البحث

عبارات مقترحة:

المبين

كلمة (المُبِين) في اللغة اسمُ فاعل من الفعل (أبان)، ومعناه:...

العزيز

كلمة (عزيز) في اللغة صيغة مبالغة على وزن (فعيل) وهو من العزّة،...

السلام

كلمة (السلام) في اللغة مصدر من الفعل (سَلِمَ يَسْلَمُ) وهي...

Қиёматнинг кичик аломатлари (1)

الأوزبكية - Ўзбек

المؤلف Носир ибн Муҳаммад Ал-Аҳмад ، Абу Жаъфар Ал-Бухорий
القسم كتب وأبحاث
النوع نصي
اللغة الأوزبكية - Ўзбек
المفردات أشراط الساعة
Ушбу жумаъ хутбасида қуйидаги мавзулар ҳақида баҳс юритилади: - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар қилиб юборилиши ва оламдан ўтиши; - Одамларнинг қўлларида мол-дунёнинг кўпайиши; -Мусулмонларнинг яҳудий ва насронийлар каби ғайри муслимларга тақлид қилиши; - Омонатнинг зое бўлиши; - Ва илмнинг тортиб олиниб, гумроҳликнинг оммавийлашиши.

التفاصيل

Қиёматнинг кичик аломатлари (1) Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Биринчи хутба Иккинчи хутба  Қиёматнинг кичик аломатлари (1) Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Биринчи хутбаБарча ҳамдлар Аллоҳга хосдир. Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимиз- нинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ ﴾«Ҳой мўминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!». (Оли Имрон: 102).﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً ﴾«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Раббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир». (Нисо: 1).﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَوْلاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزاً عَظِيماً﴾«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди». (Аҳзоб: 70-71).Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.Сўнг ...Аллоҳ мени ва сизларни раҳмат паноҳига олсин, унутмангларки, Қиёмат кунининг келиши шубҳасиздир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:﴿ اقْتَرَبَتِ السَّاعَةُ وَانْشَقَّ الْقَمَرُ ﴾«Қиёмат яқинлашди ва ой (иккига) бўлинди». (Қамар: 1);﴿ اقْتَرَبَ لِلنَّاسِ حِسَابُهُمْ وَهُمْ فِي غَفْلَةٍ مُعْرِضُونَ ● مَا يَأْتِيهِمْ مِنْ ذِكْرٍ مِنْ رَبِّهِمْ مُحْدَثٍ إِلَّا اسْتَمَعُوهُ وَهُمْ يَلْعَبُونَ ● لَاهِيَةً قُلُوبُهُمْ وَأَسَرُّوا النَّجْوَى الَّذِينَ ظَلَمُوا هَلْ هَذَا إِلَّا بَشَرٌ مِثْلُكُمْ أَفَتَأْتُونَ السِّحْرَ وَأَنْتُمْ تُبْصِرُونَ ﴾«Одамларга ҳисоб-китоблари (яъни қиёмат қойим бўлиши) яқинлашиб қолди. Улар эса ғафлатда, (иймон келтириб, яхши амаллар қилишдан) юз ўгиргувчидирлар. Уларга Парвардигорлари томонидан бирон янги эслатма — оят келар экан, албатта уни масхара қилиб, диллари ғофил бўлган ҳолларида тингладилар ва золим-кофир кимсалар: «Бу (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларингизга ўхшаган бир одам холос-ку! Кўриб турган ҳолингизда сеҳр-жодуга (алданиш учун) келаверасизларми?!» (деб) ўзаро шивирлашдилар». (Анбиё: 1-3).Дўстлар, Қиёматнинг қоим бўлишига оз қолди. Шунинг учун ҳушёр бўлиш керак-ки, ўтиб кетган дунёга нисбатан қолган дунёнинг умри, жуда ҳам оздир. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ушбу ривоятини келтирган: «Сизларнинг сизлардан аввал яшаб ўтган халқларга нисбатан бу (дунёда) қолишингиз, аср вақтидан то қуёш ботиши орасидаги вақтчадир». (Имом Бухорий, 557).﴿ إِنَّهُمْ يَرَوْنَهُ بَعِيدًا ● وَنَرَاهُ قَرِيبًا ﴾«Чунки улар у (Кун)ни узоқ деб билурлар, Биз эса унинг яқинлигини билурмиз!» (Маориж: 6, 7).Утба ибн Ғазвон разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамду саноларни айтгач: «Дунё тугай бошлади. У орқасига қайтмоқда. Ундан идиш тагида қолган (сувча оз) қолди. Сизлар ундан заволи бўлмаган диёрга кўчасизлар. Унга, тайёрлаган энг яхши заҳираларингиз билан кўчинглар!» – дедилар. (Имом Муслим, 7625). Ҳикмати очиқ намоён бўладиган Аллоҳ таоло, Қиёматнинг қачон қоим бўлишини барчадан сир тутди. Буни эса ҳеч бир махлуқ, жумладан, фаришта ва юборилган пайғамбар ҳам билмайдиган ўз илмининг хусусиятларидан қилди:﴿ يَسْأَلُونَكَ عَنِ السَّاعَةِ أَيَّانَ مُرْسَاهَا قُلْ إِنَّمَا عِلْمُهَا عِنْدَ رَبِّي لَا يُجَلِّيهَا لِوَقْتِهَا إِلَّا هُوَ ثَقُلَتْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ لَا تَأْتِيكُمْ إِلَّا بَغْتَةً يَسْأَلُونَكَ كَأَنَّكَ حَفِيٌّ عَنْهَا قُلْ إِنَّمَا عِلْمُهَا عِنْدَ اللَّهِ وَلَكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ ﴾«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан Соат (яъни Қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни Қиёмат) Самовот ва Ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан — кутилмаганда келур». Гўё сиз у ҳақда яхши биладигандек сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Аллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар уни билмайдилар». (Аъроф: 187).Аллоҳ таоло бизга тайёргарлик кўришимиз учун Қиёматнинг аломатлари ва шартларини билдирди. Қиёматнинг шартлари кўп бўлиб, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматини огоҳлантириш учун баён қилдилар. Мазкур аломат ва шартлар саҳоба разияллоҳу анҳумлар замонидан буён намоён бўлишда давом этиб, кўпайиб бормоқда. Унинг бир жойда кўрингани, бошқа жойда кўринганига нисбатан кўпдир.Бу алмоатлардан айримлари пайдо бўлиб тугаган бўлса, айримлари ҳануз давом этиб, кўпайиб бормоқда. Бу аломатлар олдида Аллоҳ мададкоримиз бўлсин! Зеро куч ва қудрат Аллоҳ билангинадир! Айрим аломатлар эса ҳануз намоён бўлмади ва Қиёматга яқин ғайри оддий жорий бўлади. Дўстлар, сизларга улардан айримларини, улар ҳақида бир оз тўхталиб, баён қилиб ўтамиз. Шояд уларни билмаганлар билса, унутганлар ёдга олса ва ёдида бўлганларнинг иймонларига иймон қўшилса. Қиёматнинг биринчи шарти — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар қилиб юборилишидир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги пайғамбар бўлиб, Ундан кейин бирон пайғамбар келмайди. Балки, Унинг юборилиши билан Қиёмат ораси кўрсаткич бармоқ билан ўрта бармоқ орасича қисқа замондир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: «Мен ва Қиёмат бу иккиси каби бўлганида юборилдим», – деб икки бармоғига ишора қилиб, кўрсаткич ва ўрта бармоқни бир-бирига ёпиштирган эдилар. (Имом Бухорий (6504), Имом Муслим (2042)). Аллоҳ таоло айтди:﴿ مَّا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَا أَحَدٍ مِّن رِّجَالِكُمْ وَلَكِن رَّسُولَ اللَّهِ وَخَاتَمَ النَّبِيِّينَ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمًا ﴾«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи бўлган зотдир». (Аҳзоб: 40).Қиёматнинг шартларидан бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотидир. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ»ида Авф ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат олдидан олти нарсани сана: ўлимимни, Байтул Мақдиснинг фатҳини ....!» – дея олтита аломатларни айтиб ўтдилар. (Имом Бухорий, 3176).Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлими, Қиёмат яқинлашганининг аломатидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлими Уммат учун оғир мусибатлардан бири бўлган ва дунё саҳобаларнинг кўзида зулматга айланган эди. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага кирган кунларида барча нарса нурафшон бўлган бўлса, оламдан ўтган кунлари барча нарса зулматга бурканди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни дафн қилиб бўлгач ҳам, (ваҳийнинг тўхтаганига) кўнглимиз ишонмас эди». (Термизий (3978), Ибн Можа (1631)).Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтди: Анас разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тириклик пайтида Мадинада берган таълим ва одоблари сабабли кўришган дўстлик, софлик ва ҳалимлик вафотларидан сўнгра ўзгарганини кўрганини айтмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўлими билан осмондан ваҳий келмай қўйди. Қуртубий раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда: «(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафоти сабабли) Исломдаги энг оғир мусибат юзага келиб, пайғамбарлик тўхтади. Ёмонликнинг илк кўриниши, арабларнинг муртадлиги эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафоти, яхшиликнинг тўхташи ва камая бошлашининг нишонаси эди». (Қуртубий тафсири, 2/176).Қиёматнинг шартларидан бири, одамларнинг қўлида молу дунёнинг кўпайишидир. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятини келтирган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ичингизда (қўлингизда) бойлик кўпаймагунича Қиёмат қоим бўлмайди. Ҳатто бойлик кишиини, садақасини қабул қиладиган одамни топиш ташвишга солади. Бойлик(дан олиш)га бир одам чақирилса: Менинг унга эҳтиёжим йўқ, дейди», – дедилар. (Имом Бухорий, 1412). Абу Мусо разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини ривоят қилди: «Одамларга шундай замон келадики, унда одам тилло садақаларини (бериш учун) айланиб юради ва уни оладиган одамни топа олмайди». (Имом Бухорий (1414), Имом Муслим (1012)).Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган нарсаларнинг кўпи рўёбга чиқди. Исломий фатҳлар ва Аллоҳ йўлидаги жиҳод кўпайгани сайин саҳобаларнинг қўлида бойлик кўпайди. Улар эронлик ва византияликларнинг бойликларини тақсимлаб олдилар. Қилган адолатининг баракалари билан халифа Умар ибн Абдулазиз разияллоҳу анҳунинг замонига келиб молу дунё тўлиб-тошди. Одамлардан бири садақасини бериш учун одамларга таклиф этар, бироқ, оладиган кишини топа олмас эди. Чунки Умар разияллоҳу анҳу гадойликка барҳам берган эди. Қиёмат яқинлашганида ҳам одамларнинг қўлларида бойлик кўпаяди ва садақа бериш учун одамларга таклиф қилганида: «Бу молга бизнинг эҳтиёжимиз йўқ!» – деб жавоб беришади. Бу, Маҳдий ва Ийсо алайҳиссалом яшаган пайтларда намоён бўлади. Чунки ўша пайтга келиб, ер ўз бағридаги барча бойликларини чиқаради ва одамлар фаровон яшайдилар. Ўша пайтда, ҳозирги кунда бўлаётганидек, Ислом умматининг бошқа жойларида айрим халқлар фақирлик ва очарчилик билан яшашлари ҳам мумкин. Чунки, бир ўлка бошқа ўлкадан кўра, Аллоҳ билган ҳикмат билан, фаровонроқ яшаши мумкин.Қиёматнинг шартларидан бири, Ислом умматининг яҳудий ва насроний каби кофир халқларга тақлид қилишидир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматим аввалги асрлар(да яшаганлар)га қаричма-қарич ва газма-газ тақлид қилмагунича Қиёмат қоим бўлмайди», – дедилар. Саҳобалар: Эронлик ва византияликларга ўхшаганларгами? – деб савол беришганида: «Одамлар ичидан ўшалар бўлмаса кимлар?» – деб жавоб бердилар. (Имом Бухорий, 7319). Бошқа бир ривоятда эса саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, улар яҳудий ва насронийларми? – дейишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бўлмаса кимлар?!» – деб жавоб берганлари нақл қилинган. (Имом Бухорий, 7320). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам берган ушбу хабар рўёбга чиқди. Кўплаб мусулмонлар шарқу ғарбдаги кофирларга менгзашди. Эркакларимиз уларнинг эркакларига, хотинларимиз эса уларнинг хотинларига ўхшашди. Ҳатто айрим эркакларимиз уларнинг хотин-қизларига менгзашиб, фитналар гирдобига тушганини айтишдан оғизлар уялади. Ҳатто айримлари, Аллоҳ сақласин, Ислом динидан чиқиб кетдилар. Соғлом Ислом билан таниш одам, охирги дамлардаги мусулмонлар ҳаётида кофир Ғарбга тақлидлари ва Ислом таълимотидан йироқда қолганлари учун эътиқоддаги бузуқлик, кофирлар қонунини ижро этиш, Аллоҳнинг шариатидан узоқлашиш, ейиш, ичиш ва кийинишда Ғарбга менгзашликни ҳис этади. Бу ҳолатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисидек тавсифлаган бирон жумла йўқдир: «(Сизлар уларга) қаричма-қарич ва газма-газ эргашасизлар. Агар калтакесак инига кирсалар, сизлар ҳам кирасизлар». (Имом Аҳмад, 10649). Хўш, америкапарастлик, французпарастлик, (руспарастлик) ва ғарбпарастлик мусулмонлар учун қандай меваларни берди? Биз хорлик, хўрлик, ер ости ва усти бойликларини талон-тарож қилиш ва қулдек яшашдан бошқа нимани самара қилиб олдик?! Дунёвий зиёндан кейин, диний зиёнларни ҳам кўрмадик-ми?! Биз Ғарбдан пардоз анжомлари, ёмон ахлоқ ва одатларни жамиятимизга олиб келаётганлардан яхши бошқарув тизими, замонавий технология, маълумотларни тизимлаш каби илғор ишларни ҳам олиб келиб, халқларини бу соҳаларда ривожлантиришларини, соғлик соҳаси, шартномалар тузиш тизими, йўл чеккаларини тартиблаш, институт, дорулфунун ва мактабларни қуришдаги янгиликларни олиб келишларини ҳам жуда хоҳлар эдик. Жаҳонни у бурчагидан бу бурчагигача саёҳат қилиб, биз тилга олган соҳаларда қолоқлик, эркакларнинг хотинчалиш бўлиб юришлари ва «европалашган»ини айтиб мақтанишларини кўриб, ҳижолат бўлиб кетасан киши. Уларнинг ҳаёти «ғарбийлашди» ва бошқаларни ҳам «ғарблаштириш» учун ҳаракат қилишмоқда. Дўстлар, бу – фитнадан бошқа нарса эмасдир. Аллоҳ таолога бу фитнадан Ислом умматини асраши учун сиғинамиз!Қиёмат аломатларидан бири, умматнинг айрим замонида осуда ҳаётнинг вужудга келишидир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Отлиқ Ироқ билан Макка орасида йўлдан адашиб қолишдан бошқа бирон нарсадан қўрқмай саёҳат қилмагунича, Қиёмат қоим бўлмайди». (Ҳайсамий раҳимаҳуллоҳ ровийларнинг соғлом эканини айтди. Имом Аҳмад, 8819). Бу, саҳобалар замонида – Ислом дини оммавийлашиб, адолат мусулмонлар фатҳ этган ўлкаларда ёйилгач, ҳақиқатан, рўй берди. Бундан ташқари, Умар ибн Абдулазиз разияллоҳу анҳу замонида ҳам бўлди. Чунки, биродарлар, хавфсизлик Ислом ва адолатга боғлиқдир. Агар бирон ўлкада хавфсизлик бўлса, билингларки, ўша ерда Ислом байроғи кўтарилган ва адолат тиклангандир. Буни Адий ибн Ҳотим разияллоҳу анҳунинг Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳ»ида қайд этилган ҳадиси қувватлайди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Адий, Ҳирани кўрганмисан?» – деб савол бердилар. Мен: Кўрмаганман аммо у ҳақда эшитганман, – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар умрингдан бўлса, бир жувоннинг Ҳирадан Каъбани тавоф қилиш учун Аллоҳдангина қўрқиб саёҳат қилаётганини, албатта, кўрасан!» – дедилар. Мен ичимда: (У кунларда) халқларнинг жонига теккан Той қабиласининг қароқчилари нима қилар экан? – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам давом этдилар: «Агар умрингдан бўлса, Кисронинг хазиналари фатҳ этилишини, албатта, (кўрасан)», – дедилар. – Ҳурмузнинг ўғли Кисроми? – деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳурмузнинг ўғли Кисро. Агар умрингдан бўлса, бир кишининг ҳовучи тўла тилло ёки кумуш(ни тарақатиш) учун чиққанини ва унинг садақасини оладиган кишини излаганини, бироқ топа олмаганини, албатта, кўрасан», – дедилар. Мен жувоннинг Ҳирадан Каъбани тавоф қилиш учун саёҳатга чиққани ва йўлда Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмаганини (ўз кўзларим билан) кўрдим. Ҳурмуз ўғли Кисронинг хазинасини фатҳ этганлар қаторида ўзим ҳам бор эдим. Агар сизларнинг умрингиздан бўлса, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ҳовучи тўла тилло билан чиққан одамни, албатта, кўрасизлар. (Имом Бухорий, 3595).Ҳадисда айтилган осудалик, замона охирида – Маҳдий чиққан ва Ийсо алайҳиссалом тушган пайтда жамиятга ҳукмрон бўлади. Чунки улар яшаган замонда жабр ва зулм ўрнига адолат ҳукмрон бўлади ва икковлон зулму жабрга тўлиб-тошган дунёни адолатга тўлдиришади. Қиёматнинг аломатларидан яна бири, турклар олиб борадиган урушдир. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мусулмонлар юзлари бўртиб чиққан ва тери қопланган қалқондек, юнг(ли кийим)ларни киядиган ва юнг устида (юнг аралашган пойафзалда) юрадиган туркларга қарши уруш қилмагунича, Қиёмат қоим бўлмайди», – дедилар. (Имом Муслим (7497), Абу Довуд (4305)). Мусулмонлар саҳобалар даврида, Умавийлар халифалиги – Муовия разияллоҳу анҳунинг бошланғич даврларида туркларга қарши уруш олиб бордилар. Айрим саҳобалар Абдуллоҳ ибн Бурайда раҳимаҳуллоҳнинг отаси Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни эшитгач, туркларга қарши урушишдан қўрққан эдилар. Бурайда разияллоҳу анҳу айтди: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурида ўтирганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу гапларини эшитганмиз: «Умматимни чўзинчоқ юзли, кичик кўзли худди юзлари қалқонга ўхшаш халқ қувалаб, Араб яриморолигача боради. Биринчи гуруҳ қутилиб, улардан қочади. Иккинчи гуруҳнинг баъзилари ҳалок бўлиб, қолганлари қутилади. Учинчи гуруҳ эса қолган-қутганлари билан қиличдан ўтказилади». Саҳобалар: Эй Аллоҳнинг пайғамбари, улар кимлар? – деб савол беришганида: «Улар турклардир. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, улар тулпорларини мусулмонлар масжидининг устунларига боғлайдилар», – деб жавоб бердилар. Бу ҳадисни эшитган Бурайда разияллоҳу анҳунинг турк амирлар сабабли келиши мумкин бўлган фалокатдан қочиш учун икки ёки учта туяси ва сафар озиқлари тайёр турар эди. (Имом Аҳмад, 23339).Туркларнинг кўпи Ислом динини қабул қилишди ва уларнинг қўлида Ислом ва мусулмонлар учун талайгина яхшиликлар қўлга кирди. Улар қудратли Ислом давлатини қурдилар. Бу давлат билан Ислом шавкатланди ва катта фатҳлар қўлга киритилди. Улардан бири, Византия империясининг пойтахти Констан- тинополнинг фатҳи эди. Бу ҳақда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг туркларга қарши уруш қилиш ҳақидаги ҳадисдан сўнгра Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «Сиз яхши одамлар ичидан рўй бермагунича бу ишни ёқтирмаганларини кўрасиз. Зеро одамлар кондирлар. Уларнинг жоҳилиятдаги яхшилари, Исломда ҳам яхшиларидир». (Имом Бухорий, 3588).Аллоҳ таоло менга ва сизларга баракаларини ёғдирсин ... Иккинчи хутбаҲамду санолар барча оламлар Раббиси бўлган Аллоҳ таолога бўлсин!... Қиёматнинг шартларидан яна бири, омонатдорликнинг йўқолишидир. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Омонат зое бўлса, Қиёматни кутавер!» – дедилар. Аъробий: Эй Расулуллоҳ, Унинг зое бўлиши қандай бўлади? – деди. – Иш нолойиқ бўлган одамга топширилса, Қиёматни кутавер! – деб жавоб бердилар. (Имом Бухорий, 59). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Ҳузайфа разияллоҳу анҳу ривоят қилганидек: «Охир замонда омонатдорлик одамларнинг кўнгилларидан кўтарилади. Кўнгилларда унинг асаригина қолади ва: Фалон қабилада омонатдор (битта) одам бор! – дейилади», – дедилар. (Шу мазмундаги ҳадис: Ибн Можа, 4053).Қиёматнинг шартларидан бири, омонатнинг кўнгиллардан кўтарилишидир. Ҳатто омонатдор одам хиёнаткор бўлиб қолади. Бундай ҳолатлар Аллоҳдан қўрқмайдиган, иймони кучсиз ва хиёнатчилар билан аралашиб юрган одамларда содир бўлади. Чунки, дўстнинг дўстга таъсири ўтади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хабарига кўра, яқин кунларда алдамчи йиллар бошланади. Унда ишлар тескарисига кетади: ростгўй ёлғон гапиради, омонатдор хиёнат қилади ва омонатни хиёнатчига омонат қўйилади.Омонат зое бўлишининг кўринишларидан бири, раҳбарлик, халифалик, қозилик ва бошқа вазифаларни уларни бошқариш ва муҳофаза этишга нолойиқ бўлган одамларга топширилишидир. Бу билан одамларнинг ҳуқуқи поймол бўлади, манфаатларига лоқайдлик қилинади, кўнгиллари бузилади, ораларида фитналар чиқарилади. Демак, одамларга пешволик қиладиган раҳбар, омонатни зое қилади ва одамлар ҳам ўз раҳбарларига издош бўлганлари учун омонатга хиёнат қилишади. Натижада, жамиятларда бузғунчилик пайдо бўлади.Ишни нолойиқ одамга топшириш, одамларнинг диний ишларга эътиборсиз бўлиб қолишларига ҳам далолат қилади. Ҳатто, улар ўз ишларига динига эътибор бермайдиган одамларни раҳбар қилиб қўйишади! Бундай кунларда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин! Қиёматнинг шартларидан бири илмнинг тортиб олиниши ва жаҳолатнинг ёйилишидир. Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёматнинг шартларидан бири илмнинг кўтарилиб, жаҳолатнинг ўрнашишидир», – дедилар. (Имом Бухорий (80), Имом Муслим (6956)). Бу ердаги «илм»дан мақсад, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламлардан мерос қолган Қуръон ва суннат илмларидир. Бу илмнинг кетиши билан халқлар ҳаётидан суннатлар кетиб, бидъатлар пайдо бўлиб, жаҳолат оммалашади. Дунёвий билимлар эса ривожланаверади. Ҳадислардан дунёвий билимлар қасд қилинмаган. Илмларни тортиб олиш, уламоларнинг жонини олиш билан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар: «Аллоҳ илмни бандаларидан бирданига тортиб олмайди. Балки илмни олимларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Ҳатто биронта ҳам олим қолмагач, одамлар ўзларига жоҳилларни пешво қилиб, уларга саволлар беришади. Улар ҳам билимсиз фатво бериб адашадилар ва (бошқаларни) адаштирадилар». (Имом Бухорий, 100).Олимларнинг ўз билимларига амал қилмай қўйишлари натижасида илмнинг тортиб олиниши ҳам, Қиёматнинг аломатларидан биридир. Яъни, у пайтда уммат ичида ҳақиқий раббоний уламолар қолмайди. Агар матнлар, мужалладлар ва китобларни ёд олсаму, унинг таъсири бўлмаса ва одамларга фойда бера олмасам, бу билимнинг менга қандай манфаати бўлиши мумкин?! Ҳақиқий уламолар билимларига риоя қилган, умматни тўғриликка бошлаган, умматнинг эҳтиёжлари ҳақида қайғурган олимлардир. Зеро, амал қилинмаган билимдан фойда йўқ. Аксинча, эгасига бало бўлади. Ислом муаррихи Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ўз замонасидаги уламолар ҳақида шундай дейди: «Аслида, одамларга озгина илм берилган. Бугунги кундаги одамлар ичида эса, шу озгина илмдан жуда ҳам оз одамларда, жуда ҳам оз қолган. Бу озчилик ичида ҳам билимига риоя қилганларнинг сони анчагина оздир. Аллоҳ бизга кифоядир ва У қандай яхши вакилдир!». Агар бу Заҳабий раҳимаҳуллоҳ яшаган даврдаги олимлар ҳаёти бўлса, бизнинг давримиздаги олимлар ҳақида нима дейишимиз мумкин?! Ҳа, ҳақиқий олимлар жуда ҳам оз қолдилар! Дўстлар, илм кундан кунга камайиб, жаҳолат кучаймоқда. Пайғамбарлик замонидан қанчалар узоқлашилса, илм камаяверади. Ҳатто одамларга шундай замонлар келадики, Исломнинг мерослар ҳақидаги фани – Фароиз унутилади. Ибн Можа раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ санад билан Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан қилган ривоятида шу нарса акс этган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Исломни, кийимни бўяшни ўргатилганидек ўргатилади. Ҳатто рўза, намоз, нусук (ҳаж маросимлари) ва садақа нима экани номаълум бўлиб қолади. Бир кечада Аллоҳнинг китоби олинади ва ер юзида унинг биронта ояти ҳам қолмайди. (Натижада), ёши кексайган чолу кампирлар: Оталаримизнинг «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ), деганларини эшитар эдик ва биз ҳам уни такрорлаяпмиз, – дейишади». (Ибн Можа, 4049).Имом Муслим «Саҳиҳ»ида ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ер юзида «Аллоҳ! Аллоҳ!» дейилмаганида Қиёмат қоим бўлмади!» – дедилар. (Имом Муслим, 392). Бунинг маъноси шуки, ҳеч бир кимса гуноҳни қайтармайди, савоб ишларга чорламайди. Гуноҳ ишни қилаётган одамни кўргач дашном бермайди. Бу ҳодиса одамлар пасткашлашиб, савобу гуноҳни ажрата олишмаган, бузилишган, инсонийлик ўлган, куфр, фосиқлик ва осийлик кучайган пайтда рўй беради. Аллоҳ таолодан гўзал исмлари ва олий сифатлари билан бизга раҳмат кўзи билан қарашини тилаймиз!Аллоҳим, бизга Ўзинг ёрдам бер!Аллоҳим, бизни ўз ватанимизда хотиржам, раҳбар ва имомларимизни эса ислоҳ қил! Аллоҳим, эй раҳмлилар Раҳмлиси! Бизга Сендан қўрққан, тақводор ва розилигинг учун ҳаракат қиладиганларни раҳбар қил!Аллоҳим, бу Умматга тоат ибодатларингни қилганлар азиз, гуноҳкор бўлганлар хор бўладиган ишларни кўрсат-ки, у билан савобли ишларга буюрилиб, гуноҳ ишлардан қайтарилсин!Аллоҳим, кўнгилларимизни ҳидоят қиладиган, тарқоқлигимизни бирлаштирадиган ва фитналарни йироқлаштирадиган раҳматингни ёғдир!Аллоҳим, пайғамбаринг Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар йўлла!давоми бор...

المرفقات

2

Қиёматнинг кичик аломатлари (1)
Қиёматнинг кичик аломатлари (1)