البحث

عبارات مقترحة:

المبين

كلمة (المُبِين) في اللغة اسمُ فاعل من الفعل (أبان)، ومعناه:...

الحفي

كلمةُ (الحَفِيِّ) في اللغة هي صفةٌ من الحفاوة، وهي الاهتمامُ...

Ҳамза ибн Абдулмутталиб

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف Шокирбек Камол ، Шамсуддин Дарғомий
القسم كتب وأبحاث
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات تفسير طبقة الصحابة
Ушбу китобча Ҳамза розиёллоҳу анҳунинг ҳаётлари ҳақида сўз юритади.

التفاصيل

Ҳамза ибн Абдулмутталиб Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу Ана шундай қилиб оллоҳ шери, пайғамбар арслони улуғвор шаҳид бўлиб йиқилдилар.. Уруш тугади.. мушриклар туяларига минганча, отларини сурганча маккага қайтиб кетдилар.. керак.. ушбу ўриндагидек ғазабга, нафратга минган ўринда ҳеч қачон турмаган эдим.. - Росулуллоҳ нима қилдилар? - Тинч.. Қўрқманг, у киши сиз кутгандек, соғлар.. - Мен аввал бир кўрай.. Кўрсатинглар менга!  Ҳамза ибн Абдулмутталиб Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу Саҳобалар ҳаёти номли ушбу гулшанлар мажмуасида биридан иккинчисига ўтиб, бир боғдан иккинчи бир гўзал боққа кўчар эканмиз, уларнинг ҳар биридан янги бир шуур, янги ҳиссиёт билан чиқиб, ўзгача ҳаловат, ўзгача тароватни туйиб қайтамиз.. бугун ҳам ўша гулшанлардан бир боққа разм солиб, ундаги ифорлардан маст бўлиб, тотли меваларидан тановул қилмоқчи бўлсангиз эътибор билан ўқимоғингиз, вужудингиз ила ҳикоя ичида бўлмоғингиз мақсадга мувофиқ бўлади.. Бугунги ҳикоямиз оллоҳнинг шери, шаҳидлар саййиди ҳақида.. Макка шаҳри кундузи билан ўтган чопа-чоп, ҳаракат, маросимлар, ўйин-кулгулардан сўнг ғарқ уйқуда, қурайшликлар барчаси тўшакларида хуррак отмоқдалар... фақат бир киши эрта ётиб бироз уйқу олганидан сўнг ўрнидан турган, елкаси тўшакка ошналигини бас этган.. зеро, оллоҳ билан ваъдалашган вақти етиб келган бўлиб, шу сабаб ҳужрасидаги жойнамоз устига ўтган, раббига муножот ва илтижолар қила бошлаган эди.. аёли унинг юрагидан ҳар дардли оҳлар, илтижо ва ёлворишлар чиққанида уйғониб, аҳволини кўриб раҳми келар, ўзига эҳтиёт бўлиб, мизғиб олишга чақирса, сўзларидан бурун ёш тўла кўзлари жавоб берар эди: - Энди уйқу пайти ўтди, эй Хадича...!! У зотнинг иши ҳали Қурайшни унча қизиқтириб улгурмаган, ҳали ташвишга солган эмас, гарчи у ер-бу ерда у-бу гап чиқиб қолсада, унчалик эътибор қиларли даражага етиб бормаган, эндигина даъватни бошлаб, бекитиқча, билдирмасдан оллоҳга чақириб юрган вақтлар эди.. у пайтларда иймонга келганлар жуда кам, бармоқ ила санарли... иймонга ҳали келмаганлар орасида у кишини жуда қадрлайдиган, дилдан севадиган, у зотга иймон келтиришга жуда-жуда иштиёқманд бўлган, муборак иймон карвонига қўшилишни қўмсаган бир киши бор бўлиб, ўша пайтларда катта кучга эга бўлган мавжуд урф-одат, ота-боболар удуми елкасидан тоғдек босиб, иймонга келишдан тўсиб турар, бинобарин, отаётган тонг билан, ботаётган оқшомдан қай бирини танлашга йўл қўймай келаётган эди.. Ушбу киши пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари, эмикдош акаси Ҳамза ибн абдулмутталиб разияллоҳу анҳу бўладилар.. * * Ҳамза жиянининг улуғлиги, етуклигини яхши билар, унинг гўзал хислатларидан хабардор киши эди.. чунки у жиянини фақат амаки ўз жиянини таниганидек билибгина эмас, балки ўз укасидек, яқин дўсти сифатида танир эди.. зеро пайғамбар ила Ҳамза тенгқур, ёшлари бир-бирига яқин бўлиб, бирга ўсган, бирга ўйнаган, бирга дўстлашган, ҳаёт ташвишлари бошланиб, тирикчилик тўрваси елкага тушгунга қадар бирга юрган кишилар эди.. Ҳа.. Ҳаёт ташвишлари бошланиб, ҳар бири ўз йўлига кетган, Ҳамза ўз тенгдошлари билан ҳаёт лаззатларидан баҳра олишга, Қурайш зодагонлари, раҳбарлари ичида ўз ўрнини эгаллашга киришган бўлса, муҳаммад а.с. ўша ҳаёт ўнқир-чўнқирларида тенгдошларидек енгил-елпи ҳаётга берилмаган, покиза руҳлари ўша пайтданоқ унга оллоҳ йўлини ёрита бошлаган, қалблари ҳаёт шовқинидан узоқда чуқур тафаккурга киришган, гўё келажакда келадиган буюк ҳақиқатга бу ҳолат уни тайёрламоқда эди.. юқорида айтганимиздек, бу икки дўстнинг ҳаёти алоҳида-алоҳида бўлиб кетган бўлсада, Ҳамзанинг ёдидан бир лаҳза ҳам ўз жияни, яқин дўстининг фазилатлари кетган эмас эди... ўша куни эрталаб Ҳамза одати бўйича кўчага отланди.. каъба атрофида Қурайш зодагонлари, оқсуякларидан бир нечтасини кўриб, улар суҳбатига қўшилди.. улар муҳаммад ҳақида сўзлашмоқда эдилар.. Ҳамза уларнинг илк бор бу ишдан ташвишга тушаётганларини, сўзлари оҳангида кўролмаслик, адоват, алам борлигини кўрди.. илгари парво қилмас эдиларми, ёки ўзларини бепарво кўрсатар эдиларми, ҳарқалай, бугунгидек ҳолат бўлмас эди.. бугун эса улар юзини ташвиш, хавотир эгаллаган, муҳаммад улар олдига келса, ҳамла қилишдан ҳам тоймайдигандек кўринардилар.. Ҳамза уларнинг бу ҳолатидан узоқ кулиб, зодагонларни муболаға қилишда, воқеани бўрттириб юбораётганликда айблади.. абу жаҳл бўлса, Ҳамзани кўрсатиб, ўтирганларга унинг муҳаммад даъват этаётган нарсанинг хатарини ҳаммадан кўра яхшироқ билиб турсада, барибир, ишни хаспўшлаётганини, Қурайш лаллайиб ухлаб, бир кун кўз очиб қараса, жияни Қурайш тепасига чиқиб олган бўлиши мумкинлигини ҳам сезиб турганлигини зўр бериб таъкидлар эди .. улар ҳеч шаштларидан тушмаган, ўша алам, ғазабда сўзларини давом эттиришар, Ҳамза бўлса бир табассум қилиб, бир дили оғрир, ўтириш тугаб, барча ўз йўлига кетгач, бўлиб ўтган суҳбатдан боши лўқиллаб, чуқур ўйга ботган, турли хаёллар уни тинч қўймас, жияни ва дўстининг ишини ўзича турли томондан таҳлил қилар эди...* * * Кунлар кетидан кунлар қувиб ўтар, ҳар бир кун ўтиши билан Қурайшнинг муҳаммад ҳақидаги минғир-минғири кўпайиб бориб, улар охири у кишига тегина бошлаган, Ҳамза эса бу ҳолни узоқдан кузатишда давом этар эди.. жиянининг сабот, матонати уни ҳайратга солар, иймон йўлида, даъват йўлида барча нарсага тайёр туриши Қурайшнинг барчаси учун – улар қанчалик матонат ва сабрда донғи кетган бўлсаларда – янгилик эди.. бордию ўша пайтларда шак-шубҳалар бирор кишини ушбу пайғамбарнинг тўғрилиги, буюк табиати ҳақида иккиланишга мажбур қила оладиган қудратга эга бўлганида ҳам Ҳамзага таъсир кучини ўтказа олмаган бўлар эди.. зеро, муҳаммадни маъсум гўдаклик чоғидан... покиза ўсмирлик пайтига довур... омонатли, улуғвор йигитлик вақтига қадар энг яхши биладиган киши ҳам шу Ҳамза эди.. У жиянини ўзини билгандек, балки – таъбир жоиз бўлса – ўзини танигандан кўра ҳам яхшироқ биларди... Ҳаётга келиб, бирга ўсгандан бошлаб, бирга овоз дўриллаб, йигитлик чоғига етдилар... кишиларнинг энг етилган даври бўлмиш қирқ ёшга ўтдилар... ушбу дамларнинг барчасида муҳаммад ҳаётининг ҳар бир куни қуёшнинг заррин нурлари каби топ-тоза, покиза бўлиб келди...!! ушбу ҳаётга озгина раҳна солгудек, ушбу нурга заррача бўлсада соя солгудек бирор шубҳали нарса бўлганини эслай олмайди.. унинг бирор кун бўлсада, бирор лаҳза бўлсада, ғазабга минганини, ёки икки қўли шалвираб ноумид ҳолга тушганини, ёхуд ўйин-кулгуга берилиб енгилтаклик қилганини, ёинки талвасага тушиб, беқарор бўлганини хотирлай олмайди... Ҳамза жисмоний жиҳатдан кучли, полвон кишигина бўлиб қолмай, оллоҳ уни ўткир ақл ҳамда кучли ирода билан ҳам сийлаган киши эди... бинобарин, шунчалик тўғрилик, шунчалик омонатни ўз дўстида билган Ҳамзадек оқил киши унга эргашмасдан қолмаслиги табиий бир ҳол эди... дўсти ҳақида юрагининг туб-тубида сақланган бир гап яқин кунларда унинг қалбидан тошиб, атрофга таралмоғи шубҳасиз эди...* * *Мана, ўша кун ҳам етиб келди... Ҳамза ҳовлисидан елкасига камонини ортқилаб юзини чўлга бурганча ўзининг севимли машғулоти, кўнглига яқин эрмаги бўлмиш – овга, сайёдликка отланди... У ушбу соҳада жуда катта маҳоратга эга эди.. Овда ўз иши ила машғул бўлиб, кун қайтгач, сайдидан қайтдида, уйига боришдан илгари йўл-йўлакай одати бўйича тавоф қилмоқ учун каъба томон юз бурди.. Каъбага етмасидан бурун рўпарасидан Абдуллоҳ ибн Жудъон чўриларидан бири чиқиб қолдида, уни кўрар-кўрмас: - Эй Абу Умора, ҳозиргина жиянингиз Муҳаммаднинг Абул Ҳакам ибн Ҳишом (Абу Жаҳлнинг номи)дан нималарни эшитганини кўрсангиз эди.!! Каъба ёнида ўтирганида келиб, шундай озор бериб, шундай сўкдики, шундай ёмон сўзлар айтиб дилини оғритдики, асти қўяверасиз..!! деди..!! Ҳамза чўрининг гапига яхшилаб қулоқ тутар экан, юзи ерга қадалган эди.. Сўнгра ўнг қўли ила камонини яхшилаб елкасига жойладида, Каъба томон шахдам қадамлар билан тез юриб кетди... У юриб борар экан, Абу Жаҳл кетиб қолмаган бўлишини умид қилар, бордию топа олмаса, топгунга қадар ҳамма ерни ағдар-тўнтар қилишга етгулик қатъият унинг юзидан ёғилиб турарди.. Лекин, бахтига Каъбани кўрар-кўрмас, ҳовлисида Абу Жаҳлнинг бир гуруҳ Қурайш зодагонлари ўртасида ўтирганини кўрди... Ҳамза мудҳиш бир хотиржамлик билан миқ этмай Абу Жаҳл томон юрдида, шартта камонини елкасидан олиб, унинг бошига чунонам урдики, пешонаси ёрилиб, қон оқа бошлади.. Ўтирганлар тўсатдан юз берган бу ҳолдан ўзларига келишга улгурмай, Абу Жаҳлга қараб ҳайқирди: - Ҳали сен Муҳаммадни шундай бўралаб сўкадиган бўлиб қолдингми, мен унинг динида бўлиб туриб!! Айтган нарсасини мен ҳам айтаман!! Қўлингдан келса ўша зўрлигингни менга қайтар!! Ўтирганлар ўша лаҳзада раҳбарлари Абу Жаҳлга етган бу хорликни, унинг бошидан оқаётган қонни эсдан чиқардилар.. Чунки, Ҳамзанинг кейинги гаплари уларни яшиндек уриб, гангитиб қўйган эди.. Ҳамзанинг Муҳаммад динида экани, у айтаётган нарсани бу ҳам айтиши уларга ток ургандек таъсир қилган эди.. Ҳамза мусулмон бўлмоқдами?!! Қурайш йигитларининг энг азиз, энг паҳлавони, энг ғайратлисия?!! Бу иш Қурайш бас кела оладиган бир иш эмасди... Энди тамом.. Ҳамзанинг мусулмон бўлиши кўпчилик сара кишиларни Исломга тортқилаши аниқ.. Муҳаммад ҳам энди ўз даъватини кучайтирадиган, белини бақувват қиладиган бир таянчга эга бўлади.. Қарабсизки, бир кун келиб Қурайш ўз бутларини, илоҳларини майда-майда қилаётган чўқморлар овозига уйғонади..!! Ҳа... Ҳамза мусулмон бўлди... Ўша юрак тубида сақланган гапни катталар даврасида эълон қилдида, эси бошидан учган жамоатни тубсиз ноумидлик жарига ағдариб, Абу Жаҳлни эса ёрилган бошидан оқаётган қонларни хорлик билан артиб олаётган ҳолда қолдириб, яна бир бор ўнг қўли ила камонини яхшилаб елкасига жойладида, ҳовлиси томон етаклайдиган кўчага яна шахдам қадамлар ила, улуғвор бир ҳайбат билан йўл олди..!* * * Ҳамза ўткир ақл соҳиби ҳамда софдил, виждонли киши эди.. Уйга қайтиб, ҳордиғини олгач, бугунги бўлиб ўтган воқеалар ҳақида хаёлга чўмди.. Мусулмон бўлганини қай ҳолда ва қачон билдириб қўйди..? Ғазабга миниб, юзига қон тепган, жиянига қилган Абу Жаҳлнинг қилиғи ҳамиятини қўзғаган вақтда эълон қилди.. Етим жиянининг шундай беёрдам қолиб, озор ва калака остида қолиши унинг беҳад аччиғини чиқарган, Бани Ҳошимнинг шарафи учун ҳам юқоридагидек Абу Жаҳл бошини ёриб, мусулмон бўлганини айтиб унга бақирган эди.. Лекин... асрлар бўйи давом этиб келган ота-оналар динини ташлаб, ҳали таълимотларини унча қамраб олмаган, ҳақиқатини, кунҳини ўрганиб чиқмаган янги динга киришнинг энг тўғри йўли наҳот шу тарзда бўлса... Тўғри, у бир лаҳза бўлсада Муҳаммад (с.а.в.)нинг ростгўйлиги, нияти поклигига шубҳа қилган эмас.. Лекин, масъулиятлар, жавобгарликларга тўла бир янги динни ҳозиргина Ҳамза қилиб ўтганидек бир оний бир лаҳзада, ғазаб асносида қабул этиши мумкинмикин.. У бутун фикру зикри шу ҳақда бир неча кеча кундузни ўтказди.. Одатда, ҳақиқат ақл орқали изланганда шак-шубҳалар ўрганиш, маърифат воситаси вазифасини ўтайди.. Худди шундай Ҳамза ҳам Исломдаги изланишларига ўз ақлини ишлатиб, эски дини ва янги дин орасини тарозига солар экан, ота-оналар динига бўлган табиий интилиш, меросдан меросга ўтиб келаётган ҳар бир янгиликдан ётсираш табиати унда тағин шубҳаларни қўзғатган эди.. Каъба ҳақидаги, олиҳалари, бутлари борасидаги бор хотиралари юзага қалқиб чиққан, барча Қурайш қабилалари учун, бутун Макка аҳли учун йўнилган олиҳалари орқали келган барча ғалабаю шон-шарафлар унинг хаёлидан бирма-бир ўтар эди.. Жияни байроғини кўтарган ушбу янги даъватга қалбида чуқур эҳтиром сақлар эсада, лекин, бундай даъват издошлари, мўминларидан, ҳимоячиларидан бўлиш учун, хуллас, бу динга кириши учун энг муносиб вақт қайси вақт бўлмоғи керак эди? Ғазаб ва ҳамият оними? Ёки тафаккур этиб, обдан ўйлагандан кейинми? Шундай қилиб, унинг соф дили, пок виждони масалани ана шундай чуқур тафаккур, ўта жиддий ўйга кўндаланг қилган эди.. Уҳҳҳ... Ўтган барча тарихдан, эски, ота-боболар динидан чиқиб кетиш таги йўқ жарлик устидан сакраб ўтишдан ҳам оғир эди.. Ҳамза бу қадар енгил суратда эски диндан янгисига ўтганига ажабланиб, қилган ишига бошида афсусланди... Лекин яна ақлини ишга солди.. Бундай ҳолда ақлнинг ўзи ҳеч нарса қила олмаслигини кўргач, бор ихлосию сидқи билан ғайб оламига, Яратганга илтижо қилди... Каъба олдида осмонга юзланар экан, ҳаққа, тўғри йўлга йўллашни сўраб ёлворар, ич-ичидан сув бўлиб кетган эди.. Унинг ўзи бу ҳолатни қисқача бундай тасвирлайди: "Кейин ота-бобомлар, қавмим динини ташлаганимга мени афсус эгаллаб олди, қалбимга жуда баҳайбат шубҳа чордона қуриб олган, уйқуни бегона қилган эди.. Кейин Каъбага келиб, Оллоҳга дилимни ҳаққа очишини, шубҳалардан узоқ қилишини сўраб илтижо этдим.. Оллоҳ дуоларимни қабул этиб қалбимни ишончга, иймонга тўлдирди.. Эрта туриб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бордим, кечган кечинмаларни сўзлаб бердим, у киши динда қалбимга сабот сўраб, дуо қилдилар..".* * * оллоҳ исломни ана шундай Ҳамза орқали эъзозлади.. у росулуллоҳни ҳимоя қилиб, заиф-бечора асҳобларини мудофаа қилиб тоғдек куч, қоялардек матонат билан туриб бердилар.. абу жаҳл уни мусулмонлар сафида кўрар экан, энди уруш бўлиши аниқлигини сезган, ҳали улар кучаймасдан бурун пайғамбар ва асҳобларига озорни кўпайтириб, тезроқ халқ орасида уруш чиқаришга, ўз нафрат ва ҳасадларига шу йўл билан малҳам беришга киришган эди.. табиийки, Ҳамза барча озорларни қайтариб қололмади.. озорлар бир икки кучли одамнинг мусулмон бўлиши билан тўхтайдиган даражада оз эмас эди.. лекин унинг мусулмон бўлиши анчагина кишига қалқон бўлиши билан бирга, аввал унинг, кейин умарнинг исломга кириши кўпгина атрофдаги қабилаларга ўз таъсирини ўтказиб, улар исломга тўп-тўп бўлиб кира бошладилар. Ҳамза мусулмон бўлиши билан бор нарсасини – офияту тинчлик, кучу қувват, бутун ҳаётини оллоҳга ва унинг динига шундай бағишладики, ҳатто унга пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам "оллоҳ шери, пайғамбар арслони" деган ном бердилар. душманга биринчи бор чиққан қўшиннинг амири Ҳамза бўлдилар. мусулмонлар учун биринчи тикилган байроқни ҳам Ҳамза кўтардилар. бадр ғазотида икки тўп учрашган вақтда оллоҳ шери, пайғамбар арслони ғаройиб қаҳрамонликларни кўрсатди..* * *Қурайш қўшинининг қолган қутгани шармандали мағлубиятга учраб, хору зорликда бадрдан макка томон қоқиниб, суриниб йўл олдилар.. абу суфён тамоман юраги чўккан, юзи хам ҳолда уруш майдонида Қурайш зўрларидан, зодагонларидан бир нечтасининг жасадини қолдириб қайтар эди.. абу жаҳл.. утба ибн рабиа.. шайба ибн рабиа.. умайя ибн халаф... уқба ибн абу муайт.. асвад ибн абдиасад махзумий.. валид ибн утба.. назр ибн Ҳорис... ос ибн саид.. тўъма ибн адий.. эҳҳее.. ўнлаб шундай Қурайш катталари ортда, бадрда қолиб кетди... Қурайш бундай қақшатгич зарбани, аччиқ мағлубиятни осонлик билан ҳазм қиладиганлардан эмасди.. ўзи учун, шон-шарафи учун, ўлганлар учун ўч олмоқ қасдида қаттиқ тайёргарлик кўрди, бор куч-қувватини йиға бошлади.. урушга бел боғлади... * * * Уҳуд жанги вақти етиб келиб, Абу Суфён бошчилигида Қурайшнинг барчаси йўлга чиқди, ҳатто бола-чақа, хотин-халажларни ҳам олиб олдилар, атрофдан иттифоқчи қабилалар ҳам қўшилди... Қурайш раҳбарлари бу янги урушларида асосан икки кишини – Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳамда амакиси Ҳамза р.а.ни кўзлаган эдилар.. Ҳа... Бирор киши уларнинг урушдан олдинги маслаҳатлари, тил бириктиришларини эшитганида Росулуллоҳдан кейин Ҳамза учун қандай тайёргарлик кўрганларини билган бўлар эди.. Улар урушдан илгари Ҳамзанинг ишини тўғрилайдиган бир кишини танлаб қўйган эдилар.. У бир қора ҳабаш қул бўлиб, калта найзани отишда, нишонга уришда жуда ноёб маҳорат соҳиби эди.. Унга урушдаги бирдан бир вазифаси қилиб Ҳамзани пойлаш топширилди, фурсати етганда бир найза отиш билан унинг ишини тўғрилаш уқтирилди, уруш қандай натижа беришидан қатъи назар, қай ҳолда тугашига қарамай, бошқа нарса билан зинҳор овуниб қолмаслик таъкидланди.. Бунинг эвазига унга жуда қимматбаҳо соврин - озодлиги, ҳуррияти бериладиган бўлди.. Бу ҳабашнинг исми Ваҳший бўлиб, у Жубайр ибн Мутъимга қул эди.. Жубайрнинг амакиси эса Бадрда ҳалок бўлган эди.. Унга Жубайр қуйидаги гапларни айтди: - Одамлар билан чиқ, агар Ҳамзани ўлдиролсанг, сен озодсан. Кейин қулни Абу Суфённинг хотини Ҳинд бинти Утбага ҳам жўнатдилар, у ҳам Ҳамзани ўлдиришга жуда-жуда иштиёқманд аёл эди.. Зотан, у Бадр жангида дадаси, амакиси, укаси, ўғлидан ажраган эди.. Унга: Ҳамза ўшаларнинг кўпларини ўлдирган, дейилганидан кейин, қандай бўлмасин, нима эвазига бўлсада, Ҳамзанинг боши келтирилишини, дилдаги аламига шундай таскин берилишини истар эди.. Урушга чиқишдан олдин неча кунлаб Ваҳшийни Ҳамзага қарши қайраб юрди, нима қилиш кераклигини доим таъкидлади.. Агар Ҳамзани ўлдиролса, ўзидаги бор қимматбаҳо зеб-зийнатларни беришга ваъда берди.. У қулоғидаги гавҳар кўзли сирғани ушлаб, бўйни тўла тилла мунчоқларни, шода марваридларини силкитар экан, кўзларини Ваҳшийга қадаб: "Шуларнинг бари сеники бўлади агар Ҳамзани ўлдирсанг" деди..! Ваҳшийнинг сўлаги оқди, сўнгсиз бир иштиёқ ила ўша жанг ҳақида ўйлай бошлади.. Энди урушдан сўнг у қул бўлмайди! Озод бўлиш билан бирга бой ҳам бўлади! Қурайш аёллари маликасидек бўлган Қурайш сардори аёлининг барча қимматбаҳо зеб-зийнатлари уники бўлади.!! Демак, юқоридагилардан урушдан кўзланган асосий мақсадлардан бири Ҳамза эканлиги очиқ ойдин маълум бўлади.. * * *Уҳуд ғазоти ҳам етиб келди.. Икки қўшин учрашиб, жанггоҳда, ўлим ва уруш майдони ўртасида Ҳамза жанг либосини кийиб, одатига кўра кўксига туяқуш парини қадаб олганича жавлон ура бошлади.. У қайси томонга юриб, мушриклардан ким учрамасин, унга бас кела олмас, бошларни ўткир қиличи ила учириб, душманларни қақшатар, гўё ўлим унинг итоатида турган қулдек, кимга имо қилса, уни учираётгандек эди.. Мусулмонлар шундай ҳолда давом этиб, урушда ғалаба ҳам яқинлашиб келар эди.. Қурайшликлар тумтарақай бўлиб кетишган, кўзлари ола-кула бўлиб қочганларича уруш майдонидан чекина бошлаган эдилар.. Ўша мерганлар жамоаси (Оллоҳ уларни фирдавсга киритган бўлсин, ўзи шундай қилган ҳам) тоғ чўққисидаги ерларини ташлаб, мағлуб душман ўлжаларини йиғмоққа тушмаганларида эди... Ўз жойларини ташлаб Қурайш чавандозларига ортларидан кенг ер очиб беришмаганларида эди, уҳуд ғазоти барча Қурайш учун – эркакларию аёллари, балки отларию туялари учун ҳам мақбара бўлган бўлур эди..!! Лекин Оллоҳ ирода қилган барча ишларда унинг етук ҳикмати, баъзан инсонлар идрок эта олмаган маънолар яширинган бўлади.. Мусулмонлар қарасалар, ортларидан Қурайш чавандозлари ўзларининг чанқоқ, мажнун қиличларини ўйнатганларича от солиб келмоқдалар.. мусулмонлар қайта ўзларини ўнглагунларича, баъзилар қинларига солган қиличларини суғуриб улгургунча душманлар анча талафот еткизишга улгурдилар.. Бу талотўпни кўриб Ҳамза кучига куч қўшилди, ҳамияти янада ошиб турли томондан келаётган душманларни қилич билан чопа бошлади.. Ваҳший эса.. бу чанг-тўзон ичида уни узоқдан пойлар, бир ҳамлада ер тишлатиш учун муносиб ғаддор фурсатни кутар эди.. келинг, шу ерда Ваҳшийнинг ўзи воқеани сўзлаб берсин: "Мен қора ҳабаш киши эдим, найзани ҳам ҳабашлардек бехато отар эдим, найзам хато кетган пайтлари жуда кам бўлган.. уруш бошланиб, одамлар қўшилиб кетгач, Ҳамзани ахтариб, уни қидира бошладим. Қарасам, кишилар орасида рўпарасига келганларни қиличдан ўтказиб, тутдек тўкиб, худди оқ туядек (арабларда оқиш кулранг туя жуда бақувват ва катта бўлади, важоҳатга минганда баҳайбат бўлиб кетади) ажралиб турарди, олдида бирон нарса туриб бера олмас эди.. худо ҳақи, мен уни пойлаб бир дарахт ортидан унга сапчиб ташланиш учун ёки сал яқинроқ келса найзамни сермаш учун пусиб турар эканман, ёнимдан унга томон Сибоъ ибн Абдиуззо юрди.. уни кўриши биланоқ Ҳамза унга қараб: эй аёллар хатначисининг боласи, қани, кел буёққа!! деб ҳайқирди.. кейин бир уришда унинг ҳам бошини учириб юборди.. Айни ўша дамда мен учун энг қулай пайт келган эди.. найзамни елкам узра бир олдинга, бир ортга силкитар эканман, унинг қилич сермаб энди қад ростлаган пайтида найзани унга қарата отдим.. у ўқдек учиб бориб унинг киндиги тепасидан кириб, икки оёғи орасидан ёриб чиқди..!! мен томонга туриб юрмоқчи бўлдию, қуввати кетиб гурсиллаб йиқилди.. кейин жон берди.. мен келиб, найзамни суғуриб олдим, сўнгра лашкаргоҳга қайтиб келдимда, ўтирдим.. зеро, менинг бошқа ишим қолмаган эди.. озод бўлишим учун уни ўлдирган эдим..". Ваҳший ҳикоясининг давомини эшитишнинг зарари бўлмас... у давомида шундай дейди: "маккага келгач, озод бўлдим, анча йил маккада яшадим, фатҳи макка бўлганида маккадан тоифга қочдим.. тоифликлар мусулмон бўлиш учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томон юришганда энди менга йўллар тамоман беркилган эди.. нима қилишга ҳайрон бўлиб, ўзимча: шомгами, ямангами, бошқа бирор ерга чиқсамми деб қолдим. мен шу қайғуда ичимга чироқ ёқса ёришмайдиган ҳолда турганимда биров: эсинг ўзингдами, шомда нима қиласан.. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам исломга кирган бирор кишини ўлдирмайди, деб қолди.. йўлга чиқиб мадинага, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдим.. менинг рўпараларида ҳақ шаҳодатини - калимаи шаҳодатни айтиб турганимни кўриб: - Ваҳшиймисан? деб сўрадилар. - шундай, эй росулуллоҳ.. - менга Ҳамзани қандай ўлдирганингни айтиб бер. сўзлаб бердим. сўзимни тугатгач, менга: шўринг қурсин.. менга қорангни кўрсатма, дедилар... Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дунёдан риҳлат қилгунларига қадар мен доим у кишига рўпара келмай юрдим мусулмонлар ямомалик Мусайлимаи каззобга қарши урушга отланганларида мен ҳам улар билан бирга чиқдим.. ёнимга Ҳамзани ўлдирган найзамни ҳам олволдим.. икки томон урушда қўшилиб кетгач, Мусайлимаи каззобни қўлида қилич ушлаб турган ҳолда кўрдим.. уни ҳам худди Ҳамзани пойлагандек пойлаб, кўзини шамғалат қилиб, найзани бир отишда ер тишлатдим.. ушбу найзам билан энг яхши кишини ўлдирган бўлсам, мана, айни ўша найза орқали энг ёмон кишини ўлдирганим учун ҳам оллоҳ гуноҳимни кечар, деган умиддаман..".* * * Ана шундай қилиб оллоҳ шери, пайғамбар арслони улуғвор шаҳид бўлиб йиқилдилар.. Ҳаётлари ғала-ғовурли кечганидек, ўлимлари ҳам шундай ғала-ғовурли бўлди.. Душманлари у кишини ўлдириш билан кифояланиб қолмадилар.. пайғамбар ва амакисини асосий кўзда тутган, ушбу мақсад йўлида бор пул, бор кучни тўплаганлар уни ўлдириш билан аламларидан чиқа олмадилар.. абу суфён аёли Ҳинд бинти Утба Ваҳшийга Ҳамзанинг жигарини кесиб келишни буюрди..! ушбу қутурган рағбатни ваҳший бажо келтириб, унга жигарни ўнг қўлида топширар экан, ўз вазифаси бажарилиши эвазига ваъда этилган тақинчоқларни чап қўли ила олар эди..! Киши жоҳилиятда не-не аҳмоқлик, не-не мажнунлик қилмайди.. не-не мантиқсиз ҳаракатлар ундан содир бўлмайди.. Ҳинд ҳам жоҳилият моғорлари ҳали қалбида қурум каби ётар экан, Ҳамза жигарини чайнаб, тили бирла бир-икки айлантирди, бу бемаънилик билан вужудини қамраб ётган адоват, нафратини енгиллатмоқчи бўлди.. жигарни бир-икки бор оғзида айлантирдию, юта олмасдан чиқариб ташлаб, нарироқда турган тош устига чиқиб, қичқирди: Бадр кунин аламин олдик беомон, Жанг кетидан қасос уруши ёмон.. Утба, акам, ёлғиз ўғлим, амаким, Қасосин олмоқ-чун чиққандим бу кун.. Юрагим қондирдим, назрим ушалди, Ваҳший таскин бериб, қасдимни олди..  Уруш тугади.. мушриклар туяларига минганча, отларини сурганча маккага қайтиб кетдилар.. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан шаҳидларни кўриш, уларни дорулбақога кузатиб қўйиш учун уруш майдонига тушдилар.. У зот тоғ этагида, водийда жонларини оллоҳга сотган, буюк парвардигорларига ўзларини қурбон этган асҳобларини бирма-бир текшириб келар эканлар, тўсатдан.. тўхтаб қолдилар.. Қарадиларда, юзлари тундлашиб жим қолдилар.. тишларини тишларига босиб, кўзларини юмдилар... Ахлоқий тубанлик шу даражада пастга эниб, бу қадар ваҳшийликка етиб, ўлик жасади бу қадар тилка-пора қилиниб ташланади деб ўйламаган эдилар.. у зот жасадлари ваҳшийлик билан тилиб ташланган амакилари оллоҳ шери ва шаҳидлар саййиди улуғ шаҳид Ҳамза ибн абдулмутталиб олдида турардилар!! Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзларини очар эканлар, ғазабдан кўзлари чақнар эди.. баданлари тилка-пора қилинган амакилари жасадига кўзларини қадаганча: - Сизга бўлган мусибатимдек энди менга ҳеч қачон мусибат етмаса  керак.. ушбу ўриндагидек ғазабга, нафратга минган ўринда ҳеч қачон турмаган эдим.. Сўнгра асҳоблари томон ўгрилдиларда, дедилар: - Сафийя (Ҳамзанинг опаси) қайғуга тушиб ҳамда мендан кейин суннатга айланишидан хавф этмаганимда йиртқичлар қорнига, қушлар жиғилдонига тушиб кетмагунча Ҳамзани шу ҳолда қолдирардим ... агар оллоҳ уруш майдонларидан бирида Қурайш устидан мени ғолиб қиладиган бўлса худо ҳақи, уларнинг ўттизтасини тиламан..! Пайғамбар асҳоблари ҳам: - Оллоҳга қасамки, бирор кун бизни ғолиб этса уларни шундай ёрайлик, тилайликки, арабларнинг етти ухлаб тушига кирмаган бўлсин! Бироқ, Ҳамзани шаҳидлик билан эъзозлаган оллоҳ ушбу ўринда ҳам уни эъзозлади: унинг ваҳший суратда тилиб ташланган ҳалокатидан адолат, инсоф, тенгликни ҳимоя қилувчи бир буюк дарс олиб келди, ҳатто жазо, қасос вақтида ҳам раҳмдиллик, тенгликни фарз этувчи қонун келтирди.. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибат асносида айтиб юборган юқоридаги қасамларини тугатар тугатмас, жойларидан ҳали жилиб улгурмай ваҳй келиб қолди, ўша ўриндаёқ оллоҳ томонидан ушбу оятлар нозил бўлди: (وَإِنْ عَاقَبْتُمْ فَعَاقِبُوا بِمِثْلِ مَا عُوقِبْتُمْ بِهِ وَلَئِنْ صَبَرْتُمْ لَهُوَ خَيْرٌ لِلصَّابِرِينَ * وَاصْبِرْ وَمَا صَبْرُكَ إِلَّا بِاللَّهِ وَلَا تَحْزَنْ عَلَيْهِمْ وَلَا تَكُ فِي ضَيْقٍ مِمَّا يَمْكُرُونَ * إِنَّ اللَّهَ مَعَ الَّذِينَ اتَّقَوْا وَالَّذِينَ هُمْ مُحْسِنُونَ ( "125. (эй Муҳаммад), парвардигорингизнинг йўли — динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала — мунозара қилинг! албатта, парвардигорингизнинг ўзи унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва у зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур. 126 (эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён-заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз. (аммо) агар (интиқом олмай) сабр-тоқат қилсангизлар, албатта сабр қилгувчи кишилар учун (бу интиқом олмоқдан) яхшироқдир. 127. (эй Муҳаммад, бу даъват йўлида сизга етган озор-азиятларга) сабр-тоқат қилинг. ёлғиз аллоҳ ёрдами билангина сабр қилишга қодир бўлурсиз. уларнинг (яъни, мушрикларнинг динга кирмаганликлари) устида маҳзун бўлманг. уларнинг макру ҳийлаларидан сиқилманг ҳам! 128. Зотан, аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир. ". мазкур оятларнинг ушбу ўринда нозил бўлиши ажри оллоҳга қолиб кетган Ҳамза учун жуда улуғ бир мукофот бўлди.. * * *Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жуда яхши кўрар эдилар.. юқорида айтиб ўтганимиздек, у пайғамбарнинг амакисигина бўлиб қолмай, эмикдош акаси, гўдаклик чоғи ўртоғи, бир умрлик айрилмас дўсти эди.. Бундай видолашув лаҳзалари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун жуда оғир кечди.. у киши Ҳамзани охират ҳаёти сари кузатиб қўяр эканлар, дўстлари учун қиладиган энг яхши алвидоси, хайрлашуви – уҳуд шаҳидлари сонича унга жаноза ўқиш бўлди.. Пайғамбар ва асҳоблари унга жаноза ўқиганларидан кейин яна бир шаҳид келтирилди, қўшиб жаноза ўқидилар... у шаҳидни дафн этдилар.. кейин яна бир шаҳид келтирилди, унга қўшиб Ҳамзага яна жаноза ўқидилар.. шу зайлда қайси бир шаҳид келтирилса Ҳамзани жойидан жилдирмасдан шаҳидга қўшиб, Ҳамзага ҳам ўқийвердилар... барчаси бўлиб Ҳамзага етмишта жаноза ўқидилар..Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанг майдонидан уйга қараб юрдилар.. Йўлда келар эканлар, бани Абди Ашҳал қабиласи аёлларининг урушда шаҳид бўлган йигитларига уввос солиб йиғлаётганликларини эшитдиларда, Ҳамзага бўлган чексиз муҳаббатлари, юраклари сув бўлиб оқаётганликлари туфайли: - Лекни Ҳамзага йиғловчилар йўқ.., дедилар. Бани Абди Ашҳал қабиласи сардори Саъд ибн Муоз разияллоҳу анҳу буни эшитиб, аёллар пайғамбар амакисига йиғи қилиб берса Росулуллоҳга ёқар экан деб тушуниб, аёлларга Ҳамзани айтиб йиғланглар, деб буюрди. Пайғамбар буни эшитиб, дарҳол аёллар томонга бордиларда, уларни йиғлашдан қайтариб дедилар: - Мен буни назарда тутмаган эдим, қайтинглар.. Бугундан бошлаб ҳеч ким ўлганга йиғи (маросими) қилмасин, дедилар.. Шундай қилиб, шаҳидлар саййида асҳоблар орасидан охират томон кетди.. Пайғамбар асҳобларига ҳам бу воқеа қаттиқ таъсир қилиб, Ҳамзани ёдлаб, унинг хислатларини эслаб марсиялар ёздилар.. Ҳассон ибн Собит р.а. ўзининг марсиясида жумладан ушбуларни ёзган эди: Оҳори тўкилган уйлардан эниб, Очиққўл Ҳамзага йиғлагил бироз.. Тисланган, пишқироқ отларга миниб, Ўрмон шери каби ўкирган шоввоз.. Ҳошим авлодидан кўзга илинган, Ҳақиқат йўлида янчган ботилни.. Шамширлар тиғи-ла шаҳид қилинган... Оллоҳ шал айласин Ваҳший қотилни.. Абдуллоҳ ибн Равоҳа р.а. эса бундай дейди: Ўзум йиғлаб, кўзум йиғлаб, ёшимни жолалар қилдим, Фиғондин тортиб оҳ-зорлар, самоға нолалар қилдим.. Кишилар тарқатуб ахбор, "Йиқилди Шери Ҳақ" дерлар, Мусулмонларға кўп қайғу, паямбар куйганин билдим.. Або Яъло, куюб борлиқ, фиғондин титради ерлар, Сенингдек эзгу, чин эрнинг рисойинг* қилғали келдим.. Сафийя бинти Абдулмутталиб – пайғамбар аммаси, Ҳамзанинг опаси эса, узун марсия ёзган бўлиб, жумладан қуйидагиларни айтади: Ҳамзани ҳақ Илоҳи, Қудратли Ҳақ таоло, Жаннат сари чақирди, унда тирик, хуш бўлар.. Ушбу дамни орзиқиб кутар эди доимо... Ҳамзани маҳшар куни неъматдан сархуш қилар.. Қасам ичиб айтаман: унутмасман сени ҳеч! Токи ҳар тонг ғириллаб эсаркан майин шамол.. Мудом ёдда тутаман, йиғи бирла эрта кеч.. Сафарда ҳам, уйда ҳам, умрим бўлгунча завол.. Ҳақнинг жасур Арслони, қавмим саййиди бўлиб, Қалқон қилиб кўксини, ҳар ёвга бўлди қўрғон.. Жарчилар ўлимини юраркан эълон қилиб, Дерман: Оллоҳ ёрлақаб, рози бўлсин, укажон! Юқоридаги марсиялар нақадар холис, нақадар ажойиб бўлсада, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган видолашув сўзлари, жасади тепасида турар эканлар, шаҳидлар орасида кўриб айтган сўзлари унинг учун энг афзал марсия ўрнида бўлган эди: - Сизга Оллоҳнинг раҳмати бўлсин.. Доимо қариндошлик ришталарини боғлаб юрувчи дилкаш, барча ўринларда яхшилик қилиб юрувчи яхшилик кони эдингиз..* * * Дарҳақиқат, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу мусибати жуда катта бўлиб, бунга тассалли топиб кетиш анчагина қийин эди.. Лекин йўлда тақдир Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ажойиб бир тасаллини бекитиб турар эди.. Уҳуддан маҳаллалари томон кетар эканлар, йўлда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Динор қабиласидан бир аёл ҳовлиси ёнидан ўтдилар.. Унинг Уҳуд жангида отаси, эри, укаси шаҳид бўлган эди.. Ғазотдан қайтиб келаётган мусулмонларни кўриши билан улар томон югуриб жанг тафсилотини сўрай бошлади.. Шунда улар бироз сўзлашганларидан сўнг унга эри, дадаси, укаси учун таъзия билдирдилар.. Ушбу ўринда бу аёлнинг жавобига эътибор беринг.. Аҳволига бир назар ташланг.. Шартта йиғи келиб, оҳ-воҳ қилиб қолиш ўрнига бесабрлик билан:  - Росулуллоҳ нима қилдилар?  - Тинч.. Қўрқманг, у киши сиз кутгандек, соғлар..  - Мен аввал бир кўрай.. Кўрсатинглар менга! Улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етиб келишини кутиб турдилар.. Узоқдан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриши билан югуриб, яқинлашганда йиғлаб ушбу сўзларни деди: - Сиз омон экансиз, барча мусибат биз учун енгил..!!* * *Ҳа... Ушбу аёлнинг бундай фидойилиги унга билдирилган барча таъзиялардан афзал, барча тасаллилардан устун эди.. Бундай тенги йўқ ҳолат ўзни қурбон этиш, фидокорлик дунёсида ҳали ўтмаган бўлса керак.. Бир бечора аёл бир куннинг ўзида, балки бир лаҳзада ҳам дадаси, ҳам эри, ҳам укасидан ажрайдида, юраги тоғдек келадиган кишини ҳам гурсиллатиб йиқитадиган ушбу хабарни айтувчига "Росулуллоҳга нима бўлди?" деб сўрайди..!! Шубҳасиз, ушбу ҳолат Оллоҳ шери ва шаҳидлар саййидига таъзия ва тасалли сифатида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун тақдирнинг гўзал услубда чизиб қўйган, вақтини чиройли белгилаган бир туҳфаси эди. ============== * Рисойинг - марсиянг.