الحكم
كلمة (الحَكَم) في اللغة صفة مشبهة على وزن (فَعَل) كـ (بَطَل) وهي من...
Одамлар «иймон келтирдик» дейишлари ила имтиҳон қилинмай тарк этилишларини ўйладиларми?
Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак.
Ёки ёмонликларни қиладиганлар биздан қочиб қутулишни ўйлайдиларми? Қилган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?!
Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, албатта, Аллоҳ белгилаган вақт келгувчидир. У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчидир.
Ким жиҳод қилса, бас, албатта, ўз фойдаси учун жидду жаҳд қилур. Албатта, Аллоҳ барча оламлардан беҳожатдир.
Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларнинг ёмонликларини албатта ўчирурмиз ва уларни қилган амалларининг энг яхшиси ила мукофотлармиз.
Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик. Агар улар сенинг ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришинг учун жиҳод қилсалар, бас, уларга итоат қилма. Қайтишларингиз Менгагинадир. Бас, сизларга қилган нарсаларингиз хабарини берурман.
Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларни солиҳлар қаторига қўшурмиз.
Ва одамлардан, Аллоҳга иймон келтирдик, дейдиган, сўнгра Аллоҳнинг йўлида озорланса, одамларнинг фитнасини Аллоҳнинг азобидек қабул қиладиганлари ҳам бор. Агар Роббинг томонидан нусрат келса, улар, албатта, биз сиз билан бирга эдик, дерлар. Аллоҳ оламларнинг кўксиларидаги нарсаларни ўта билгувчи Зот эмасми?!
Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни ҳам яхши билур, мунофиқларни ҳам яхши билур.
Ва куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Бизнинг йўлимизга эргашинглар, хатоларингизни биз кўтарайлик», дерлар. Ҳолбуки, улар аларнинг хатоларидан ҳеч бир нарсани кўтаргувчи эмаслар. Албатта, улар ёлғончилардир.
Албатта, улар ўз юкларини ҳам, у юклар билан бирга бошқа юкларни ҳам кўтарурлар. Албатта, қиёмат кунида уйдириб юрган нарсалари ҳақида сўралурлар.
Ва, батаҳқиқ, Биз Нуҳни қавмига Пайғамбар этиб юбордик. Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди. Сўнгра уларни золим бўлган ҳолларида тўфон олди.
Бас, Биз у(Нуҳ)га ва кема соҳибларига нажот бердик ва у(кема)ни оламларга оят-белги қилдик.
Ва Иброҳимни (юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга тақво қилинглар. Бундай қилишингиз, агар билсангиз, сиз учун яхшидир.
Албатта, сизлар Аллоҳни қўйиб, бутларга ибодат қилмоқдасиз ва уйдирмалар тўқимоқдасиз, холос. Албатта, Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган нарсаларингиз сизга ризқ беришга молик эмаслар. Ризқни Аллоҳнинг ҳузуридан истанглар. Унга ибодат ва шукр қилинглар. Унгагина қайтарилурсиз.
Агар сизлар ёлғончи қилсангиз, бас, сиздан олдинги умматлар ҳам ёлғончи қилганлар. Пайғамбар зиммасида очиқ-ойдин етказишдан бошқа нарса йўқ», деди.
Аллоҳ махлуқни аввал бошдан қандай яратишини, сўнгра уни яна қайтаришини кўрмайдиларми?! Албатта, бу Аллоҳ учун осондир.
Сен: «Ер юзида сайр этиб юринглар ва махлуқотларни У зот аввал бошдан қандай яратганига назар солинглар. Сўнгра Аллоҳ охират ҳаётини пайдо қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир», деб айт.
Кимни хоҳласа, азоблайдир, кимни хоҳласа, раҳим қиладир. Унгагина қайтарилурсиз.
Сиз на ер юзида ва на кўкда У зотни ожиз қолдиргувчи эмассиз. Сизга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмас.
Аллоҳнинг оятларига ва Унга рўбарў бўлишга куфр келтирганлар, ана ўшалар Менинг раҳматимдан ноумид бўлдилар. Ана ўшаларнинг ўзларига аламли азоб бор.
Унинг қавмининг жавоби: «Уни ўлдиринглар ёки ўтда ёқинглар!» дейишларидан бошқа нарса бўлмади. Бас, Аллоҳ уни ўтдан қутқарди. Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.
У: «Сизлар, албатта, ҳаёти дунёдаги ўзаро дўстлигингиз учун Аллоҳни қўйиб, бутларни тутдингиз. Сўнгра, қиёмат кунида баъзингиз баъзингизга куфр келтирурсиз ва баъзингиз баъзингизни лаънатларсиз. Ва жойингиз дўзахдир. Ҳамда сизга нусрат бергувчилар бўлмас.
Бас, унга Лут иймон келтирди ва: «Албатта, мен Роббимга ҳижрат қилгувчиман. Албатта, У Азийз ва Ҳакиймдир», деди.
Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни бахш этдик ва Пайғамбарлик ҳамда китобни унинг зурриётида бўладиган қилдик. Унга бу дунёда ажрини бердик. Албатта, у охиратда солиҳлардан бўлгай.
Ва Лутни (ҳам юбордик). Ўшанда у ўз қавмига: «Албатта, сиз ўзингиздан олдин ўтган оламлардан ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қилмоқдасиз.
Сизлар эркакларга яқинлик қилиб, йўлни кесасизми ва йиғинларингизда мункар иш қилурмисиз?!» деди. Унинг қавмининг жавоби: «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга Аллоҳнинг азобини келтир», дейишдан бошқа бўлмади.
У: «Эй Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер», деди.
Бизнинг элчиларимиз Иброҳимга хушхабарни келтиришганида: «Албатта, биз ушбу шаҳар аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз. Албатта, унинг аҳли зулм қилгувчилардан бўлдилар», дедилар.
У: «Унда Лут бор-ку?!» деди. Улар: «Биз унда ким борлигини яхши билурмиз. Биз, албатта, унга ва унинг аҳлига нажот берурмиз. Магар, унинг хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир», дедилар.
Элчиларимиз Лутга келишганида, у улар сабабли маҳзун бўлди ва келишларидан юраги сиқилди. Улар: «Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма, албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз. Магар, хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир.
Албатта, биз ушбу шаҳар аҳолиси бошига, фосиқлик қилганлари туфайли, осмондан азоб туширгувчимиз», дедилар.
Батаҳқиқ, Биз ундан ақл юритгувчи қавмлар учун очиқ-ойдин оят-белгилар қолдирганмиз.
Ва Мадянга биродарлари Шуъайбни (юбордик). Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг, охират кунидан умидвор бўлинг ва ер юзида бузғунчилик ила ҳаракат қилиб юрманг», деди.
Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Шунда уларни бир силкиниш тутди ва диёрларида чўккалаб қолдилар.
Ва Од ва Самудни (ҳам ҳалок этдик). Батаҳқиқ, бу сизга уларнинг масканларидан аён бўлиб турибди. Шайтон уларга амалларини зийнатлаб кўрсатиб, уларни йўлдан тўсди. Ҳолбуки, улар кўриб-билиб тургувчи эдилар.
Қорун, Фиръавн ва Ҳомонларни (ҳам ҳалок қилдик). Батаҳқиқ, Мусо уларга очиқ-ойдин ҳужжатлар келтирди. Бас, улар ер юзида мутакаббирлик қилдилар ва қочиб қутулгувчи бўлмадилар.
Улардан ҳар бирини гуноҳи туфайли тутдик. Бас, улардан баъзилари устига тош ёғдирдик, баъзиларини қичқириқ ушлади, баъзиларини ерга юттирдик ва баъзиларини ғарқ қилдик. Аллоҳ уларга зулм этгувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм этдилар.
Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайдир. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки, билсалар эди.
Албатта, Аллоҳ улар Ўзидан бошқа нима нарсага дуо қилаётганларини яхши биладир. Ва У азийз ва ҳакийм Зотдир.
Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас.
Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳақ ила яратгандир. Албатта, бунда мўминлар учун оят-белги бордир.
Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир. Аллоҳ нима қилсангиз, билур.
Сизлар аҳли китобларнинг зулм қилганларидан бошқалари билан фақат яхши услубда мужодала этинглар ва уларга: «Биз ўзимизга нозил қилинган ва сизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, бизнинг илоҳимиз ва сизнинг илоҳингиз бирдир ва биз Унга бўйсунгувчимиз», денглар.
Ана шундай қилиб, сенга ҳам китоб нозил қилдик. Бас, Биз китоб берган кимсалар унга иймон келтирурлар. Анавилардан ҳам унга иймон келтирадиганлари бор. Бизнинг оятларимизни фақат кофирларгина инкор этурлар.
Ундан олдин ҳеч бир китобни тиловат қилмас эдинг ва қўлинг билан хат ёзмас эдинг. Агар шундай бўлганида, ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар.
Йўқ! У(Қуръон) илм берилганлар кўксидаги очиқ-ойдин оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур.
Ва улар: «Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», дедилар. Сен: «Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса, фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос», дегин.
Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир.
Сен: «Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. У осмонлару ердаги нарсани билур. Ботилга иймон келтириб, Аллоҳга куфр келтирганлар, ана ўшалар ўзлари зиён кўргувчилардир», деб айт.
Улар сендан азобни тезлаштиришни талаб қилурлар. Агар белгиланган ажал бўлмаганида, уларга, албатта, азоб келган бўлур эди. Албатта, уларга у тўсатдан, улар сезмаган ҳолда келур.
Улар сендан азобни тезлаштиришни талаб қилурлар. Ҳолбуки, жаҳаннам, ҳеч шубҳасиз, кофирларни ўраб тургувчидир.
У кунда азоб уларни устларидан ва оёқлари остидан ўраб олур ва У зот: «Қилиб юрган амалларингиз(жазоси)ни тотинг!» деб айтур.
Эй, иймон келтирган бандаларим, албатта, Менинг ерим кенгдир. Бас, Менгагина ибодат қилинглар.
Ҳар бир жон ўлимни тотажакдир. Сўнгра Бизгагина қайтарилурсиз.
Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни жаннатдан остидан анҳорлар оқиб турган олиймақом жойларга жойлаштирурмиз. У ерда абадий қолурлар. Амал қилгувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!
Улар сабр қилган ва Роббиларигагина таваккул қиладиган зотлардир.
Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир. Ва У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи Зотдир.
Агар улардан: «Осмонлару ерни ким яратган ва қуёшнию ойни ўз измига қаратган ким?» деб сўрасанг: «Аллоҳ», дерлар. Бас, унда қаёққа бурилмоқдалар?!
Аллоҳ Ўз бандаларидан кимни хоҳласа, ризқини кенг қилиб қўядир ва хоҳлаганиникини тор қиладир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчи Зотдир.
Агар улардан: «Осмондан сув тушириб, у билан ўлган ерни тирилтирган ким?!» деб сўрасанг, албатта, улар: «Аллоҳ», дерлар. Сен: «Аллоҳга ҳамд бўлсин!» деб айт. Йўқ! Уларнинг кўплари ақл юритмаслар.
Бу дунё ҳаёти фақат ўйин-кулгидан иборатдир. Агар билсалар, охират диёри, ана ўша ҳақиқий ҳаётдир.
Улар қачон кемага минсалар, Аллоҳга, Унинг динига ихлос қилган ҳолларида дуо қилурлар. Нажот бериб, уларни қуруқликка чиқарса, баногоҳ ширк келтирурлар.
Улар Биз берган нарсага куфр келтираверсинлар ва ҳузур қилаверсинлар! Бас, тезда билурлар.
Биз уларга Ҳарамни омонлик жойи қилиб қўйганимизни билмабмидилар?! Ҳолбуки, уларнинг атрофида одамлар талон-тарожга учрамоқдалар. Улар ботилга иймон келтириб, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирурларми?!
Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки ўзига келган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Кофирларга жаҳаннамда турар жой йўқмиди?!
Бизнинг (йўлимизда) жидду жаҳд қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз. Албатта, Аллоҳ чиройли амал қилгувчилар биландир.