البحث

عبارات مقترحة:

الشكور

كلمة (شكور) في اللغة صيغة مبالغة من الشُّكر، وهو الثناء، ويأتي...

اللطيف

كلمة (اللطيف) في اللغة صفة مشبهة مشتقة من اللُّطف، وهو الرفق،...

العليم

كلمة (عليم) في اللغة صيغة مبالغة من الفعل (عَلِمَ يَعلَمُ) والعلم...

Ақидани маҳкам тутишга бўлган эҳтиёжимиз

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف علي بن عبد الخالق القرني ، Абу Абдуллоҳ Шоший
القسم كتب وأبحاث
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات الإيمان بالقدر - الرقائق والمواعظ
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: – Қийинчилик пайтларда Оллоҳга таваккул қилишнинг аҳамияти; – Ҳаётда ақиданинг аҳамияти ва қадр-қиймати; – Оллоҳ динига ёрдам берган кишига ёрдам беради; – Бошга қийинчилик тушган пайтда ақиданинг кўзга ташланиши – Оллоҳнинг динини сақла ва унга риоя қил, шунда Оллоҳ сени асраб авайлайди; – Тақдирга иймон келтиришнинг аҳамияти; – Уммат бошидан кечиражак босқичларга тайёргарлик кўриш.

التفاصيل

﴾Ақидани маҳкам тутишга бўлган эҳтиёжимиз﴿ · • Қийинчилик пайтларда Аллоҳга таваккул қилишнинг аҳамияти · • Ҳаётда ақиданинг аҳамияти ва қадр-қиймати · • Аллоҳ динига ёрдам берган кишига ёрдам беради · • Бошга қийинчилик тушган пайтда ақиданинг кўзга ташланиши · Аллоҳнинг динини сақла ва унга риоя қил, шунда Аллоҳ сени асраб авайлагай · Тақдирга иймон келтиришнинг аҳамияти · Уммат бошдан кечиражак босқич- ларга тайёргарлик кўриш  ﴾Ақидани маҳкам тутишга бўлган эҳтиёжимиз﴿Бисмиллаҳир роҳманир роҳим · • Қийинчилик пайтларда Аллоҳга таваккул қилишнинг аҳамиятиОламлар Рабби, кўзга кўринган ва кўринмаган мулку-салтанат бошқарувчиси, ёлғиз Ўзигина иззат, қаҳр ва қувват соҳиби бўлмиш, ер- осмонлар хазиналари калити, бутун халойиқнинг тақдири қўлида бўлган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар бўлсин. "Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ундан ўзга ҳеч бир ҳақ илоҳ йўқ. У ҳамма нарсанинг яратгувчисидир. Шундай экан, Унга ибодат қилингиз. У ҳамма нарсанинг устидаги вакил-муҳофаза қилувчидир" [Анъом: 102]. Ёлғиз ва шериги бўлмаган Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ экани ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳдан тақво қилган эди, Аллоҳ у зотни ҳифзу-ҳимоясида асради, Аллоҳга таваккул қилган эди, унга Ўзи етарли бўлди , ўзгага муҳтож қилмади, Аллоҳга суянган эди, Ўз ёрдами ила қўллаб-қувватлади, бошпана бериб Ўз паноҳида асради. У зотга ва барча ишларининг бошқарувчиси, куч-қудрат ва иродаларининг эгаси бўлмиш Аллоҳ таолога таваккул қилган у зотнинг оилалари ва асҳобларига салавоту саломлар бўлсин. Аллоҳ уларни ҳаётда Ўз ёрдами, ўлимдан сўнг эса роҳату-фароғатга чўмган ҳаёт-жаннат ила сийлади ва ана ўшалар ҳақиқий нажот топган кишилардир.Эй Аллоҳнинг бандалари! Ишларнинг барчасини Аллоҳга ҳавола қилиш, ҳаётнинг ҳамма ишларида унга суяниш, қийинчилик ва хурсандчилик онларида ёлғиз Ундан мадад сўраш, Аллоҳ таолони борлиқни бошқарувчи, хоҳлаган ишини қила олувчи, инъом этиш ва хайру-барака, ғалаба ва мағлубият, одимлаш ва ортда қолиш ёлғиз Унинг қўлида бўлган ягона илоҳ деб эътиқод қилиш иймондандир. Ундан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Аллоҳга таваккул қилмоқ мўъминлар озуқаси бўлиб, қўрқув чоғида уларни собитқадам қилади, олға интилишга ундайди, ўзгалар қўлидаги бирон нарсани сўраш пайтида уларнинг қалбларини иззат ва ор-номусга тўлдиради. Ҳақиқий мўъмин киши Аллоҳга таваккул қилиши билан руҳий роҳат-фароғат, кўнгил хотиржамлигини топади. Агар унга хурсандчилик етса, унга бу яхшиликни барча ишларни бошқарувчи Аллоҳ таоло раво кўрганини билади ва Унга ҳамду-сано айтади, шукроналар қилади ва бу хурсандчилик оқибати унга яхшилик бўлади. Мабодо унинг бошига қийинчилик тушса, бу қийинчиликларни Аллоҳ таоло уни синаш ва имтиҳон қилиш учун бошига солганига ишонч ҳосил қилади ва сабр қилиб, барча ишлар Аллоҳдан эканини ёд қилади. Қарабсизки, бу қийичиликлар оқибати унга нисбатан яхшилик билан хотима топади. "Айтинг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Бизга фақат Аллоҳ биз учун ёзиб қўйган нарсагина етур. У бизнинг ҳожамиздир. Шундай экан, мўъминлар ёлғиз Аллоҳгагина таваккул қилсинлар!" [Тавба: 51].Аллоҳ таоло мўъминларни бирон зиённи кеткизиш ёки бирон истакни рўёбга чиқариш учун ҳаракат қилар эканлар, токи Аллоҳнинг қўли уларнинг қўли устида, инояти уларнинг ҳатти-ҳаракати устида бўлиши учун Аллоҳга таваккул қилиш ва дилларини Унга боғлашга кўрсатма берди. "Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга Етарлидир. Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига Етгувчидир (яъни, Унинг хоҳишига қарши турувчи кимса йўқдир). Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир (яъни, ҳаётда рўй берадиган ҳар бир яхши-ёмон воқеа-ҳодиса Ёлғиз Аллоҳ хоҳлаган — белгилаган вақт ва ўлчовда рўй беради) [Талоқ: 3].Мен бу сўзларни шундай замонда айтмоқдаманки, бу замонда одамлар ҳайрон, саросимага тушган ва безовтадирлар. Уларнинг энг катта ташвиши озиқ-овқат ғамлаш ва миш-мишлар тарқатувчи, ёлғончи ва бузғунчи матбуот воситаларидан тарқатилаётган хабарларга қулоқ тутишдир. Бу матбуот воситалари ўз миш-мишларини: "Ҳозиргина бизга бир хабар келди.." деган сарлавҳалар билан бошлайдилар. Улар бу сўзлар билан қулоқларимизга озор берадилар. Мен бу сўзларни айтар эканман, одамлар фалон кунни минтақада қақшатгич уруш бўлиши мумкин бўлган кун сифатида белгиладилар. Улар башариятнинг Раббисини унутдилар. Қўлида осмонлар ва ер хазиналарининг калитлари бўлган зотни унутдилар. Содда инсонлар бундай хабарларни тасдиқлашиб, бу урушнинг содир бўлишига аниқ ишонч ҳосил қилдилар. Ҳаттоки улар ўзларини Аллоҳдан ҳеч қандай асраб қола олмайдиган моддий кучларга мурожаат қилдилар. Бутун ишлар жилови қўлида бўлган ва барча нарсаларнинг вакили - асровчиси ва ҳифзу-ҳимоячиси бўлган зот Аллоҳни унутдилар.Мен барчага: Аллоҳнинг ҳар бир бандасига қарата шуни айтаман: Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ бирон бандани ўз ҳолига ташлаб қўйса, на унинг куч-қуввати, на истеъдоди, на ақл-заковати, на мол-дунёси, на обрў-эътибори ва на озиқ-овқати унга фойда бера олади. Ҳаттоки бутун дунё кучлари унга ёрдам бериш учун ёнини олсалар ҳам бирон наф келтирмаслар. Бироқ мўъминлар, энг оғир лаҳзаларда: қўрқинчлар кучайган, ишлар чигаллашган, вазият қоронғилашган ва барча воситалар узилган кунда фақат Аллоҳнинг ёрдами ва фазлу-карамини умид қиладилар. Ёлғиз Аллоҳдангина ғамхўрлик ва мадад сўрайдилар. Ана ўшанда, кўп ўтмай уларнинг бошига тушган қийинчиликлар кетади, бало ва кулфатлар тарқаб кетади. Келинг, биз ҳам ана шундай мўъминлар сирасидан бўлишга ҳаракат қилайлик. "Ундай зотларга айрим кимсалар: «(Қурайш) одамлари сизларга карши (саноқсиз) лашкар тўплаган. Бас, улардан қўрқингиз!» - деганларида, (бу гап) уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У Зот энг яхши ишончли вакилдир!» - дедилар. Бас, (у юришдан) бирон нохушлик етмай, Аллоҳнинг неъмат ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг розилигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир" [Оли-Имрон: 173-174]. Бу озуқа Аллоҳ душманларига қарши жиҳодлардаги анбиёлар таянчи бўлган эди. Душманлар бир-бирларини гиж-гижлаб пайғамбарларга қарши жанг учун тўпланишар экан анбиёлар шундай дер эдилар: "(Ахир) бизни (тўғри) йўлимизга ҳидоят қилган Аллоҳга нечун таваккул қилмаймиз. Албатта биз сизлар етказган озорларга сабр қилурмиз. Таваккул қилувчилар ёлғиз Аллоҳга таваккул қилсинлар" [Иброҳим: 12].Эй мусулмонлар! Мусулмон киши ўз қадр-қимматини сақлаган ҳолда, бошини тик кўтариб, ҳимматини баланд тутиб яшаши ва гўёки унинг тили ва ҳолати "Аллоҳдан бошқаси бўйсундирилган бир банда, унга таяниб бўлмайди", дейиши учун Аллоҳ бандаларни Ўзидан бошқага таянишдан огоҳлантирди. "Дарҳақиқат, (эй мушриклар), сиз Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган (бут ва санам)лар ўзингиз каби бандалар (яъни, Аллоҳ яратган махлуқотлар)дир" [Аъроф: 194].Фитналар авж олга замонда динимиз бизга Аллоҳга яқин бўлиш билан ўзимизни азиз ҳисоблаш, Аллоҳга ишониш, суяниш ва чин дилдан Унга илтижо қилишга, боқибеғамлик, дангасалик ва ўзгаларга боқимандалик қилмасдан, аксинча, ихлос ва тўлиқ ишончла Аллоҳга таяниб амал қилишга чақиради. "Сабр қилган ва ёлғиз Парвардигорларигагина таваккул қиладиган амал қилувчиларнинг ажр-савоби нақадар яхши" [Анкабут: 58-59].Олдинги мусулмонлар Аллоҳга таваккул қилдилар, Унга қаттиқ боғландилар ва жиҳод майдонларида жанг олиб бориб ғалаба қозондилар. Улар доимо ҳукмрон ва йўлбошчи бўлдилар. Уларнинг раҳбари ва қўмондони Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни озиқ-овқат жамғариш билан тайёргарлик кўришга чақирмадилар. Уларни ахборотларга қулоқ тутишга чақирмадилар. Аксинча, уларни ҳар қандай моддий ва маънавий куч-қувватлар билан ҳозирлик кўришга чақирдилар. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга куч-қудрат манбаи қилиб берган энг катта қувват – бу "ла илаҳа иллаллоҳ" қувватидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу қувват сабаб пайғамбар қилиб юборилдилар. Бу қувват ўша вақтдаги, балки, ҳар қандай замон ва макондаги мислсиз қувватдир.Ақидасини йўқотган ҳар халқ, шамолларда учган қоғоз мисолдир. · • Ҳаётда ақиданинг аҳамияти ва қадр-қийматиДарҳақиқат, биз ақида умматимиз. Қачон бу уммат ўз ақидасини маҳкам тутар экан душманлари ундан ҳайиқади. Биз шундай бир ақида умматимизки, куфр, кофирлар ва уларнинг ёрдамчилари нечоғлик қурол-аслаҳа ва қўшинга эга бўлмасин, барибир биздан қўрқишади. Биз шундай бир ақида умматимизки, қачон ақидамизни маҳкам тутсак, қийинчиликлар ва мусибатларда собитқадам туриб бера оламиз. Биз модомики "Биз ақида уммати" эканимизни айтсак ва буни англасак умматмиз. Зеро, бу умматнинг ақидаси айни чоғда содир бўлаётган ҳодисалар, фитналар уммонида қолди. Бу шундай фитналарки, улар кетма-кетма келиб, кейингиси олдингисининг енгил фитна эканини кўрсатади ва ўзидан кейин бошқа фитналарни бошлаб келади.Нима дейин, ким ҳам сўзим тушунарди, Гар қичқирсам уни ким ҳам эшитарди.Бизни қуршаб олган бу фитна бизга бир қанча хулосаларни берди. Бу хулосалар шуни кўрсатадики, биз албатта китоб ва суннатга қайтмоғимиз зарур экан. Биз таом, сув ва ҳаводан кўра кўпроқ суннатни қидиришимиз лозим экан. Зеро, бу фитналар ипи узилган маржон доналари-ю, улар бирин-кетин ерга туша бошлаганидек, бу фитналар ҳам бирин-кетин, бири-бирига эргашган ҳолда содир бўла бошлайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни ёп-ёруғ кенг йўл устида қолдирдилар. Фитналар бизларни ўз қуршовига ола бошлагач оёқларимиз чалишган ҳолда йўлнинг ўнг ва чап томонларига чиқа бошладик ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Мен сизларнинг ичингизда агар уни маҳкам тутсангиз мендан кейин асло адашмайдиган нарса: Аллоҳнинг китоби ва суннатимни тарк қилдим", - деган сўзларини унутиб қўйдик. Аллоҳ таоло биз учун мана шу нурни тарк қилди. Ким зулматларда бу нурдан фойдаланса ҳидоят топиб зафар унинг ҳамроҳи бўлади. Бироқ, кўпчилигимиз бу нурдан четланди, уни унутди ва бу нурдан бошқа нарсаларга осилиб олди. Оқибатда, бу кимсалар мудом зулматлар ичида қолиб, ундан чиқолмай қолдилар.Ақидамиз бизни бирон нарсага қарата "бўл, деса бўладиган" Парвардигор билан боғланишга буюради. Хўш, одамлар нима қилдилар? Улар ҳар қандай нарса билан боғландилару, бироқ бундай Парвардигорлари ила боғланишни унутдилар. Ақидамиз бизни фитна сабаблари ва ёвуз душманларнинг устимиздан ҳукмронлик қилиши сабабини топишга буюради. Кунимизда содир бўлиб турган бу воқеалар асносида қанча одамлар Парвардигорлари ила боғланиб бу сабабларни ўрганиш ҳақида бош қотирдилар?!Фитна ва мусибатлар авжига чиққан шу кунларда, ҳар томонда ўлимни ва уруш учқунлари аланга олаётганини кўрганларида бомдод намозини ўқиш учун масжидга отланганлар ва кечалари уйғониб тун намозини ўқиганлар сони қанча?!Бор овози ила қичқириб: "Биз бу ҳолатимиздан чиқишимиз учун чинакамига Аллоҳга қайтишдан ўзга чора йўқ", - дегувчи кишилар соничи?!Ёхуд, мусулмонлар ўрталарида ўзаро насиҳат қилиши ва жамиятнинг қайси жабҳасига боқмайлик кўзимиз тушадиган даҳшатли разолат ва ахлоқсизликларни бартараф қилиш зарурлигини талаб қилаётганлар сони қанча?!Шунингдек, баланд овозла қичқириб: "Ҳаёт кемаси хароб бўлмоқда, келинглар, барчамиз ғарқ бўлишимиздан илгари уни қутқазайлик!" - дегувчилар сони қанча?! Аллоҳга қасамки, улар озчиликдир. Бироқ, Аллоҳ таоло шаҳарларга улардаги ислоҳотчилар ва эзгулик даъватчилари шарофатидан раҳм қилади, азобини юбориб яксон қилмайди. "Парвардигорингиз аҳолиси ислоҳ этувчи (солиҳ) кишилар бўлган ҳолатдаги шаҳар ва қишлоқлар (аҳолиси)ни қилган зулмлари сабаб ҳалок этмагай" [Ҳуд:117].Бизнинг ақидамиз садоқат, муҳаббат ва нусрат-ёрдам бериш Аллоҳнинг дўстларига қаратилишига чақиради. Бу нарса уларнинг араб миллатига мансублиги ёки қавмиятчилик, қариндошчилик, қабилачилик ва қўшничилик ришталаридан келиб чиққан ҳолда бўлмасдан, балки, чинакамига, ишонч ва ихлос билан "Ла илаҳа иллаллоҳ"ни айтган ҳар бир кишига ўз садоқатимиз ва муҳаббатимизни изҳор қиламиз. Уч сатр юқорида зикри ўтган анави тушунчалар эса ислом эътиборга олмаган, аксинча оёғи остига олган манфур тушунчалардир. Афсуски, орамизда ҳали-ҳануз бу тушунчаларга даъват қиладиганлар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўриш иймоннинг энг мустаҳкам халқасидир". Биз бирон кишини яхши кўрсак Аллоҳ учун яхши кўрамиз, ёмон кўрсак Аллоҳ учун ёмон кўрамиз. Агар бирон кишини дўст тутсак Аллоҳ учун дўст тутамиз, душман кўрсак Аллоҳ учун душманлик қиламиз.Ақидамиз ўйин-кулги, маишат, мусиқа ва беҳуда нарсаларни ташлаш, ватан ёки миллатни ҳимоя қилиш учун эмас, балки "Ла илаҳа иллаллоҳ" калимасини кўтариш учун бел боғлаш ва қўлга қурол олиш вақти келганлиги уқтиради.Ақидамиз токи ер куррасида Аллоҳдан ўзга нарсага сиғинилмаслиги учун тавҳид байроғини ҳимоя қилиш учун шиддат билан отланишга чорлайди.Ақидамизнинг айтишича, биз нафақат жангавор кучгагина эҳтиёжимиз бор. Аксинча, Аллоҳга қасамки, маънавий куч-қувватга бўлган эҳтиёжимиз янада каттароқдир. Бу маънавий куч – Аллоҳга таваккул қилиш ва ақида кучидир. Агар бу куч мавжуд бўлса осмонлар ва ернинг Парвардигори бизга зафар беришига асло шак-шубҳа йўқдир.Ақидамиз умматдан, ақида аҳлидан таассуфдадир. Зеро, улар бизнинг моддий кучимиз билан ўзларининг моддий кучлари нисбатини таққослайдиган, ислом уммати сон-саноғи ва қурол-аслаҳаси билан эмас, балки қанчалик ўз динини маҳкам тутган ёки тутмаганлиги билан ғалаба қозонишини билмаган ғарб матбуотининг шарҳ-таҳлилларига қарайдилар.Ақидамиз мусулмон кишига қарата шундай дейди: "Эй мусулмон, сен фалончи ва фалончиларнинг музокараларига умид боғлама, балки: "Албатта, Биз пайғамбарларимизни ва иймон келтирган кишиларни дунё ҳаётида ҳам ва гувоҳлар ўрнидан турган (қиёмат) кунида ҳам қўллаб-қувватлаймиз" [Ғофир:51], - деган Зотдан умид қил".Бизга ақидамиз яна шундай дейди: "Олимлар билан ҳокимлар ўртасига раҳна солиш учун ўз заҳрини сочаётган уйдирма ва миш-мишлар тарқатувчи матбуотларнинг гапини олманглар, аксинча: "Эй иймон келтирган кишилар, агар бирон фосиқ киши бирон хабар келтирса, у ҳолда билмасдан бирон бир қавмга зиён бериб қўймасликларингиз ва оқибатда, қилган ишингиздан пушаймон бўлмаслигингиз учун (бу хабарни текширинг, унга) аниқлик киритингиз" [Ҳужурот: 6], - деган Зотнинг гапини олингиз".Ақидамизнинг айтишича, биз ҳар қандай нарсага "бўл деса бўладиган" Зот билан боғланишимиз керак. Қани бизларнинг "Ла илаҳа иллаллоҳ"га бўлган иймонимиз!?Ақидамизнинг айтишича, дунёнинг ҳамма кучлари бизга қўшилса-ю, бироқ Аллоҳ таоло бизга нусрат беришни хоҳламаса, биз ҳеч кимса устидан ғалаба қозона олмаймиз. "Агар Аллоҳ сизга нусрат берса, сизлардан устун келадиган бўлмас. Агар Аллоҳ сизларни ёрдамсиз қолдирса, у ҳолда сизларга Аллоҳдан бошқа ким ҳам ёрдам бера оларди" [Оли Имрон: 160]. Биз буни англаб етдикми, бунга ишонч ҳосил қилдикми?! Бизга буларни Аллоҳнинг Ўзи тушунтирсин.Эй Аллоҳнинг бандалари! Ислом уммати ҳар томондан нишонга олинмоқда. Унинг ақидаси, табиий бойликлари, матбуот воситалари, ўқиш ва ўқитиш услубларига ҳужум уюштирилмоқда. Кўпчилик мусулмонлар ҳануз ғафлатда, улар умматга қарши уюштирилаётган фитналардан бехабарлар. Бундай кимсалар тақво кўзойнакларига муҳтождирлар. Улар бу кўзойнаклар воситасида жамиятга назар солиб, ундаги ножўя ва ҳаёсиз ишларни кўра оладилар.Парвардигорингиз аҳолиси ислоҳ этувчи (солиҳ) кишилар бўлган ҳолатдаги шаҳар ва қишлоқлар (аҳолиси)ни қилган зулмлари сабаб ҳалок этмагай · • Аллоҳ динига ёрдам берган кишига ёрдам берадиКим Аллоҳдан ғалаба тиласа унга ғалаба беради. Нафақат ғалаба беради, ҳатто фаришталар билан, балки ҳар қандай нарса билан уни қўллаб қувватлайди. "Эй, Муҳаммад, Парвардигорингиз фаришталарга ваҳий қилиб: "Албатта Мен сизлар билан биргаман, шундай экан, сиз иймон келтирган кишиларни собитқадам қилингиз. Мен яқинда кофир кимсаларнинг қалбига қўрқув солажакман", - деган вақтини эсланг" [Анфол: 12].Саҳобалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб шундай деди: "Мен жиҳодда эканман бир ҳайқирувчининг: "Ҳайзум олға, Ҳайзум олға", -деганини эшитдим. Ҳайзум нимаси, эй Расулуллоҳ?". Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "У учинчи осмон фаришталаридан бири, сизлар билан бирга жанг қилиш учун келган".Умматимиз Аллоҳдан мадад олади. Аллоҳ таоло умматга фаришталар, шамол ва душманлар кўнглига қўрқув солиш воситасида мадад беради. Шундай экан, Аллоҳдан бошқасидан ёрдам сўраб, Ундан бошқасига суяниб сўнгра қандай нажот умид қиламиз?Эй Аллоҳнинг бандалари! Аҳзоб жангида душманлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни қуршовга олдилар. "Қалблар (қўрқувдан) хиқилдоққа етган ва сизлар Аллоҳга нисбатан турли хил гумонларга борган вақтингизда" (Аҳзоб: 10). Мусулмонлар синов ва қийинчиликлар қуршовида эканлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга меҳрибончилик кўрсатар, озчилик сондан иборат саҳобаларнинг оч-наҳор совуқ ҳавода уч кун тинимсиз ишлаётганларини кўрганларида уларга раҳми келар эди. Уларни ўзларининг аянчли ҳолатлари билан юпатишга ҳаракат қилиб қоринларини очдилар. Саҳобалар қарасалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очликдан қоринларига иккита тош боғлаб олган ва шу куйда қуйидаги мисрани хиргойи қилар эдилар:Эй Аллоҳ, охират ҳаётидан ўзга ҳақиқий ҳаёт йўқдир.Эй Аллоҳ, охират ҳаётидан ўзга ҳақиқий ҳаёт йўқдир.Бунга жавобан қоринлари оч, бироқ Аллоҳга бўлган иймонлари ила тўқ саҳобалар шундай дер эдилар:Биз модомики тирик эканмиз Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш учун Муҳаммадга байъат қилган кишилармиз.Ла илаҳа иллаллоҳ! Қани бизда ақида ва бундай шаръий тушунчалар!?Биз мусулмонларнинг ҳаёти дунё билан эмас, охират билан боғланмоғи лозим. Ахир қачонгача фарзандларимизни фақат шаҳодатномаларга эришиш, келажакни кафолатлаш ва рўзғор тебратиш орзуси билан тарбиялаймиз?! Мабодо, ёшлардан бири шаҳодатнома олса, энди уни келажаги кафолатланди, энди қўрқмаса ҳам бўлаверади, деймиз?!Дарҳақиқат, мусулмон умматнинг ҳақиқий келажаги уй-жой, иш, ва шаҳодатномада эмас, балки олий Фирдавс жаннатида, эни осмонлару ерча бўлган жаннатдадир.Қасрлари тилла, лойи миск анбар, Заъфарончи -унда ўсган ўт-ўлан, Охиратни кўзлаб сен қилгин амал , Жаннат посбонидир фаришта Ризвон, Унда қўшнинг бўлар набий Муҳаммад, Барпо этмиш уни соҳиби Раҳмат.Эсиз ислом уммати-я, агар бу уммат спорт соҳасида бирон ютуққа эришса: "Ақидамизни маҳкам тутганимиз боис шундай бўлди", -дейишади. Ачинганингдан хаёлингга шундай савол келади: "Ўйин-кулги, енгилтаклик ва ўзини ўзи зое қилишдан иборат бу ақида қанақанги ақида экан?!"Шундан сўнг ёшларимиз ва улар ҳаётининг зое кетаётганидан ачинамиз ва ҳасрат чекамиз. Бироқ қуйидаги мисрадан бошқа нарса айтишга ожизмиз:Қўл-оёғин боғлабон отди уни денгизга, сўнгра деди:"Эҳтиёт бўл, асло, асло сувга тушиб ҳўл бўла кўрма!" · • Бошга қийинчилик тушган пайтда ақиданинг кўзга ташланишиАқидамиз қийинчилик ва ўта оғир вазиятларда ўз ишини кўрсатади. Ўша пайтда мўъмин киши ақида билан жуда ўзгача боғланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ йўлида жиҳодда эканлар саҳобаларда дунё ҳаётига – уйларига қайтиш тўғрисида умид пайдо қилишга уринмас, уларга буни эслатмас, аксинча, жаннат ва Аллоҳ ҳузуридаги нарсаларни умид қилишга тарғиб қилар эдилар. Ҳаттоки, улар шу ерда: дунёда туриб жаннатни кўра олдилар, унинг бўйини ҳидладилар. Ҳаттоки, улардан бири: "Воҳ, жаннатни бўйини қара-я! Мен жаннат бўйини Уҳуд тоғининг яқинида топмоқдаман", - деган эди. Аллоҳга таяндилар ва Унинг ҳузуридаги нарсаларни умид қилдилар, оқибатда, Аллоҳ уларга ғалаба берди.Куфрнинг барча кучлари йиғилиб, мусулмонлар лашкаридан бир-неча чандон кўп лашкар бир-бирларини мусулмонларга қарши жангга гиж-гижлаб келган кундаги Холид ибн Валиднинг сўзига қулоқ тутинг. Ўшанда мусулмонлар Холидга Ҳоил диёридаги Салмо ёки Ажо тоғларидан бирига бошпана сифатида чекиниш зарурлигини маслаҳат бердилар. Шунда Аллоҳга таваккул қилган, Унинг зафари ва ғалабасига қатъий ишонган Холиднинг кўзлари ёшланаркан: "Салмогаям, Ажогаям бошпана излаб чекинмаймиз, балки ёлғиз паноҳгоҳимиз Аллоҳдир", - деган ва ғалаба қозонган эди. Зеро, Холид Аллоҳнинг динига ёрдам берган, ёлғиз Аллоҳга таваккул қилган эди.Эй Аллоҳнинг душманлари билан жангга тайёргарлик кўриш учун озиқ-овқат ва ичимликлар жамғараётган киши! Мана Иброҳим алайҳиссаломга қара, у ўз хотини ва ўғли Исмоилни бирон бир гиёҳ ўсмайдиган саҳрода қолдирди. Иброҳим ортига қайтар экан хотини унга қарата: "Бизни кимга қолдириб кетмоқдасиз?" - деди. "Сиз иккингизни Аллоҳга омонат қилиб қолдирдим", - деди Иброҳим. "Аллоҳ сизни шундай қилишга буюрдими?" - деди хотини. "Ҳа" - деди Иброҳим. "Ундай бўлса бизни зое қилмайди, (бизни қаровсиз ташлаб қўймайди)" - деди хотини Ҳожар. Аллоҳга таваккул қилиш ва Унинг ваъдасига қатъий ишониш нақадар ажойиб хислат!Эй ақида уммати! Динингизни маҳкам тутинг, шариатингизга риоя қилинг, у билан фахрланинг, барча ишларингизда ҳукм чиқаришини талаб қилиб шариатга мурожаат қилинг ва Аллоҳ таолонинг доимо сиз билан бирга эканини ёдда тутинг, зеро, Аллоҳ мўъминлар билан биргадир. "Яқин орада Аллоҳ мўъминларга буюк ажр-мукофотларни ато этажак" [Нисо: 146].Эй мўъминлар, ҳақни ошкора ва баралла сўзланг. Дарҳақиқат, сиздан олдингилар ҳақни очиқ ва баралла гапирган эдилар. Рибъий ибни Омир розияллоҳу анҳу Форс салтанати подшоҳи Кисро саройида экан, подшоҳ ундан: "Нега келдингиз?" - дея сўради. Шунда Рибъий яшиндек гулдурос овозда шундай жавоб берди: "Биз бандаларни бандаларга ибодат қилишдан бандаларнинг Раббига ибодат қилишга, дунё торлигидан охират кенглиги ва динлар зулмидан ислом адолатига чиқариш учун келдик". Кисро унга: "Ислом лашкарида сенга ўхшаганлар сони қанча?" - деди. "Мен ислом лашкарида менга ўхшаган минглаб кишиларни қолдириб келдим", - деди Рибъий. Шунда Кисро деди: "Аллоҳга қасамки, улар албатта мана шу икки оёғим остидаги нарса (салтанат тахти)ни эгаллайдилар". Чиндан ҳам мусулмонлар ўзларининг соф ақидалари билан Форс салтанатини эгалладилар.Эй Аллоҳнинг бандалари, сиздан олдингилар собитқадам бўлганидек сизлар ҳам собитқадам бўлингиз. Ана шундай собитқадам турганлардан бири Абдуллоҳ ибни Ҳузофадир. Асирга тушган Абдуллоҳга Насроний динини қабул қилиш таклиф қилинди ва у бундан қаттиқ бош тортди. Уни қўрқитиш ва уни "Ла илаҳа иллаллоҳ" калимасидан қайтариш мақсадида улкан дошқозонга ёғ солиб қайнатилди. Қозондаги ёғ биқирлаб қайнар эди. Абдуллоҳнинг кўз ўнгида мусулмон биродарларидан иккитаси қозонга ташланди ва улар шу заҳоти парча-парча бўлиб кетдилар. Шу пайт Абдуллоҳнинг кўзлари ёшланди. Ундан: "Нега йиғлаяпсан? Динингни ташлаб Насроний динига кирасанми?" - дея сўрадилар. "Йўқ" - деди Абдуллоҳ. "Унда нега йиғлаяпсан?" - дея сўрдилар. Абдуллоҳ деди: "Қарасам, бор йўғи биргина жоним бор экан, мен эсам танамдаги туклар сонича жонларим бўлишини ва уларнинг барчаси Аллоҳ йўлида мана шу қозонга улоқтирилишини орзу қилдим".Қуйидаги ҳадиси шариф тақозосига кўра уммат ичида яхшилар бўлган ва бўлиб келади: "Умматимдан бир жамоат ҳақ устида зафар қучган ҳолда давом этаверади".Мана яна бир мисол: ислом дини билан фахрланган, уни ҳимоя қилиб келган афғон жиҳоди қўмондонларидан бири шундай ҳикоя қилади: "Мени жиҳодни ташласин, дея коммунистлар отамни ҳибсга олдилар. Мен буни рад қилдим. Улар отамни ўлдирдилар. Сўнгра жиҳодни тарк қилсин дея онамни ҳибсга олдилар. Мен яна рад қилдим ва улар онамни ҳам қатл қилдилар. Шундан сўнг, бу йўлдан қайтсин, деб акамни ҳибсга олдилар. Мен жиҳодни тарк қилмадим ва улар акамни ўлдирдилар. Йўқ асло йўқ, Аллоҳга қасамки, мен жиҳодни ҳеч қачон тарк қилмайман. Токи ғалаба қозонгунимизча ёки Аллоҳ йўлидаги жиҳодда шаҳид бўлиб суюкли зотлар Муҳаммад ва у кишининг асҳоблари билан учрашмагунимга қадар жиҳодни тарк қилмайман".Аллоҳу акбар! Эй Аллоҳнинг бандалари! Шу кунларда ғалаба ва зафар эгаси бўлмиш Аллоҳ таоло томонидан ғалабага сазовор бўладиган мана шундай дини ва ақидаси билан фахрланадиган кишиларни хоҳлаймиз.Эй ақида уммати! Албатта ақида уммати ўз вақтини ўйин-кулги билан зое қилмайдиган фаол бир умматдир. Зеро, Аллоҳ таоло умматни вақтини нимларга сарфлагани ҳақида савол-жавоб қилажакдир.Ақида уммати фидокор уммат, доимо Аллоҳни ёдидан чиқармайдиган ва ҳар қандай жойда ақидасидан воз кечмайдиган собитқадам умматдир. Аммо ўз юртида ақидасига риоя қилиб, сўнгра куфр диёрларига сафар қилган чоғида ақидасини унутган уммат ҳаққоний ақида уммати эмас. Кенгчилик ва фаровонлик пайтида ақидасига риоя қилиб, қийинчилик пайтида ақидасини унутган уммат ақида уммати эмас.Ақида уммати яхшиликка буюрувчи, ёмонликдан қайтарувчи уммат, ожиз ва журъатсиз уммат эмас. Ақида уммати ҳозирда ер куррасида жорий бўлиб турган жинс, ранг ва тил бирлигига асосланган ришталарни инкор этиб, "Ла илаҳа иллаллоҳ" риштасинигина юксак кўтаради.Ақида уммати Аллоҳнинг неъмати ила Билол, Салмон, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумларни ўзаро биродар қилди. Бизнинг ақидамиз бебаҳо ақидадир. Афсуслар бўлсин-ки, кейинги воқеа ва ҳодисалар асносида шундай бебаҳо ақида айрим қийматсиз кишилар назаpида арзон бўлиб қолди. Айрим қалби хаста кимсалар чиқиб шундай гапларни айтдиларки, бу гаплар улардаги ақида саботсизлигини яққол кўрсатиб берди. Жумладан, улар: “Куфр кучлари хоҳлаган ишга қурби етади, агар бирон нарсага "Бўл", деса бўлади”, - дедилар. Ла илаҳа иллаллоҳ! Эй Раббим, нақадар Ҳалимсан! Аллоҳдан уларнинг бу қабиҳ сўзлари сабабли бутун умматни жазоламаслигини сўраймиз. Бизнинг ақидамиз анави қалби хаста кимсаларга нидо қилиб: “Аллоҳга қайтиб тавба қилингиз, зеро, қайтмоқлик яхшироқдир”, - дейди.Эй мусулмонлар! Аллоҳга қайтайлик, Аллоҳга боғланайлик, Аллоҳга таваккул қилайлик, Аллоҳга ишонайлик, Қуръонга қайтайлик, суннатга қайтайлик ва ақидани тозалайлик. Ана ўшанда ғалаба башорати бизга насиб қилажак. "Агар Аллоҳ(нинг дини)га ёрдам берсангиз, Аллоҳ сизга ёрдам беради" [Муҳаммад: 7].Исломимиз - бизга қалқон, бизга қурол,Қоронғи кеча узра ёрқин бир машъал,Биродарлар ислом туғин юксак тутинг,Эй умматим юргин унинг соясида.Ғарб истамас юксалишинг асло сени,Шарқ ҳам шундай, улар бари илондирлар,Тиз чўкишинг, хўрланишинг истар барча,Ёлғиз Раббинг қутқарувчи кулфатингдан.Эй Аллоҳ! Эй ёлғиз Ўзигина қийинчилик ва кулфатлардан халос этувчи Зот! Сендан бизга ёрдам беришингни, Иззатинг ила бизни азиз ва Қувватинг ила бизга куч-қувват ато этишингни сўраймиз. Бизни иймонда собитқадам қилишингни, Қуръон сабаб бизга ғалаба ва зафар беришингни, душманларинг-ислом душманларини мағлуб қилишингни сўраймиз.Эй Аллоҳ, умматга Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али сингари кишиларни чиқар, шубҳасиз, сен ҳар нарсага қодир зотсан. · Аллоҳнинг динини сақла ва унга риоя қил, шунда Аллоҳ сени асраб авайлагайЭй Аллоҳнинг бандалари, шу кунлардаги вазият ҳақида эшитиб, уни уқишга ҳаракат қилган ҳар бир мусулмон кишига бир ҳадя тортиқ қилмоқчиман. Ушбу ҳадя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларидир:“Аллоҳнинг динини сақла ва унга риоя қил, ўшанда Аллоҳ сени (дунё ва охиратда) ҳифзу-ҳимоясига олади. Аллоҳнинг динини сақла ва унга риоя қил, ўшанда Аллоҳни (мудом) олдингда топасан (ва У сени ёмонликлардан асрайди, ҳар қандай яхшиликка сени муваффақ қилади). Қувончли ва мўл-кўлчилик пайтида Аллоҳни эсла (ва Унга тақво қил), ўшанда қийинчилик чоғида Аллоҳ сени эслайди (ва сенга ғамхўрлик қилади). Агар сўрасанг Аллоҳдан сўра, ёрдам сўрасанг Аллоҳдан ёрдам сўра. Шуни билки, бутун уммат йиғилиб сенга бирон манфаат еткизмоқчи бўлсалар, у ҳолда, улар фақат Аллоҳ таоло сен учун тақдири азалийда ёзиб қўйган нарсанигина манфаат келтирурлар. Шунингдек, агар улар сенга бирон зиён еткизиш учун йиғилсалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга етишини ёзиб қўйган нарсанигина зиён еткизурлар. (Азалий қисмат битилган) қаламлар кўтарилган ва (бу қисмат ёзилган) саҳифалар (сиёҳи) қуриган. (Яъни, барча нарсалар олдиндан тақдирда битилган ва унга қайтиб ўзгартириш киритилмайди)”. Бошқа бир ривоятда шундай дейилади: “Шуни билки, ғалаба сабр билан бирга, енгиллик ва шодлик мусибат билан бирга ва қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”.Ла илаҳа иллаллоҳ! Биз мазкур ҳадисни англаш ва уни бугунги кунимизга татбиқ этишга нақадар муҳтожмиз. · Тақдирга иймон келтиришнинг аҳамиятиЭй мусулмонлар, биз шундай бир умматмизки, ўз йўналишларимиз ва тахминларимизда шариатимиз аҳкомлари, ақидамиз асл моҳияти ва динимиз асосларидан келиб чиқиб қадам босамиз. Аллоҳнинг тақдирига иймон келтириш Парвардигоримизга иймон келтириш асосларидан катта ва муҳим бир асос ҳисобланади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта, Биз барча нарсани маълум бир миқдор-ўлчов ила яратдик” [Қамар:49]. “Аллоҳнинг (тақдир қилган) иши шак-шубҳасиз юз берувчи бўлди” [Аҳзоб:38]. Ер юзида ва Аллоҳнинг бандаларида содир бўладиган бирон бир воқеа ва ҳодиса ёки мусибат бўлмасин, албатта уларнинг барчаси Аллоҳнинг азалий тақдири билан содир бўлади. “(Қурғоқчилик ва камҳосиллик каби) ерда содир бўладиган ва (мадорсизлик, касаллик каби) танангизда содир бўладиган ҳар қандай мусибатлар борки, албатта бу нарсалар Биз халойиқни яратишдан олдин Китоб (яъни “Лавҳул Маҳфуз”)да битилгандир. Дарҳақиқат, (нарсаларни вужудга келишидан олдин билиб тақдири азалийда битиб қўйишдан иборат) бу нарса Аллоҳга осондир. Сиз эриша олмай қолган нарсаларингизга ҳасрат-надомат чекмаслигингиз ва (Аллоҳ) сизга берган нарсалардан фахрланмаслигингиз учун (Биз барча нарсаларни тақдирда битилганлигини сизга маълум қилдик). Зеро, Аллоҳ ҳар қандай (ўзича) кеккайган ва (бошқаларга) мақтанчоқлик қиладиган кишини севмас”. [Ҳадид: 22-23].Тақдирга бўлган ишончимиз бизга дунёдаги мусибатларни енгиллатади ва ҳар қандай воқеа ва ҳодисаларга қарамасдан ўз йўлимизда мустаҳкам ақида ва чинакам қатъият ила олға боришимизни таъминлайди. Аллоҳга қасамки, бутун инсоният жамиятида Аллоҳнинг тақдирига иймон келтирган мўъмин кишичалик қатъиятли ва хотиржам киши йўқ. У бажаришга азму қарор қилган эзгу ишида ҳеч тўхтамасдан, иккиланмасдан ва қўрқмасдан давом этади. Зеро, унинг ишончи комилки, осмонлару-ердаги ҳар бир зарранинг пайдо бўлиши, сўнг қисмати, яшаш муддати, тузилиши ва унинг борлиқ ва ундаги нарсалар билан алоқасини Аллоҳ таоло тақдирда ёзган. Чинакам мўъмин киши унга фақат тақдирда битилган нарсагина содир бўлишини яхши билади. Шу боис Аллоҳнинг тақдирига эътироз билдирмайди. Аксинча, меҳнат қилади, жон кўйдиради ва хатоларини тузатишга ҳаракат қилади. “Мўъмин киши бир уядан икки бор чақилмайди”. Юз берган бу воқеаларни субутсиз ақида, енгилтак ғоя ва тушкун руҳият билан қарши олган кимсалар эса заиф ва нотавон жонзот: инсонни улуғлайдилар, кучли ва қудратли зот бўлмиш Яратганни унутадилар. Улар башарият Раббини ғазаблантириш эвазига бўлсада одамлар розилигини қозонишга уринадилар. Қийинчилик ҳолатида ҳам, мўл-кўлчилик ҳолатида ҳам Парвардигорларини унутадилар. Хурсандчилик ҳолатида ҳам, хафачилик ҳолатида ҳам гуноҳ ишларни содир этаверадилар. Анавилар ўзларини душманга тутиб берадилар. Бугунги кунда мусулмонлар орасида унга нисбатан ҳар икки ҳолат баб-баравар бўлиб қолган инсонлар учрайди. Қани ахир, иймон? Қани ақида? Аллоҳнинг макридан хотиржам бўлиб қолдикми? “Аллоҳнинг макридан фақат зиён кўрувчи (яъни ҳалок бўлувчи) қавмгина хотиржам бўлур” [Аъроф:99]. Аллоҳнинг макридан фақат кофир қавмгина хотиржам бўлур. Дарҳақиқат, биз ташқи душмандан ҳам кўпроқ қўрққан ҳақиқий душман ичимиздаги нафсимиз. Бунга сабаб эса содир этган гуноҳларимиз. “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга етган яхшиликлар (яъни, мўл-кўлчилик, саломатлик ва ҳоказо бошқа неъматлар) Аллоҳ(нинг фазлу-карами)дандир. Сизга етган ёмонликлар эса (яъни, қийинчиликлар, азиятлар ва ҳоказо бошқа мусибатлар) нафсингиз (содир этган гуноҳлар сабаби)дандир. Албатта, Аллоҳ бирон бир қавмнинг ҳолатини токи улар ўзларидаги ҳолатни ўзгартирмагунларига қадар ўзгартимайди” [Раъд:10-11]. Бугунги кунда мусулмонлар бу ҳақиқатни англаб етдиларми? Улар ўз қалбларига мурожаат қилиб уни ислоҳ қилиш ҳақида бош қотиряптиларми? Ёхуд нафсларига мурожаат қилиб уни текшираяпти- ларми? Оилаларига қайтиб уларни тарбияси билан шуғулланаяптиларми? Дарҳақиқат, кўп сўзларни эшитаяпмиз. Газета ва ойномалар, радио ва телевидения турли тахмин ва таҳлилномалари билан бошимизни оғритиб юборишди. Бу тахмин ва таҳлилномаларда ер ва осмонлар Парвардигорига ишониш ва Унга таяниш тушунчасининг ҳиди ҳам топилмайди. Аксинча, ана ўша кимсаларни қуршаб олган қўрқинч ва саросима ҳолатини кўрсатадиган талай ишлар ва ҳатти ҳаракатлар вужудга келди. Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи ундан ёрдам сўрашга ва Унга суянишга ҳақли зотдир. Олий ва Буюк зот бўлмиш Аллоҳнинг тавфиқ ва мададисиз бирон бир ҳолатдан бошқа бир ҳолатга ўтиб ҳам ва бу ҳолатда давом этиб ҳам бўлмайди. Аллоҳ қаерда қолди? Аллоҳга таваккул қилиш, Унга таяниш қаерда қолди? Иймоний тайёргарлик бўлмаган ерда моддий озуқавий тайёргарлик нима қилиб бериши мумкин? Тўғри, озиқ-овқат керак, моддий тайёргарлик кўрманглар демаймиз. Бироқ, иймоний тайёргарлик бу асосий ғоя ва Аллоҳ таоло шу сабабдан бизга мадад берадиган воситадир. “Аллоҳ (дунёда Унинг буйруқларини бажарган ва қайтарган нарсалардан четланган) тақволи кимсаларга (дунёда тоат-ибодат қилиб) саодатга эришгани сабаб (жаҳаннам азобидан) нажот беражак” [Зумар:61]. · Уммат бошдан кечиражак босқич- ларга тайёргарлик кўришУммат бошдан кечиражак босқичлар унга жиддий тайёргарлик кўрмоқликни талаб қилади. Ўйин-кулги ва маишатга берилган ҳаёт бундан буён ортда қолмоғи керак. Унинг ўрнини иймон, қувват, жиддият, ҳаракатчанлик, машғулот, жиҳод, ишонч, таваккул, тавба, тоат, қадарга иймон келтириш, Аллоҳнинг буйруқларига доимий ҳозиржавоблик ва юз берган ва беражак воқеа-ҳодисалар ва офатлар Аллоҳнинг илми, қудрати ва ҳоҳиш-иродаси ила бўлганлигига иймон келтириш эгалламоғи лозим. Руҳимизни иймон билан тарбия қилайлик, токи мана шу иймон орқали қийинчиликларни енга олсин. “Аллоҳга таваккул қилдик”, – дейлик. Аллоҳга ўтиниб илтижо қилайлик, Унга муттасил дуо қилиб ёлборайлик, токи тақдирда ёзилган ишлар юз берар экан Аллоҳ биздан Ўз лутфини аямасин. Агар биз мана шу нарсани рўёбга чиқарсак, ҳаттоки бир дона ўқ ҳам Аллоҳ изн берсагина отилиб чиқишига ишонч ҳосил қилсак ва Аллоҳнинг динини маҳкам ушлаб унинг атрофида жамлансак, ўшанда Қувватли ва Азиз зот бўлмиш Аллоҳ бизга нусрат беради.Эй мусулмонлар, биз учун Аллоҳнинг динидан бошқа дастак, ундан бошқа бошпана йўқ. Кимда-ким ишларида Аллоҳдан бошқасига суянса, у ҳолда Аллоҳ уни ўз ҳолига: заиф ва ночор ҳолига ташлаб қўяди. Аллоҳнинг шариатини ҳоким қилмай туриб, тарбия ва тайёргарликсиз, даъватчиларга йўл очмасдан ва ислом тарихида шоҳид бўлинган тунни ибодат билан ўтказувчи зоҳидлар ва кундузда жиҳод қилувчи чавандозлар қайтмагунча нусрат ва ғалаба ҳосил бўлмайди. Бироқ, шунга қарамасдан, шунча зулматларга қарамасдан, албатта, ёруғлик келгусидир. Гарчи дин душманлари бу уммат устидан ҳукмрон бўлсада, лекин Аллоҳнинг фазлу карами ила у хайр-барака ва зафар уммати бўлиб қолаверади. Зеро, уммат ўғлонларидан умидимиз катта. Бироқ, қайси ўғлонлардан? Бу ўғлонлар Аллоҳнинг авлиёлари, масжидларни обод қилувчи кишилар, Қуръон ҳофизлари, эзгуликни севган, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишни орзу қилган, Аллоҳнинг динига даъват қилувчи, садоқатли ва ихлосманд даъватчилар ва кечалари Аллоҳга ибодат қилиб, кундузлари шерга айланувчи ўғлонлардир. Аввало Аллоҳдан, сўнгра мана шундай ўғлонлардан умид қилиб қоламиз.Келинглар, Аллоҳнинг динини маҳкам тутайлик, Аллоҳни доимо ёдда сақлайлик ва Унга тавба-тазарру қилайлик. Зеро, Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай дейди: “Бандаларим- дан биронтаси Менга бошпана сўраб илтижо қилса-ю, сўнгра бутун осмонлар ва ер аҳли уни тузоққа тушириш учун макр-ҳийла ишлатсалар, албатта Мен унга бу мусибатдан чиқиш ва қутулиш учун ечим ва енгиллик яратурман”. Кечалари Аллоҳга илтижо қилиб қўлларимизни кўтарайлик. Зеро, кечанинг ўртасида Аллоҳга илтижо қилиб кўтарилган мухлис бир қўл душманларга қарши атом бомбаси ёки биологик қуроллар ёхуд заҳарли газлардан кучлироқдир. “Шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзининг динига ёрдам берган кишига ёрдам беражак. Албатта Аллоҳ Кучли ва Қудратли–енгилмас зотдир”  [Ҳаж:40].

المرفقات

2

Ақидани маҳкам тутишга бўлган эҳтиёжимиз
Ақидани маҳкам тутишга бўлган эҳтиёжимиз