الخلاق
كلمةُ (خَلَّاقٍ) في اللغة هي صيغةُ مبالغة من (الخَلْقِ)، وهو...
1.
(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул-Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжидул-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир. Дарҳақиқат, У эшитгувчи, кўргувчи Зотдир.
2. Биз Мусога Китоб (Таврот) ато этдик ва у (Китобни) Бани Исроил (қавми) учун ҳидоят қилиб (дедик): «Сизлар Мендан ўзгани вакил (яъни, барча ишлар ишониб топшириладиган зот) қилиб олманглар!»
3. «(Эй) Биз (ғарқ бўлишдан қутқариб) Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб нажот берган кишиларнинг зурриётлари, (сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар), зеро, у доимо шукр қилгувчи банда эди».
4. Шунингдек, Биз Бани Исроилга у Китобда: «Сизлар албатта, (Шом) заминида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва катта туғёнга тушурсизлар», деб хабар бердик.
5. Бас, қачон у (бузғунчилик)лардан аввалгисининг вақти келганида, Биз сизларнинг устингизга (қилмишларингиз баробарида) жазолаш учун (куч-қувват эгалари бўлган) бандаларимизни юбордик. Улар (сизларни ҳалок қилиш, асир олиш учун) ҳовли-жойлар оралаб кездилар. (Бу ваъда) адо қилингувчи ваъда бўлди.
6.
Сўнгра (тавба-тазарру қилиб ўзларингизни ўнглаганингиздан кейин) Биз сизларни қайтадан уларнинг (Бобил ҳукмдорининг) устига ғолиб қилдик ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад бериб сон-саноқларингизни кўпайтирдик.
7. Агар (шундан кейин) чиройли амаллар қилсангизлар, ўзларингизга яхшилик қилган бўлурсизлар. Агар ёмон, гуноҳ амаллар қилсангизлар ҳам ўзларингиз учундир.
Бас, қачон кейинги (бузғунчиликнинг) вақти-соати келганида, (улар яна) юзларингизни қаро қилишлари, аввалги сафар кирганлари каби Масжид (ал-Ақсо)га кириб, (уни топташлари) учун ҳамда ўзлари эгаллаб олган (барча) ерларни вайрон этишлари учун (яна душманларингизни сизларнинг устингизга юборурмиз).
8. (Агар тавба-тазарру қилсангизлар), шояд Парвардигорларингиз сизларга раҳм қилса. Агар (яна бузғунчиликка) қайтсангизлар, биз ҳам (сизларни ҳалок этишга) қайтурмиз. Биз кофирлар учун жаҳаннамни зиндон қилиб қўйганмиз.
9. Албатта, бу Қуръон энг Тўғри Йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қиладиган мўминларга катта ажр-мукофот борлигини(нг) хушхабар(ини) берур.
10. Шунингдек, Охиратга ишонмайдиган кимсалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганимизни(нг ҳам «хушхабари»ни берур).
11. Инсон (Аллоҳ таолодан) яхшилик сўраб дуои хайр қилгани каби (гоҳо сиқилган пайтларида) ёмонлик тилаб дуоибад ҳам қилур. Инсон (мана шундай) шошқалоқдир.
12. Биз кеча ва кундузни (ўзимизнинг қудрати илоҳиямизни кўрсатиб турадиган) икки белги — аломат қилиб қўйдик. (Ҳеч нарса) кўринмас қоронғиликни кечанинг аломати қилдик. Кундуз аломатини эса, Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқу рўз) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисоб-китобни билишларингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик.
Ва биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйганмиз (яъни, дунёдаги содир бўладиган бирон иш ёки воқеа-ҳодиса тасодифий бўлмай, балки ҳар бирининг воқеъ бўлиш жойи, вақти ва сабаблари батафсил баён қилиб қўйилгандир).
13. Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат Куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз.
14. (Ва унга дейилур): «Китобингни (яъни, номаи аъмолингни) ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир».
15. Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан озса, у ҳам ўз зиёнига озур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (у орқали Ўзимизнинг амру фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунларича, бирон кимсани) азоблагувчи эмасмиз.
16. Биз қачон бирон шаҳарни ҳалок қилишни истасак, унинг боёнларини (Ўзимиз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар (аҳолиси) устига Сўз (азоб тушиши) вожиб — муқаррар бўлур. Бас, биз уни вайронага айлантирурмиз.
17. Нуҳ (қавмидан) кейин ҳам қанча асрларни (авлодларни) ҳалок қилдик. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингизнинг Ўзи бандаларининг гуноҳларидан етарли огоҳ, кўриб тургувчидир.
18. Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни, Охиратда) унинг учун ўзи мазаммат ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни жой қилиб берурмиз.
19. Ким Охиратни истаса ва мўмин бўлган ҳолида (Охиратга лойиқ) саъй-ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Аллоҳ наздида) мақбул бўлур.
20. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, бу дунёда одамларнинг) барчаларига — мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан ато этурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) манъ қилинмас.
21. (Бу дунёда) уларнинг бировларидан бировларини (ризқу мартабада) қандай устун қилганимизни кўринг! Шак-шубҳа йўқки, Охират даражалари неча баробар улуғ ва афзалроқдир.
22. Сиз яна Аллоҳ билан бирга ўзга бирон илоҳ ҳам бор, деб мазамматлангувчи ва маҳрум бўлиб ўтирманг!
23. Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт!
24. Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!
25. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз дилларингиздаги сирларингизни жуда яхши билгувчидир. Агар сизлар яхши бўлсангизлар (яъни, ота-оналарингизнинг ҳуқуқларини таниб, уларга меҳрибон бўлсангизлар. Албатта, Аллоҳ билмасдан қилган гуноҳларингизни мағфират қилур). Зеро, у тавба қилгувчиларни мағфират этувчи бўлган Зотдир.
26. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчига (хайру эҳсон қилиш билан) ҳақларини ато этинг ва исрофгарчиликка йўл қўйманг!
27. Чунки исроф қилгувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Парвардигорига бутунлай кофир бўлгандир.
28.
Агар сиз Парвардигорингиз томонидан бўладиган марҳаматдан умидвор ҳолингизда (ҳозир қўлингизда бўлмагани сабабли хайр-эҳсон қилиш имконини топмай), улардан (яъни, қавм-қариндош, мискин ва йўловчилардан) юз ўгирадиган бўлсангиз, у ҳолда уларга юмшоқ сўз айтинг!
29. (Бахиллик билан) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. Исрофгарчилик қилиш билан уни бутунлай ёзиб ҳам юборманг. Акс ҳолда, маломат ва надоматда қолурсиз.
30. Шубҳасиз, Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Албатта, у бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
31. (Эй инсонлар), болаларингизни йўқчилиқдан қўрқиб ўлдирмангизлар — уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз, катта хатодир.
32. Зинога яқинлашманглар! Чунки (бу) бузуқликдир — энг ёмон йўлдир.
33. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни (яъни, қатл этилишга мустаҳиқ бўлмаган жонни ноҳақ ўлдирмангиз, магар ҳақ шаръий қонун) билангина ўлдиришларингиз мумкиндир. Кимки мазлум бўлган ҳолида (яъни, ноҳақ) ўлдирилса, биз унинг эгаси — вориси учун (қасос олишга) салтанат-ҳуқуқ бергандирмиз.
Бас, у (қотилни) ўлдиришда ҳаддан ошмасин (яъни, қотилнинг ўрнига бошқа бировни ўлдирмасин, ё бир кишининг муқобилига икки кишини ўлдирмасин, ёки қотилни ўлдиришда унинг қулоқ-бурнини кесмасин)! Зеро, у (Аллоҳ томонидан қотилнинг устига) ғолиб қилинган зотдир.
34. Етимнинг молига то у балоғат ёшига етгунича яқинлашманглар, магар энг чиройли йўсинда (унга бирон зиён етказмасдан яқинлашинглар — тасарруф қилинглар). Аҳдга вафо қилинглар. Зеро, аҳд-паймон (Қиёмат Куни) масъул бўлинадиган ишдир.
35. (Ўрталарингиздаги олди-берди, савдо-сотиқдан бирон нарсани) ўлчаган вақтларингизда ўлчовни тўла-тўкис қилинглар ва тўғри тарози билан тортинглар! Мана шу энг яхши ва чиройли ечим — ҳукмдир.
36. (Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат Кунида жавоб беради).
37. Ер юзида кибр-ҳаво билан юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) ҳаргиз ерни тешиб (унинг тубига) кетолмайсан ва бўйи бастда тоғларга етолмайсан. (Бас, бу қадар ожиз экансан, нечун кибру ҳаво қилурсан?!)
38. Буларнинг (яъни, юқоридаги оятларда манъ этилган нарсаларнинг) барчаси Парвардигорингиз наздида макруҳ бўлган гуноҳлардир.
39. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), бу оятлар Парвардигорингиз сизга ваҳий қилган ҳикматлардан айримларидир. Сиз Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон илоҳ бор деб, маломатланган ва (Аллоҳ раҳматидан) қувилган ҳолда жаҳаннамга ташланманг.
40. (Эй мушриклар), Парвардигорингиз сизларга ўғилларни танлаб бериб, Ўзига фаришталарни қиз қилиб олдими?! Дарҳақиқат, сизлар оғир сўзни — катта гуноҳни сўзламоқдасиз!
41. Албатта, Биз бу Қуръонда улар эслатма (ибрат) олишлари учун (турли масал ва ҳикматларни) баён қилдик. (Лекин бу эслатмалар) уларни янада (ҳақдан) йироқлаштирур.
42. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Агар улар айтганларидек Аллоҳ билан бирга (бошқа) илоҳлар ҳам бўлса эди, у ҳолда ўша (илоҳлар) Арш Соҳибига (яъни, Аллоҳга) қарши йўл излаган бўлур эдилар».
43. (Аллоҳ) улар айтган нарсадан пок ва ниҳоят даражада юксакдир.
44. Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини — поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У ҳалим ва мағфиратли бўлган Зотдир.
45. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), қачон сиз Қуръон қироат қилганингизда, Биз сиз билан Охиратга ишонмайдиган кимсалар ўртасида кўринмас парда қилиб (тортиб) қўюрмиз (бас, улар Қуръон маъноларини англай олмаслар).
46. Шунингдек, (Қуръонни) англай олмасинлар учун уларнинг дилларида тўсиқлар ва қулоқларида оғирлик — карлик пайдо қилурмиз. Қачон сиз Қуръонда ёлғиз Парвардигорингизни зикр қилсангиз, (мушриклар) орқаларига бурилиб қочурлар.
47.
Биз уларнинг сизга (яъни, сизнинг қироатингизга) қулоқ тутаётган пайтларида нима сабабдан қулоқ тутаётганларини ва ўзаро шивирлашиб, золим кимсалар (мўминларга): «Аниқки сизлар сеҳрланган, ақлдан озган кишига эргашмоқдасизлар», деяётганларини жуда яхши билурмиз.
48. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), улар сиз ҳақингизда (сеҳрланган, мажнун, шоир деб) қандай мисоллар келтирганларини, бас, йўлдан озиб (ҳақ) йўлни топа олмаётганларини кўринг!
49. Улар: «Суяк ва (чирик) мурдаларга айланиб кетгач, яна янгитдан яралиб тирилурмизми?!», дедилар.
51. Ёки кўнгилларингизда (ҳаётлигини тасаввур қилиши) жуда қийин бўлган бошқа бирон махлуқ бўлинглар, (ҳар ҳолда Аллоҳ сизларни тирилтирур)». Ҳали улар: «Бизларни ким қайта тирилтира олур?», дейдилар. «Сизларни илк бор яратган зот», деб айтинг! Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?», деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!
52. У зот сизларни чорлайдиган кунда Унга ҳамду сано билан жавоб берурсизлар ва ўзларингизнинг (дунёда) жуда оз (муддат) турганларингизни ўйлаб қолурсизлар.
53. Бандаларимга айтинг-ки, улар (ўзаро сўзлашганларида) энг гўзал сўзлардан сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ душмандир.
54. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз сизларни жуда яхши билур. Хоҳласа сизларга раҳм-шафқат қилур, хоҳласа сизларга азоб берур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни (одамлар) устига қўриқчи қилиб юборган эмасмиз (яъни, сизнинг вазифангиз фақат Бизнинг амру фармонларимизни уларга етказмоқдир).
55. Парвардигорингиз осмонлар ва Ердаги бор жонзотни жуда яхши билур. Ҳақиқатан, Биз айрим пайғамбарларни айримларидан устун қилдик. Биз Довудга Забурни ато этдик.
56.
(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушрикларга) айтинг: «(Аллоҳдан) ўзга (илоҳ) деб гумон қилган кимсаларингизни чорланглар! Улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар.
57. Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар. Парвардигорингизнинг азоби қўрқинчлидир.
58. (Ер юзидаги) бор қишлоқ-шаҳарнинг (барчасини) Биз Қиёмат Куни (келиши)дан илгари ҳалок қилгувчидирмиз ёки қаттиқ азоб билан азоблагувчидирмиз. Ушбу ҳукм Китобда тақдири азалда битилгандир.
59. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушриклар сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни юборишдан Бизни фақат аввалги умматлар у (мўъжизаларни) ёлғон деганларигина қайтарди. Самуд қабиласига очиқ (мўъжиза бўлган) туяни ато этганимизда уни инкор этдилар (ва оқибатда қирилиб кетдилар). Биз мўъжизаларни фақат (бандаларимизни ҳалокатдан) қўрқитиш учунгина юборурмиз.
60. Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизга Парвардигорингиз (барча) одамларни ўраб-иҳота қилиб олгандир, деган эдик. Биз сизга (Меърож кечасида кўрсатган) «Туш»ни ва Қуръонда лаънатланган (Заққум) дарахтини у одамлар учун бир фитна-имтиҳон қилдик, холос. Биз (мушрикларни турли мўъжизалар билан) қўрқитурмиз, аммо бу уларни баттар туғёнга солур.
61. Эсланг, Биз фаришталарга Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (кибру ҳаво билан): «Сен лойдан яратган кимсага сажда қилурманми?», деди.
62.
У (яна шундай) деди: «Менга хабар бергин-чи, мана шу кимсани мендан улуғ-устун қилдингми? Қасамки, агар Сен мени Қиёмат Кунигача (тирик) қолдирсанг, албатта, мен унинг зурриётини қириб юборурман, (яъни, ҳақ йўлдан оздириб, ҳалокат йўлларига буриб юборурман), магар озгиналаригина (ҳақ йўлда) қолурлар».
63. (Аллоҳ) айтди: «Бор, (сенга Қиёматгача умр бердим). Бас улардан ким сенга эргашса, у ҳолда, шак-шубҳасиз, жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур!
64.
Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкарингни) торт, топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл (яъни, уларни ҳаромдан мол-дунё ва бола-чақа орттиришга унда), уларга (ёлғон) ваъдалар қил». Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур.
65. «Менинг (иймон-эътиқодли) бандаларим устига эса сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик бўлмас. Парвардигорингнинг Ўзи етарли қўриқловчидир».
66. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз Унинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) изланглар, деб сизлар учун денгизда кемаларни юргизиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, У сизларга меҳрибондир.
67. Қачон денгизда сизларга бирон мусибат етса, сизлар илтижо қиладиган бутлар ғойиб бўлур, фақат Унинг Ўзигина қолур. Энди қачонқи, У зот сизларга нажот бериб қуруқликка чиқариб қўйгач, сизлар Ундан юз ўгирурсиз. Дарҳақиқат, инсон куфрони неъмат қилгувчидир.
68. Ё (Аллоҳ), сизларни қуруқлик томонида ҳам (ерга) юттириб юборишидан, ёхуд устингиздан тош ёғдиришидан, сўнгра ўзларингиз учун бирон вакил — сақловчи тополмай қолиш (ғами)дан хотиржаммисиз?!
69.
Ёки У зот сизларни яна қайтадан (денгизга) қайтариб, устингизга қаттиқ шамол юборишидан, бас, кофир бўлганларингиз сабабли ғарқ қилишидан, сўнгра ўзларингиз учун Биздан ўч олиб бергувчи бировни топа олмай қолиш ғамидан хотиржаммисиз?!
70.
Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда — қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик.
71.
Биз ҳар бир одамни ўз номаи аъмоли билан чорлайдиган (Қиёмат) кунини эслангиз! Бас, кимгаки ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилса, ана ўша кишилар ўзларига қилчалик зулм қилинмаган ҳолида, номаи аъмолларини ўқурлар (яъни, унда бу дунёда қилиб ўтган барча яхши амалларининг савоби битилган бўлур).
72. Кимки, бу дунёда кўр-гумроҳ экан, бас, у Охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озгувчидир.
73. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, мушриклар) сизни Бизнинг шаънимизга, (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингиз учун — Биз сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда, (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), сизни дўст қилиб олган бўлур эдилар.
74. Агар Биз сизни (ҳақ йўлда) қилмаганимизда, сиз уларга бир қадар мойил бўлишингизга оз қолди.
75. У ҳолда, албатта, Биз сизга дунё (азобини) ҳам, Охират (азобини) ҳам икки ҳисса қилиб тотдирган бўлур эдик, сўнгра ўзингиз учун Бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлур эдингиз.
76. Улар сизни бу tрдан (Маккадан) чиқариб юбориш учун (турли макр-ҳийлалар билан) қўзғатиб юборишларига оз қолди. У ҳолда, уларнинг ўзлари ҳам сиздан кейин озгина (муддат) тура оладилар, холос (сўнгра, албатта ҳалок қилинурлар).
77. (Ўз пайғамбарларини қувиб чиқарган қавмнинг ҳалок қилиниши) сиздан илгари юборган пайғамбарларимиздан қолган йўл-қонундир. Сиз ҳаргиз Бизнинг қонунимиз ўзгарганини кўрмайсиз.
78. Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг). Зеро тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир.
79.
Кечанинг (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун нафл (ибодат) бўлган намозни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат Кунида Буюк Шафоатни — ҳисоб-китобни бошлашини Аллоҳдан сўраб берувчи) мақтовли мақомда тирилтирур.
80.
Ва айтинг: «Парвардигорим, мени (қабримга) ҳаққи-рост (яъни, гуноҳлардан пок бўлган ҳолимда) дохил қилгин ва (Қиёмат Куни тирилтирганингда ҳам) ҳаққи-рост (ўнг томоним билан) чиқаргин, ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мададкор қувват ато қилгин».
81. Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолгувчи нарсадир».
82. Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур.
83. Қачон Биз инсонга (тинчлик, саломатлик, тўкинликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, четга бурилиб кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур.
84. Айтинг: «Ҳар ким ўз ҳолича амал қилур. Парвардигорингиз Тўғри Йўлдаги зотларни жуда яхши билур (ва ҳар кимга қилган иш-амалига мувофиқ жазо-мукофот берур»).
85. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир.
86. Қасамки, агар хоҳласак, сўзсиз, сизга ваҳий қилган нарса — Қуръонни (сиздан) кетказурмиз, сўнгра ўзингиз учун (яъни, Биздан Қуръонни қайтариб олиш учун) Бизга қарши бирон вакил-ҳомий топа олмассиз.
87. Илло, Парвардигорингизнинг марҳамати билангина (Қуръон неъмати қўлингизда, дилингизда боқийдир). Дарҳақиқат, У зотнинг сизга бўлган фазлу марҳамати каттадир.
88. Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар».
89. Аниқки, Биз бу Қуръонда одамлар учун барча мисол-ибратлардан баён қилдик. Лекин одамларнинг кўплари фақат куфрнигина ихтиёр этдилар.
90. Ва дедилар: «Токи бизлар учун мана шу ерни ёриб, бир чашма чиқариб бермасанг, биз сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз.
91. Ё сенинг хурмозор, узумзор боғинг бўлиб, унинг ўртасидан ёриб дарёлар пайдо қилмасанг;
92. Ёки, ўзинг даъво қилганингдек, осмонни устимизга парча-парча қилиб туширмагунингча ёки Аллоҳ ва фаришталарини олдимизга келтирмагунингча;
93. Ёки сенинг олтиндан бир уйинг бўлмагунича, ёхуд ўзинг (кўз олдимизда) осмонга кўтарилмагунингча (ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз). Токи, бизларга ўқийдиган бирон китоб туширмас экансан, бу (осмонга) кўтарилишингга ҳам ҳаргиз ишонмаймиз». Айтинг: «Эй Пок Парвардигорим, мен фақат элчи-пайғамбар бўлган бир одам эдим-ку!»
94. Одамларга ҳидоят келган пайтида, фақат: «Аллоҳ (фаришталарни эмас, балки) одамзодни пайғамбар қилиб юборибдими?!», деган сўзларигина уларни иймон келтиришларидан тўсди.
95. Айтинг: «Агар бу — Ерда (одамлар эмас, балки) фаришталар маскан тутиб юрганларида эди, албатта, Биз (яъни, Аллоҳ) уларга осмондан фаришта пайғамбарни туширган бўлур эдик».
96. Айтинг: «Мен билан сизларнинг ўртамизда Аллоҳнинг Ўзи етарли гувоҳдир. Албатта, У бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб тургувчи бўлган Зотдир».
97. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топгучидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, улар учун Ундан ўзга дўст мададкорларни топа олмассиз, уларни Қиёмат Кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, Биз уларга оловни ловуллатиб юборурмиз.
98. Бу Бизнинг оятларимизга кофир бўлганлари ҳамда: «Суяк ва (чирик) мурдаларга айланган вақтимизда янгитдан яралиб қайта тирилурмизми?!», деганлари сабабли, уларга берилган жазодир.
99.
Ахир улар (кофирлар) осмонлар ва Ерни яратган зот – Аллоҳ – уларнинг (яъни, инсонларнинг) мислини ҳам яратишга қодир эканини билмадиларми?! (Аллоҳ) улар учун (яъни, ўлишлари ва қайта тирилишлари учун) аниқ бир муддатни белгилаб қўйгандир. Лекин золим кимсалар фақат куфргагина рози бўлурлар.
100.
(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом, у мушрикларга) айтинг: «Агар сизлар Парвардигоримнинг раҳмат-ризқ хазиналарига эга бўлсангизлар, ўшанда ҳам (уни) ишлатишдан (тугатиб қўйишдан) қўрқиб, мумсиклик-бахиллик қилган бўлур эдингизлар». (Чунки) инсон зоти хасис бўлур.
101. Аниқки, Биз Мусога тўққиз очиқ оят-мўъжиза ато этдик. Сўнг у (Фиръавн ва унинг одамларининг олдига) келган пайтида, (унга): «Бани Исроилни (ўз юртлари Шомга қўйиб юборилишини, Фиръавндан) сўрагин», (деб амр этдик). Шунда Фиръавн унга: «Эй Мусо, ҳеч шубҳа йўқки, мен сени сеҳр-жодуга чалинган, деб ўйламоқдаман», деди.
102. (Мусо) деди: «(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) фақат осмонлар ва Ернинг Парвардигоригина нозил қилганини аниқ билурсан. Ҳеч шубҳа йўқки, эй Фиръавн, мен сени ҳалок қилингувчи, деб ўйламоқдаман».
103. Шунда, (Фиръавн Мусо ва унинг қавмини) қувиб чиқармоқчи бўлганида, Биз уни (Фиръавнни) ва у билан бирга бўлган кимсаларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилдик.
104. (Фиръавндан) сўнг, Бани Исроилга: «Мана шу ерни (Мисрни) маскан тутинглар. Энди қачон ваъда қилинган Охират келганида сизларнинг барчангизни (қайта тирилтириб) келтирурмиз», дедик.
105. Биз (Қуръонни) ҳаққи-рост нозил қилдик ва у ҳақ (ҳукм-фармонларимиз) билан нозил бўлди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Биз сизни фақат (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юбордик.
106. Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик.
107. Айтинг: «(Эй мушриклар), сизлар (хоҳласангиз), Унга ишонинглар, (хоҳласангиз) ишонманглар. Зотан, (Қуръон нозил бўлишидан) илгари илм (яъни, Таврот) берилган кишилар (Қуръон) тиловат қилинган вақтида сажда қилган ҳолларида юзлари билан йиқилурлар.
108. Ва улар: «Эй Пок Парвардигор! Албатта Парвардигоримизнинг («Мен сўнгги пайғамбаримни юборурман ва унга Қуръон нозил қилурман», деган) ваъдаси адо қилингувчи ваъдадир», дейдилар.
109. Улар, йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларнинг хокисорликларини зиёда қилур.
110. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), айтинг: «Аллоҳ, деб чорлангиз, ёки Раҳмон — Меҳрибон, деб чорлангиз. Қандай чорласангизлар-да (жоиздир). Зеро, У зотнинг гўзал исмлари бордир».
(Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи, мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи, саҳобаларингиз тинглаб-фойдалансинлар). Шуларнинг (яъни, жаҳрийлик билан махфийлик) ўртасидаги йўлни тутинг!
111. «Ҳамду сано бола-чақа қилмаган, подшоҳлик-илоҳликда шериги йўқ, хор-зорликдан (қутқаргувчи) дўсти-ёрдамчиси бўлмаган (яъни, ҳеч кимга хор-муҳтож бўлмайдиган) зот — Аллоҳ учундир», деб айтинг ва У зотни мудом улуғланг!