҳам тупурмасин. Зеро, Аллоҳ унинг олди томонидадир. Лекин, чап томонига ё оёғи остига (тупурсин)» (Муттафақун алайҳ).«Етти осмон ва ернинг Парвардигори, улуғ аршнинг Парвардигори, бизнинг Парвардигоримиз ва барча нарсанинг Парвардигори, уруғу донни ёрувчи, Таврот, Инжил ҳамда Қуръонни нозил этган эй Аллоҳ! Сен пешонасидан тутган (яъни, Сенинг салтанатинг остидаги) барча жонзотнинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман. Эй Аллоҳ! Сен Аввалдирсан ва Сендан олдин ҳеч нарса йўқ! Сен Охирдирсан ва Сендан сўнг ҳам ҳеч нарса йўқ. Сен Зоҳирдирсан, Сендан юқорида ҳеч нарса йўқ! Сен Ботиндирсан, Сендан яқинда ҳеч нарса йўқ! Бизнинг устимиздан қарзни ўтагин ва бизни фақирликдан бой этгил» (Имом Муслим ривояти).Саҳобалар зикр билан овозларини кўтарганларида айтганлар: «Эй одамлар! Ўзингизни босиб олинг! Сизлар кар ё ғойиб зотга дуо қилмаяпсиз, балки эшитувчи ва кўрувчи Зотга дуо қилмоқдасиз. Сизлар дуо қилаётган зот сизлардан бировингизга туясининг бўйнидан ҳам яқиндир» (Муттафақун алайҳ).«Сизлар Роббингизни худди шу ойни кўраётганингиздек кўрасизлар, Уни кўришда (тиқилинчдан) талашиб-тортишмайсизлар. Агар кун чиқишидан илгари ва кун ботишидан олдин намоз ўқишдан мағлуб бўлмасликка қодир бўлсаларингиз, шундай қилинглар» (Муттафақун алайҳ).Ва бундан бошқа ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигорлари ҳақида хабар берган кўплаб ҳадислар борки, нажот топувчи фирқа бўлмиш аҳли сунна вал-жамоа уларга худди Аллоҳ ўз Китобида хабар берган хабарларга иймон келтирганларидек, таҳриф ва таътилсиз, такйиф ва тамсилсиз иймон келтирадилар.Бу уммат бошқа умматлар ичида ўрта уммат бўлганидек, улар бу уммат фирқалари ичида энг ўрта фирқадирлар.Улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сифатлари бобида таътил аҳли бўлмиш жаҳмиялар билан тамсил аҳли бўлмиш мушаббиҳалар орасида ўртачадирлар.Улар Аллоҳнинг феъллари бобида жабриялар ва қадариялар орасида ўртачадирлар.Аллоҳнинг ваъиди (азоб хабари) бобида муржиъалар, қадариялардан бўлган ваъидийлар ва бошқалар орасида ўртачадирлар.Иймон ва дин исмлари борасида ҳарурий ва муътазилийлар билан муржиъа ва жаҳмиялар орасида ўртачадирлар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари борасида рофизийлар ва хаворижлар ўртасидадирлар. (Аллоҳнинг бандалар билан бирга экани билан Унинг юқорида, Ўз арши устида экани ўртасини жамлаш ҳақидаги) фаслАллоҳ ўз китобида хабар берган, пайғамбаридан мутавотир бўлган ва умматнинг салафлари ижмоъ қилган нарса, яъни Аллоҳ субҳанаҳу осмонлардан юқорида, арши устида, халқидан ажралган эканига, шу билан бирга У улар қаерда бўлсалар, улар билан бирга эканига, улар қилаётган ишларни билиб туришига иймон келтириш ҳам биз юқорида зикр қилган Аллоҳга иймон келтириш жумласига киради. Ушбу маънони қуйидаги оятида жамлаган: «У осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига ўрнашган зотдир. У Ерга кирадиган (ёмғир-қор суви, хазинаю дафина ва жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ўт-ўлан, наботот ва булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам, самодан тушадиган (ризқу насиба, хайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга (самога) кўтариладиган (яъни амал ва дуо-илтижо каби) нарсаларни ҳам билур. Сизлар қаерда бўлсангизлар У сизлар билан биргадир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир» (Ҳадид: 4).«У сизлар билан биргадир» деган сўзининг маъноси У халқларга аралашиб юрувчи, дегани эмас. Зеро, луғат ҳам буни тақозо қилмайди. Бу (маънода тушуниш) умматнинг салафлари ижмоъ қилган нарсага ҳам зид, Аллоҳ таоло махлуқотлар табиатига ўрнатган нарсага ҳам зиддир. Мана, ой Аллоҳнинг оят-аломатларидан бири ва Унинг энг кичик махлуқларидан, у осмонга қўйилган ва у мусофир билан ҳам, тек турган одам билан ҳам қаерда бўлса ҳам бирга.Аллоҳ субҳанаҳу ҳам арши устида, халқини кузатиб турувчи, уларни назорат қилиб турувчи, улардан хабардор ва шу кабилар Унинг рубубияти маъноларидандир.Аллоҳ таоло зикр қилган гапларнинг ҳаммаси, яъни У ўзининг арши устида экани ва У биз билан бирга экани ҳақиқатда ҳақ-ростдир, таҳрифга муҳтож эмасдир. Лекин, ёлғон гумонлардан, масалан, «осмондаги зот» (Мулк: 16) деган оятнинг зоҳиридан осмон Уни кўтариб туради ёки Унга соя бериб туради деган гумонга боришдан сақланилади. Бу илм ва иймон аҳли ижмоъсига кўра, ботилдир.Зеро, «Аллоҳнинг курсийси самовоту ердан кенгдир» (Бақара: 255).«У осмонлар ва ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб туради» (Фотир: 41).«У осмонни ерга қулаб тушишдан тутиб туради, магар (осмон) Унинг изни-иродаси билангина (қулаши мумкин)» (Ҳаж: 65).«Унинг оятларидан (яна бири) — осмон ва ер У зотнинг амри билан (фазода муаллақ) туришидир» (Рум: 25).(Аллоҳ таолонинг яқинлиги ва ижобат қилиши ва бу Унинг олийлиги ва юқоридалигига зид келмаслиги ҳақидаги) фаслБунинг ичига (яъни, У ўзини сифатлаган сифатлар ичига) Унинг яқин ва ижобат қилувчи экани ҳам киради. У буни Ўзининг қуйидаги оятида жамлаган: «Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан» (Бақара: 186).Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлар дуо қилаётган зот сизлардан бировингизга туясининг бўйнидан ҳам яқиндир» (Муттафақун алайҳ).Қуръон ва Суннатда Унинг яқинлиги ва биргалиги ҳақида зикр қилинган нарсалар Унинг олий ва юқорида эканига зид келмайди. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча сифатларида Унга ўхшаши йўқ бўлган Зотдир, У Ўзининг яқинлигида олийдир, олийлигида яқиндир.(Қуръон ҳақиқатан Аллоҳнинг Каломи эканига иймон келтириш ҳақидаги) фаслҚуръон Аллоҳнинг Каломидир, нозил қилингандир, махлуқ эмасдир, Ундан бошланган ва Унга қайтади, Аллоҳ ҳақиқатан уни сўзлаган, У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган бу Қуръон ҳақиқатан Аллоҳнинг каломи, бошқанинг каломи эмас, деб иймон келтириш ҳам Аллоҳга ва Унинг китобларига иймон келтиришга киради.У Аллоҳнинг Каломидан ҳикоя ёки ундан иборат нарсадир деган сўзни мутлақ (яъни қайдсиз, чекловсиз) айтиш жоиз бўлмайди. Балки, агар уни одамлар ўқисалар ё мусҳафларга ёзсалар, бу билан у ҳақиқатан Аллоҳ таолонинг Каломи бўлишдан чиқиб қолмайди. Зеро, калом ҳақиқатан аввал-бошда уни айтган кишига нисбат берилади, уни етказувчи ва айтиб берувчи бўлиб сўзлаган кишига эмас. У ҳарфлари ва маънолари (билан) Аллоҳнинг Каломидир. Маъноларсиз ҳарфларнинг ўзи ёки ҳарфларсиз маъноларнинг ўзигина Аллоҳнинг каломидир дейилмайди. (Мўминлар қиёмат куни Парвардигорларини ўз кўзлари билан кўришлари ва Уни кўриш ўринлари ҳақидаги) фаслМўминлар қиёмат куни Аллоҳни ўз кўзлари билан, худди булутсиз кунда қуёшни кўрганларидек ва худди ой тўлган кечада ойни тиқилинчсиз кўрганларидек кўрадилар, деб иймон келтириш ҳам биз зикр қилган нарсага, яъни Аллоҳга, Унинг китобларига, фаришталарига ва пайғамбарларига иймон келтиришга киради. Улар Аллоҳ субҳанаҳуни қиёмат майдонида эканларида, сўнгра жаннатга кирганларидан кейин Аллоҳ таоло қандай хоҳласа шундай ҳолда кўрадилар.(Ўлгандан кейин бўладиган нарсаларга иймон келтириш ҳақидаги) фаслЎлимдан кейин бўладиган ишлар ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган барча нарсаларга иймон келтириш ҳам охиратга иймон келтиришга киради. Улар қабр фитнасига, қабрда бўладиган азоб ва неъматларга иймон келтирадилар. Қабр фитнаси шуки, одамлар қабрларида имтҳон қилинадилар, ҳар бир кишидан: «Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?» деб сўралади. Шунда «Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилади» (Иброҳим: 27). Мўмин киши: «Роббим Аллоҳ, диним Ислом, пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам», деб жавоб беради. Шак-шубҳа қилувчи (мунофиқ) кимса эса: «Оҳ, Оҳ, билмайман. Одамлар бир нима деганларини эшитиб, мен ҳам айтганман», дейди. Шунда уни темир гурзи билан урилади. У дод-фарёд қилади, фарёдини инсондан бошқа ҳамма нарса эшитади. Агар инсон эшитганида беҳуш бўлиб қоларди. Сўнгра шу фитна (имтиҳон)дан кейин то катта қиёмат қоим бўлиб, руҳлар жасадларга қайтарилгунича ё фароғат, ё эса азобдир.Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида ва пайғамбарининг тили билан хабар берган ва мусулмонлар унга ижмоъ-иттифоқ қилган қиёмат қоим бўлади. Одамлар Аллоҳ роббул оламийн сари қабрларидан ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда турадилар. Қуёш уларга яқинлашади, улар оғизларигача терга ботадилар. Тарозилар ўрнатилиб, уларда бандаларнинг амаллари ўлчанади. «Энди кимнинг (яхшилик) мезонлари (ёмонлик-гуноҳларидан) оғир келса, ана ўшалар нажот топувчидирлар. Кимнинг мезонлари енгил бўлса (яъни ёмонликлари яхши амалларини босиб кетса), ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Улар жаҳаннамда мангу қолувчидирлар» (Муъминун: 102, 103). Девонлар, яъни амал саҳифалари очилади, кимдир китобини (яъни номаи аъмолини) ўнг тарафидан олади, кимдир чап тарафидан ёки орқа томонидан олади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтганидек: «Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз. (Ва унга дейилур): «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир»» (Исро: 13, 14).Аллоҳ халқларни ҳисоб қилади. Мўмин бандаси билан холи қолиб, уни гуноҳларига иқрор қилдиради. Бу ҳақда Китоб ва Суннатда васф қилинган. Аммо кофирлар яхшилик ва ёмонликлари ўлчанадиган кишининг ҳисобидек ҳисоб қилинадилар. Аслида, уларнинг яхшиликлари бўлмайди. Лекин, амаллари саналади ва ҳисобланади. Сўнгра уларни шу (амаллари) устида тургизиб, уларга иқрор қилдирилади ва шуларга кўра жазога тортиладилар.Қиёмат майдонида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавруд (яъни, одамлар сув ичгани келадиган) ҳавзлари бордир. Унинг суви сутдан оқ ва асалдан ширин, идишлари осмон юлдузлари сонича, узунлиги бир ойлик, кенглиги бир ойлик масофачадир. Ким ундан бир бор сув ичса, кейин асло ташна бўлмайди.Сирот жаҳаннам устига тикилгандир. У жаннат билан дўзах орасидаги кўприкдир. Одамлар ундан амалларига қараб ўтадилар, кимдир кўз очиб юмгунча ўтади, кимдир яшиндек ўтади, кимдир шамолдек ўтади, кимдир учқур отдек ўтади, кимдир туя мингандек ўтади, кимдир чопиб ўтади, кимдир юриб ўтади, кимдир судралиб ўтади, кимдир чангакка тушиб, жаҳаннамга отилади. Чунки, кўприк устида одамларни амалларига кўра ушлаб қоладиган чангаклар бўлади. Ким сиротдан ўтса, жаннатга киради. Ундан ўтишгач, жаннат ва дўзах оралиғидаги бир кичикроқ кўприкда турадилар. Бирларига иккинчиларидан қасос олиб берилади. Покланиб, тозалангач, жаннатга киришларига изн берилади.Жаннат дарвозасини биринчи бўлиб қоқадиган (очтирадиган) киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, жаннатга биринчи бўлиб кирадиганлар у зотнинг умматлари бўлади.Қиёматда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг учта шафоатлари бўлади.Биринчи шафоатлари шуки, мавқиф (қиёмат майдони) аҳли учун улар ўртасида тезроқ ҳукм қилинишини сўраб шафоатчи бўлишдан пайғамбарлар — Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Исо ибн Марям тортинишганидан ва улар у зотнинг ёнларига келишгандан сўнг улар хусусида шафоатчи бўладилар.Иккинчи шафоатлари шуки, жаннат аҳлини жаннатга киришларига шафоатчи бўлишлари. Бу икки шафоат у зотнинг ўзларига хосдир.Учинчи шафоатлари шуки, дўзахга лойиқ бўлган кишилар хусусида шафоатчи бўладилар. Ушбу шафоат у зот билан бирга бошқа пайғамбарларга, шунингдек сиддиқларга ва бошқаларга омдир. У зот дўзахга лойиқ бўлган кишини унга кирмаслиги хусусида ҳамда кирган кишининг ундан чиқиши ҳақида шафоатчи бўладилар. Аллоҳ бир қанча қавмларни ҳеч қандай шафоатсиз, фақат Ўз фазли ва марҳамати билан ҳам дўзахдан чиқаради. Жаннатда унга кирган дунё аҳлидан ортиб қолган жой бўлади, Аллоҳ у учун бир қанча қавмларни вужудга келтириб, уларни жаннатга киритади.Охират ҳовлиси ўз ичига олган ҳисоб, савоб, жазо, жаннат ва дўзах турлари ҳамда булар ҳақидаги тафсилотлар осмондан нозил қилинган китобларда, пайғамбарлардан қолган асарларда мазкурдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мерос қолган илмда бунга доир етарлича ва қониқарли (маълумотлар) бор, истаган одам уларни топади. Нажот топувчи фирқа бўлмиш аҳли сунна вал-жамоа қадарга, унинг яхшиси ва ёмонига иймон келтиради. Қадарга бўлган иймон икки даражада (босқичда) бўлиб, ҳар бир даража икки нарсани ўз ичига олади:Биринчи даража: Аллоҳ таоло халқларнинг нима амал қилишларини Ўзи у билан азал ва абад сифатланган қадим илми билан билган, У уларнинг ҳамма ҳолатларини — тоатларини, маъсиятларини, ризқларини, ажалларини билган, сўнг Аллоҳ таоло лавҳи маҳфузга халқларнинг тақдирларини битган деб иймон келтириш. Аллоҳ энг биринчи қаламни яратиб, унга: «Ёз!», деди. Қалам: «Нимани ёзай?», деб сўради. «То қиёматгача бўлувчи барча нарсанинг тақдирини ёз!», деди. Инсонга етган нарса ҳаргиз етмай қолмас эди, унга етмаган нарса ҳаргиз етмас эди. Қаламлар (ёзиб, сиёҳи) қуриган, саҳифалар ёпилган. Аллоҳ таоло айтганидек: «Сиз Аллоҳ осмон ва ердаги бор нарсани билишини билмадингизми?! Албатта, бу Китобда (яъни Лавҳул-махфузда ёзиб қўйилгандир). Албатта, бу Аллоҳга осондир» (Ҳаж: 70), «На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур. Албатта бу Аллоҳга осондир» (Ҳадид: 22). Аллоҳ субҳанаҳунинг илмига тобеъ бўлган бу тақдир (баъзи) ўринларда мужмал-қисқача ва (баъзи ўринларда) батафсил бўлади. У лавҳи маҳфузга Ўзи истаган нарсани ёзгандир. Ҳомиланинг жасадини яратса, унга руҳ киритишдан олдин бир фариштани юборади, у тўртта калимани — ризқини, ажалини, амалини ва бахтсиз ё бахтли бўлишини ёзишга буюрилади ва шунга ўхшашдир.. Мана шу тақдирни қадимда қадарияларнинг ғулув кетганлари инкор қилишарди, бугунги кунда уни инкор қилувчилар камдир.Иккинчи даража: Аллоҳнинг сўзсиз амалга ошувчи истак-хоҳиши ва шомил-комил қудратига (иймон келтиришдир), бу эса Аллоҳ истаган иш бўлади, истамаган иш бўлмайди деб, осмонлару ердаги ҳар бир ҳаракат ва ҳаракатсизлик фақат Аллоҳ субҳанаҳунинг истаги билангина бўлади, Унинг мулкида У истамаган нарса бўлмайди деб, Аллоҳ субҳанаҳу мавжудот (борлар) ва маъдумот (йўқлар)дан ҳар бир нарсага қодирдир, еру осмондаги ҳар бир махлуқни фақат Аллоҳ субҳанаҳу яратгандир, Ундан ўзга яратувчи йўқдир, Ундан бошқа парвардигор йўқдир деб иймон келтиришдир.Шу билан бирга У бандаларни Ўзининг тоатига ва пайғамбарларининг итоатига буюрди, Унга осий бўлишдан қайтарди. У субҳанаҳу ва таоло тақводорларни, муҳсинларни, адолат қилувчиларни яхши кўради, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган кишилардан рози бўлади. Кофирларни яхши кўрмайди, фосиқ қавмлардан рози бўлмайди, фаҳш ишларга буюрмайди, бандаларининг кофир бўлишларига рози бўлмайди, фасодни ёқтирмайди.Бандалар ҳақиқатан бажарувчи, Аллоҳ уларнинг феълларини яратувчидир. Банда — мўмин, кофир, яхши, фожир, намозхон, рўза тутувчидир. Бандаларда ўз амалларига қудрат бор, уларда истак-ирода бор, Аллоҳ уларни ҳам, қудратларини ҳам, истак-иродаларини ҳам яратувчидир. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Қуръон) сизларнинг орангиздаги Тўғри йўлда бўлмоқни хоҳлаган кишилар учун (бир эслатмадир). Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хоҳласагина (Тўғри йўлда бўлишни) хоҳларсизлар (ва қодир бўласизлар) (Таквир: 28, 29).Қадарнинг ушбу даражасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «бу умматнинг мажусийлари» деб атаган қадариялар оммаси ёлғонга чиқаради. (Қадарни) исбот қилиш аҳлидан бўлган бир қавм эса унда ғулув кетиб, ҳатто бандадан унинг қудрати ва истак-иродасини (суғуриб) олиб қўйганлар, улар Аллоҳнинг феъллари ва аҳкомларидан уларнинг ҳикмат ва манфаатларини чиқариб юборадилар.(Иймоннинг сўз ва амалдан иборат экани ҳақидаги) фаслАҳли сунна вал-жамоа асл-асосларидан бири шуки, дин ва иймон сўз ва амалдир, у қалб ва тилнинг сўзидир ҳамда қалб, тил ва аъзолар амалидир, иймон тоат билан зиёда бўлади, маъсият билан камаяди.Шу билан бирга улар қибла аҳлини хаворижларга ўхшаб маъсият ва катта гуноҳларининг ўзи биланоқ кофирга чиқармайдилар. Балки, маъсиятлар билан бирга ҳам иймоний биродарлик собит (ўзгармас)дир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса, у ҳолда яхшилик билан бўйсуниш... лозимдир» (Бақара: 178), «(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зеро Аллоҳ адолат қилувчиларни суяр. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар!» (Ҳужурот: 9, 10).Улар муътазилаларга ўхшаб, миллатга (яъни исломга) мансуб бўлган фосиқдан иймонни буткул чиқариб ташламайдилар, уни дўзахда абадий қолади демайдилар. Балки, Аллоҳ таолонинг: «... бир мўмин қулни озод қилиши лозим» (Нисо: 92) оятида келганидек, фосиқ ҳам мутлақ иймон исми ичига дохил бўлади. Баъзан эса у қуйидаги оят ва хадисда келганидек, мутлақ иймон исми ичига дохил бўлмайди: «Фақат Аллоҳ (номи)зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар» (Анфол: 2), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:«Киши зино қилаётган пайтида мўмин бўлган ҳолда зино қилмайди, (маст қилувчи) ичкилик ичаётган пайтида мўмин бўлган ҳолда ичмайди, ўғирлик қилаётганда мўмин бўлган ҳолда қилмайди, одамларнинг кўз ўнгида талончилик қилаётган пайтида мўмин бўлган ҳолда талончилик қилмайди» (Муттафақун алайҳ). Биз уни иймони ноқис мўмин ёки иймони билан мўмин, гуноҳи кабираси билан фосиқ деймиз, унга мутлақ исм берилмайди ва мутлақ исм олиб ҳам қўйилмайди. (Аҳли сунна вал-жамоанинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига нисбатан муносабатлари ҳақидаги) фаслАҳли сунна вал-жамоанинг асл-асосларидан бири — Аллоҳ таоло уларни: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» деб айтурлар» (Ҳашр: 10) деб сифатланидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларига нисбатан диллари ва тиллари саломат бўлишидир ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга у зотнинг қуйидаги сўзларида итоат қилишдир: «Асҳобларимни сўкманглар! Агар сизлардан бирингиз Уҳуд тоғича тилла садақа қилса ҳам, улардан бирларининг бир муд ё ярим муд садақасига тенглашолмайди» (Муттафақун алайҳ). Улар (саҳобаларнинг) фазилатлари ва мартабалари борасида Китоб, Суннат ва ижмоъда келган нарсаларни қабул қиладилар.Улар фатҳдан — яъни, Ҳудайбия сулҳидан — олдин инфоқ-эҳсон қилган ва (кофирларга қарши) урушган кишиларни (фатҳдан) кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан афзал санайдилар. Муҳожирларни ансорлардан муқаддам қўядилар. Аллоҳ таоло Бадр аҳлига: — улар уч юз ўндан ошиқроқ киши эди — «Истаган ишингизни қилаверинг, Мен сизларни кечирдим», деб айтган эканига ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, дарахт остида байъат қилган кишилардан бирон киши ҳам дўзахга кирмаслигига иймон келтирадилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ улардан рози бўлган ва улар ҳам Аллоҳдан рози бўлганлар (деб ишонадилар), улар бир минг тўрт юздан зиёдроқ киши бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга гувоҳлик берган кишиларнинг, масалан, ўнта саҳоба, Собит ибн Қайс ибн Шаммос ва бошқа саҳобаларнинг жаннатга киришларига гувоҳлик берадилар.Амирул муъминийн Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан ва бошқа саҳобалардан мутавотир йўл билан нақл қилинган нарсага, яъни бу умматнинг энг яхши кишиси пайғамбаридан кейин Абу Бакр, кейин Умар эканига иқрор бўладилар, асарлар далолат қилганидек ва саҳобалар байъатда Усмонни муқаддам қилишга иттифоқ қилганларидек, Усмонни учинчи ўринга, Алийни эса тўртинчи ўринга қўядилар, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин. Аҳли суннанинг баъзиси Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумони муқаддам қўйишга иттифоқ қилганидан сўнг Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумо ҳақларида уларнинг қай бири афзалроқ деб ихтилоф қилган, бир қавм Усмонни муқаддам қилиб, сукут қилган ё Алийни тўртинчи ўринга қўйган, бир қавм эса Алийни муқаддам қилган, яна бир қавм тўхталган эса-да, аҳли суннанинг иши Усмонни муқаддам қилишга ва Алийни ундан кейин қўйишга қарор топгандир. Гарчи, бу масала — яъни, Усмон ва Алий масаласи — унда хилоф қилган киши жумҳур аҳли сунна наздида адашган саналадиган асл-асослардан эмас, лекин унда адашган деб саналадиган масала хилофат масаласидир. Сабаби, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги халифа Абу Бакр ва Умар, сўнгра Усмон, сўнгра Алийдир деб ишонадилар. Кимда-ким улардан биронтасининг халифалиги борасида таън етказса, уйидаги эшакдан ҳам адашганроқ бўлади.Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтларини (хонадонлари аҳлини) яхши кўрадилар, уларни дўст тутадилар, улар хусусида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хум ғадири (кўл, ҳовуз) олдида айтган: «Аҳли байтим хусусида сизларга Аллоҳни (яъни Аллоҳдан тақво қилишни) эслатаман» деган васиятларини муҳофаза қиладилар. Яна у зот амакилари Аббосга — у Қурайшнинг айрим кишилари Бану Ҳошимга жафо қилишаётганидан шикоят қилганида — айтганлар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, то сизларни Аллоҳ учун ва менинг қариндошлигим учун яхши кўрмагунларича мўмин бўлмайдилар». Яна айтганлар: «Аллоҳ таоло Бану Исмоилни танлади, Бану Исмоилдан Кинонани танлади, Кинонадан Қурайшни танлади, Қурайшдан Бану Ҳошимни танлади, Бану Ҳошимдан мени танлади».Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфтлари — уммуҳотул муъминийнни дўст тутадилар, уларни у зотнинг охиратдаги аёллари деб ишонадилар, хусусан у зотнинг аксар фарзандларининг оналари бўлмиш ҳамда у зотга биринчи бўлиб иймон келтирган ва ишларида қўллаб-қувватлаган, у зотнинг дилларида алоҳида манзилат эгаси бўлган Хадижа розияллоҳу анҳони, шунингдек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ҳақда: «Оишанинг бошқа аёллардан фазли худди сариднинг бошқа таомлардан афзаллигига ўхшайди», деб айтган Сиддиқа бинт Сиддиқ розияллоҳу анҳумони (у зотнинг охиратдаги аёллари деб ишонадилар).(Аҳли сунна вал-жамоа) саҳобаларни ёмон кўрадиган ва ҳақоратлайдиган рофизаларнинг йўлидан ҳам, тиллари ё амаллари билан аҳли байтларга озор етказадиган носибаларнинг йўлидан ҳам ўзларини пок биладилар. Улар саҳобалар ўртасида юз берган келишмовчиликлар (ҳақида сўзлаш)дан тийиладилар ва уларнинг ёмонликлари ҳақида ривоят қилинган асарларнинг айримларини ёлғон, айримларини эса қўшиб-чатилган, нуқсонли қилинган ва тўғри йўналишидан ўзгартириб юборилган, у (айтилган гап)лар ичидан тўғри бўлганларида эса улар (яъни саҳобалар) ё тўғри топган мужтаҳид, ё хато қилган мужтаҳид сифатида узрлидирлар, дейдилар. Шу билан бирга улар саҳобалардан ҳеч бирларини катта ва кичик гуноҳлардан маъсум деб эътиқод қилмайдилар, балки умуман уларда гуноҳ бўлишини жоиз санайдилар. Уларнинг — агар уларда гуноҳ содир бўлган тақдирда ҳам — ўша гуноҳларини кечириб юборилишини вожиб қиладиган ўтган яхши ишлари ва фазилатлари бор, ҳатто уларнинг кейингилардан кечирилмайдиган гуноҳлари ҳам кечирилади, чунки уларнинг ўзларидан кейингиларда бўлмаган, ёмонликларни ўчириб юборадиган яхшиликлари мавжуддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари билан собитки, улар энг яхши аср аҳлларидир, улардан битталари агар бир муд садақа қилган бўлса, бу улардан кейингиларнинг Уҳуд тоғича тилла садақа қилганидан афзалдир. Кейин, агар бировларидан бирор гуноҳ содир бўлса ҳам, ундан тавба қилган бўлади ёки уни ўчириб юборадиган яхшиликлар қилган бўлади ёки ўша гуноҳи аввалда ўтган яхшиликлари фазлидан ё Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатлари билан — зотан улар у зотнинг шафоатларига энг ҳақли кишилардир — мағфират қилинган бўлади, ёки дунёда бирон балога мубтало қилиниб, шу билан каффорат қилинган бўлади. Муҳаққақ гуноҳлар ҳақида гап шу бўлса, энди улар ижтиҳод қилувчи бўлган ва агар тўғри топсалар икки ажрга, хато қилсалар бир ажрга эга бўладиган ва хатолари кечирилган ишлар қандай қилиб (уларни айблашга асос бўлсин?!). Қолаверса, айримларининг ишларидан мункар саналган миқдори ҳам уларнинг Аллоҳга ва Расулига бўлган иймон, Унинг йўлида қилган жиҳод, ҳижрат, нусрат, фойдали илм, солиҳ амал каби фазилатлари ва яхшиликлари ёнида кўмилиб кетадиган даражада жуда оздир. Ким қавмнинг (яъни саҳобаларнинг) сийратига ва Аллоҳ уларга марҳамат қилган фазилатларга илм ва очиқ кўз билан назар солса, уларнинг пайғамбарлардан кейин халқларнинг энг яхшилари эканини аниқ билади, уларга ўхшагани бўлмаган ва бўлмайди ҳам, улар умматлар ичида энг яхшиси бўлган бу умматнинг энг покиза асрлари аҳли ва Аллоҳга энг мукаррамидирлар. (Авлиёларнинг кароматларини тасдиқлаш ҳақидаги) фаслАҳли сунна вал-жамоанинг асл-асосларидан бири — авлиёларнинг кароматларини ва Аллоҳ таоло уларнинг қўлларида жорий қиладиган ҳар турли илм ва мукошафотлардаги ҳамда ҳар турли куч-қудрат ва таъсиротлардаги ғайриоддий ишларни тасдиқлашдир. «Каҳф» ва бошқа сураларда ўтган умматлар ҳақида келган ривоятлар ва бу умматнинг пешқадамлари бўлмиш саҳобалар, тобиинлар ҳақида, шунингдек бошқа асрлардаги кишилар ҳақида келган ривоятлар кабики, улар (яъни кароматлар) то қиёматгача мавжуддир. (Аҳли сунна вал-жамоанинг амалий йўли ҳақидаги) фаслКейин, аҳли сунна вал-жамоанинг йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг изларига ботину зоҳирда эргашиш, муҳожирлар ва ансорлардан бўлган аввалги пешқадам зотларнинг йўлига эргашиш ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги васиятларига эргашишдир: «Менинг суннатимни ҳамда мендан кейин ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни, қаттиқ) ёпишинглар. (Динда) янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир», дедилар (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари). Улар гапларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, деб биладилар, Аллоҳнинг Каломини бошқа барча турдаги одамлар сўзларидан юқори қўядилар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини бошқа ҳар қандай кишининг йўлидан муқаддам қиладилар. Шунинг учун улар китоб ва суннат аҳли деб аталдилар, жамоат аҳли деб аталдилар. Чунки, жамоат — бирлашишдир, унинг зидди — ажралишдир, гарчи «жамоат» лафзи жамланган қавмнинг ўзига исмга айланиб кетган бўлса ҳам.Ижмоъ илм ва динда суяниладиган учинчи асл-асосдир. Улар одамларнинг динга тааллуқли бўлган барча ботиний ва зоҳирий сўз ва ишларини мазкур учта асл-асос билан ўлчайдилар. Мўътабар саналадиган ижмоъ — салафи солиҳлар унинг устида бўлган (ижмоъ)дир. Чунки, улардан кейин ихтилоф кўпайди ва уммат ичида ёйилди.(Аҳли сунна вал-жамоанинг амри маъруф, наҳий мункар ва бошқа ишлардаги йўли ҳақидаги) фаслКейин улар мана шу асл-асослар билан бирга шариат вожиб қилган кўринишда амри маъруф (яхшиликка буюриш) ва наҳий мункар (ёмонликдан қайтариш) ишини қиладилар, амирлар билан бирга — улар хоҳ яхши бўлсинлар, хоҳ ёмон бўлсинлар — ҳаж ва жиҳодни, жумъа ва ийдларни барпо қилиш керак деб кўрадилар, жамоат намозларини муҳофаза қиладилар. Улар умматга насиҳат (холислик)ни дин деб кўрадилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Албатта, мўмин мўмин учун бир-бирини маҳкам тутиб турувчи бино (қисмлари) кабидир» деб, бармоқларини кириштирганлари маъносига, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мўминларнинг ўзаро дўстлашиш, бир-бирига раҳм-шафқат кўрсатиш ва меҳр-оқибатли бўлишдаги мисоллари битта жасад мисолидирки, жасаднинг бир аъзоси оғриса, бошқа барча аъзолари бедорлик ва иситмада ҳамдард бўлади», деган сўзлари маъносига эътиқод қиладилар. Бало пайтида сабр қилишга, фаровонлик пайтида шукр қилишга, қазо-қадарнинг аччиқлигига рози бўлишга буюрадилар. Улуғ ахлоқларга ва чиройли амалларга чақирадилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи гўзалроғидир», деган сўзларига эътиқод қиладилар. Сен билан алоқасини узган яқининг билан алоқангни тиклашга, сени маҳрум этган кимсага инъом этишингга, сенга зулм ўтказганни авф қилишга тарғиб қиладилар. Ота-онага яхшилик қилишга, силаи раҳм қилишга, яхши қўшничиликка, етимларга, мискинларга, мусофирларга мурувват кўрсатишга, қул-чўрига мулойим бўлишга буюрадилар. Мақтанишдан, кибрдан, тажовуздан, халқларга ҳақ билан ё ноҳақ зўравонлик қилишдан қайтарадилар. Олий хулқларга буюриб, паст (хулқ)лардан қайтарадилар. (Юқорида айтилган) ана шу ва бошқа нарсалардан ўзлари айтадиган ва қиладиган ҳар бир нарсада улар Китоб ва Суннатга эргашувчидирлар. Уларнинг йўллари Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни у билан юборган Ислом динидир.Лекин, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматлари етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши, ҳаммаси дўзахда бўлиб, фақат бир фирқаси, яъни жамоат (дўзахдан нажот топиши) ҳақида хабар бергач, бир ҳадисларида: «Улар бугун мен ва асҳобларим бўлиб тургандек иш устида бўлган кишилардир», дегач, аралашмалардан тоза, соф Исломни маҳкам тутувчилар мана шу аҳли сунна вал-жамоа бўлди.Улар ичида сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳлар бордир. Ҳидоят имомлари, зулматларни ёритувчи чироқлар, ажойиб хислат ва машҳур фазилат эгалари улардандир. Улар ичида абдоллар бор, улар ичида мусулмонлар уларнинг ҳидоят ва билимларига ижмоъ қилган дин имомлари бор. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида айтган нусратланувчи тоифадирлар: «Умматимдан бир тоифаси ҳақ устида нусратланган ҳолда давом этади, уларга мухолиф бўлганлар ва уларни ёрдамсиз қолдирганлар то қиёмат уларга зарар етказолмайди» (Муттафақун алайҳ). Аллоҳ таолодан бизни ҳам ўшалардан қилишини, бизни Ўзи ҳидоят қилганидан сўнг дилларимизни ҳақдан оғдирмаслигини, Ўзи томонидан бизга раҳмат ато этишини сўраймиз. Зеро, Угина барча яхшиликларни ато этувчидир. Валлоҳу аълам.Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига кўпдан-кўп саловот ва саломлар йўлласин.