البحث

عبارات مقترحة:

الواحد

كلمة (الواحد) في اللغة لها معنيان، أحدهما: أول العدد، والثاني:...

المحسن

كلمة (المحسن) في اللغة اسم فاعل من الإحسان، وهو إما بمعنى إحسان...

البصير

(البصير): اسمٌ من أسماء الله الحسنى، يدل على إثباتِ صفة...

Андалус фатҳи (01)

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف Абу Абдуллоҳ Шоший ، Шамсуддин Дарғомий
القسم كتب وأبحاث
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات التاريخ وتقويم البلدان - البلدان والممالك
“Андалус фатҳи” номли дарсларнинг ушбу бўлими қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: – Муқаддима; – Нима учун тарих? – Андалус тарихини танлаш сабаби; – Андалус ҳақида;

التفاصيل

Андалус фатҳи Биринчи қисм Муқаддима Тарих ҳақида қўлга қалам олишимиз боиси Андалус тарихини танлаш сабаби Андалус ҳақида Жўғрофик ўрни «Андалус» деб номланиш сабаби Андалус фатҳи замонида Европанинг аҳволи Нима учун Андалус?  Андалус фатҳи Биринчи қисм  Муқаддима Бисмиллаҳир роҳманир роҳимБарча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амаллари- миздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кишини адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман. «Эй мўминлар, Оллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!»;[1] «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Раббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиз- даги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Оллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Оллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир»;[2] «Эй мўминлар, Оллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Оллоҳ) ишларингизни ислоҳ қилади ва гуноҳларин- гизни кечиради. Ким Оллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди».[3]  Тарих ҳақида қўлга қалам олишимиз боисиАндалус тарихи Ислом тарихининг энг муҳим босқичларидан бири саналади. Бу ўринда нима учун тарих ҳақида сўз юритишимиз керак?, – деган савол туғилиши табиий. Баъзи инсонлар мусулмонларнинг тарих ҳақида кўп баҳс қилишларини маломат қиладилар. Ўтган ишга саловот, ўтгани ўтиб кетди, биз бугунги кун ва келажак учун яшашимиз керак, дейдилар. Ваҳолангки, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг каломи — Қуръони Каримнинг учдан бир қисми аввалги умматлар қиссаларидан иборат. Бундан ўрнак олган ҳолда биз ҳам тарбиявий йўлларининг учдан бирини қиссалар асосида олиб боришимиз мақсадга мувофиқ бўлади, деб биламан. Зеро бу услуб, тенгсиз Раббоний услубдир. Нима учун Қуръоннинг учдан бири қиссалардан иборат? Оллоҳ таолонинг халқлар- га таълим бериш, уларни тарбия қилиш ва тўғри йўлга бошлаш услуби нима?Оллоҳ азза ва жалла ўз китобида солиҳлар ва толиҳлар[4], пайғамбарлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар қиссаси, Оллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг кўрсатмасидан чиққанлар қиссалари- ни баён қилди ва шу тарзда Қуръони Карим бизга киши аввалгиларнинг қиссаларини ўрганиши кераклигини кўрсатди.    «Улар тафаккур қилсинлар учун бу қиссаларни сўйланг»[5].«Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир»[6].Демак, Қуръонда келган қиссаларни ёки Ислом тарихи ёки бошқа миллатлар тарихини умумий суратда айтиб берилганда, улардан хулоса, дарс, ибрат ва маслаҳат олишимиз лозим бўлади. Оллоҳ таоло бу борлиқ, коинотда ўзининг ўзгармас суннат, қонунларини жорий қилди. Шу қонунларга кўра сув музлайди, ўт куйдиради, тун қоронғу, кундузи эса ёруғ, сув ва қуёш ҳаёт манбаи, ва.. ва.. ва ҳоказо.  Булар Оллоҳ таолонинг ер юзида халқлари устида жорий қилган ўзгармас қонунларидир. Шунингдек, одамларнинг бир ҳолатдан бошқасига — кучсиз ҳолатдан қувватли, қувватлидан заиф ҳолатга ўтиши ҳам ўзгармас қонунлардан ҳисобланади. Оллоҳ таоло инсонлар муайян бир йўлдан юрса, маълум бир натижа билан якун топишини белгилаб, ўзгармас қонун қилди ва буни бандаларига билдириб ҳам қўйди. Тарихни ўқиб, тарих саҳифаларини варақлар эканмиз, Оллоҳ таолонинг халқларининг қилмишларига яраша белгилаб қўйган қонунларини қандай жорий бўлгани ва умматлар ҳолатининг ўзгарганига гувоҳ бўламиз. Тарихнинг такрорланиши кишини ҳайратда қолдиради. Юз йилларча муқаддам рўй берган воқеаларни ўқисангиз, уларнинг бугунги кунда номлари, жойлари ва тафсилотлари ўзгарсада воқеанинг ўзаги айнан такрор бўлаётганини кўрасиз. Тарих сатрларида, гўё келажак ёзилгандай.«Оллоҳнинг суннатига ҳаргиз бадал топа олмассан. Оллоҳнинг суннатига ҳаргиз ўзгартириш топа олмассан»[7].Андалус тарихи бунга ёрқин мисолдир. Андалус тарихини зикр қилар эканмиз, инсонлар қалбини жўштириш, ҳиссиётларини уйғотиш ёки фақат ўтмишни эслаб кўзёш тўкишни мақсад қилмадик. Мақсадимиз инсонларни тафаккурга чақириш, қиссадан ҳисса олиш ва кечмиш хатоларга қайта йўл қўйиб эмас, уларнинг ютуқларидан фойдала- нишдир. «Андалус фатҳи» сарлавҳаси остида битилган бу сатрларда тарихимиз ҳамда ўзлигимизни ўрганиш, илмий жиноят ва сохта тарихлар исканжасидан келажак авлодимизни қутқаришга ҳисса қўшишни ўзимизга вазифа деб билдик.  Андалус тарихини танлаш сабабиИслом тарихини ўрганишга киришган киши Андалус тарихига тўхталмай иложи йўқ. Биринчидан: Андалус тарихи ҳижрий 92–897 - йиллар[8] ораси, қарийб 800 йилда бўлиб ўтган ҳодисаларни ўз ичига олади. Аммо ажабланар- лиси аксарият мусулмонлар шундай катта давр тарихини — салкам  Ислом тарихининг учдан иккиси бўлиб гавдаланган даврни яхши билмайдилар.Иккинчидан: Андалус тарихи тарих босқичларининг катта қисмини ўз ичига олганидан, унда Оллоҳ таолонинг коинотдаги барпо қилган қонунлари яққол намоён бўлган. Бу даврда бир қанча давлатлар барпо бўлиб, сўнгра якунланган. Бир қанча давлат кучайиб, ҳатто атрофидаги ўлкаларни фатҳ қилган; яна бир қанчаси ишғол бўлиб, мағлуб давлатлар сафидан жой олгандир.   Андалус тарихи бизга довюрак қаҳрамону қўрқоқ номардни, художўй тақводору фожир нобакорни, дини ва ватанига садоқатли ҳамда хоин инсонларни танишда яхши ўрнаклар беради. Андалус тарихида мусулмон киши билиши зарур бўлган муҳим ҳодисалар бўлиб ўтган, жумладан: ·         Барбате водийси жанги, бу жанг Ислом тарихидаги энг муҳим жанглар сирасидан бўлиб, унда Андалус фатҳ қилинган ва бу маърака «Ярмук» ва «Қодисия» жанглари каби катта аҳамият касб қилади. Лекин шунга қарамай, кўпчилик мусулмонлар ҳатто Барбате водийси ҳақидаги маълумотга ҳам эга эмаслар.  ·         Ториқ ибн Зиёд даврида кемалар ёндирилиши қиссаси. ·         Тарихшунослар айтган: «Агар Абдур- раҳмон Дохил бўлмаганда Андалусда Исломдан асар ҳам қолмаган бўларди», деган киши ўзи ким бўлган?·         Ўрта асрларда Европа подшоҳларининг мутлақ буюги бўлган Абдурраҳмон Носир ҳаёти тафсилотлари.·         Заллақо[9] жангини олиб борган раббоний саркарда Юсуф ибн Ташфин.·         Африканинг ўн бешдан ортиқ давлатларига Исломни олиб кирган баҳодир Абу Бакр Умар Ламтуний.·         Ал-арок маъракасини олиб борган, салибийлар устидан беназир ғалаба қозонган Абу Юсуф Ёқуб Мансур. ·         Муробитлар давлати.·         Муваҳҳидлар давлати.·         Ўз замонасида энг катта масжид бўлиб, ҳозирги кунимизгача черков ҳолатида давом этиб келаётган Қуртуба масжиди қандай бунёд бўлгани.·         Ишбилия масжиди.·         Қуртуба университети.·         Умавийлар кутубхонаси. ·         Андалусдаги ҳозирги кунимизгача ҳар томондан сайёҳ-туристларни ўзига жалб қилиб келаётган Заҳро қасри.·         Заҳро шаҳри.·         Зоҳира шаҳри.·         Ҳамро қасри ва бутун Европа ҳавас билан боққан бу тараққиёт...Наҳотки, бу қадар буюк тараққиёт ва юксак маданият билан танилган бир давлат ёки саккиз асрлик бир тарих, биз “тарих”, дея ўқиган китобларимиз орасидан жой топмаса?! Мусулмонлар ҳар томонлама устун бўлатуриб, мудҳиш мағлубиятга учраган “ал-Иқоб” маъракасини эшитганмизми? Ўшанда гўё мусулмонларга Ҳунайн куни қайта келгандай эди. Жангда 80 мингдан зиёд мусулмон ҳалок бўлганди. Тарихшунослар айтадики: «ал-Иқоб маъракасидан сўнгра, Андалус ва Мағрибда урушга лаёқатли мард кўзга кўринмади».  Андалус қандай қилиб қўлдан бой берилди? Унинг бой берилиши сабаблари нима эди? Андалус қўлдан кетгандан сўнг, Қустантиния[10]да Ислом нури қандай порлади? Ғарбда Андалус бой берилиши билан сўнган нур, шарқда Византия фатҳи билан юксалиши қандай юз берди? Бир куннинг ўзида 60 минг мусулмоннинг жонига зомин бўлган Валенсия фожиасида нима бўлганди?  Уббаза фожиасини эшитганмисиз? Унда ҳам бир кунда 60 минг мусулмон ўлдирилган эди. Яна бир кунда 40 минг мусулмон қатл қилинган, 7 минг бокира қизлар асир олинган Барбаштру фожиаси ҳақида нималарни биласиз? Сўнгра мусулмон аждодларимиз бу каби улкан мусибатлардан қандай чиқдилар? Агар биз буларни ўрганиб, тўғри хулоса чиқариб, ҳаётга татбиқ қилсак ҳозирда елкаларимиздаги муаммо ва фожиа- лардан, хорлиг-у хўрликдан осонроқ халос бўлишга қодир бўлардик. Андалус тарихи аччиқ ҳақиқатни ўз ичига олган ачинарли қиссадир. Ҳақиқатан, Андалус тарихи ибратларга, илм-маърифат ва маълумотларга бойдир... 805 йилга чўзилган тарихни ўқиб чиқиш- нинг ўзи узун замон талаб қилади. Шу сабаб қиссадаги баъзи ҳодисаларни мухтасар келтиришга ва китобхонга узун қиссанинг лўнда мағзини тақдим қилишга ҳаракат қилинди. Андалус тарихи барча мусулмонлар такрор ва такрор ўқишига, ўрганишига арзигулик воқеий қиссадир.Ушбу китобда имкон қадар тарихий ривоятлар орасида келган қарама-қаршиликларнинг асослиларини келтиришга ҳаракат қилдик. Камол ёлғиз Оллоҳга хос экан, биздан содир бўлган хатоларни тўғрилаб, бизга етказганларга ўз миннаддорчилигимизни изҳор қиламиз. Агар ҳақиқатни баён қилиш бизга насиб қилган бўлса, бу Оллоҳнинг тавфиқидан, бунинг учун Унга ҳамдлар айтамиз. Бу амалимизни ёлғиз Оллоҳнинг карамли Юзи учун холис бўлишини сўраб, бу қиссадаги ҳар бир ҳарф ва калималарига Оллоҳ таолодан ажр, савоб умид қилиб қоламиз...    Андалус ҳақида Жўғрофик ўрниБугунги кунда Андалус деганда икки давлат: Испания ва Португалия ёки Иберия яримороли[11] назарда тутилади. Ер майдони 600 минг км2 тенг. Андалус яримороли[12] билан Мағриб орасини Жабал Ториқ бўғози[13] ажратиб туради. Бу бўғознинг шарқдан ғарбга томон кенглиги 13 – 37 км бўлиб[14], Сеута билан Жабал Ториқ ораси, яъни бўғознинг энг тор қисми 12,7 км.ни ташкил қилади[15]. Иберия яримороли Европанинг жануби-ғарбида жойлашган бўлиб, шарққа томон торайиб, ғарбга томон кенгайиб борган ва шимол тарафидан Францияга Пиреней тоғ тизмаси орқали туташган минтақадир. Францияга туташган тарафини ҳисобга олмаганда бошқа ҳамма томондан сув билан ўралгандир. Бу минтақа шарқ ва жануби-шарқ томонидан Ўртаер денгизи, шимол ва шимоли-ғарбий томонидан Атлантика океанининг Бискай кўрфази, ғарб томонидан Атлантика океани билан чегараланади[16].  «Андалус» деб номланиш сабабиБу минтақани Андалус деб номланишига сабаб, бу минтақаларга Скандинавиянинг шимоли, Швеция, Дания, Норвегия ва бошқа ёндош мамлакатлардан ёввойи қабилалар бостириб келиб, маълум вақт ўша жойларда яшаб қолганлар. Бу қабилаларнинг Олмониядан келганлиги ҳам зикр қилинади. Бу қабилалар ал-фандал ёки ал-вандал[17] қабилалари деб номланган. Вандаллар Иберия яриморолини босиб олиб, у ерга милодий 3 – 5 - асрлар мобайнида эгалик қилдилар[18]. Шу қабилаларга нисбатан бу минтақалар Вандалисия, деб номланган. Вақт ўтиб, араблар Вандалисияни Андалусия ва Андалус, деб талаффуз қилиб кетганлар[19].           Вандал қабилалари ўта ваҳшийлиги билан танилган. Инглиз ва рус тилида «Vandalism» калимаси ваҳший, ёввойи, маданиятсиз, жаҳолат, ибтидоий деган маъноларни билдиради. Вандал қабилалари Андалус яриморолида маълум замон яшадилар, сўнгра милодий 5-аср бошларида тарихда Гот[20] қабилалари ёки ғарблик Вестгот (Везигот)[21] номи билан танилган немис қабилаларига мансуб насроний тоифалар эгаллай бошлади. Улар мусулмонлар Андалусга кириб келгунча ўша минтақаларда яшаб келдилар.  Андалус фатҳи замонида Европанинг аҳволиМусулмонлар келмасларидан олдин Андалус ва Европада маданий, маиший ва маънавий аҳвол қандай эди? Мусулмонлар келганидан сўнг у қайси томонга ўзгарди? Ислом келишидан олдин бутун Европа кенг тарқалган жаҳолат, қабоҳат ботқоғига ботган бўлиб, ҳоким маҳкумга очиқ зулм қилар, барча мулк ва яхши нарсалар ҳокимлар қўлида, халқ эса ўта оғир ҳолатни бошидан кечирар эди. Омма халқ ўта қашшоқ, ночор, кунини базўр ўтказар ва масканга зор айни дамда бошлиқлар, зодагонлар қаср, қалъа ва қўрғонлар қуришга муккасидан кетган эди. Ҳатто фақирлар ер-жойларига қўшиб, арзимас мато каби сотилар ва сотиб олинарди. Ҳурмат иззат оёқ ости, ахлоқ нормалари энг тубан даражада, ҳатто оддий ҳаёт тарзиданда узоқ, поклик ҳақида гап-сўзга ўрин ҳам йўқ эди. Мисол тариқасида шахсий гигиенани олсак, уларнинг сочлар тўзиб, юзларига тушиб ётсада уни тўғрилаб олишни билмасдилар. Улар йилда бир ёки икки мартагина ювинар, кийим кийсалар кирлигидан идраб, йиртилиб кетмагунча ечмасдилар, улар баданларидаги кирларни жисмнинг саломат- лиги ва барака, деб эътиқод қилардилар![22]Бу ҳолат изоҳини европалик муаррих Гюстав Лебоннинг сўзларида ҳам кўрамиз, унинг бу ҳақдаги сўзларини баъзи тарихчилар ўз китобларида шундай келтирадилар: «Ўша вақтлар бутун Европа жаҳолат ва бадхулқлик ботқоғига ғарқ бўлган ҳолатда эди»[23].      Мусулмонлар Скандинавияга кириб борган- ларида, у минтақада ёзиш у ёқда турсин, сўзлашиш ўрнига ишора билан гаплашувчи халқлар ҳам борлигига гувоҳ бўлдилар. Бу ўлкаларда ҳиндуизм ва оташпарастлик сарқитлари бор бўлиб, унга кўра инсонлар ўликларни ёқишар, ўлган кишига қўшиб, тирик бўлсада унинг хотинини ёки жориясини ёки яхши кўрган одамини ҳам ёқишар ва бунга одамлар гувоҳ бўлиб турардилар.Бир сўз билан айтганда, бу юртда ўрмон қонуни ҳукм сурарди, жаҳолат кенг тус олган, зулм авжига чиққан, фақирлик одамларни ҳолдан тойдирган, ҳатто маданият ва тараққиётнинг бирор кўриниши ҳам йўқ эди[24].Европа халқлари узун замонлар ибтидоий ёввойиликда, илм ва маърифатдан бехабар яшадилар, милодий 11 – 12 - асрларга келибгина илм ва маърифат учқунлари кўрина бошлади[25].Мусулмонлар Андалусга келишларидан бир йил ёки бир йилдан сал олдинроқ подшоҳ Витицанинг ўлимидан сўнг, ҳукуматга Родерик[26] исмли саркарда бошлиқ бўлди[27]. Милодий 6 - аср бошларида Андалусда ҳукмрон бўлган Готлар Европадаги герман қабилалари орасида энг қувватлиси ўлароқ намоён бўларди[28]. Нима учун Андалус?Ҳижрий 92-сана, яъни милодий 711-саналарда шимолий Африкани, жумладан: Миср, Ливия, Тунис, Жазоир ва Мағрибни тўлиқ фатҳ қилиб бўлган мусулмонлар Андалус ерларини фатҳ қилишга бел боғладилар. Маълумингизки, Мағрибдан кейин бевосита Атлантика океани бошланади. Мусулмонлар қаршисида икки йўл, шимолга — Жабал Ториқ бўғозидан ўтиб, Андалус минтақасига кириш ёки жанубга тушиб Саҳроикабир[29]га давом этиш йўли бор эди. Ўз олдиларига ҳудудни кенгайтириш эмас, балки Оллоҳнинг динини ёйиш ва халқларга Исломни таълим беришга ҳарис бўлган мусулмонлар мантиқий тўғри хулосага келган эдилар. Улкан ҳудудли Саҳроикабирнинг халқи оз эди. Шу сабабли, мусулмонлар Мағрибни тўлиқ фатҳ қилганларидан сўнг Андалусга, Андалус фатҳидан унга ёндош Францияга, сўнгра Италия, Олмония ва бошқа Европа давлатларига йўналишлари, Исломни ёйишлари мантиқий эди. Саҳоба Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу билан ўша замондаги энг кучли давлат, Рум давлати подшоҳи ўртасида Ярмук жангидан олдин диққатга сазовор суҳбат бўлиб ўтди. Рум подшоси Муоз ибн Жабалдан: «Бизнинг ўлкамизга юриш қилишингиз боиси нима, Ҳабаш ўлкаси сизларга қулай эмасми?» – дея савол қилди. Шунда Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу: «Раббимиз карим китобида: «Эй мўминлар, ёнларингиздаги кофирларга қарши жанг қилинглар ва улар сизлардаги куч-қувватни кўрсинлар!»[30] деган, сиз эса ёнимиздаги давлатсиз. Рум давлатини фатҳ қилгандан сўнг, Ҳабашистон ва бошқа давлатларни фатҳ қиламиз», – деди.Халифа Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу даврида (милодий 635 йил) мусулмонлар элчиси Рибъий ибн Омир разияллоҳу анҳу билан Форс қўмондони Рустам ўртасида бўлиб ўтган суҳбат қуйидагича бўлганди. Ўшанда Рустам: «Дунёга чиқиш ҳуқуқини сизларга ким берди?» – деган маънода савол қилганида, Рибъий: «Оллоҳ таъоло бизни, халқлардан Ўзи хоҳлаганини ўзлари каби одамхудоларга ибодат қилиш (хорлиги)дан қутқариб, ягона Оллоҳ ибодатига чақириш учун, дунё танглигидан (охират) кенглигига, тажовузкор динлардан адолатли дин сари чиқариш учун юборди. Оллоҳ бизни халқларини Унинг динига даъват қилишимиз учун юборди. Ким бунга ижобат қилса, биз уни тек қўйиб, ортимизга қайтамиз. Ким бош тортса, Оллоҳнинг ваъдасига эришгунча унга жанг қилаверамиз», деб жавоб берди. Рустам: «Оллоҳнинг ваъдаси нима?» – деб сўради. Саҳобий жалил: «Динни қабул қилишдан бош тортганга қарши жангда ўлганга жаннат, тирик қолганга зафар», дея жавоб берди[31].Мусулмонлар Мағрибни фатҳ қилдилар, унинг ёнидаги давлат эса, Андалус эди. Демак, уларнинг навбатдаги қадами Андалусдир... Бу, «Андалус фатҳи» деб номланган дарсларимиз муқаддимаси бўлиб, келажак дарсларимизда бу минтақаларга Ислом келганидан кейин қандай ўзгаришлар бўлгани, Андалус яримороли қандай фатҳ бўлгани ва бошқа ҳодисалар ҳақида суҳбатлар қурамиз, иншаоллоҳ...[1] Оли Имрон: 102.[2] Нисо: 1.[3] Аҳзоб: 70 – 71.[4] "Толиҳ" калимаси арабча сўз бўлиб, "ёмон", "ярамас", деган маъноларни билдиради. "ан-наъийм" (500-бет). Кўп ўринларда солиҳ сўзи билан ёнма-ён, унга тескари маънода келгани учун бу калимани асл ҳолатда келтириб ўтдик.   [5] Аъроф: 176.[6] Юсуф: 111.[7] Фотир: 43.[8] Милодий 711–1492 - йиллар ораси.[9] Рус. Заллаке.                               [10] Константино́поль ҳозирги Истанбул.[11] Испаниянинг қадимги номи (мил. ав. 3-а. охири — 2-а. ларда римликлар томонидан босиб олингунга қадар). Пиреней я. о. нинг жан. ва шарқий қисмида яшовчи туб жой аҳоли иберлар қабиласи номидан олинган. Иберия атамаси дастлаб юнон тарихчи алиби Гекатей Милетлик (мил. ав. 6-а.) асарида учрайди. "Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси" ("И" ҳарфи бўлми).[12] ЯРИМ ОРОЛ — уч томони сув билан ўралган ва фақат бир томондан материк ёки оролга туташган қуруклик ер. "Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси" ("Я" ҳарфи бўлми).[13] Ҳозирги номи Гибралтар — Жабал Ториқни талаффузда бузулган шакли бўлиб, араб тарих китобларида тарихшунослар бу жойни "дарбуз-зуқоқ", ҳам деб номлашган. [14] Абдурраҳмон Али ал-Ҳажжий "Ал-истибсор фи ажаиб ал-амсор" (138 - бет) китобидан нақл қилган, "Тарихул андалус минал-фатҳил исламий ҳатта суқути ғорнато" (36 - бет).[15] Шайх Роғиб Сиржоний "Қиссатул-Андалус" (13 - бет).[16] Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (35, 36 - бет), Сиржоний "Қиссатул-Андалус" (13 - бет).[17] Vandals.[18] Ҳусайн Муънис "Фаржул Андалус" (2 - бет), Муҳаммад Абдуллоҳ Анан "Давлатул ислам фил Андалус" (1/ 27 - 29).[19] Ал-Ҳажжий "Тарихул андалус" (37 - бет), Сиржоний "Қиссатул-Андалус" (15 - бет). [20] Goths.[21] Vizigoths.[22] Абу Убайд ал-Бакрий "Ал-масалик вал-мамалик" (81 - бет).[23] The Moors in Spain, 130. Ал-Ҳажжий "ал-арабу фи исбания" (116 - бет) китобидан нақл қилган, "Тарихул андалус" (23 - бет).[24] Ал-Бакрий "Ал-масалик вал-мамалик" (186, 187 - бет). [25] Сиржоний, Гюстав Лебон "Ҳазоротул-араб" (567 - бет) китобидан нақл қилган, "Қиссатул андалус" (17 - бет).[26] Араб тилида Лузрийқ, рус тилида Родерих деб зикр қилинган. [27] Муҳаммад ибн Абдулмунъим Ҳимярий "Ровзул миътар" (193 - бет).[28] Ал-Ҳажжий "Урубба ал-усур ал-вусто" (1/88) китобидан нақл қилган, "Тарихул андалус" (31 - бет).[29] Рус. Сахара.[30] Тавба: 123.[31] Табарий "Тарихул умам вал мулук" (2/401), Ибнул Асир "Ал-камил фит-тарих" (2/311).