الوكيل
كلمة (الوكيل) في اللغة صفة مشبهة على وزن (فعيل) بمعنى (مفعول) أي:...
Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар.
Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар.
Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У азийзу роҳиймдир.
(Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин одамларнинг кўпи буни билмаслар.
Улар бу дунё ҳаётининг зоҳирини билурлар. Ҳолбуки, улар охиратдан ғофилдирлар.
Ахир, улар, ўзларича, Аллоҳ осмонлару ерни ва улар орасидаги нарсаларни фақат ҳақ билан ва маълум муддатга яратганини тафаккур қилиб кўрмасларми?! Ҳақиқатан, одамлардан кўплари Роббиларига рўбарў бўлишни инкор қилгувчилардир.
Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмасларми?! Уларнинг булардан қувватлари кўпроқ эди ва ерга ишлов бериб, уни булар обод қилгандан кўра кўпроқ обод қилган эдилар. Ва уларга Пайғамбарлари очиқ-ойдин(оят)лар билан келдилар. Аллоҳ уларга зулм қилмас эди, лекин улар ўзларига зулм қилардилар.
Сўнгра ёмонлик қилганларнинг оқибати Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарганлари ва уларни истеҳзо қилганлари учун ёмон бўлди.
Аллоҳ махлуқотни йўқдан бор қилур, сўнгра уни яна қайтадан вужудга келтирур, сўнгра Унга қайтарилурсиз.
Қиёмат қоим бўлган кунда жиноятчилар ноумид бўлурлар.
Уларга (Аллоҳга келтирган) шерикларидан шафоатчилар бўлмади ва улар шерикларига куфр келтиргувчи бўлдилар.
Қиёмат қоим бўлган куни, ўша куни (гуруҳларга) бўлинурлар.
Бас, иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар, улар жаннатда шодланурлар.
Куфр келтириб, Бизнинг оятларимизни ва охират мулоқотини ёлғонга чиқарганлар, ана ўшалар азобга ҳозир қилинурлар.
Бас, тунга киришингизда ҳам, тонгга киришингизда ҳам Аллоҳни поклаб ёд этинг.
Осмонлару ердаги ҳамду сано Уникидир. Оқшомда ва пешинда ҳам (поклаб ёд этинг).
У ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ва ерни ўлимидан кейин тирилтирур. Шунга ўхшаш, сиз ҳам чиқарилурсиз.
Сизни тупроқдан яратгани ва сўнгра сизлар башарга айланиб тарқалишингиз Унинг оят-белгиларидандир.
Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.
Ва Унинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир. Албатта, бунда олимлар учун оят-белгилар бордир.
Ва Унинг оят-белгиларидан кечаси ва кундузи ухлашингиз ҳамда Унинг фазлидан талаб қилишингиздир. Албатта, бунда эшитадиган қавм учун оят-белгилар бордир.
Ва Унинг оятларидан сизга қўрқув ва умид учун чақмоқни кўрсатур ва осмондан сувни нозил қилади-да, у билан ерни ўлгандан кейин тирилтирур. Албатта, бунда ақл юритадиган қавм учун оят-белгилар бордир.
Унинг оят-белгиларидан, осмонлару ер Унинг амри ила туришидир. Сўнгра сизларни бир бор чақирса, ердан ҳаммангиз бирдан чиқарсизлар.
Осмонлару ердаги кимсалар Унга хосдир. Барчалари Унга итоат қилгувчидирлар.
У махлуқотни йўқдан бор қилур, сўнгра уни яна қайтадан вужудга келтирур, бу Унга жуда осондир. Осмонлару ердаги энг олий васф Уникидир. У азийз ва ҳакийм Зотдир.
У сизга ўзингиздан мисол келтирди.
Сизларнинг қўлингиздаги(қулларингиз)дан Биз сизга ризқ қилиб берган нарсада шерикларингиз бор-у, сизлар у(ризқ)да тенг бўлиб, улар(ҳақи)да ҳам ўз(ҳақ)ингизда қўрққанингиздек қўрқасизми?! Ақл юритадиган қавмлар учун оятларни ана шундай муфассал қилиб борурмиз.
Йўқ!!! Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар, холос. Аллоҳ залолатга солган кимсани ким ҳидоятга сола оларди?! Ва уларга нусрат бергувчилар бўлмас.
Бас, сен ҳаққа мойил бўлиб, динга юз тут. Бу фитрат Аллоҳ одамларни яратган асл табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар.
(Ҳар бир нарсада) Унга қайтгувчи бўлароқ, Унга тақво қилинг, намозни тўкис адо этинг ва мушриклардан бўлманг.
Динларида тафриқага тушган, гуруҳ-гуруҳ бўлиб олиб, ҳар бир фирқа ўз олдидаги нарсадан шод бўлганлардан (бўлманг).
Қачон одамларга зарар етса, Роббиларининг Ўзигагина қайтиб, дуо қилурлар. Сўнгра У уларга Ўзидан раҳмат тоттирганда, кўрибсанки, улардан баъзи гуруҳлари Роббиларига ширк келтирурлар.
Биз уларга берган нарсага куфр келтираверсинлар! Бас, ҳузурланаверинг! Яқинда биласизлар!
Ёки Биз уларга ҳужжат туширганмиз-у, у(ҳужжат) Унга ширк келтирган нарсалари (жоизлиги) ҳақида сўзларми?!
Ва қачон одамларга раҳматни тоттирсак, ундан шод бўлурлар. Агар уларга ўз қўллари тақдим қилган нарса туфайли ёмонлик етса, дарҳол умидсизликка тушурлар.
Улар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига ризқни кенг ёки тор қилишини билмасларми? Албатта, бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-белгилар бордир.
Бас, қариндошга, мискинга ва йўлда қолганга ҳаққини бер. Ана шу, Аллоҳнинг юзини ирода қилганлар учун хайрлидир. Ва ана ўшалар нажот топгувчилардир.
Одамлар моллари ичида зиёда бўлсин деб рибо учун берган молингиз Аллоҳ ҳузурида зиёда бўлмас. Аллоҳнинг юзини кўзлаб берган закотингиз эса, бас, ана ўшалар бир неча баробар қилиб олгувчилардир.
Сизларни халқ қилган, сўнгра ризқлантирган, кейин ўлдирадиган ва яна тирилтирадиган зот Аллоҳдир. Сизнинг (Аллоҳга келтирган) шерикларингиздан ким ана шуларингиздан бирортасини қила оладир?! У зот улар ширк келтираётган нарсалардан пок ва олий бўлди.
Қилган амалларининг баъзисини тоттириш учун, одамлар қўллари касб қилган нарсалар туфайли қуруқликдаю денгизда фасод зоҳир бўлди. Шоядки, улар қайтсалар.
Сен: «Ер юзида сайр қилинглар. Олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар. Уларнинг кўплари мушрик бўлган эдилар», деб айт.
Бас, Аллоҳ томонидан рад қилинмайдиган кун келмасдан аввал тўғри динга юз тут. Ўша кунда (одамлар) бўлак-бўлак бўлурлар.
Ким куфр келтирса, унинг куфри ўзига зарар. Кимлар яхши амаллар қилган бўлса, ўзлари учун (замин) тайёрлар.
У зот иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларни Ўз фазли ила мукофотлаши учундир. Албатта, У кофирларни севмас.
Ва Унинг оят-белгиларидан сизга Ўз раҳматидан тоттириш учун, Ўз амри ила кемаларни юрдириш учун ва Унинг фазлидан (ризқ) талаб қилишингиз учун шамолларни хушхабарчи қилиб юборишидир. Шоядки, шукр қилсангиз.
Батаҳқиқ, Биз сендан олдин ҳам Пайғамбарларни қавмларига юбордик. Бас, улар (қавмларига) очиқ-ойдин ҳужжатлар келтирганлар. Сўнг Биз жиноят қилганлардан интиқом олганмиз. Мўминларга нусрат бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлган.
Аллоҳ шундай зотки, шамолларни юбориб, улар ила булутни қўзғатар ва у(булут)ни осмонда Ўзи хоҳлаганича ёяр ва бўлак-бўлак қилар, бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасан. Қачон у(ёмғир)ни Ўз бандаларидан хоҳлаган кимсаларга етказса, улар дарҳол шод бўлурлар.
Ҳолбуки, устларига (ёмғир) туширилишидан олдин, ҳа, ундан олдин, мутлақо умидсиз эдилар.
Бас, Роббинг раҳмати асарларига назар сол. У ерни ўлиб ётганидан кейин қандай тирилтирур?! Албатта, ана шу Зот ўликларни ҳам тирилтиргувчидир ва У ҳар бир нарсага қодирдир.
Агар Биз бир шамол юбориб, улар (экинларини) сарғайган ҳолда кўрсалар, ундан кейин, албатта, куфрони неъмат қилишга ўтарлар.
Албатта, сен ўликка эшиттира олмассан ва даъватни ортларига бурилиб кетаётган карларга эшиттира олмассан.
Сен кўрларни гумроҳликларидан ҳидоят қилгувчи эмассан. Сен фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтирганларгагина эшиттира олурсан. Ана ўшалар мусулмонлардир.
Аллоҳ сизни заифликда яратган, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган, сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган Зотдир. У хоҳлаганини яратадир. У ўта илмли ва ўта қудратлидир.
Қиёмат қоим бўладиган куни жиноятчилар бир соатдан бошқа турмаганлари ҳақида қасам ичурлар. Улар ана шундай ўгирилар эдилар.
Илм ва иймон берилганлар: «Батаҳқиқ, Аллоҳнинг китоби бўйича, қайта тирилиш кунигача турдингиз. Бас, бугун қайта тирилиш кунидир. Лекин сизлар билмас эдингиз», дерлар.
Бас, бугунги кунда зулм қилганларга маъзиратлари манфаат бермас ҳамда улар итобга ҳам қайтарилмаслар.
Батаҳқиқ, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисоллар келтирдик. Аниқки, агар сен уларга мўъжиза келтирсанг ҳам, куфр келтирганлар: «Сиз ботилчилардан ўзга эмассиз», дерлар.
Аллоҳ билмайдиганларнинг қалбларини ана шундай қилиб муҳрлар.
Бас, сабр қил. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Собит иймон келтирмаганлар сени енгилтакликка бошламасинлар.