البحث

عبارات مقترحة:

البارئ

(البارئ): اسمٌ من أسماء الله الحسنى، يدل على صفة (البَرْءِ)، وهو...

القدير

كلمة (القدير) في اللغة صيغة مبالغة من القدرة، أو من التقدير،...

Мўғил татар қиссаси 09-қисм

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف Абу Абдуллоҳ Шоший ، Шамсуддин Дарғомий
القسم كتب وأبحاث
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات التاريخ وتقويم البلدان - البلدان والممالك
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: Мўғулларнинг Нишопур шаҳри ва унинг халқини яксон қилиши; Ҳирот шаҳрини вайрон ва унинг халқини йўқ қилиниши; Хоразм диёрига мўғуллар босқини; Жалолиддин Хоразмшоҳ сийрати; Балқ жанги; Қобул(Парвон) жанги; Қобул(Парвон) жангидан тушган ғаниматлар устидаги ихтилоф сабабидан мусулмонларнинг бўлиниб кетиши;

التفاصيل

Мўғул татар қиссаси 9- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Ўтган дарсимизда: Аллома Ибнул Асир вафоти Арманистон, Грузия, Чеченистон ва Доғистонни забт этилиши Ғарбга мўғул юриши Украина, Польша, Можаристон (Венгрия), Словакия ва Хорватияга мўғуллар истелоси Ҳижрий 639 йилда оламнинг аҳволи Мўғул босқинининг вақтинчалик тўхташи Мангухоннинг хоқонлиги Мангухоннинг ёрдамчилари  Мўғул татар қиссаси 9- қисм Бисмиллаҳир роҳманир роҳимБарча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман. Ўтган дарсимизда:–        Жалолиддин Мангуберди Эронга ҳукмрон бўлиши;–        Аббосийлар хилофатига Зоҳирнинг волий бўлиши; –        Жалолиддин Мангуберди Халат шаҳрини қамал қилиши; –        Чингизхоннинг ўлими;–        Ҳижрий 624 ва 627 йиллар орасида мусулмонларнинг ҳолати;–        Байтул Мақдиснинг насронийларга топширилиши;–        Ҳижрий 628 йилда содир бўлган ҳодисалар;–        Мўғул-татарларнинг Ироққа ҳужум қилишдан бош тортиши;–        Жалолиддин Мангубердининг ўлдирилиш қиссаси;–        Мўғул-татарларнинг Азарбайжонни босиб олиши;–        Мусулмонларнинг мўғул-татарлар олдида енгилишига олиб келган сабаблар, кабилар суҳбатимиз мавзуси бўлган эди. Аллома Ибнул Асир вафотиШу онгача дарсларимизда жуда кўп иқтибослар олинган, Ислом оламига мўғуллар босқинини нозик жиҳатлари билан холис ёритган, Ислом тарихига оид китоблар орасида етакчи ўринни тутган асар "ал-Камил фит-Тарих" китоби эди. Бу китобнинг муаллифи Иззуддин Абул Ҳасан Али ибн Абдулкарим ибн Абдулвоҳид аш-Шайбоний Ибнул Асир ал-Жазарий бўлиб, у ҳижрий 555 йил 4-жумодул охира куни Ибн Умар жазирасида таваллуд топган эди. У тасниф қилган китобларнинг машҳурларидан "ал-Камил фит-Тарих" ва "ал-Ғоба фий асҳабис-саҳоба" китобларидир. Бу киши –раҳимаҳуллоҳ– ҳижрий 630 йил шаъбон ойида/мелодий 1233 йил июн ойида 75 ёшда Мосулда оламдан кўз юмди[1].     Арманистон, Грузия, Чеченистон ва Доғистонни забт этилишиЎтган дарсимизда мўғул саркардаси Шўрмағон Форс ва Азарбайжон ерларини эгаллаб, янги мўғул юришини бошлагани ҳақида суҳбат қилган эдик. Бу ҳижрий 634 йил/мелодий 1237 йилда содир бўлган эди. Бу санада Шўрмағон Касбий(Ҳазар) денгизининг ғарбий ноҳияларидан шимолий воҳаларигача босиб олди. Қисқа вақт ичида Арманистон, Грузия, Чеченистон ва Доғистон диёрларига[2] ҳукмрон бўлди. Ғарбга мўғул юришиҒарб юришида мўғул лашкарининг сони 120-150 минг атрофида бўлиб[3], тарих китобларида бу босқин "Қипчоқ юриши", деб номланган. Бу ҳужумда Ботухондан ташқари унинг акаси Орда-Ежен, укалари Шибон, Тангут (рус. Тангкут) ва Берке, Чиғатойнинг ўғли Байдар ва невараси Бури, Ўқтойнинг ўғиллари Гуюкхон ва Кадан, Тўлийхоннинг ўғиллари Мангу ва Бучек, Чингизхоннинг бошқа хотиндан бўлган ўғли Куюлхон (рус. Кюльхан), Чингизхонни укасининг невараси Аргасунлар иштирок этдилар[4].  "Қипчоқ юриши" иккита босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқич 1237-1239 йиллар Россиянинг шимоли-шарқий минтақаларига, иккинчи босқич эса, 1239-1240 йиллар Россиянинг жануби-ғарбий ҳудудларига бўлган ҳужумларни ўз ичига олади.  Ҳижрий 634 йил/мелодий 1237 йил Касбий(Ҳазар) денгизи шимолида мўғул лашкари Жўжихоннинг ўғли Ботухон қўмандонлигида уруш олиб борди[5]. У Волга дарёси соҳилларида истиқомат қилувчи қабилалар устига бостириб келди. Сўнгра, ҳижрий 635 йил/мелодий 1238 йил Россиянинг бепоён ерларига ҳужумга киришди. Бу минтақаларга кирганидан то чиқиб кетгунича Россия насронийларини ваҳшиёна, аёвсиз суратда қиличдан ўтказди ва Россиянинг кўпгина шаҳарларни эгаллаб олди. Буюк Рязан подшолиги қўл остида бўлган Рязан шаҳри 1238 йил 21 декабрда 6 кунлик мўғул ҳужумига дош беролмай мағлубиятга учради. Сўнгра Коломна шаҳри эгалланди. Суздаль шаҳри ишғолидан кейин, мўғул қўшини Россиянинг энг катта шарҳи – Москвага  отланди. Москва шаҳри мўғулларга 5 кун қаршилик қилгандан сўнг, 20 январ куни босиб олинди. Рошидуддин Фазлуллоҳ хабар беришича, Владимир жуда катта шаҳар бўлишига қарамай бўрондек мўғул ҳужумига бор-йўғи 8 кун туриб берди, сўнг февралнинг дастлабки кунларида мағлубият сари юз тутди, шаҳар халқининг аксарияти қатл қилинди[6]. 1238 йилда юқорида зикр қилганларимиздан ташқари, Переяславль-Залесский, Юрьев-Польский, Стародуб-на-Клязьме, Тверь, Городец, Кострома, Галич-Мерьский, Ростов, Ярославль, Углич, Кашин, Кснятин, Дмитров, Вологда, Волок Ламский ва бошқа шаҳарлар забт этилди. 1238 йилнинг охири 1239 йилнинг бошларида Субутой (Субэдей) бошчилигидаги мўғул лашкари Булгария, яъни ҳозирги Қозон минтақаси ва Мородовияни забт этиб[7], такрор Россияга кирди ва Нижнего Новгород, Гороховец, Городец, Муром ва иккинчи бор Рязань шаҳарни ишғол қилди. Россиянинг ер майдони 17 милион км2 тенг улкан диёр бўлиши билан бир қаторда, аҳолиси жуда кўп, камига иқлими – қаттиқ совуқ ва оғир шароитдан иборат эди. Шунга қарамай, мўғуллар бу бепоён минтақани қисқа фурсат – икки  йил ичида, яъни ҳижрий 635-636 йил/мелодий 1238-1239 йилларда ишғол этди. Мўғуллар қаршисида бирон кимса туришга тоқат қилолмади. Бу босқиндан сўнг, мўғуллар икки йил сафларини тартиблаш ва келажак ишларини режалаштириш учун босқинни вақтинчалик тўхтатди.   Украина, Польша, Можаристон (Венгрия), Словакия ва Хорватияга мўғуллар истелосиҲижрий 638 йил/мелодий 1240 йилда мўғуллар Ботухон бошчилигида Украинага қараб йўл олди, 5 сентябр куни унинг пойтахти Киев шаҳрини қамал қилди ва 19 ноябрдагина уни ишғол қилиб, шаҳар халқини қиличдан ўтказди[8]. Ботухон Украинанинг улкан жойларини яксон ва аксарият халқини қатағон қилди. Мўғул қўшини Россия ерларини тўлиқ эгаллагандан сўнг, икки гуруҳга бўлинди, унинг биринчи бўлаги ҳижрий 639 йил/мелодий 1241 йил Байдер бошчилигида Украинанинг шимоли-ғарбий томонида жойлашган Польшага ҳужум уюштирди[9]. Қўшиннинг сони 70 минг[10] эди. Улар Польшага кирдилар ва унинг катта шаҳарларини хонавайрон қилдилар. Польшанинг подшоси немис герцогларидан ёрдам сўрашдан бошқа чора топмади, чунончи, Олмония Польшага қўшни мамлакат ҳисобланади. Олмония герцоги Генрий келиб, Польша армияси билан шартнома тузди. 30 мингдан иборат Немис ва Польша қўшинлари мўғул қўшини билан тўқнашди. Мўғуллар бу икки қўшинни тор-мор қилди. Вроцлав шаҳрини ва Польша мамлакатини бутунлай босиб олди, улар ҳатто Берлин шаҳригача етиб бориб, шаҳарни вайрон қилишди ва халқини ўлдиришди. Ушбу минтақанинг ўзидан 27 минг одамни ўлдирган эдилар[11].   Мўғул қўшинининг иккинчи бўлаги эса, айни вақтда Ботухон, Кадан ва Субутой (Субэдэй) билан биргаликда 3 кунда Галич шаҳрини ишғол қилиб, Россиянинг ғарбида жойлашган Можаристонга (Венгрия) жўнади. Мўғул қўшини билан можар қўшини ўртасида шиддатли уруш содир бўлди, натижада мўғуллар можар армиясини битта қўймай қириб ташлади ва Можаристонни босиб олди. Унинг пойтахти Будапештни хонавайрон қилишди[12]. Мўғул саркардаси Байдер эса, Можаристондан чиқиб, жанубга йўл олган Ботухонга келиб қўшилди. Улар йўл-йўлакай, Славакия давлатини вайрон қилди ва ўз ҳукмига бўйсиндирди.     Сўнгра мўғул лашкари Хорватияга қараб оқиб келди ва уни батамом ер билан яксон қилди. Бу билан улар Хорватия ва Италияни иккига ажратиб турувчи Адриатик денгизига етиб келдилар. Шу ондан эътиборан, мўғул империяси шарқий Европанинг ярмини ўз мамлакатига қўшиб олган эди. Мўғул қўшини Италия, Австрия ва Олмония чегарасига келиб қолган ва босқинларини давом эттирса бўлар эди, лекин ҳижрий 639 йил/мелодий 1241 йил ўта муҳим иш содир бўлди, мўғул хоқони Ўқтой дунёдан кўз юмди[13]. Ботухон босқинни тўхтатиб, қўшинга саркардаларидан бирини бош қилди ва ўзи эса, мўғул хоқони сайловида иштирок этиш учун, ўша вақтлар Мўғулистоннинг пойтахти Қорақурумга йўл олишга мажбур бўлди. Ботухон ва Субутойлар Қарақурумга қурултой сари кетдилар[14].   Ҳижрий 639 йилда оламнинг аҳволиҲижрий 639 йил/мелодий 1241 йилдаги оламнинг ҳолатига назар солсак, қуйидагиларни гувоҳи бўламиз:Биринчи: Бу санада мўғул давлати шарқдан Кореядан бошланиб, ғарбдан Польшагача; шимолдан Сибирдан бошланиб, жанубдан Хитой денгизигача етди. Мўғул давлати жуда кенгайди ва дунёда якка ҳукмронга айланди[15].Иккинчи: Ҳижрий 644/мелодий 1246 йил Ўқтойдан сўнг мўғул хоқонлигига унинг катта ўғли Гуюкхон ўтирди[16]. У отаси Ўқтой ва бобоси Чингизхонлардек давлатни кенгайтириш сиёсатини олиб бормай, ишғол қилинган минтақаларда мўғулларни мустаҳкам ўрнашишига эътибор қаратди. У Европа ва Ислом диёрларида мўғуллар ҳамласини вақтинчалик тўхтатди.Учинчи: Мўғуллар Ислом оламининг шарқини забт этган ва Осиёнинг катта минтақаларини ўз давлатига қўшиб олган эди. Улар бу ўлкаларда тараққиёт манбаларини ва уларга қарши бош кўтарганларни тамоман йўқ қилган эди.         Тўртинчи: Ислом оламининг маркази, яъни Ироқ, Шом, Ҳижоз, Миср ва Яман минтақалари тарқоқлик ва бўлинишда давом этаётган, мўғул қўшини оламнинг катта мамлакатларни забт қилган, у ҳам етмагандай, мусулмонлар ўзаро урушаётган ва борган сари ўрталаридаги тарқоқлик ортаётган эди. Шунингдек, Ислом оламининг ғарбий қисми –Ливия, Тунис, Мағриб ва Африканинг ғарбий минтақалари– Муваҳҳидлар давлати парчалангандан сўнг, бутунлай бўлиниб кетган эди. Ислом оламининг шарқий қисми мўғуллар томонидан эгалланган, ғарбий ва марказий қисмлари эса, тарқоқ ҳолатда эди.  Бешинчи: Европа насронийлари мўғуллар билан ҳамкорлик эвазига мусулмонлар тотган аламдан ўзлари ҳам баҳраманд бўлган эди. Улардан юз минглаб ёки милионларча одамлар қирғин қилинди, черковлари вайронага айлантирилди, шаҳарларига ўт қўйилди. Мўғуллар Рим католиклари маконигача етиб боришди.  Олтинчи: Насронийлар мўғулларнинг амалларини кўришди. Мўғуллардан омон қолган Европанинг ғарбий минтақаси –Франция, Англия, Италия ва Олмония– подшолари бу давр вақтинча ва албатта тўхтайди, яъни мўғуллар бир кунмас бир кун уруш қилишдан барибир тўхтайди, деб ўйлар, аммо мусулмонларга қарши салиб юришларининг умуман ниҳояси йўқ, деб билар эдилар. Насроний подшолар, катта сондаги насронийлар мўғуллар томонидан қатл қилинганига қарамай, мусулмонларга қарши мўғуллар билан мукаммал ҳамкорлик қилишимиз лозим, деб ўйлар эдилар.  Нима сабабдан салибчилар, мусулмонлар билан уруш мунтазам, мўғуллар билан эса, вақтинчаликлигига имонлари комил эди? Чунки "салиб юриши", ақийдавий уруш ва мусулмонлар билан салибчилар ўртасидаги душманлик, диний асосга кўра эди. Ўз навбатида, насронийлар икки тоифанинг бири бошқасининг динига кирмагунича уруш ҳаргиз тўхтамайди, деб ишонар эдилар,     "Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар".[17]Мўғуллар жанги, ақийдавий кураш эмасди. Уларнинг ақийдаси бир қанча динлар мажмуасидан иборат бўлиб, ўта кучсиз ва бузуқ эътиқод эди. Бирорта мўғул саркардаси мустамлака қилинган ўлкаларда ўз динларини ёйганлигини эшитмаганмиз, уларнинг мақсадлари – геноцид, яъни мўғуллардан бошқа халқларни қириш, ер юзини босиб олиш, мол-дунё жамғариш, аёллар ва болаларни қул қилиш ҳамда маданий ёдгорликларни йўқотишдан иборат эди. Ким мана шу сифатларга эга бўлса, унга ҳеч қачон давомийлик насиб қилмаслиги турган гап.   Европа насронийлари мўғуллар томонидан қирғин қилинганига қарамасдан, мусулмонларга қарши ҳамлага шайлана бошлади, мўғуллар билан дипломатик алоқаларни тиклашга бор кучларини сарфлашга киришдилар. Еттинчи: Мўғуллар Европанинг бир қисмини босиб олгандан кейин, мўғул армиясида ақийдавий ўзгаришлар содир бўла бошлади, бунинг сабаби, кўпгина мўғул саркардалари европалик насроний қизларга уйланишлари бўлган эди. Шу тариқа мўғул кошонасига насронийлик дини кириб келди. Бу эса, салибчиларнинг мўғуллар билан ҳамкорлик қилиш имкониятини туғдирар ҳамда Аббосийлар хилофати ва Шом диёрини ағдаришда, салиб ва мўғул кучини жамланишига йўл очар эди.   Саккизинчи: Европа салибчилари Миср ва Шомдаги мусулмонларга қарши жангда давом этди. Салибчилар мўғуллардан қаттиқ зарба еган бўлишига қарамай, улар мусулмонларга қарши урушни тўхтатмади. Ушбу кунлар Айюбийлар ҳукмронлиги ўзининг сўнгги кунларини кечираётган ва ўзаро ички урушларида давом этаётган эди. Мусулмонлар ўта хатарли учлик ўртасида, бир томондан салибчилар, бошқа тарафдан мўғуллар ва яна бошқа жиҳатдан мусулмон амирлар орасида қолган эди.  Тўққизинчи: Ҳижрий 640 йил 10 жумодул охира куни – мелодий 1242 йил 12 декабр жума кунининг тонггида Аббосийлар халифаси Мустансир Биллаҳ 51 ёшда оламдан ўтди. У 16 йил 10 ойу 27 кун халифалик қилган эди. Унинг ўринини ўғли Мустаъсим Биллаҳ эгаллади[18]. Ўша кунларда у 30 ёшда эди. У қуръонни кўп тиловат қилиш, тафсир, фиқҳ ва хайрли амаллари билан машҳур, лекин сиёсатдан бехабар ва инсонларни ажратиш қобилиятига эга бўлмаган киши эди. У атрофига нобоп  вазирлар тутгани таъсирида халифаликнинг заифлиги ортди. Бу хусусда келаси дарсларимизда батафсил гаплашамиз, иншааллоҳ.      Ўнинчи: Мўғуллар билан Аббосийлар хилофати орасида фақатгина Форс минтақасининг ғарбий қисми, хатарли Исмоилия тоифасининг ҳудуди қолган эди. Бу минтақа кичик бўлишига қарамай, ўта муҳим жой эди, чунки Исмоилия тоифаси урушқоқ ва жангари гуруҳ бўлиб, кўплаб қалъалар ва қўрғонлари бўлган, тоғли ҳудудда яшар эдилар. Улар Аббосийлар билан мунтазам келишмовчиликда бўлиб, улар ўрнашган жой Аббосийлар ҳамда мўғуллар учун жуда хатарли минтақа ҳисобланар эди.   Исмоилия тоифаси Аббосийлар хилофатига қарашли сунний ҳокимларни жуда қаттиқ ёмон кўрардилар, шу сабабли улар суннийларнинг зиддига кўп марта ислом душманлари билан тил бириктирган эдилар, бир сафар насронийлар, бошқа сафар мўғуллар билан алоқа қуришга ҳаракат қилишди. Лекин мўғуллар Исмоилия тоифасига ишонмадилар, чунки мўғуллар ер куррасида ўзларидан бошқа қувватга эга бўлган бирор тоифани бўлишини хоҳламас эдилар.  Хулоса шуки, янги мўғул хоқони Гуюк ибн Ўқтой бепоён мамлакатини мустаҳкамлар, салибчилар мўғуллардан қаттиқ зарба еган бўлсаларда мусулмонларга қарши мўғуллар билан ҳамкорлик йўлларини ахтарар, мусулмонлар эса ўзаро келишмовчиликда давом этар эдилар. Омма мусулмонлар бир томондан мўғуллар, бошқа тарафдан салибчилар ва мусулмон амирлар босимида эдилар. Бирорта мусулмон амири мамлакатни қутқариш ва мусулмон асирларни озод қилишга киришмади. Уларнинг саъй-ҳаракатлари ўзлари истиқомат қилаётган султонлигини – кичик  хоҳ катта бўлсин– мустаҳкамлашдан иборат эди, ва лаа ҳавла валаа қуввата иллаа биллаҳ.     Мўғул босқинининг вақтинчалик тўхташиГуюк ибн Ўқтой жанг қилишни тўхтатиб, мамлакатини барқарор қилишга қарор қилди. У 7 йил ҳижрий 639-646 йил/мелодий 1241-1248 йиллар мобайнида ҳукмрон бўлди ва бирор янги ҳудудга ҳужум уюштирмади. Буни кўрган Европалик салибчиларнинг мусулмонларга қарши мўғуллар билан ҳамкорлик қилишга умидлари қайта уйғонди. Гуюкхоннинг онаси Туракина хотун (Дорегене-хатун) насронийликни қабул қилган эди[19]. Бу эса, Гуюкхоннинг насронийларга йўл очиб беришига туртки бўлди. Католик Рим папаси Иннокентий IV ҳижрий 643 йил/мелодий 1245 йил Гуюкхонга мактуб йўллаб, делегация жўнатди[20]. Ваҳолангки, Рим билан Мўғулистон пойтахти Қорақурум орасидаги масофа 12 минг км эди. Бу делегациянинг мақсади, Шом ва Мисрдаги мусулмонларга қарши урушда мўғуллар билан бирлашиш таклифи эди. Европа ва Россия насронийлари чекаётган мўғул зулмини кўтариш, Рим папаси хаёлининг бир чекасига ҳам келмади, чунки мўғуллар босиб олган Европанинг катта қисми ва Россия ўлкалари проваслав йўналишида эдилар.     Католиклар делегацияси Қорақурумга келишди ва Иннокентий IV нинг Гуюкхонга йўллаган мактубини унга тақдим қилишди. Гуюкхон мактубни ўқиди, унда мусулмонларга қарши ҳарбий амалиётларда бирлашиш истаги ва насронийликка даъват бор эди. Яъни Иннокентий IV ақийда асосида жанг қилишни таклиф қилган эди[21]. Мўғул хоқони Рим папасининг бу таклифини ҳаддан ошиш, деб санади. Мактубда ер куррасидаги ҳукмрон давлат бошлиғидан динини ўзгартириш талаби қўйилган эди!   Мўғуллар ичига насронийлик кириб бораётган бўлсада, мўғул хоқони буни чегарадан чиқиш, деб ҳисоблади. У делегацияни рад этди. Битта шарт билан уларнинг таклифини ижобат қилишини айтди, бу шарт – бутун ғарбий Европа, яъни Англия, Франция, Олмония, Италия ва бошқа давлатлар амирларининг Мўғулистонга келиши, мўғул хоқони билан дўстлашиши ва унга итоатда бўлиши эди. Шундан кейингина улар билан ҳамкорлик қилишини сўзлади, лекин бу шарт Европа подшоларига маъқул келмади ва бу таклифни улар ҳам рад қилди. Шундай қилиб, биринчи ҳамкорлик талаби сувга ёзилган битиклар каби сўнди. Лекин католик папаси Иннокентий IV ноумид бўлмади, Ислом оламига ҳужум қилиш ҳамияти ва рағбати бор мўғул қўмондонларини қидиришга киришди. Мўғул давлатидан ғарбда Азарбайжон ва Форс минтақаларида ўрнашган, уруш қилиш ва тажовузни яхши кўрадиган машҳур мўғул саркардаси Байжўни топди. Рим папаси Иннокентий IV мувофақиятсиз биринчи делегациядан икки йилдан сўнг, ҳижрий 645 йил/мелодий 1247 йил Байжўга элчи йўллади. Байжўдан катта умид қилди. У эса, салибчилар Шом ва Мисрга ҳужум қилса, ўша минтақадаги мусулмонлар Аббосийлар хилофати ҳимоясидан машғул бўлишади, фурсатдан фойдаланиб, Ироқ ерларига бостириб киришга имконият туғилади, деб фикр қилди. Лекин унда, Иннокентий IV ёки бошқалар билан шартнома тузиш ваколати йўқ эди, шу сабабдан, у Гуюкхонга боғланди, аммо у "ҳужум уюштирмаслик ва Европанинг катталари унга итоат учун келишлари лозим", деган фикрида туриб олди. Насронийларнинг иккинчи ҳамкорлик ўрнатиш йўлидаги сай-ҳаракатлари ҳам бекорга кетди. Ўша вақтларда Франция қироли Людовик IX Мисрга "еттинчи салиб юриши" номи билан маъруф бўлган, машҳур салиб жангига ҳозирланди. Людовик IX ҳижрий 646 йил/мелодий 1248 йил Қибрис (Кипр) оролида Ислом ўлкаларига уруш учун Франция ва бошқа насроний қўшинларни тўплай бошлади[22]. Иккинчи бор ҳамкорлик таклифи ҳам натижа бермаган бўлсада, насронийлар мўғуллар билан иттифоқ тузиш умидидан воз кемаган эди. Людовик IX Қибрис (Кипр) оролидан Гуюкхонга учинчи делегацияни ҳадиялар, совға саломлар билан жўнатди. Делегация бош аъзолари икки роҳиб Довуд ва Марклар эди. Улар мўғуллар пойтахти Қорақурумга келганида, Гуюкхон дунёдан кўз юмган эди[23]. Бу ҳодиса  ҳижрий 646 йил рабиъул-охир ойида/мелодий 1248 йил август ойида(647/1249)[24] тўғри келган эди. Унинг ўрнига учала фарзанди ҳам кичик бўлгани учун, бева хотини Ўғул Қўймиш бош бўлган эди. У уч йил ҳижрий 646-649 йил/мелодий 1248-1251 йиллар ҳокимият тепасида турди. Ўғул Қўймиш (рус. Огул-Гаймыш) салиб делегациясини илиқ кутиб олди, лекин Гуюкхоннинг ўлими натижаси ўлароқ юзага келган муаммолар ва аёл кишининг бошлиқлигини ҳазм қила олмаган мўғул саркардалари саноқсизлиги туфайли уларга узр айтди. Зеро, Мўғул империяси қаттиққўллик, истибдод ва ҳукмронлик устига қурилган эди, шунинг учун, улар империя бошлиғи журъатли эркак киши бўлишини талаб қилар эдилар. Хуллас, учинчи салиб делегацияси ҳам қуруқ қайтди. Шунда ҳам, Людовик IX урушдан бош тортмади, ҳижрий 647 йил/мелодий 1249 йил Мисрдаги Думётга (инг. Dametta) бостириб келди ва уни эгаллади. Еттинчи салиб юриши бошланди. Бу ҳақда ҳали батафсил суҳбат қурамиз, иншааллоҳ. Мангухоннинг хоқонлигиГуюкхоннинг хотини салтанат устида узоқ турмади, мўғуллар аёл кишининг бошқарувига таскин топмадилар. Ҳижрий 649 йил/мелодий 1251 йил (648 йил зулҳижжа ойи/мелодий 1250 йил апрел ойида)[25] мўғуллар шўроси қарори билан Мангухон мўғул хоқони бўлди. Мангухоннинг мўғул салтанати устига келиши, мўғуллар сиёсатида катта бурилишга сабаб бўлди. У мўғул империяси асосчиси бобоси Чингизхонга ва амакиси Ўқтойга ўхшаб, қаттиқ сиёсат юрита бошлади.   Мангухоннинг илк фикри, Аббосийлар хилофатини ағдариш, Миср, Шом ва Африкани эгаллаш бўлди. Лекин минг афсус, ўша кундаги мусулмон амирларнинг савияси, воқеъликда содир бўлаётган ҳодисалардан анча орқада эди. Мўғуллар Гуюхон, сўнгра хотини Ўғул Қўймиш даврида ўн йил, ҳижрий 639-649 йил/мелодий 1241-1251 йиллар давомида уруш қилмади, шу муддатда Ислом олами шарқий қисмининг ярми мўғуллар зулмида бўлсаларда, ҳокимлар, халқлар, ҳатто баъзи уламолар ҳам буни унитиб қўйдилар. Ваҳолангки, бу зулм кўраётган халқлар Аббосийлар хилофати, Шом, Миср ва Ҳижозга жуда яқин минтақаларда эди.     Бу даврдаги воқеаларни ёритган тарихчилар ҳам мўғуллар тўғрисида бирор нарса ёзишмаган. Мисол тариқасида, Ибн Касирнинг "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" китобини олсак, ҳижрий 639-649 йиллар оралиғида мўғуллар ҳақида битта калима топмайсиз, гўё мўғуллар иши ҳал бўлган! Албатта, Ибн Касир –раҳимаҳуллоҳ– мўғуллар замонидан кейин яшаган ва ўша давр тарихчиларидан нақл қилган. Бироқ, Ибн Касир ўша вақтларда Ироқ, Миср, Шомдаги воқеаларни жудда одатий ҳолатдек кечганини зикр қилади. Айтиб ўтилган ҳодисалар: иқтисодий қийинчилик сабабли, халифа фақирларга эҳсон қилган; вабо тарқалиб, сўнг йўқолган; кимдир мадраса, бошқаси зиёфатхона ва яна биттаси касалхона очган; фалончи адиб, шоир ёки пистончи вазир ўлган ва ҳоказо..  Минбарлар, илм ҳалқаларида хутба қилувчи, мўғулларнинг хатарини баён этувчи, босиб олинган жойлардаги мусулмонларнинг мусибатларини эслатувчи олимлар ва халқни жангга ҳозирлаб, тайёргарлик тадбирини олувчи амирлар ўша замонда мавжуд эмасди, десак хато бўлмаса керак. "Касални яширсанг, истимаси ошкор қилади", деганидек бу даврда, айтганимиздек, Исломнинг ҳақиқатини, Оллоҳ йўлидаги жиҳодни баён қилувчи олимлар ва халқни эргаштирувчи амирлар йўқ бўлганини уларнинг келажак тарихлари равшан қилган эди.  Мўғулларнинг хабари ва қилаётган ишлари мусулмонларга номаълум бўлганидан, тарих китобларида ҳам зикр қилинмаган.    Ушбу кунлардаги ҳодисалар, яқинда содир бўлган Чингизхон бишчилигидаги "биринчи мўғул босқини" ва Ўқтой қўмандонлигидаги "иккинчи мўғул босқини"га ўхшаш ёки ундан қаттиқроқ ва ёмонроқ янги мўғул ҳужуми юзага келишига ишора эди. Мусулмонларнинг итоатгўйликлари қанча ортса, мўғуллар ёки улардан бошқаларнинг тамаълари шунча зиёда бўларди. Ҳар қачон мусулмонлар бир нарсани эътиборсиз қўйсалар, уммат душманлари даставвал ўша нарсага, сўнгра ундан бошқасига кўз олайтирадилар, бу ботил аҳлининг суннатидир.  Мангухоннинг ёрдамчилариМангухоннинг забардаст учта укаси бўлиб, тахтни осонлик билан қўлга олишда унга кўмакчи бўлган эдилар. У кучли, сермулоҳаза саркарда бўлиб, хоқон бўлган кездан бошлаб Аббосийлар халифалигини ағдаришни ўйлай бошлади.     Битта укаси Ариқ Буқо Қорақурумда Мангухонга мамлакатни бошқариш ишларида ёрдамчи бўлди. Иккинчи укаси Қубулойга Хитой ва унинг атрофидаги шаҳарлар, учинчи укаси Ҳулагуга эса, Форс ва унинг ёнверидаги минтақалар ҳокимияти топширилди[26].   Аббосийлар хилофати қаршисига чиққан мўғул саркардаси Ҳулагу ибн Тўлийхон эканлиги кўпчиликка аён. У бобоси Чингизхонга –Оллоҳнинг лаънати бўлсин уларга– жуда-жуда ўхшаган, қонхўр, золим, бирор инсонийлик туйғуси бўлмаган кимса эди.Мангухон давлат бошқарувини қўлга олгандан сўнг, қай тарзда сиёсат юрғизди? Форс минтақасига ҳоким бўлган укаси Ҳулагу нима ишлар қилди? Аббосийлар халифаси Мустаъсим қандай тайёргарлик кўрди? Каби саволларга келажак суҳбатларимизда жавоб топамиз, иншааллоҳ.Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.[1] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/209-210)[2] Ўша вақтлар "Аллон минтақаси" дейилган[3] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (176-бет), Р. П. Храпачевский "Военная держава Чингисхана"[4] Сокровенное сказание монголов (монгольский обыденный сборник) Перевод С.А.Козина[5] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (176-бет), Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (Аббосийлар давлати, 2-қисм, 336-бет)[6] Рошидуддин Фазлуллоҳ "Жомеъут таворих", Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (176-177)[7] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (176-бет)[8] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (177-бет)[9] Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (Аббосийлар давлати, 2-қисм, 336-бет)[10] Р. П. Храпачевский "Военная держава Чингисхана"[11] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (177-бет)[12] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (177-бет), Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (Аббосийлар давлати, 2-қисм, 336-бет)[13] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (177-бет)[14] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (177-бет), Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (Аббосийлар давлати, 2-қисм, 336-бет)[15] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал интишор вал инкисор" (186-бет)[16] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (180-181), Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (Аббосийлар давлати, 2-қисм, 336-бет)[17] Бақара: 120[18] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/259, 262)[19] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (181-182), Рошидуддин Фазлуллоҳ "Жомеъут таворих" (2-жилд, 8-9 бет)[20] Доктор Шафиқ Жосир Аҳмад Маҳмуд "VII-VIII-асрларда мусулмонлар зиддига мўғуллар ва насронийлар ўртасидаги келишувлар ва унинг таъсири" (3-бет)[21] Доктор Шафиқ Жосир Аҳмад Маҳмуд "VII-VIII-асрларда мусулмонлар зиддига мўғуллар ва насронийлар ўртасидаги келишувлар ва унинг таъсири" (4-бет)[22] Доктор Шафиқ Жосир Аҳмад Маҳмуд "VII-VIII-асрларда мусулмонлар зиддига мўғуллар ва насронийлар ўртасидаги келишувлар ва унинг таъсири" (5-бет)[23] Доктор Шафиқ Жосир Аҳмад Маҳмуд "VII-VIII-асрларда мусулмонлар зиддига мўғуллар ва насронийлар ўртасидаги келишувлар ва унинг таъсири" (5-бет)[24] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (182-бет)[25] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (183-бет) [26] Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (Аббосийлар давлати, 2-қисм, 336-бет), Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал интишор вал инкисор" (185-бет)